Қайднома

Қидирув

Машғулот учун минус 6 очко ФУТБОЛНИНГ ЯНГИ ВОҚЕЛИГИ: БИРИНЧИ БЕМАЪНИ ҚАРОР...

Машғулот учун минус 6 очко ФУТБОЛНИНГ ЯНГИ ВОҚЕЛИГИ: БИРИНЧИ БЕМАЪНИ ҚАРОР...

  16.06.2020 01:26
  0
  499
Машғулот учун минус 6 очко  ФУТБОЛНИНГ ЯНГИ ВОҚЕЛИГИ: БИРИНЧИ БЕМАЪНИ ҚАРОР...

Австрия чемпионатида пешқадамлик қилиб турган ЛАСК пандемия юзага келтирган танаффус чоғи муҳим очколардан маҳрум бўлган Европанинг биринчи клубига айланди. Унга машғулотлар тартибига амал қилмагани учун қатъий жазо чораси белгиланди. Ҳа, Австрия Бундеслигаси етакчиси - ЛАСК машғулот олиб бориш борасидаги қоидалар туфайли жиддий азият чекди. Оддий айтганда, клуб «адолатли ўйин концепцияси» қоидасини бузди ва 6 очкодан мосуво бўлди... Қуйидаги мақола айнан шу мавзуда...

Воқеа ривожи оддий: Австрия полицияси май ойида маҳаллий фуқаролардан бири қўнғироғига асосан, ЛАСК машғулотлар базасига бос­тириб кирди. Ваҳоланки, мамлакатда 20 апрелдан эътиборан спорт жамоаларининг машғулотларга қайтишига рухсат берилганди, албатта, маълум чекловлар билан. Дейлик, бошида футболчилар олти кишилик гуруҳларга бўлиниб ва 2 метрлик оралиқ масофани сақлаган ҳолда шуғулланишлари мумкин эди. Мамлакат клублари орасида биргина ЛАСК айни ўша куни машғулот бошлади ва базада чамаси 40 нафар журналист, фотосуратчи ва телевизион ходимлар тўпланди. Айни шуниси Австрия Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмасига зид эди.

Машғулотлар бошланишидан олдин журналистлар жамоа ҳужумчиси Жоау Клаусс ва ёрдамчи мураббий Адреас Виланд сафда эмасликларини дарров пайқашди. Шу тариқа дарҳол шубҳа ва миш-миш тарқалди: «Наҳотки, бу иккисининг йўқлиги коронавирусга топширган тести мусбат натижа бергани билан боғлиқ бўлса...». Тўғри, ЛАСК президенти Зигмунд Грубер шу онда бу ҳақда расмий баёнот берди: «Йўқ, кечаги кун ҳолатига кўра, бизда ҳеч ким вирусга чалинмаган». Грубердан ташқари, клуб бош мураббийи Валерьен Исмаэль ҳам журналистларни тинчлантиришга уринди: «5,5 ҳафтага чўзилган танаффусдан кейин қайта иш бошлаганимиздан мамнунмиз. Барча йигитларимиз соғлом, ҳеч кимда на ортиқча вазн ва на касаллик аломатлари бор». DerStandart нашри эса машғулотларни қайта бошлашга бундай ёндашувни оқламади: «ЛАСК маъмурий жаримага тортилиши мумкин.  Карантин даврида стадионда оммавий тўпланиш хавфли, ҳаттоки, оралиқ масофа сақланса ҳам». Клуб эса жаримага тортилмади. Шунчаки, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоа офисига бундай қилиш мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш хати  юборди. Чунки клуб биринчи марта қоида бузганди ва якунда бу ҳолат ҳеч қандай оқибатларга олиб келгани йўқ.

Бироқ май ойи бошида ҳам ташвишга тушган маҳаллий аҳолидан полицияга қайта мурожаат тушди. ЛАСК машғулотлар базасига келган офицерлар эса қандайдир қоидабузарликни қайд этмадилар, аксинча, барчаси қатъий белгилаб қўйилган тавсиялар асосида ташкиллаштирилганига ишонч ҳосил қилдилар. Ке­йин клубнинг ўзи полиция билан алоқа ўрнатди. Маълум бўлишича, кимдир кечаси машғулотлар базасига кириб, кузатув камерасини осиб қўйган экан. «Клуб раҳбариятти камера ёзувларидан аниқлашича, капюшон кийган икки киши 13 май санаси тунги 03:22да «Райффайзен-Арена»га ноқонуний равишда кирган. Кузатув камераси айни шу жи­ноий ҳаракат пайти осиб қўйилган. ЛАСК бу борада аллақачон полиция­га шикоят ёзди», - дея хабар берилди клуб расмий сайтида. ЛАСК бошқарув кенгаши директори Андреас Протил буни «саноат жосуслиги» сифатида баҳолади ва полиция жиноятчилар изига тушганини маълум қилди.

Эртаси куни эса Австрия Бундеслигаси ЛАСК клубига нисбатан машғулотлар тартибини бузганлик айблови бўйича иш қўзғатилгани ҳақида хабар тарқатди. Лига раҳбариятига ЛАСКнинг вазирлик томонидан фақат 15 майдан кейин рухсат берилган жамоавий машғулотларни олдинроқ қандай ташкиллаштиргани ёзилган видеотасмалар ҳавола этилди. Бу энди нафақат давлат органи буйруғи, балки Бундеслига клублари ўртасидаги келишув бузилганига далолат эди. «Ушбу далилларга асосланган кенгаш ҳалол ўйиннинг асосий ғояси бузилиши хусусида иш қўзғатиб, клубдан расмий изоҳ беришини талаб қилди», - дейилди лига баёнотида. Хуллас, барчаси ошкор бўлгач, Бундеслига клублари турли танқид ва эътирозлар билан ЛАСКка ёпирилди. Деярли барча клублар вакиллари бундай хатти-ҳаракатни худбинликка йўйишди, қолаверса, чемпионат пешқадамини қолган рақиблар олдида устунликка эришишга уринганликда айблашди. Шундай қилиб, ЛАСК олдида реал хавф туғилди - моддий жарима, очколардан маҳрум этилиш ва ва ҳаттоки, чемпионатдан дисквалификация қилиниш. Вазият қалтислигини фаҳмлаган ЛАСК махсус матбуот анжумани уюштиришни пайсалга солмади ва унда клуб раҳбарлари чиндан ҳам, машғулотларни муддатидан олдин бошлашганини тан олишди. «Ҳа, 4 марта машғулотга йиғилдик ва уларда масофа сақлаш қоидасига риоя қилинмади, - деди клуб вице-президенти Юрген Вернер. - 3 ҳафта ичида атиги 4та машғулот. Шунчаки, футболчиларни текширдик, барча гигиена чораларига қатъий амал қилдик. Зеро, ўйинчилар спорт формасини йўқотиб қўйишларини хоҳламагандик». ЛАСК бош мураббийи Валерьен Исмаэль эса бироз шошилганларини айтиб, бундан пушаймон эканликларини билдирди: «Ортга назар ташласак, дарҳақиқат, ишимиз нотўғри бўлганини тушунамиз. Ҳозир клуб номидан самимий ва чин юракдан кечирим сўрайман. Аммо рақобатда қандайдир устунликка эришиш эмас, балки футболчилар саломатлиги ҳақида ўйладим. Ахир атиги 2 ҳафталик жамоавий машғулотлар билан расмий ўйинларга киришиш - жуда катта таваккалчилик».

Кейинчалик Юрген Вернер барча айбни ўз бўйнига олиб, клуб президентига истеъфо ҳақида ариза ёзди, аммо рад жавоби олди. Президент Грубернинг ўзи Австрия Бундеслигаси кенгашидаги ишини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди. Якунда лига раҳбарияти ЛАСКка моддий жарима жазоси белгилашдан ташқари, жамоани 6та очкодан маҳрум этди. Табиийки, бундан ранжиган ЛАСК бошқа жамоаларда ҳам машғулотлар тартибини бузиш ҳолати йўқ эмаслигини исботлашга уринди. Яъни машғулотлардан олинган бир қатор фотосуратлар ва оммабоп видеоёзувларни тақдим этди. Таъкидланишича, суратлар ва ёзувлар бошқа клубларнинг ҳам қоидабузарликларга йўл қўйганидан далолатдир. Аммо Бундеслига Интизом кенгаши ҳавола қилинган суратлар ва видеоларда қандайдир ноқонуний ҳаракатни аниқлагани йўқ. Хуллас, фақат ЛАСК «адолатли ўйин концепцияси»ни бузганликда айбланиб, кескин жазога тортилди. 75 минг евро миқдоридаги жарима майли, аммо «минус 6 очко» кўринишидаги жазо жамоага оғир ботди. Ахир шу туфайли жамоа турнир жадвалида етакчилик мавқеи­ни бой берди. Дарвоқе, клуб суд қарори юзасидан 14 кун ичида апелляция бериш ҳуқуқига эга, аммо бундан наф чиқиши қийин-ов... Зеро, ЛАСК чиндан ҳам, қоидаларга хилоф иш тутган ва буни тан олишга ҳам улгурди.

 

 

Айтганча, ЛАСК 6 очко йўқотганидан сўнг Бундеслига олтин медали учун курашиш имкония­тини анча пасайтирди. Боз устига, жамоа рестарт­дан кейин турнир жадвалида 3-ўринга силжиди (энди янги етакчи «Зальцбург»дан 8 очко ортда қолмоқда). Агарда ЛАСК мавсум якунига қадар пешқадамликни қайта ўз қўлига олса, бу нафақат чинакам жасорат, балки тарихий натижа бўлади. Чунончи, Линц шаҳри жамоаси узоқ 1965 йилдан буён миллий чемпио­натда ғолиб чиқолмаяпти.

 

Австрия чемпионатитурнир жадвали

(24-турдан кейинги ҳолат)

 

еврокубоклар зонаси

1  зальцбург   24 16 6   2 82-26        30

2  Вольфсберг    24 12 6 6    55-31   23

3  ЛАСК          24 17 4   3   54-25        22*

4  Рапид       23 11 7   5   47-28 20

5  Хартберг 24 9   5   10 38-57 17

6   Штурм       2395   938-30 16

 

лигада Қолиш зонаси

1  Аустрия   24 6   11 7   35-37 16

2  Альтах     24 7   5   12 36-46 14

3  Маттерсбург   24 6   4 14  29-53   13

4  Санкт-Пельтен    24 4 9    11       27-55    12

5  Тироль     24 5   5   14 27-56 10

6   Адмира     2447   13        22-46    9

Изоҳ: * 6 очко олиб ташланди; финал раундида очколар 50 фоизга камайтирилган.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz