Газетамизнинг аввалги сонида 18-23 ёш оралиғидаги футболчилардан тузилган рамзий жамоани эътиборингизга ҳавола қилгандик. Бугун навбат 30 ёшдан ошганларга келди. Биламизки, 30 ёшдан кейинги давр футболчи учун фаолиятининг якуний босқичи саналади. Тўғри, охирги йилларда футбол анча ўзгарди ва евроареналарни яшнатаётган фахрий ёшдаги ўйинчилар жуда кўп. Шунингдек, ўзимизда ҳам эътирофга муносиб фахрийлар етарли.
Дарвозабон: Игнатий Нестеров («Локомотив»). Ўзбекистон чемпионатидаги энг тажрибали ва фахрий футболчи. 37 ёшни қарши олиш арафасида турган Игнат узоқ йиллар давомида миллий жамоамизнинг биринчи рақамли кипери бўлиб келди, маълум вақт алмаштирилмас дарвозабон мақомида гавдаланди. Миллий жамоамизнинг охирги ўйинлари кўрсатдики, Нестеровга ҳамон эҳтиёж бор. Ҳар ҳолда, унинг катта ўйинларда тўплаган тажрибаси ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи ўйинларида асқотиши мумкин.
Ҳимоячи: Анвар Ғофуров («Бунёдкор»). Марказий ҳимоячи позициясига айни пайт Суперлиганинг энг ёши катта футболчиси Анвар Ғофуровни қўйдик. Жорий йил 39 ёшга тўладиган футболчи ҳамон яшил майдонда жавлон урмоқда. Шарқда Казуёши Миура ва Ли Дон Гук каби «қария»лар бемалол ўйнаётган паллада нега бизнинг фахрийлар ўйнай олмасликлари керак? Тўғри, эҳтимолки, жорий мавсум Анвар Ғофуров учун охиргиси бўлар... Муҳими, у катта футбол билан муносиб хайрлашишга ҳақли.
Ҳимоячи: Анзур Исмоилов («Пахтакор»). Миллий жамоамиз учун ҳар қандай шароитда борини берган ҳимоячилардан бири. Ўйин услуби ва фидокорлиги билан Бахтиёр Ашурматов ёки Асрор Алиқуловни эслатиб юборадиган Анзур 36 ёшга қараб кетмоқда. ОЧЛда узоққа боришни кўзлаётган «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе бежиз Исмоиловни жамоа таркибида кўришни истамади. Фахрий ҳимоячи бу йил «шерлар»нинг орқа чизиғида етакчиликни қўлга олиб, жамоанинг ОЧЛда муносиб қатнашишига катта ҳисса қўшса, ажабмас.
Ҳимоячи: Станислав Андреев («Металлург»). Юз тузилишидан ҳамон ёшдек кўринадиган Стас ўз позицияси бўйича чемпионатимиздаги етакчи ўйинчилардан биридир, шубҳасиз. 32 ёшли Андреев охирги мавсумларда «Металлург»да бинойидек тўп сурмоқда. Станислав фаолияти давомида кўп жамоа алмаштирмаган ва 1та клубда барқарор ўйнаган кам сонли футболчиларимиз сирасига киради. Унинг айниқса, 2009 йили Ўзбекистон кубоги финалида бразилияликлар билан тўлиб-тошган «Бунёдкор» дарвозасига ғалаба голини уриб, «Пахтакор»ни шоҳсупага олиб чиққани кўпчилик ёдида муҳрланган.
Ҳимоячи: Акмал Шораҳмедов (АГМК). Қаранг, кечагина иқтидорли футболчи сифатида турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда ўйнаб юрган Шораҳмедов бугун чемпионатимизнинг энг кучли чап қанот ҳимоячиларидан бири саналади. Тўғри, сўнгги йилларда унинг тезлиги пасайгандир, шунга қарамай, майдонда ёшларга ўрнак бўлмоқда. Хуллас, Миржалол Қосимов кашфиётларидан бири 34 ёшида ҳам АГМКни фаол олға бошламоқда.
Ярим ҳимояси: Лутфулла Тўраев («Бунёдкор»). 32 ёшли Тўраев ўзини «қария»лар қаторига қўшмайди ва амалда ҳам зиммасидаги ишни аъло даражада бажармоқда. Вадим Абрамов аввалги мавсум бошида ёшлардан иборат янги «Бунёдкор»ни айнан Лутфулла Тўраев ва Анвар Ғофуров атрофида шакллантирди. «Қалдирғочлар» кўпчиликка ёқадиган футбол намойиш этишяптими, демак, фахрийлар ўз миссияларини талаб даражасида уддалашмоқда.
Ярим ҳимоячи: Вадим Афонин («Локомотив»). Тўраев ёнига жорий мавсум 10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон чемпионатига қайтган Вадим Афонинни қўйдик. 33 ёшли ярим ҳимоячи «Локомотив» билан шартнома тузишига қадар ўзимизда охирги марта 2012 йили «Шўртан»да ўйнаб, ОФК кубогида иштирок этганди. У шундан кейин Россияда «Рубин», «Салют», «Оренбург» ва «Анжи» клублари шарафини ҳимоя қилди. Самвел Бабаян даврида эса миллий жамоага ҳам жалб этилди.
Ярим ҳимоячи: Шавкат Саломов («Сурхон»). Ушбу футболчида ўйинни нозик илғаш ва плеймейкерлик хусусиятлари кучли. Бундай ярим ҳимоячиларга талаб ҳамиша катта. Бухоро футболи тарбияланувчиси 35 ёшида ҳам майдонда тинмай ҳаракатланмоқда. Дейлик, ўтган йили нафақат «Сурхон», балки бутун чемпионатимизнинг энг яхши ассистентлари қаторидан жой олди.
Ярим ҳимоячи: Санжар Турсунов (АГМК). Фаолиятини катта қисмини хорижда ўтказган футболчи ўтган мавсум «Бунёдкор» сафига қўшилди. Бу йил эса Миржалол Қосимов таклифига биноан, АГМК аъзосига айланди. Турсуновнинг қанот бўйлаб рейдлари кўпчилик ёдида ва ўйлаймизки, унинг бу хусусияти ҳали йўқолган эмас.
Ярим ҳимоячи: Шерзод Каримов («Сурхон»). Ҳа, бу футболчидан 2009 йилги ЖЧдан сўнг кўп нарса кутилганди. Бироқ анча вақт «Пахтакор»да захира футболчиси сифатида юрди. Муҳими, 2014 йилдан кейин яна катта саҳнага кўтарилди. Тўғри, «Пахтакор»дан кетгач, аввалгидек ёрқин ўйин кўрсата олганича йўқ. Шундай бўлсада, термизлик мухлислар 31 ёшли Шерзодга улкан ишонч билдиришмоқда.
Ҳужумчи: Воҳид Шодиев («Қизилқум»). Асосан Миржалол Қосимов бошқарувидаги жамоаларда ўзини кўрсатган, кўплаб голлар урган футболчи. «Бунёдкор»дан кетгач, бетакрор голлари ҳам йўқолди, гўё. Ваҳоланки Шодиев вақтида Осиё кубогида Саудия Арабистони термасига муҳим гол урган, «Бунёдкор»нинг ОЧЛ доирасидаги ўйинларида ҳам ноёб иқтидорини намойиш этганди. Нима бўлганда ҳам, «Қизилқум» мухлислари 34 ёшни уриб қўйган Воҳидга катта умид боғламоқдалар.
А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20