Қайднома

Қидирув

Остон Ўрунов: «Уфа» билан ЕЧЛда ўйнашни хоҳлайман»

Остон Ўрунов: «Уфа» билан ЕЧЛда ўйнашни хоҳлайман»

  18.06.2020 01:28
  0
  225
Остон Ўрунов: «Уфа» билан ЕЧЛда ўйнашни хоҳлайман»

Яқинда Россия­нинг «Уфа» клуби расмий сайтида видеоинтервью чиқди. Аниқроғи, жамоа матбуот хизмати вакиллари ва ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Остон Ўрунов ўртасидаги суҳбат давомида ҳамюртимиз турли мавзуларга оид саволларга жавоб қайтарди.

- Дастлаб жамоадаги умумий ҳолатингиз ҳақида гапирсангиз.

- Ҳаммаси яхши, шароитлар қониқарли. Жамоадошларим мени илиқ қабул қилишди. Бош мураббий ҳам маҳоратли, собиқ футболчи сифатида ўз ғояларини жуда яхши тушунтиради.

- 20 кун давомида йиғин олиб борилди. Катта танаффусдан ке­йин бирданига жисмоний юклама олиш оғирлик қилмадими?

- Қийналдик, аммо сабр билан чидадик. Ахир машғулотларда қанчалик қийин бўлса, расмий ўйинларда шунга яраша енгиллик сезамиз.

- Билишимизча, карантин пайти Россияда қолдингиз. Нега?

- Шунчаки, кетишга кечикдим, йўллар ёпилди. Натижада қолишни маъқул кўрдим.

- Шу муддат ичида уйда нималар билан шуғулландингиз?

- Тўғриси, роса зерикдим. Якка ҳолда шуғулландим, қўшиқ эшитдим, PlayStation билан овундим.

- Юртингизни соғинаётгандирсиз, телефон орқали яқинларингиз билан гаплашяпсизми?

- Ҳа, албатта. Ота-онам билан ҳар куни гаплашаман. Умуман, Ўзбекистонда ҳам кўпинча улардан узоқда яшардим ва бунга кўникиб қолганман.

- Чемпионатнинг қолган қисмида бизни нималар билан қувонтирмоқчисиз?

- Албатта, ўзимни кўрсатишни хоҳлайман. Мақсадим - «Уфа» сафида Европа Лигасида ўйнаш.

- Энди тезкор савол-жавобларга ўтсак.

- Марҳамат!

- Йиғинлардаги хонадошингиз...

- Юрий Емельянов.

- У билан бирга яшаш қийин эмасми?

- Йўқ, Юрий яхши йигит.

- Жамоада қайси футболчи билан кўпроқ мулоқотда бўласиз?

- Барча клубдошларим билан муносабатим деярли бир хил. Эътироф этиш жоиз, жамоадаги легионерлар менга кўп нарса ўргатишмоқда.

- Коронавирус чўчитмаяптими?

- Йўқ.

- Россия совуқми?

- Ҳа, жуда.

- Ҳозир-чи?

- Чидаш мумкин.

- Ўзбекистонда об-ҳаво қандай?

- Чамаси 40 даража иссиқ.

- Бу нормал ҳолатми?

- Йўқ, жуда иссиқ.

- Сиз суйган энг севимли ўзбек таоми?

- Палов.

- Уфада ушбу таомни тановул қилиб кўрдингизми?

- Ҳа, лекин унча ёқмади.

- Ўзингиз палов пишира оласизми?

- Рости, билмайман.

- Сизнингча, футболчи сифатидаги энг яхши жиҳатингиз нима?

- Кўпчилик дриблинг маҳоратим чакки эмаслигини айтади.

- «Краснодар»га қарши ўйинда Зидан услубида финт ишлатгандингиз. Хўш, сиздан бундан ҳам кўпроғини кутсак бўладими?

- Финтлар борасида ишлаяпман, бунинг самараси ўйинда кўринса керак.

- Русчани шу ерда ўргандингизми ёки Ўзбекистонда ҳам гаплашармидингиз?

- Рус тилини мактабда ўрганганман. Қолаверса, аввалги мураббийларим ҳам русчада гаплашишган. Жумладан, Андрей Канчельскис, Самвел Бабаян билан бирга ишладим.

- Бабаян қандай мураббий?

- Маҳоратли мутахассис, психолог. Футболни яхши тушунади, ҳаммага бирдек ёрдам беради. Жумладан, «Локомотив»да менга ҳам далда бўлди. Суҳбатдошининг кўзига қараб, кўнглидан нималар ўтаётганини дарҳол пайқайди.

- У ҳозир қаерда ишлаяпти?

- Хитойнинг «Чанчун Ятай» клуби бош мураббийи.

- Жуда соз. Бу унинг учун мураббийликда ўсиш бўлса керак.

- Албатта, Бабаян олдига катта вазифа қўйилган, яъни жамоани элитага олиб чиқиши керак.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz