Қайднома

Қидирув

Эден Азар: «Галактикос – «Реал»нинг ўзгача даври»

Эден Азар: «Галактикос – «Реал»нинг ўзгача даври»

  14.06.2020 06:08
  0
  553
Эден Азар: «Галактикос – «Реал»нинг ўзгача даври»

«Қироллик клуби» - «Реал» Испания чемпионати рестартига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жумладан, жамоанинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азар ҳам мавсумнинг якуний қисмига катта умид боғламоқда. Лекин у хорижлик касбдошларимиз билан галдаги суҳбати давомида асосан жамоа тарихидаги ёрқин давр - «Галактикос» ҳақида гаплашди..

- Шахсан сиз учун қайси сифатлар «Реал»ни бошқа жамоалардан ажратиб туради?

- Аввало, жамоа ҳаттоки, Францияда ҳам жуда машҳур эканлигини таъкидлашим керак. Дейлик, мен энди фаолият бошлаганимда, Зайниддин Зидан айнан «Реал» таркибида тўп сурарди. Ўша даврдаёқ бу жамоа кўнглимдан алоҳида жой олганди. Шу ўринда клубнинг оппоқ футболкаси ва муҳташам стадионини тилга олмаслик мумкин эмас. Менимча, «Сантьяго Бернабеу» - дунёдаги энг шинам арена. Умуман, «Реал»нинг барча жиҳатлари аъло даражада. Бундан ташқари, болалигимдан айнан «Мадрид»га мухлислик қилганман. Испания пойтахтига интилганимнинг асосий сабаби ҳам шу.

- Зидан бундан 17 йил муқаддам ЕЧЛ финалида «Байер» дарвозасига унутилмас гол урганди. Ўша оқшом қаерда бўлганингизни эслай оласизми?

- Очиғи, ўйин трансляциясини тўғридан-тўғри томоша қилганимга амин эмасман, ўша пайтлар барча учрашувларни кузатиш имкони йўқ эди. Айниқса, ЕЧЛ беллашувларини қолдирмай томоша қилиш анча қийин саналган. Боз устига, танаффус пайти кун тартибимдаги ухлаш вақтига тўғри келарди. Лекин финалнинг такрорий намойишини эртасига кўрганман, кейинчалик эса бутун ҳафта давомида қайта-қайта томоша қилганмиз. Эсимда, укам Торган билан боғимизда Зидан голини такрорлашга роса уринганмиз, аммо уддалай олмаганмиз. Умуман, «Реал»нинг ёш мухлиси сифатида ўйиндан фақат ижобий таассуротлар олганман.

- Хўш, болалик пайти жамоанинг айнан қайси жиҳати хотирангизда ёрқин из қолдирган?

- Биринчи галда «Реал» футболчилари эътиборимни тортишарди. О, қандай давр - Рауль Гонсалес, Луиш Фигу, Роналдо каби афсоналар ёнма-ён тўп суришарди. Қисқасини айтганда, «Галактикос» -  жамоанинг фантас­тик даври. Ўша таркиб ўйинлари унутилмас лавҳаларни тақдим этарди. Санъат мисоли футбол мен қатори барча мухлислар, айниқса, болакайларни ўзига ром этганига шубҳа йўқ.

- «Реал» сафига қўшилишдан олдин ҳам жамоада тўп суришни анчадан буён орзу қилишингизни  сира яширмагансиз. Энди очиқ гапирсангиз - Мадридга айнан қандай мақсадларни кўзлаган ҳолда йўл олгансиз?

- Йўқ, олдимга муайян бир мақсадни қўймадим. Ҳамиша бор куч-маҳоратимни сарфлаш нияти билан майдонга тушаман. Албатта, шонли тарих ва анъаналарга эга жамоа либосида ҳаракатланадиган футболчидан доимо самарали ўйин ва ижобий натижа кутишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз вазифамга нисбатан муносабатимни ўзгартирмоқчи эмасман. Яъни ҳар қайси учрашувдан аввало, иложи борича кўпроқ завқ олишга интиламан. Шу тариқа керакли натижага эришиш мумкинлигини яхши биламан. Мухлислар мени жамоага манфаат келтираётган, чиройли голлар ва узатмалар билан муҳим ғалабаларни таъминлаётган фидойи ижрочи сифатида эътироф этишларини истайман. Зиммамга юклатилаётган вазифани лоақал «Челси»дагидек, агар имкони бўлса, янада сифатлироқ адо этиш ниятидаман.

- Жамоа ва ЕЧЛ ўртасида ўзгача муносабат борлигини ҳис қилиб улгурдингизми?

- Ҳа, «Реал» клуб футболидаги энг нуфузли турнирда  бошқа жамоаларга нисбатан анча кўп ғолиб чиққан. Шу фактнинг ўзиёқ жамоа аъзоларига қўшимча куч-қувват, ишонч бағишлайди. Мухлислар ҳар мавсум жамоа­дан «шалпангқулоқ» соврин кутадилар - бу ёзилмаган қонун. Улар билан суҳбатлашиш жараёнида айни шу кайфият яққол сезилиб туради. Ўз ўрнида халқаро аренадаги муваффақиятда мухлислар улуши катта эканлигини очиқ тан олиш керак.

- Бир эсланг, жамоада сизнинг шарафингизга ўтказилган тақдимот маросимига 50000 мухлис тўпланган эди. «Сантьяго Бернабеу» муҳитини кўргач, қандай ҳолатга тушгандингиз?

- О, аввалига кучли ҳаяжон босди. Муҳими, яшил майдонга қадам босишим билан ҳаёжон ўрнини қандайдир енгиллик ва эркинлик эгаллади. Чунки майдонга тушгач, ҳеч нарсага эътибор қаратмай, бамайлихотир тўп суришга кўникканман. Тўғри, тақдимот маросими кўпроқ матбуот анжуманини эслатади. Фарқи - мухлислар бир неча баравар кўп. Клуб президентининг нутқи, ҳар бир ҳаракатинг, нафас олишингни кузатиб турган камералар... Бунда ҳаяжонланмасликнинг иложи ҳам йўқ. Ўша лаҳзалардаги ҳолатимни ифодалаш учун француз тилидан бирданига мос калима топишим мушкул. Ҳаттоки, сизларда ҳам шундай сўз борлигига ишончим комил эмас. Мафтункор муҳит таъсирида бошим ўз-ўзида айлана бошлаганди. Кейин тезроқ майдонга тушиш истаги жўш урди. Бинобарин, илиқ фикрларни оёқларим воситасида майдондаги ҳаракатлар билан тасдиқласам, хотиржамлик юзага келишини яхши билардим.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz