Қайднома

Қидирув

Рестарт олдидан ким қандай фикрда?

Рестарт олдидан ким қандай фикрда?

  16.06.2020 04:36
  0
  366
Рестарт олдидан ким қандай фикрда?

Тушунарлики, узоқ вақт жамоавий машғулотларсиз спорт формасини ушлаб туриш ҳеч бир футболчига осон эмас. Тўғри, чемпионат рестарти олдидан жамоаларга маълум вақт берилди. Қисқа муддатли йиғин чоғи мураббийлар асосан ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини маромига келтириш устида ишлашгани ўз-ўзидан тайин. Қизиқ, ҳозирда футболчилар қандай ҳолатда? Суперлига рестарти арафасида бир қатор ўйинчиларга айни шу савол билан юзландик.

Усмонали Исмоналиев («Андижон» ҳимоячиси): - Карантин даврини ҳамма қатори уйда, оила даврасида ўтказдим, қўлдан келганича баъзи юмушларга кўмаклашдим. Табиийки, ўз устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қилдим, мураббийларимиз кўрсатмалари асосида индивидуал тарзда шуғулландим. Зерикиш олдини олишнинг энг самарали усули - машғулотлар. Албатта, мураббийлар билан дои­мий алоқада бўлиб турдик. Янги бош мураббий Виктор Кумиков қарашлари ҳақида ҳозирча бирор гап айтишим қийин, у билан энди танишдик. Лекин биринчи машғулотдаёқ кучли мутахассис эканлиги сезилди. Унинг қўл остида яхши натижалар қайд этишдан умидвормиз. Машғулотлар жараё­нида қувноқ кайфият ҳукм сурмоқда, ҳамма яхши ҳолатда, ички муҳит борасида муаммо йўқ. Билишимизча, Кумиков жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратар экан. Ўз ўрнида, Александр Хомяковга миннатдорчилик билдиришим керак, ундан кўп нарса ўргандим.

Албатта, мухлисларсиз футбол анча зерикарли туюлиши мумкин. Лекин майдонда уларнинг қўллаб-қувватлашларини қалбан ҳис қилган ҳолда тўп сурамиз. Биласиз, андижонлик мухлислар юртимизда ажралиб туришади. Ҳар доим стадионимизни тўлдириб ўтиришарди. Демак, уларнинг ишончини оқлашимиз шарт.

Абдулла Абдуллаев («Бунёдкор» ярим ҳимоячиси): - Шукрки, соғинган ва севган ишимизга қайтдик. Жамоавий машғулотлар бошқача, барибир. Барча йигитлар соғ ва саломат қайтишганидан хурсандман. Энди спорт формасини имкон қадар тезроқ тиклашимиз керак. Бу борада мураббийлар штаби кўрсатмалари ёрдам беради. Эшитгандирсиз, жамоамиз мухлислари стадионга кирмасаларда, бизни олқишлаб туришнинг ажо­йиб услулини ўйлаб топишди. Мухлисларимиз худди Германиядаги каби трибуналарни суратлар билан безаб, ўзгача муҳит яратишни ният қилишган.

Зоҳир Пиримов («Бухоро» ярим ҳимоячиси): - Жамоамиз аъзоларининг катта футбол ва жамоавий маш­ғулотларни роса соғинишгани кўриниб турибди. Футболчилар машқларни катта иштиёқ билан бажаришмоқда. Муҳсин Муҳаммадиев йўқлигини ёрдамчи мураббийлар билинтирмасликка ҳаракат қилишди. Ҳали очко олмаганимизни назарда тутсак, навбатдаги ўйинлар биз учун жуда муҳим. Ўйлайманки, 1та ғалаба катта руҳий қувват бағишлайди. Демак, фақат ва фақат ғалаба учун майдонга тушамиз, бошқа натижа бизни асло қониқтирмайди.

Шерзод Насруллаев («Насаф» ҳимоячиси): - Осон бўлмаган даврни бошдан кечирдик. Бу дастлабки турларда ҳар бир жамоа ўйинида сезилса керак. Карантин пайти уйда индивидуал тарзда шуғулландик, аммо бу жамоавий машғулотлар ўрнини босмайди. Муҳими, ҳамма футболни роса соғинган ва кучли иштиёқ учрашувлар кескин ўтишини таъминласа, ажабмас. Шукрки, бизда ҳеч ким коронавирусга чалинмади - ҳамма соғлом. Барча футболчилар гигие­на талабларига қатъий риоя қилмоқдалар. Ким қандай ҳолатда эканлигини эса ўйинлар кўрсатиб беради.

Владимир Бубанья («Сурхон» ҳимоячиси): - Карантин даврини Сербияда ўтказдим. Мураббийлар ҳар бир футболчига индивидуал шуғулланиши учун алоҳида дастур юборишди. Шунга асосан якка тартибда ишладик. Машқлар асосан жисмоний ҳолатни меъёрида ушлаб туришга қаратилди. Ўйлашимча, ҳеч бир футболчи жим ўтирмаган. Жамоадошларим билан алоқага чиқиб турдим. Умид қиламанки, карантиндан янада кучли бўлиб қайтганимизни амалда кўрсатамиз. Янги бош мураббий ҳақида нима дейишим мумкин? У билан энди ишламоқдаман. Ҳамжиҳатликда юқори марраларни забт этишимизга ишонаман. Дастлабки 3та турда чиройли футбол кўрсатишга интилдик. Афсуски, натижа қониқарсиз бўлди. Буёғига хатоларни такрорламаслик ва йўқотилган очко ўрнини тезроқ тўлдириш учун бор кучимизни ишга соламиз. Мухлисларни ғалабалар билан қувонтириш, уларга ёқадиган ўйин намойиш этиш иштиёқига тўламиз. Жамоамизнинг жонкуяр мухлисларидан бизни руҳан қўллаб туришларини сўраб қоламан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz