Қайднома

Қидирув

Рожерио Сени эсингиздами?

Рожерио Сени эсингиздами?

  18.06.2020 10:36
  0
  386
Рожерио Сени эсингиздами?

Бразилиялик собиқ дарвозабон Рожерио Сени футбол тарихида ўзининг ноёб кўрсаткичи билан ёрқин из қолдирган. Гап дарвозабонлар орасида гол уриш бўйича рекорд ўрнатган футболчи ҳақида кетмоқда. Албатта, Сенининг натижаларию, фаолияти кўп ва хўп ёритилган. Лекин ноёб иқтидори билан ажралиб турган голкиперга боғлиқ қизиқарли, салмоқли ва кутилмаган фактлар топилади ҳар доим. Жумладан, bombardir.ru сайти ижодкорлари Рожериони эслатиш учун баъзи маълумотларни яхлит ҳолда келтиришди.

*** Рожерио Сени фаолияти давомида расмий ўйинларда 132та гол (!) урган. У бу борада дарвозабонлар орасида мутлақ рекордчидир. Сени ҳисобига ёзилган 70та гол пенальти самараси бўлса, 61таси жарима зарбаси маҳсулидир. У яна бир голини тўп стандарт вазиятдан ўйинга киритилганидан кейин нишонлаган.

*** Рожерио Сени расмий ўйинлардаги голлари ҳисобини 24 ёшида очган. Ўшанда у биринчи марта жарима зарбасини ижро этган ва шу уринишидаёқ амплуадошини доғда қолдирган.

*** Рожерио Сени «Сан-Паулу» клубининг асосий таркибига тақдир тақозоси билан қўшилган. Жамоанинг биринчи рақамли кипери ўринбосари, бразилиялик 20 ёшли Александр тўсатдан ҳаёт билан видолашгач, Сенини мажбурликдан бош жамоага жалб қилишганди.

*** Рожерио Сени - битта клубдаги ўйинлари сони бўйича ҳам жаҳон рекордчиси. Диққат қилинг, у «Сан-Паулу»нинг нақ 1236та ўйинида майдонга тушган. Умуман олганда, бразилиялик кипер бутун фаолияти давомида 1256та ўйинда иштирок этган ва бу билан Гиннесс рекордлар китобига кирган.

*** Тўпурар дарвозабонлар рўйхатининг 2-қатори парагвайлик Хосе Луис Чилавертга тегишли - 62та гол. Диққат қилинг, Рожерио бу борада энг яқин таъқибчисидан 70та гол олдинда.

*** Мавсум-2005 Рожерио Сени учун фаолиятидаги энг сермаҳсули ҳисобланади. Бразилиялик ўша мавсум 21та гол (тасаввур қилинг!) ҳосил қилганди. Сени жумладан, 2та голини Клублар ўртасидаги ЖЧ ва Либертадорес кубоги ярим финал ўйинларида нишонлаганди.

*** Рожерио Сени фаолияти давомида 914та ўйинда жамоа сардори сифатида майдонга тушган - бу футбол тарихидаги яна бир рекорд натижа.

*** Рожерио Сени фаолияти давомида кўп гол уриш баробарида жами 8та самарали узатма муаллифига айланган.

*** Рожерио Сени 2007 йилга қадар фақат 1-рақам остида майдонга тушган. «Сан-Паулу» сафидаги 618-ўйинида эса клуб гвардиячилари рўйхатида 1-ўринга кўтарилган. Хуллас, кипер шу рекорди шарафига истисно тариқасида ўша учрашувда 618-рақамли форма кийган. Шундан кейинги деярли барча ўйинларда 01-рақамли свитердан фойдаланган. Тўғри, орада, клуб сафидаги 700 ва 800-ўйинлари шарафига ҳам шу рақамларни танлаган.

*** Манчестер Сити»нинг ҳозирги дарвозабони Эдерсон Мораес айнан Сени туфайли оёқ билан ўйнашни ёқтириб қолганини кўп таъкидлайди: «Болалигимда менга илҳом бағишловчи мотиватор ва биринчи рақамли намуна бўлган кипер - бу Рожерио Сени».

*** Рожерио Сени фаолияти давомида Бразилия миллий жамоаси сафида атиги 16та ўйин ўтказган. Бунга мамлакат бош дружинаси дарвоза чизиғидаги ўта юқори рақобат сабабдир. Дейлик, унинг аввалига Дида, кейин Жулио Сезар билан рақобатлашишига тўғри келган.

*** Рожерио Сени самарали фаолиятини якунлаган вақт 42 ёшда эди.

*** Рожерио Сени ҳозирда Бразилия «А» серияси ўртамиёна клуби - «Форталезе» бош мураббийи сифатида ишламоқда.

С.РАҲМОНОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz