Қайднома

Қидирув

Кўчмас мулкка интилиш ёки яна футболдаги "пуллар" ҳақида

Кўчмас мулкка интилиш ёки яна футболдаги "пуллар" ҳақида

  18.06.2020 06:43
  0
  448
Кўчмас мулкка интилиш ёки яна футболдаги

Сир эмас, футболчиларни асосан майдонда кўрсатадиган ўйинлари орқали биламиз. Шунинг баробарида уларнинг футболдан ташқарисидаги ишларига ҳам қизиқиш ниҳоятда катта. Тасаввур қилинг, сиз чамаси 20 ёшли ўйинчисиз. Уй тугул, шунчаки, бир кеча тунаш учун бошпанангиз ҳам йўқ. Бир талай қизлар билан танишсиз, лекин ҳамон бўйдоқсиз. Кутилмаганда, бутунлай нотаниш, аммо ўзингизга ёққан уй ёки уйларни харид қилишингиз мумкин бўлган шаҳарга йўл олдингиз. У ерда 1-2 йил истиқомат қилишингиз ёки бир умр қолишингиз номаълум. Ҳар гал электр қуввати ёрдамида очилиб-ёпиладиган дарвозадан чиқаётганингизда ҳайратдан ёқа ушлайсиз... Ёзги трансферлар мавсумида клуб алмаштирадиган аксарият футболчилар айнан шундай вазиятни бошдан кечирадилар. Жамоа учун янги ўйинчининг кейинги ҳаёти қандай кечади? Умуман, дунёга машҳур футболчилар қаерда ва қандай шароитда кун кўришмоқда?

Агар футболчилар уйлари баҳосига эътибор қаратсак, у трансляция ҳуқуқиникига мос равишда мунтазам қимматлашиб борганини кўрамиз. Мақола муаллифи ўртамиёна тоифадаги уйларда истиқомат қилганида, келажаги порлоқ футболчи мўъжазроқ хонадонда яшарди. Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Питер Крауч ўзининг «Қандай футболчи бўлиш мумкин?» номли асарида ҳамкасбларининг «одатий уйи»га ўзига хос таъриф берган: «Тюдоров давридаги гўшалар умумий манзарага уйғун: ихчамгина сатҳ, тош ётқизилган бетон сув ҳавзаси, бурчакда бар ва бильярд столи. Тажовузкор кўппак ва айнан унга ўхшаган улкан ва ҳашаматли автомобиль». Ўтган асрнинг 90-йилларида футболга ТВнинг мўмай ақчалари оқа бошлагач, футболчиларнинг уй бюджети ҳам кўтарилиб борди. 2001 йили «Челси» таркибига қўшилган ва Кенгсингтон ҳамда Найтсбриж туманларидан ўзига бошпана қидирган европалик футболчининг гапларини ёрқин мисол сифатида келтириш мумкин: «Уйимнинг баҳосини ҳеч қачон тўғри тополмайсиз». Шунда унча-мунча тажрибага эга лондонлик сифатида хонадон баҳосини тахмин қилдим: «Ҳафталик тўлов - 1000 фунт стерлинг». Шунда футболчининг юзида ҳайрат аломати сезилди: «Тўғри, ҳафтасига 1000 фунт!» Мазкур мулоқотдан кейин ўйланиб қолгандим: «Лондон ҳаттоки, «Челси» футболчиларига ҳам қимматлик қилаётган экан, ўз турмуш тарзимни қайта кўриб чиқишим лозим». Ҳозир Парижда яшаётганига айнан ўша футболчи қисман сабабчидир.

Кўплаб футболчилар дастлабки шахсий бошпанани ўзлари туғилиб-улғайган шаҳардан сотиб оладилар. Таниқли агент Мино Райола мижозларига тунги клуб ва ресторанлар муқим турар-жой бўлолмаслигини тушунтириб, уларни дарҳол хонадон харид қилишга даъват этади. Дейлик, Златан Ибрагимович 2007 йили Мальмёдаги энг чиройли уйни сотиб олди. Гап шундаки, Ибра Италия меъморчилиги услубида қурилган бу кошонани ёқтириб қолган ва ҳар сафар унинг ёнидан ўтганида, завқ билан томоша қиларди. У кейинчалик бино деворига ўз оёқлари тасвирланган улкан суратни илиб қўйди. Бу - уйни харид қилишда асосий роль ўйнаган оёқларига нисбатан ҳурмат белгиси. Янги шаҳарга кўчиб ўтиш ҳамиша жиддий муаммолар келтириб чиқаради, айниқса, қўққисдан ўзга муҳитга тушганингизда. Ёнида бирор ҳамроҳи йўқ ўспирин учун эса янада қийин. Клублар тахминан 10 йилча аввал футболчи трансферига 10 миллионлаб сарфлардию, унинг янги муҳитга мослашиб олиши учун сариқ чақа ҳам ажратмасди. 19 ёшли Ибрагимович 2001 йили «Аякс» сафига қўшилганида, шаҳар четидаги уйда ёлғиз ўзи қолади. Ёнида ётоқ жойи ва экрани 60 дюймли телевизордан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Танҳоликдан безиган ҳужумчи худди ўзи каби муҳожир саналган Максвеллга қўнғи­роқ қилиб, унинг ёнига кўчиб ўтади ва 3 ҳафта қуруқ  матрас устида ётиб-туради.

Ҳаттоки, мамлакат миқёсидаги трансфердан кейинги кўчиб ўтиш ҳам осон эмас. 2004 йили 18 ёшли Уэйн Руни Ливерпулдан 35 мил узоқликдаги Манчестерга йўл олганди. «МЮ» мутасаддилари эса 26 «лимон»га сотиб олинган ҳужумчини меҳмонхонага жойлаштиришади. «Бундай шароитда яшашни душманимга ҳам раво кўрмасдим», деганди Уэйн ке­йинчалик. Рунига янги турар-жой топишда жамоа футболчиларидан бири ёрдам беради: «Гари Невилл доимо менга ўз уйларидан бирини харид қилишни таклиф этарди. Унинг асл мақсадини ҳам, уйлари сонини ҳам  билмасдим. Билганим - Гари ўзининг кўчмас мулклари ҳақида жуда кўп гапирарди».

Турар-жой бизнесига сармоя киритган футболчилардан яна бири - Робби Фаулер. «Ливерпул»нинг собиқ вакили рафиқаси билан Мерсисайдда шунча кўп хонадонни ижара шарт­номаси асосида олгандики, «қизиллар» мухлислари  унга атаб, ҳаттоки, қўшиқ ҳам ёзишади: «Ҳаммамиз Робби Фаулер уйида яшаймиз». Лекин уй-жой масаласи кўплаб футболчиларга панд бериб, маълум қийинчиликларга дучор қилади. Тўғри, улар ҳозирда шахсий агентлари ва «Футболчилар билан алоқа ўрнатиш хизмати» вакилларидан обдон маслаҳат сўраган ҳолда, харид қилишга одатланишган. Дейлик, Мино Райола ёш мижозларидан бири уй билан танишиш жараёнида унга видеоалоқа орқа­ли мурожаат қилиб, маслаҳат олгани ҳақида фахрланиб гапирганди. Хуллас, футболчилар кўчмас мулк савдосида эҳтиёткорлик билан қарор қабул қилишни ўрганиб олишди. Ҳа, айрим инсофсиз агентлар ва воситачилар уларга шосселар ёнидаги муҳташам, аммо муаммоларга кўмилиб қолган уйларни ўтказишга уринадилар. Клублар эса футболчиларни осуда, ҳар куни бемалол шуғулланиш имконияти бор шаҳарчаларга жойлаштиришни хоҳлайди. «Манчестер Сити» базасининг кўпчилик эътиборини ўзига тортадиган махсус ҳудудида 8та шинам шаҳарча тасвирланган харита осиб қў­йилган. Унда туни билан ҳаёт қайнайдиган Манчестер маркази йўқ. Умуман олганда, 43та профессионал клуб шаҳар четида, радиуси 90 милга тенг ҳудудда ўз футболчилари учун қулай шароитларга эга турар-жойлар бунёд этди. Хэйл, Уилмслоу, Олдерли Эдж ва Натсфорд - энг маъқул туманлар, - дейди кўчмас мулк агентлиги директори Эндрю Торп. - Футболчилар учун ўз жамоадошлари ва касбдошлари даврасида яшаш жуда маъқул...».   

Аслида футболчилар амалда маҳаллий турар-жойларни ўз монополияларига айлантиришди. Агентликнинг яна бир вакили Том Беркнинг таъкидлашича, ҳудуддаги оддий оила учун 1 ойлик ижара тўлови 5000 фунтга тенг. Футболчилар учун эса бу атиги бошланғич сумма: «Махсус лойиҳага асосан уй қурадиган фирмалар ҳам бор. Бундай хонадонларда яшаш учун белгиланган тўловни фақат футболчилар кўтаришга қодирлар». Агар трансферлар мавсуми осуда кечиб, саноқли келишувлар амалга ошса, уй-жой масаласида ортиқча муаммо юзага келмайди. Шунчаки, бошқа шаҳарга йўл олган футболчи ўрнини янгиси эгаллайди. Тўлов борасида ҳам деярли келишмовчилик кузатилмайди. Лекин Беркнинг айтишича, яқинда ҳафтасига 150000 фунт оладиган футболчига 20000 минг фунтга тенг тўлов оғирлик қилибди. Кўп ҳолларда ўзгача диалог гувоҳи ҳам бўлиш мумкин:

Футболчи: - Хўш, қанча сўраяпсиз?

Агентлик вакили: - Ойига 12500 фунт.

Футболчи: - О-о, жуда яхши! Аввалги уйга 18000 фунтдан берардим.

Англиянинг шимоли-ғарбий қисми аҳолиси аргентиналик Карлос Тевесни уй ижараси учун ҳафтасига 30000 фунт сарфлаган бойвачча сифатида эслайди. Энди ўша даврлар ортда қолди, футболчилар ҳозир агентлар маслаҳатига амал қилган ҳолда иш юритмоқдалар. Айниқса, кимлардир мўмай пул топишга уринишларини тушуниб етган катта ёшли тажрибали ўйинчилар. Қуйи дивизионлар вакилларининг молиявий имкониятлари эса ҳамон ҳамин қадар. Шунинг учун Лондондаги нарх-наво футболчининг «Миллуолл» ёки «Фулхэм»га ўтишида жиддий қи­йинчилик туғдиради. Кўчмас мулк агентлари ўз навбатида, футболчиларга қайси услубдаги уйлар тўғри келишини яхши билишади. «Кўпчилик меъморчилик услубидан кўра, модернизацияга алоҳида қарайди. Футболчилар одатда уйда қўшимча меҳнат талаб қиладиган жиҳатлар бўлмаслигини сўрашади. Яъни яшаш учун барча қулайликлар яратилишини истайдилар», - дейди Торп. Яқинда унинг агентлигидан уй сотиб олган футболчи барча жиҳозларга алоҳида ҳақ тўлабди.

Жумладан, хавфсизлик ҳам муҳим жиҳат. Футболчиларнинг уйларини тез-тез тунаб кетишади. Чунки уларнинг доимо сафарда юришлари ҳаммага маълум, уйларидан эса қимматбаҳо буюмлар ва пул топилади, барибир. Баъзан клублар ўз футболчилари уйларига хавфсизлик хизмати ходимларини ёллаб, қўриқлаш тизимининг такомиллаштиришга ёрдам беришади. Резиденциялар савдоси билан шуғулланувчи Стивен Лавледининг қўшимча қилишича, футболчилар орасида турли эрмак ва ўйинлар - кинотеатр, гольф симулятори, сув ҳавзази, жакузи ва ҳоказони хуш кўрадиганлари кўп. Крауч эса хона ичига ўрнатилган ўйин иловасига ишқибоз: «Ҳаттоки, фарзандлари бор ўйинчилар ҳам оқшомни виртуаль футбол пульти, сув ҳавзаси ёки ўйин автомати ёнида ўтказишлари мумкин». Питер Краучнинг айтишича, унинг жамоадошларидан бири ўз уйида чинакам акула парваришлашга ҳам жазм этган.

Бу ким учундир кулгули туюлар, лекин ҳақиқат шуки, машҳур футболчи ўз уйининг маҳбусига  ўхшайди. Ташқарига чиқиши билан уни мухлислар қуршаб олишади - дастхат олиш ёки суратга тушиш илинжида. Бундай вазиятда футболчи учун уй мустаҳкам қалъа мисолидир. Дейлик, Килиан Мбаппе жамиятдан шунчалик узоқдаки, келажакда бўлажак фарзандлари ундан болалик саргузаштлари ҳақида сўрашса, жавоб беролмаса керак. Замонавий футболнинг энг ёрқин вакилларидан бири - Лионель Месси эса Каталония маркази шовқинлари ва соҳилдан олисдаги осуда Кастельдефельс қишлоғида яшайди. У қўшнисининг уйини сотиб олиб, мини-футбол мажмуаси барпо этган. Пальма дарахтлари ва оппоқ девор ишончли қўрғон вазифасини ўтайди. Лео шосседан 20 дақиқалик масофа узоқлигида жойлашган уйидан ўғлонларини мактабга олиб боради, кечки пайт яқин дўсти Луис Суарес билан чақчақлашиб, вақт ўтказади.

Амалдаги ва собиқ футбол юлдузларига паноҳ бўлган яна бир гўша - Мадрид яқинидаги Ла Финка ёпиқ коммунаси. Криштиану Роналду, Антуан Гризманн ва Гарет Бэйл каби афсоналар баланд деворлар билан ўралган кошоналарда туришади. Оҳис­та юриб бораётган полиция машинасини ҳисобга олмаганда, кўчаларда қатнов йўқ, гавжум ва сершовқин Мадридни эслатадиган бирор-бир аломатни кўрмайсиз. Айрим футболчилар янги қўнимгоҳга ўз яқинлари билан кўчиб ўтадилар. 2015 йили ПСВдан «МЮ» сафига қўшилган Мемфис Депай аввалига Фил Невилл уйига дўсти Жижи билан бирга жойлашганди. Лукас Моура эса 2013 йили «ПСЖ» билан шартнома тузгач, онаси, маъшуқаси ва унинг отасини Париж яқинидаги Нейи-сюр-Сен туманига чорлаганди.

«Барселона» аёллар жамоасининг нидерландиялик вакили Лике Мартинс ҳам эркак ҳамкасбларига ҳавас қилади: «Улар ўз яқинлари, истаган дўстларини уйларига олиб келишлари мумкин. Мен эса ҳанузгача уй соғинчини енголмаяпман. Эркакларда чинакам уй шароитини яратиш имконияти бор, бизда эса йўқ». Таққослаш учун айтсак, Англия аёллар Суперлигасида ўйнайдиган 88 фоиз футболчи йилига 18000 минг фунтдан камроқ иш ҳақи олади. 2017 йил ҳисоботига кўра, уларнинг 50 фоизи айнан молиявий сабаблар туфайли футболдан кетиш ниятида. АПЛ аъзоларининг ўртача йиллик маоши эса, 3 млн. фунтдан кўп. Лекин қайсидир футболчининг янги уйга кўчиб ўтиши бир қатор юмушларда эҳтиёжмандлик туғдиради. Райоланинг сўзларига қараганда, бир куни унга Марио Балотелли қўнғироқ қилиб, уйида ёнғин чиққанини айтган ва Мино мижозига ўт ўчирувчиларга мурожаат қилишини тавсия этган. Футболчилар орасида ҳаттоки, чироқ нима учун ёнмай қолганини ҳам хизматчилардан сўрайдиганлари топилади...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz