Қайднома

Қидирув

Флик – «Янги Хайнкес»

Флик – «Янги Хайнкес»

  17.06.2020 01:49
  0
  399
Флик – «Янги Хайнкес»

Яқинда Германия матбуотида «Флик - узоқ йиллик мураббий: «Бавария» «янги Хайнкес» топди» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Бундай эътироф бежиз эмас, албатта. Зеро, 55 ёшли «нотаниш» мутахассис Мюнхен гранди гўёки, чуқур инқироз ҳолатига тушган паллада бошқарувни қўлга олдию, дарҳол барчасини жой-жойига қўйди. Энг асосийси, Ханс-Дитер Флик бир уринишда «Голливуд» ФКнинг Бундеслигадаги мавқени осонгина тиклаш баробарида жамоага Европа Чемпионлар Лигасида яна ғолиб чиқиш умидини ҳам қайтарди.

«Бавария» қони

Германиянинг етакчи клуби коронавирус ортидан юзага келган мажбурий таътилга ЧЛ чорак финали йўлланмасини деярли нақд қилган ва Бундеслигада энг яқин таъқибчисидан 4 очко узоқлашган ҳолда йўл олди. Кейин рестартда орадаги фарқни янада оширди, жумладан, Дортмундда «Боруссия»ни енгган ҳолатда. Аслида бир қарашда, ҳаммаси одатдагидек. Фақат битта жиҳат бош­қача - айни пайт «Бавария» мухлислари ҳар қачонгидан-да кўтаринки кайфиятдалар. Бунинг асосий «айбдори» - айнан Ханс-Дитер Флик. Бунга қадар кенг доирада танилмаган мутахассис қандайдир енгиллик билан жамоага энг юксак чўққиларни забт этиш қудратини қайтарди. Бундеслига мисолида баҳо берсак, клуб тарихида дастлабки 15та учрашувни фақат Хосеп Гвардиолагина Фликдан самаралироқ ўтказган. Лекин умумий ҳисобда айтсак, янги мураббий дастлабки 25та ўйиндаги эффект бўйича испаниялик мутахассисдан ҳам ўзиб кетди - 22та ғалаба, 1та дуранг ва 2тагина мағлубият. Лотар Маттеус Бундеслига рестартидан анча олдин Мюнхен клуби мутасаддиларини янги бош мураббий қидиришни тўхтатиб, Фликка тўлиқ ишонч билдиришга даъват этганди. Бунда бундестимнинг собиқ сардори уни навқирон Юпп Хайнкесга қиёслади. Тўғри, Маттеуснинг башоратига қаттиқ ёпишиб олиш унча тўғри эмас. Ҳар ҳолда, у қадрдон дўсти Юрген Клинсманнга «Герта»да порлоқ келажакни тахмин қилганди, аммо бу ҳамкорлик улкан жанжал билан интиҳо топди. Бундан ташқари, Лотар «Бавария»ни уйғотган мураббий фарзандларининг тутинган отаси эканлиги боисми, унинг эътирофи холисона баҳо сифатида қабул қилинмади. Нима бўлган тақдирда ҳам, «Бавария» раҳбарияти танаффус пайти Флик билан шартнома муддатини 2023 йилга қадар узайтирди. Зеро, амалдаги бош мураббий тарафдорлари орасида шундай шахслар ҳам борки, уларнинг нуқтаи назари ҳақиқатга жуда яқин.

Биринчи навбатда, Юпп Хайнкеснинг ўзи ҳақида сўз бормоқда. Қария Юпп айнан Фликни «Бавария» бош мураббийлигига энг муносиб номзод сифатида эътироф этган, ундан аввал эса клуб бошқаруви раиси Карл-Хайнц Румменигге билан узоқ маслаҳатлашганди. У суҳбат жараёнида жумладан, Флик томирида «Бавария» қони борлиги ҳам эслатган. Гап шундаки, Ханс-Дитер футболчилик фаолияти давомида Мюнхен клуби сафида нақ 4 марта Германия чемпиони мақомига эришган. Хуллас, у Бундеслиганинг энг совриндор жамоаси ичидаги ҳолат ва барча сир-синоатларидан яхши хабардор эди.

Жаҳон чемпиони

Клубга нотаниш эмаслиги хусусидаги далил «Спартак»ча руҳият» аталмиш мангу мавзуни эслатади. Ҳар ҳолда, Москва клубида мураббий алмашса, ҳар гал кўпчилик дарҳол анъаналар ҳақида гапиради, танланган номзодга айни шу нуқтаи назардан баҳо беради. Лекин Европанинг номдор клубларида бу жиҳатга деярли эътибор берилмайди. Жумладан, германияликлар биринчи навбатда, номзоднинг профессионал маҳоратини инобатга олишади. Ҳа, Фликка  вақтинча бажарувчи мақомида бош мураббий вазифасини адо этиш имкониятини беришганида, айримлар унга ишончсизлик билан қарашди. Сабаби шуки, 55 ёшли мутахассис бунга қадар фақат «Хоффенхайм»даги мустақил фаолияти билан кифояланиб турганди. Қисқаси, унда бугунги ҳужумкор жамоа эмас, балки қуйи дивизионларда ўралашиб юрган ва ҳаттоки, тегишли лицензияси йўқ мутахассисга имконият беришгача борган олдинги бемажол «Хоффенхайм»да тўплаган тажрибасидан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди. Флик Зинсхаймдаги ишидан кейин маълум муддат «Зальц­бург»да афсонавий Жованни Трапаттонига кўмаклашди. Футболчиликдан кейинги ишида эса энг яхши даврни ўз юртига қайтиб, Германия миллий жамоасида ўтказди. Қизиғи шуки, бундестим либосида лоақал бир марта майдонга тушмаган собиқ футболчи Евро-2008 турнири чорак финалида Португалия термасига қарши кечган беллашувда тақдир инояти билан бош мураббий ролини ижро этди. Ўшанда Йоахим Лёв дисквалификация туфайли бошқарувдан четда қолганди. Умуман, Лёв - Флик тандеми ҳамкорлиги ЖЧ-2014да қайд қилинган тарихий зафар билан ниҳоясига етди.

Бразилия мундиалидан сўнг Ханс-Дитерни Германия футбол иттифоқи спорт директори лавозимига таклиф этишди. Шу билан Флик мураббийлик соҳасидан узоқлашди ва бу ишга қайтмайдигандек кўринди. Ҳар ҳолда, мамлакат футбол иттифоқидаги  фаолиятидан сўнг эски таниши - «Хоффенхайм»да спорт директори ролини бажарди. Қарангки, орада маълум вақт ишсиз юрган мутахассис янги мавсум бошланиши арафасида «Бавария» штабидан ўрин олди. Уни қўққисдан хорватиялик Нико Ковач ассистенти ролига таклиф этишди. Ўшанда умумий вазиятнинг шунчалик тез ўзгариб кетиши ва қисқа вақт ичида раҳбарнамо мутахассис фаолияти тубдан ўзгариши ва у ҳайратланарли ўсишга эришишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаганди.

Имзо чекиш муаммо эмас

Фликнинг «Бавария» бош мураббийи лавозимини вақтинча бажарувчи мақомидаги илк натижалари ўта дабдабали чиқди. Жамоа жумладан, азалий рақиби - Дормунд «Боруссия»­сини йирик - 4:0 ҳисобда енгилгина маҳв этди. Бироқ кўплаб мухлислар бу ғалабани Фликнинг малакаси эмас, бахтли тасодиф ва мураббийнинг атрофидаги кишилар билан тил топишишга усталигига йўйишди. Зеро, янги мураббий «Бавария»нинг доимий норози кайфиятда юрадиган майдагап фахрийлари кўнглига ҳам йўл топганди. Чунончи, улар Фликни терма жамоадаги давридан буён танишар ва ҳурмат қилишарди. Агар  бетараф мухлис сифатида холисона фикр юритсак, жамоанинг кескин ўзгаргани, дейлик, Томас Мюллернинг охирги пайтдаги ёрқин ўйинини нима билан изоҳлаш мумкин? Ҳужумчи гўёки, қандайдир мўъжиза кўмагида 5-7 йил ортга қайтиб, навқиронлик даврини такрорлаётгандек...  «У шунчаки, бўшашиб қолган айрим гайкаларни тортиб, талаб даражасига келтириб қўйди» - ҳимоячи Давид Алабанинг мазкур ибораси жамоадаги ижобий ўзгаришларнинг қисқача ифодасидир. Ҳозирда марказий ҳимоячи позициясида яна бинойидек тўп сураётган австриялик футболчини Флик стратегияси намуналаридан бири сифатида кўрсатиш мумкин. Унинг узоқ масофага узатмалари «Бавария»га Хайнкес даврида йўлга қўйилган вертикал услубни қайтаргандек.

Бир қатор қизиқарли ғояларга эга янги мураббий уларни шогирдларига сингдиришни ҳам моҳирона амалга оширмоқда. «Флик барча ўйинчилар билан доимий мулоқотда, шунинг учунми, унинг режаларини тез ва осон тушуниб оляпмиз» - дейди Роберт Левандовски. Мазкур эътироф фахрийлар ва ёш футболчиларга бирдек тааллуқли. Ҳа, Ханс-Дитерни қадрдон клубига айнан футболчилар самарали ҳамкорлик қилишлари учун қайтаришгандек. Оддий мисол, ўринбосарлар жамоасидан жалб этилган 18 ёшли Жошуа Зиркзеенинг самарали ўйини (тўлиқсиз 6та учрашувда 3та гол)га баҳо беринг. 19 ёшли Альфонсо Дэвис эса аллақачон дадиллик билан юлдузлар сафига қўшилди. Эътиборли томони, канадалик иқтидор MSLда ҳужум чизиғида ўйнарди, ҳозир эса қанот ҳимоячиси позициясига жавоб бермоқда. Буларнинг барчаси бош мураббийнинг ёш футболчилар билан олиб борган махсус машғулотлари самарасидир, албатта.

Фликнинг лавозимидан в. б. қўшимчасини қишки танаффус арафасида олиб ташлашгани мантиқан тўғри қарор бўлди. Ўшанда мураббий агар клуб ўрнига бошқа мутахассисни таклиф этса, ҳаёти тўхтаб қолмаслигини хотиржамлик билан таъкидлаганди. «Бавария» раҳбарияти эса амалда янги мураббий излаш ишларини қишдаёқ тўхтатди. Ҳар ҳолда, Массимилиано Аллегри, Эрик тен Хаг каби мураббийлар номзоди ўрганиб чиқилаётгани ҳақидаги хабарлар бирданига йўқолди. «Стэмфорд Бриж»да «Челси» устидан қозонилган ажойиб ғалабадан кейин эса Карл-Ханс Румменигге янги мураббий мавзусига боғлиқ «интрига»ни бутунлай ўлдирди: «Флик яқинда 55 ёшга тўлди - бу жуда ажойиб сана. Шу муносабат билан унга ручка сов­ға қилдик. «Бавария»да гоҳида қандайдир ҳужжатга имзо чекишига керак бўлиб қолади». Директорлар кенгаши раисининг Ханс-Дитердан бағоят мамнун эканлиги ва уни осонликча қўйиб юбормаслигини асл донишмандларга хос тарзда баён қилганини ҳамма дарҳол тушуниб олганди. Кейин, пандемия танаффуси пайти фақат Фликнинг ўзи эмас, ўсмирлар жамоасини бошқариб келган Мирослав Клозе ҳам шундай юксак ишончга муносиб кўрилди. Тўлақонли шартнома расмийлаштирилгач, яқин ўтмишнинг афсонавий ҳужумчиси Ханс-Дитер ёрдамчиси сифатида бош жамоа тизимидан жой олди. Бу ҳам клубда бошланган авлодлар алмашуви жараёнига идеал даражада мос ўзгаришдир.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz