Юртимизда юзага келган карантин туфайли спорт мусобақалари, чемпионат ўйинлари тўхтатилган пайт футболчиларнинг қандай ишлар билан шуғулланишгани ОАВда имкон қадар ёритилди. Дейлик, улар билан интервьюлар уюштирилди, ўзаро фикр алмашилди. Бироқ очиғи, бу вақтда футзалчилар назардан бироз четда қолишди. Ваҳоланки, футзал ҳам юртимизда энг севимли спорт турларидан бирига айланиб улгурган. Тўғри, охирги йилларда футзалимизга эътибор нисбатан пасайгани рост. Хусусан, Ўзбекистон футзал терма жамоасининг йиғин ва ўртоқлик учрашувлари анча камайганди. Фақат ўтган йили футболимиз раҳбарияти ўзгаргач, футзални ҳам яна равон йўлга қайтаришга киришилди. Ҳар ҳолда, терма жамоамиз халқаро ўртоқлик ўйинларида қатнашди, АГМК клуби эса Осиё чемпионатида чакки қатнашмади. Хуллас, ушбу йўналишда бирозгина силжиш кузатилди. Хўш, футзал клубларида ҳозир нима гап? Терма жамоамиз қачондан тўлақонли машғулотларга киришади? Техник қобилияти баланд маҳоратли ўйинчиларимиздан бири Ихтиёр Ропиев билан суҳбатимизда шу хусусда гап борди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ропиев айни вақт Қирғизистоннинг «Эрем» клуби аъзоси саналади.
- Карантин даврида футболчиларнинг нималар билан банд бўлишгани, қандай шуғулланишганини озми-кўп билдик. Футзалчиларимизнинг вақтни қандай ўтказишганию, уларнинг режалари ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Зеро, юртимизда футзал ихлосмандлари кўп. Хўш, Ихтиёр Ропиев карантин даврида нима қилди?
- Биласиз, карантин пайти барча спорт заллари ва машғулот майдонлари ёпиб қўйилди. Оқибатда маълум муддат уйда дам олишимизга тўғри келди. Апрель ойи ўрталаридан эса енгил югуриш ва индивидуал машқларни бошладим. Ҳозир олдингидек спорт формасида эмасман, лекин ҳаракат қиляпман ва тез орада яхши ҳолатни тиклашдан умидворман. Тушунарлики, коронавирус футбол каби футзалга ҳам катта таъсир кўрсатди. Умуман, барча соҳаларга жиддий путур етди. Ўйлайманки, тез орада ҳаммаси батамом барҳам топади ва футзал ўйинларини ўтказиш имконияти туғилади.
- Февраль ойига белгиланган футзал бўйича Осиё чемпионати айнан коронавирус хуружи туфайли қолдирилди. Табиийки, энди аввало, клублар миқёсидаги турнирларни тиклашга эътибор қаратилади. АГМК футзал жамоасининг режаларидан хабардормисиз, мураббийлар нима дейишяпти? Ҳар ҳолда, ўйинчилар спорт формасини имкон борича бир меъёрда сақлаб туришлари керак...
- Мураббийлар асосан махсус жисмоний машқларни бажариб туришимизни тайинлашди. Дейлик, мунтазам 50 ва 100 метр масофага югуришни. Шунингдек, уй шароитидаги тренажёрда жисмоний юклама олишимиз ҳақида кўрсатма беришди. Спортчининг ўз устида ишлаши аввало, ўзи учун яхши - чемпионат бошланса, шошиб қолмайди, қийналмайди...
- Футзал бўйича миллий чемпионат ҳақида қандай янгилик бор?
- Мана, яқинда футзал жамоаларининг очиқ ҳавода машғулот олиб боришига рухсат берилди. Ўзи карантин даврида энг асосий талаб - эҳтиёткорлик. Чунки хавф ҳали тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Санитария гигиена талабларига риоя қилиш жуда муҳим. Миллий чемпионатга келсак, бу вақт ҳукмидаги масала.
- АГМК ўтган йили футзал бўйича Клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида кучли тўртликка кириб, кўпчилик эътирофига эришди. Лекин энди бу натижа тарих...
- Ҳа, Клублар ўртасидаги Осиё чемпионатидан яхши натижа билан қайтдик. Қолаверса, ўзимизда чемпионликни қўлга киритдик. Очиғи, қитъа чемпионатида янада яхшироқ натижа қайд этишимиз мумкин эди. Лекин омад келмаса қийин. Энди мақсадни баландроқ олиш керак. Ҳар ҳолда, ўтган йилги натижани яхшилашга интилиш талаб этилади.
- Осиё чемпионатидан сўнг сизларга хориж клубларидан таклифлар тушдими?
- Менимча, етарлича таклифлар тушган. Фақат бу борада якуний қарорни клуб ва бош мураббий Александр Петров қабул қилди. Ўзимга келсак, айни пайт Қирғизистон чемпионати вакили «Эрем» аъзосиман. Олдимда яна бир қатор таклифлар бор. Балки Қозоғистон чемпионатига йўл оларман... Буни вақт кўрсатади, албатта.
- Умуман олганда, футзалчиларимизнинг хорижда легионер сифатида ўйнашларига қандай қарайсиз? Масалан, Дилшод Раҳматов Хитой чемпионатида анча муваффақиятли ўйнаганди.
- Аслида Ўзбекистон футзали чакки эмас, кучли ўйинчилар кўп. Демоқчиманки, кўплаб йигитларимиз хорижда бемалол ўйнаб кетиш салоҳиятига эгалар. Фақат озгина хоҳиш ва интилиш керак. Футзалчиларимиз оила ва бошқа муаммоларни баҳона қилмасалар, бас.
- Ўзбекистон ва Қирғизистон футзали ўртасида қандай фарқни сездингиз? Устунлик қайси томонда?
- Ўзбекистон чемпионатида нисбатан тенг кучли жамоалар ўйнайди, яъни иштирокчилар даража бўйича бир- бирига яқин. Шунданми, ўйинлар муросасиз кечади. Қирғизистонда эса асосан 4та клуб ўртасида кураш боради. Асосий фарқ шу.
- Энди терма жамоа ҳақида гаплашсак. Бўлажак Осиё чемпионати орқали жаҳон биринчилигига йўл олиш имконияти қандай?
- Тушуниб турибмиз, рақибларимиз жиддий. Лекин ўз салоҳиятимизни намойиш эта олсак, менимча, Осиёдаги ҳар қандай жамоани енгишимиз мумкин. Мақсадимиз - гуруҳ босқичида 100 фоизли натижа қайд этиш. Шунда чорак финалда нисбатан енгилроқ рақибга дуч келишимиз ва мундиал чиптасини қўлга киритишимиз имконияти ошади. Астойдил ҳаракат қилсак, ниятимизга етамиз, албатта.
- Футзалда арзимас хато ҳам қимматга тушиши ҳеч гап эмас. Яна руҳият жуда муҳим...
- Мураббийлар Баҳодир Аҳмедов ва Нодир Элибоев бу борада иш олиб боришади, албатта. Худо хоҳласа, турнирда руҳият масаласида муаммо туғилмайди ва мақсадга эришамиз.
А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20