Қайднома

Қидирув

Хави: «Футболдан олганимни дунёга қайтармоқчиман»

Хави: «Футболдан олганимни дунёга қайтармоқчиман»

  13.06.2020 20:04
  0
  412
Хави: «Футболдан олганимни дунёга қайтармоқчиман»

Хави Эрнандес - футбол тарихидаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бири, «Барселона»нинг тирик тимсоли ва Йохан Кройфф асос солган тизимни юқори даражага олиб чиққан сўнгги ижрочилардан. Оддий айтганда, Хави - юқори салоҳият соҳиби. Кройфф вақтида унинг тезкор қарор чиқариши, аниқ узатмалари, тўп етказиб беришда бўш ҳудудларни қойилмақом даражада илғаши каби хусусиятларини алоҳида эътироф этганди. Тан олинган футболчи «Барселона»даги фаолиятини 5 йил аввал якунлаб, рафиқаси - журналист Нурия Кунильера билан Дохага йўл олди ва маҳаллий «Ал-Садд» клубида тўп сурди. Унинг фарзандлари Асия ва Дэн айнан шу мамлакатда туғилишди. Журналистлар ҳам ҳозирда «Ал-Садд»га устозлик қилаётган Хавини алоҳида қардлашади. Чунки у ҳар бир интервьюсида самимий ва энг муҳими, маъноли гапиришга ўрганган.

 

- Биринчи мураббийингиз отангиз, шундайми?

- Ҳа, барча жиҳатларда айнан ундан ўрнак олганман. Отам яхши инсон: ўқимишли, камтар, бошқалардан ёрдамини аямайди. Худди онам сингари. Одамлар сеньор Эрнандесни ҳурмат қилишларини кўриб, «Бу менинг отам», деб фахрланиб қўярдим. У ажойиб устоз.

- Демак, болалигингизда отангиздан кўчирма олишга интилгансиз.

- Ҳа. Шунингдек, футболни ўзгартириб юборган Кройфф ва миллионлар ўйинидаги отам Жоан Виладан ҳам. Вила ҳамиша Йоханнинг ўйинини ўрганиш кераклигини уқтирарди. Умуман, Кройффнинг орзулар жамоаси бизга кўзгу вазифасини ўтаган. Фаолиятимга ижобий таъсир кўрсатганлардан яна бири - бу Гвардиола. У ҳамиша менга ёрдам берарди. Кийиниш хонасида асосан Пеп ва Фигу билан ёнма-ён турардим. Охир-оқибат, унинг позициясида ўйнайдиган бўлдим.

- Ҳаёт сизни қийнаганми?

- Йўқ, бувим ва бобомнинг ўлимини ҳисобга олмаганда. Аммо бу табиий жараён. Хуллас, ҳаммаси ўзим ўйлагандек ривожланди. Футболда ҳам орзуларим рўёбга чиқди. Бахтлиман. Бу ҳашаматга ихлоси баланд футболчилар ҳаёт тарзига зид... Тўғри, менга ҳам чиройли кийиниш ёқади, аммо либосларга муккасидан кетмаганман. Қолаверса, буюмларимни кўз-кўз қилмайман. Дейлик, қимматбаҳо соат тақмайман, ўзимни эркин ҳис қилишни хоҳлайман.

- Рақобатбардошлик, энг яхши бўлиш истаги нимани англатади?

- Ғалаба учун борингни бериш, қандай бўлмасин, муваффақият қозонишни. Ютуқ адреналинни таъминлайди. Мураббий сифатида жамоам ғалаба қозонмаса, қаттиқ сиқиламан - ухлолмай чиқаман, сабабларини ўрганаман.

- Футболчи ёки мураббий сифатида ёлғиз қолиш қийин эмасми?

- Мураббийликда шундай. Зиммангизга максимал масъулият тушади. Ишлар ёмон кечаётганида, мия 200 км.|соат тезликда ишлай бошлайди. Ҳар бир машғулот ёки суҳбатда ўзингизга савол берасиз: «Ишқилиб, айтганларим жамоага етиб бордимикин?» Қисқаси, ҳамиша шубҳа бўлади.

- Ҳаётингизнинг ушбу босқичи энди бошланди...

- Тўғри. Кройфф вақтида шундай деганди: «Ўйинга энг яқини - машғулот». Бу айни ҳақиқат. Ҳозир бошқа лавозимда ишлаганимда нима қилардим, билмайман. Костюмда юришни ёқтирмайман, унда ўзимни ноқулай сезаман.

- Ўзи Кройфф билан муносабатларингиз қандай эди?

- У мен учун футбол тарихини ўзгартирган шахс ҳисобланади. Биз бир неча марта учрашганмиз, холос. Кройфф «Барса» қачондир мени таклиф қилишини айтиб, турли маслаҳатлар берган.

- Бир неча ой муқаддам «Барселона» раҳбарияти мураббийлик лавозимини таклиф қилганида, унинг гапларини эсладингизми?

- Ҳа. «Барса»га қайтишни хоҳлайман ва ушбу ғоядан илҳом олдим. Бир неча йиллар аввал назаримда ҳали эртадек туюларди, бу каби таклифни шунчаки, ҳурмат ифодаси сифатида кўрардим. Мана, энди ўзим салоҳиятимни мураббийлик ролида синаб кўриб, жамоа ютуқларига ҳисса қўшишни ўйлаяпман. Клубга янгидан бошланган лойиҳада ўз ўрнимни кўраётганим, бу ерда мустақил қарор чиқаришим кераклигини тушунтирдим.

- Ҳа, шартларингиз матбуотда ҳам ёзилганди...

- Муаммоларим йўқ: яширинмайман, ортга чекинмайман. Ўзим ишонган, обрўли одамлар билан ишлашни хоҳлайман. Кийиниш хонасига мияни заҳарловчиларни яқинлаштирмайман. Ёнимда «Барса»нинг собиқ сардори Карлес Пуйоль ва Хорди Кройфф сингари ажойиб ишбилармон, техник жиҳатдан катта тажрибага эга шахс бўлишини истайман. Жамоавийликни маъқуллайман, якка ҳолда қарорлар чиқаришга қаршиман. Бу ерда барча ходимлар биргалашиб, қарор чиқарамиз, якдилликни таъминлаймиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда сўнгги сўзни бош мураббий сифатида ўзим айтишим керак.

- Агар «Барселона»га қайтсангиз, бошқарув тузилмасида ўзгариш бўладими?

- Албатта, барча билан илиқ муносабат ўрнатишни хоҳлайман. Кийиниш хонасида негатив кайфиятга ўрин йўқ. Шунингдек, тиббиёт тизими ҳам муҳим. Асосийси, барча тармоқлар уйғунлашиши шарт. Ўз атрофимда ҳамфикрларни тўплашга умид қиляпман, яхши жамоа тузмоқчиман.

- Демак, бу ҳолатда ким президент эканлигининг аҳамияти йўқ...

- Ишлашга тўлиқ эркинлик берилса, бас. Билмайман, бунинг иложи бормикан... Ҳеч кимга қаршилигим йўқ. Ҳозирда Бартомеу билан муносабатларимиз ёмон эмас, Лапорта билан ҳам, Виктор Фонт билан дўстмиз. «Барса»га садоқати бор ҳар қандай раҳбар билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрман.

- Наздингиздаги «орзулар жамоа­­­си» қандай бўлади?

- Таркибнинг катта қисми ноёб тус олиши аниқ. Дарвозабон ўз позиция­си бўйича энг яхшиси бўлиши шарт; Жорди Альбага ўхшаган энг кучли чап қанот ҳимоячиси, Пике каби энг яхши марказий ҳимоячи, Бускетсдек энг кучли таянч  чизиғи вакили ва Месси сингари дунёнинг энг яхши футболчиси. Шунингдек, яна йиллар давомида «Барса»да тўп суриш имкониятига эга Суарес, де Йонг ва Артур кабиларни ҳам қўшаман. База жуда соз. Ўзимга қолса, Неймарга ўхшаган вингерни сотиб олардим. Билмайман, бу қарор ахлоқ масаласида ўзини оқлайдими, лекин ажойиб трансфер бўлиши аниқ. «Барса»нинг марказий ҳудудида ҳаммаси яхши, аммо жамоага «Бавария»дагидек вингерлар етишмаяпти. Унчалик кўп ўйинчи шарт эмас: Жейдон Санчо ва Серж Гнабридек тезкор йигитлар етарли...

- Испания терма жамоаси ўйинлари масаласида муаммога йўлиққанмисиз?

- Аксинча, барчасидан фахрланаман. Ҳеч қачон яширинмаганман. Сиё­сий мавзу ва адолатсизлик мени ранжитади, аммо бу спортга тааллуқли эмас... Бутун умр Испания термасига киришни хоҳлаганман ва бундай шарафга эришганимдан миннатдорман.

- Ўзингизни ҳам каталониялик, ҳам испаниялик, деб ҳисоблайсизми?

- Албатта, Испанияга ҳеч қандай қаршилигим йўқ, мамлакат менга кўп нарса берди ва ҳамиша илиқ муносабатда бўлди.

- Мустақилликни хоҳлайсизми?

- Ҳеч қачон бу ҳақда гапирмаганман... Менимча, одамларга қонуний референдумда овоз бериш имкони берилмагани адолатсизликдир. Ҳар ким келажагини ўзи ҳал қилиши, бу иш тинч йўл билан амалга оширилиши керак. Фақат шу масалада гапирганман. Инсон эркинлиги тарафдориман, Испанияга қарши эмасман асло.

- Қатардаги янгича ҳаёт қандай кечмоқда?

- Ўзимни хотиржам ҳис қиляпман, бу ерда мени ҳурмат қилишади. Мамлакатга келганимдаёқ енгилликни сездим: танқид йўқ, муҳокама йўқ. Сўнгги 25 йилда айнан шундай ёндашувга эҳтиёжим бор эди. «Барселона»да ўйнаётганингда, бундан қочиш имконсиз. Ҳозир оилам билан хотиржам яшаяпмиз, маҳаллий аҳоли сахий ва меҳмондўст. Дунёда араб маданиятига тааллуқли нотўғри тушунчалар мавжуд. Йўқ, диктатурани маъқулламайман. Мени вақтида инсон ҳуқуқлари бўйича муаммолар сабаб танқид қилишган. Қатарликлар ўзларига ҳам танқидий назар билан қарашади ва муайян нарсалардан қутулиш кераклигини тушунишади, аммо бунинг учун вақт керак. Тақиқланган ва рухсат бериб бўлмайдиган масалалар жуда кўп, шунга қарамай, мамлакатда яққол позитив ўзгаришлар кузатилди.

- Нурия (рафиқаси) билан қачон танишгансиз?

- Ўша пайт ёшимиз 18 ва 20да эди. Дўстларимиз орқали танишганмиз, Нурияни бир кўришда ёқтириб қолганман. Маълум муддат учрашиб юрдик, бироқ муносабатларимизга аниқлик киритишга шошилмадик: аниқроқ айтсам, муҳаббат изҳор қилиш учун олдинга бирор қадам ташламаганман. Аҳмоқ эканман! Кейин Нурия нақ 3 йил мен билан гаплашмади. Уни Рождество билан табриклагандим, жавоб қайтмади. Фақат бир кун келиб, яна Рождество арафасида «Байраминг билан, гўзалим. Аҳволинг яхши, деган умиддаман» қабилида ёзган мактубимга қисқача жавоб ёзди: «Мен ҳам». Шундагина енгил нафас ола бошладим.

- Кўплаб гуманитар лойиҳаларда бевосита иштирок этасиз, жумладан, Барселонадаги Сант Жоан де Деу онкологик шифохонаси билан ҳамкорлик қиласиз. Спортчи кўпчилик учун намуна вазифасини ўташи керакми?

- Ўзимни имтиёзга эга инсон, деб ҳисоблайман. Энг яхши кўрган машғулотим орқали етарлича пул ишладим, шу боис, футбол менга берган нарсани дунёга қайтаришни хоҳлайман. Ўйлашимча, биз яхши ҳолатдамиз, демак, ёрдам беришга ошиқишимиз керак, бу жамият олдидаги мажбуриятимдир. Нурия билан турмуш қурганимизда, тўйда йиғилган барча маблағни Сант Жоан де Деу шифохонасига йўналтирдик. Эндиликда турмуш ўртоғим Жорди Басте (радио ва телебошловчи)нинг мухлиси, мен ҳам. Бир куни у кўрсатувини саратонга қарши курашга бағишлади, минбарни бемор болаларга берди, улар дардларини айтишди. Жумладан, 10 ёшли Мигель «Барса» футболчилари, айниқса, мен билан кўришиш орзусида яшаётганини таъкидлади. Шунда Басте воситачилигида шифохона билан боғландик ва ўша воқеа ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Афсуски, болакай вафот этди, бу биз учун ёмон таъсир қилди. Шундан кейин кенг ҳамкорлик ўрнатишга келишдик. Тўйдан тушган пул янги шифохона қуришда ёрдам бўлди. Шунингдек, Obra Social de La Caixa билан ҳамкорликни йўлга қўйдим, кекса инсонлар, Даун синдромига чалинганлар, кўзи ожизларга кўмаклашамиз. Барча нарсадан маҳрум болаларга ёрдам бериш учун тузилган Generation Amazing дастурида ҳам қатнашаман. Ҳиндистон ва Иорданияда бўлдим, бу мамлакатларда қизларга футбол ўйнаш тақиқланади, ташрифим қайсидир маънода уларга чекловларни юмшатишда турт­ки бўлди. Яхшики, кўпчиликдан фарқ­ли равишда, бу борада менинг имкониятим кўпроқ.

- Ота бўлиш қандай экан?

- Эндиликда уйғонганимда, фақат ўзим ҳақимда ўйламайман. Мен учун Асиянинг қандай кайфиятда эканлиги, унда ҳаммаси жойидалиги, фарзандим оч эмаслиги муҳим. Кўпроқ вақтни уйда ўтказишга интиламан. Бу тўғрими ёки йўқ, билмайман, аммо ўзимни тўлиқ уларга бағишлайман. Чунки яқинларимга нисбатан чексиз муҳаббатни ҳис қиляпман.

 А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz