Қайднома

Қидирув

Футбол ортидан ёки футболчи бўлиб миллиард топиш мумкинлиги исботланди...

Футбол ортидан ёки футболчи бўлиб миллиард топиш мумкинлиги исботланди...

  20.06.2020 01:26
  0
  707
Футбол ортидан ёки футболчи бўлиб миллиард топиш мумкинлиги исботланди...

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ - ДАСТЛАБКИ МИЛЛИАРДЕР ФУТБОЛЧИ. Ҳа, португалиялик супер­юлдуз фаолияти давомида даромад масаласида 1 миллиард доллар довонига етган дастлабки футболчи сифатида тарихдан жой олди. Ўтган йили «Ювентус» етакчисининг даромади солиқ тўловларидан олдин 105 миллион долларни ташкил этган ва у Forbes Celebrity томонидан тузилган топ-100 рўйхатида 4-ўринни эгаллаганди. Аргентиналик Лионель Месси эса Роналдудан кейин­ги поғонани банд этганди. Мана, Forbes маълумотларига кўра, Криштиану энди футбол тарихида миллиард доллар топган илк ўйинчига айланди.

Криштиану Роналду - амалдаги спортчилар орасида миллиардер мақомига эришган учинчи спортчи. Гольф­чи Тайгер Вудс (2009 йили) ва бокс­чи Флойд Мэйвезер (2017 йили) бу юксак чўққини португалиялик юлдуздан олдинроқ забт этишганди. Асосий фактлардан бири шуки, Криш жамоавий спорт тури ортидан миллиардерга айланган биринчи юлдуздир.

Роналду миллиард довонини 17 йиллик фаолияти давомида забт этди. Унинг шунча даромадидан атиги 650 миллиони футбол клублари билан тузган шартномалари ҳиссасига тўғри келади. Бу рақам 2022 йили, яъни футболчи ва «Ювентус» ўртасидаги келишув муддати ниҳоясига етишига қадар 765 миллион долларга етади.

Профессионал фаолиятини  Роналдудан 3 йил кейинроқ бошлаган Лионель Месси ҳозирга қадар 605 миллион доллар жамғарди. Бадавлат жуфтликнинг жамоавий спорт турлари вакиллари орасидаги энг яқин таъқибчиси - «Нью-Йорк Янкиз» бейсбол клуби собиқ аъзоси Алекс Родригес. У 22 йиллик фаолияти давомида 450 миллион доллар топган. Ҳаттоки, Дэвид Бекхэмдек машҳур юлдуз ҳам футболчилик фаолиятини 500 миллион доллар маррасида якунлаган.

Криштиану Роналду «Реал» таркибига қўшилганидан кейин унинг даромади бир неча баравар ошиб кетди. Лионель Месси билан юзага келган рақобат натижасида эса «Олтин бутса» ва «Олтин тўп» мукофотлари учун кураш ўта қизғин тус олди. Шунинг баробарида унинг жамоавий муваффақиятлари йил сайин кўпайиб борди. Бу мухлисларнинг стадионларга ташрифига ҳам таъсир қилди, албатта. Ҳаммаси бир бўлиб, футболчининг иш ҳақи ва реклама шартномалари қиймати тўхтовсиз равишда ошиб борди. Дейлик, «Эль-класико» намойиши ТВ дунёсида бир қатор рекордлар ўрнатди.

Савол - Роналду яна қайси манбалардан салмоқли «хирмон» ясайди? Юқорида зикр этилганидек, ҳужумчи даромадининг ярмидан кўпроғи футбол жамоалари томонидан тўланган маош ҳиссасидир. Лекин КриРо нафақат футбол суперюлдузи, балки сайёрамиздаги энг таниқли медиашахслардан биридир. Унинг асосий даромад манбаларидан бири - бу «Инстаграм» тармоғи. Айни пайт Роналдунинг шахсий саҳифаси 222 миллион обуначига эга. Футболчи жорий йилнинг январь ойида бу тармоқда 200 миллион обуначи тўплаган дастлабки шахс сифатида рекорд ўрнатди. «Фейсбук» ва «Твиттер»даги аккаунт­ларини ҳам қўшиб ҳисобласак, КриРонинг мухлислари 427 миллиондан ортиб кетади. Хуллас, у сайёрамизнинг энг машҳур спортчиси, шубҳасиз.

Hooper HQ маълумотларига қараганда, Роналду «Инстаграм»даги саҳифасига қўйилган битта реклама учун 877000 евро олади. Жумладан, футболчи 2019 йили «Инстаграм» орқали нақ 42 миллион евро топди. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Мессининг саҳифасида реклама бериш 583000 еврога тушади. Ҳаттоки, Неймарнинг саҳифасида ҳам реклама баҳоси бундан баланд - 649000 евро.

Португалиялик юлдуз «Ювентус»даги 1 ҳафталик фаолияти ортидан 625000 доллар миқдорида иш ҳақи олади.

Роналдунинг даромад манбаларидан яна бири - Nike компанияси. Футболчи ва илғор бренд ўртасида расмийлаштирилган шартномада муддат кўрсатилмаган. Қисқаси, Криш 2016 йили тузилган ва умрининг охиригача амалда бўладиган битимга мувофиқ, ҳар 12 ойда нақ 20 миллион еврога бойийди. Спорт дунёсида бундай мўмай шартномага таниқли баскетболчилар - Майкл Жордан ва Леброн Жеймс сазовор бўлишган, холос.

Роналду шунингдек, Clear, Herbalife, Abbott, Armani, Tag Heuer, Egyptian Steel, EA Sports, PokerStars ва Castrol компаниялари билан ҳамкорлик қилади. Таҳлилчилар маълумотларига кўра, Nike Криш билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ортидан биргина 2016 йилнинг ўзида 474 миллион доллар топган. Португалия­лик юлдуз эса таниқли реклама брендлари кўмагида ҳар йили чамаси 45 «лимон»­ни ўз ғазнасига «юмалатади».

Португалиялик юлдуз яна шахсий бренди - CR7дан ҳам унумли фойдаланмоқда. Forbes экспертларининг ҳисоб-китобларига қараганда, футболчининг йиллик даромадидан 25 фоизи шу бренд улушидир. Эслатма, CR7 ички кийимлар, пойафзал, парфюмерия маҳсулотлари ва либослар йўналишини қамраб олган.

«Ювентус» етакчиси аввалига ўзи туғилиб-улғайган Фуншал шаҳрида, кейинчалик Лиссабонда хусусий меҳмонхоналар тизимини очдики, бу ҳам даромадига даромад қўшмоқда. Қўшимчасига, шахсий музейи, фитнес-клублар тармоғи ҳам Роналду ғазнасини мунтазам равишда тўлдирмоқда. Қолаверса, Криш ўтган йили Испанияда соч ўтқазишга ихтисослашган Insparya клиникасини ишга туширди. Қисқаси, футболчининг бизнеси тобора кенгайиб бормоқда. Оддий айтганда, 35 ёшли супертўпурар футболдан кейинги ҳаё­ти учун мустаҳкам замин ҳозирлашга улгурди, шунга қарамай, у тўхтаётгани йўқ...

Эътироф

- Роналду - шу кунга қадар бу қадар бадавлат саналмаган энг оммавий спорт тури тарихидаги энг буюк футболчилардан бири. Роналду - бу ғазна йиғиндиси. Ник Харрик (Sporting Intelligence журналисти).

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz