Қайднома

Қидирув

Бобур Абдухолиқов: «Мақсади бор жамоа фақат ғалабани ўйлайди»

Бобур Абдухолиқов: «Мақсади бор жамоа фақат ғалабани ўйлайди»

  19.06.2020 08:48
  0
  502
Бобур Абдухолиқов: «Мақсади бор жамоа фақат ғалабани ўйлайди»

Мана, ниҳоят, Суперлигага ҳам қайта старт берилди. 4-турдан ўрин олган «Насаф» - «Навбаҳор» ўйинига катта қизиқиш билан қаралганига шубҳа йўқ. Аслида Қарши клуби ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов билан карантин туфайли юзага келган танаффус вақтида суҳбатлашмоқчи эдик. Аммо маълум сабабларга кўра, бу жараён «Насаф»нинг «Навбаҳор»га қарши ўйини арафасида амалга ошди.

- «Насаф» ҳамда олимпия терма жамоамизнинг кетма-кет йиғинлари ва ўйинлари туфайли сизда ҳам оила даврасида хотиржам дам олиш имконияти бўлмаётган эди. Хўш, карантин даврида бу бўшлиқ ўрнини нечоғли тўлдирдингиз?

- Ҳа, карантин баҳона оилавий муҳитни яққолроқ ҳис қилдим. Шунинг баробарида якка тартибда шуғулланишни ҳам ўрнига қўйдим. Хусусан, ўйинимда кузатиладиган камчиликларни бартараф этиш устида астойдил ишладим.

- Узоқ танаффусдан кейин Суперлига ниҳоят, қайта йўлга тушмоқда. Ҳеч қачон футболдан бу қадар узоқлашмаган эдик...

- Тўғри айтасиз, эндигина бошланган Суперлига қарийб уч ой муддатга узилиб қолди. Шукрки, аста-секин одатий ҳаёт маромига қайтяпмиз. Жумладан, жамоавий машғулотлар ва футбол ўйинларига рухсат берилгани қувонарли ҳол.

- «Насаф» карантиндан кейинги дастлабки ўйинда «Навбаҳор»ни қабул қилади. Бу йил юқори натижаларни кўзлаётган икки жамоа тўқнашуви...

- Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоа ҳар бир ўйинда ғалабага интилиши турган гап. Бунда қайси рақиб билан ўйнашнинг фар­қи йўқ. Нафақат «Навбаҳор», балки бошқа жамоаларга қарши ўйинларга ҳам жиддий ёндашамиз, ягона мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз.

- Карантин қоидалари туфайли футбол ўйинларида кўп нарса ўзгариб кетди. Ўйинда гол урсангиз, уни қандай нишонлашни ўйлаб қўйдингизми?

- Йўқ, ҳали бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Аввало, учрашувларни бошлаб олайлик. Ўзи насиб қилиб, гол урсам, вазиятдан келиб чиқиб, қандайдир ҳаракатни амалга оширарман...

- Шундай бўладики, қайсидир захира ўйинчиси ўз жамоасининг биргина муҳим голига муаллифлик қилади ва қолганларнинг ўнлаб голлари унутилади. Масалан, Германия термасининг жаҳон чем­пионатида ғолиб чиқишига замин яратган Марио Гётце, португалларни Европа шоҳсупасига олиб чиққан Эдер ёки ўзимиздан Сидоровни олайлик... Хуллас, агар сизга мана шундай имконият берилса, бутун фаолиятингиз давомида урган голларингизни алмашармидингиз?

- Албатта. Табиийки, ҳар бир ўйинда майдонга гол уриш, жамоамга фойда келтириш, ғалабага ҳисса қўшиш, мухлисларни қувонтириш мақсадида тушаман. Бордию, айтганингиздай, биргина муҳим гол билан катта ғалабани таъминлаш имконияти тақдим этилса, ўйлаб ўтирмай, барча голларимдан воз кечардим.

- Футбол туфайли охирги марта қачон ва нима учун йиғлаганингизни эслай оласизми?

- Бунга унча кўп бўлгани ҳам йўқ. Қишда ўтказилган Осиё чемпионатида Олимпиада лицензиясига эга чиқолмаганимизда,  аламдан йиғладим. Зеро, миллионлаб мухлислар шу сафар Олимпиадага боришимизга ишонишганди, афсус...

- Футболчининг омади келмадими, у танқидга йўлиқади. Лекин тан­қид ва танбеҳ ўртасида катта фарқ бор. Охирги марта кимдан қаттиқ танбеҳ эшитдингиз?

- Отам болалигимдан ҳозирга қадар камчилик ва хатоларимни кўрсатиб, яхши маънода танбеҳ бериб турадилар. Албатта, мураббийлар ҳам камчиликларимни кўрсатиб, тушунтиришади, баъзан койишади...

- Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз билан Осиё чем­пио­натларида иштирок этган футболчи сифатида айтингчи, бизда ҳам шундай турнирларни ташкиллаштириш имконияти борми?

- Менимча, бемалол бу каби турнирларга мезбонлик қила оламиз. Мана, юртимизда сифатли майдонлар кўпаймоқда. Стадионларда футболчиларга яратилган шароитлар ҳам зўр. Хуллас, бу масалада қитъамиздаги бирор мамлакатдан қолишмаймиз.

- Айрим умидли ҳужумчиларимизнинг хориж чемпионатларида самарали ўйнаётганлари қувонарли ҳол. Бу ёш ҳужумчиларда «Мен ҳам кучли лигаларда ўйнай оламан» қабилида ишонч уйғотиши мумкинми?

- Хорижда бемалол ўйнашга қодир футболчиларимиз борлигига шубҳа йўқ. Фақат уларга озгина турт­ки ва имконият керак. Менимча, мамлакатимизда Суперлигадан кучлироқ лигалар талабига жавоб берадиган йигитлар кўпчиликни ташкил қилишади.

Хуршидбек суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz