Фаолият стартидаги маҳсулдорлик бобида Бернарду Сильвага тенглаша оладиган футболчи топилмаса керак. Диққат қилинг, у 19 ёшида бутун мавсум давомида «Бенфика» сафида атиги 3 марта майдонга тушиб, Португалия чемпиони бўлди, қолаверса, мамлакат ва Лига кубоклари соҳибига айланди! Бернарду ўша мавсум охирида «Порту»га қарши кечган баҳсда Португалия Примеросида дебютини нишонлади, шундан кейин «бургутлар» уни ижара келишуви асосида «Монако»га юборишди (шартномага мувофиқ, Франция клуби футболчини кейинчалик 16 млн. еврога харид қилиш ҳуқуқини олди). Португалиялик ярим ҳимоячи кязлик клубида бир уринишда етакчиликни қўлга олгач, французлар унинг харидини пайсалга солишмади. Сильва кейинги мавсум «Монако» билан чемпионликка эришди ва 50 млн. евро эвазига «Манчестер Сити» сафига йўл олди. Қарангки, у АПЛдаги дебютини ҳам олтин медаль билан нишонланди. Яна бир томони, бу футболчи 4та тилда эркин сўзлашади, у шеърият шайдоси, компьютерга эса хуши йўқ. Айтишича, Бернарду фаолияти охирида «Бенфика»га қайтиб, катта имконият эшикларини очиб берган клуб олдидаги қарзини узмоқчи. Футболчи Испаниянинг AS нашрига берган интервьюсида ҳам буни алоҳида таъкидлади.
- Мажбурий танаффусни қандай қабул қилдинг? Ҳозир мавсум рестартини интиқлик билан кутаётган бўлсанг керак...
- Албатта, тезроқ майдонга қайтишни истайман. Тўғри, футболчилар хавфсизлик кафолатланишини хоҳлашмоқда. Лекин чиндан ҳам, футболни, тўп билан муомала қилишни соғиндик. Тўғриси, «Қани, йигитлар, олға!» қабилидаги даъватни интизор кутяпмиз.
- «Бенфика»даги даврни қандай хотирлайсан?
- Бу жамоада ажойиб йилларни ўтказдим. 12 ёшда жамоа сафига қўшилиб, профессионал футболчига айландим, ҳаётий сабоқлар тўпладим.
- Келажаги порлоқ ўйинчилардан бири сифатида Португалия ёшлар термасида рисоладагидек тўп сурдинг, аммо «Бенфика» асосий таркибида мунтазам майдонга тушмадинг. Бунинг учун клубнинг ўша вақтдаги устози Жорже Жезушдан хафа эмасмисан?
- Ҳеч қачон кимгадир кек сақламайман. Ҳар бир мураббий ўз услублари ва суюкли шогирдларига эга бўлади. Ҳа, Жезуш ўша даврда менга етарли ишонч билдирмади, аммо бунга кўнишдан ўзга чорам йўқ эди. Мураббий майдонга натижа беришга қодир футболчиларни тушириб, совринларни таъминларди. Кейинроқ «Монако»дек ажойиб клубга ўтишим имконияти туғилди. Францияда 3 йил самарали ўйнаш асносида «Манчестер Сити»га йўл олдим. Мана, энди Хосеп Гвардиоладек ижодкор мутахассис билан ҳамкорлик қиляпман. «Бенфика»да қолганимда, ҳозир қандай мақомда бўлардим, буни билмайман. Демак, нимадандир нолишимга асос йўқ.
- Жезушдан фарқли равишда, Леонарду Жардим сени бирданига «Монако» асосий таркибига киритиб, кенг имконият берди. Бунинг сабаби нима?
- Ўша пайт «Монако»ни Жардим бошқаргани - омадимнинг келганидан далолат. Қолаверса, ватандошларим - Рикарду Карвалью ва Жоау Моутиньо ҳам князлик клубида ўйнашарди. Илк кунларда айнан улар яқиндан ёрдам беришди ва шу тариқа ишларим юришиб кетди. Мураббийнинг айтишича, ўйиним унинг услубига мос тушди. Қисқаси, Жардим туфайли очилмаган қирраларимни намойиш эта бошладим.
- 19 ёшда нисбатан кучли чемпионатда ўйнай бошладинг. Аммо ўша пайт катта футбол тажрибасига эга эмасдинг. Фаолиятингдаги кескин бурилишдан чўчимадингми?
- Очиғи, аввалига ЧЛда ўйнаш тажрибасига эга, ички чемпионатда ғолиблик учун курашадиган жамоада қандай тўп суришим хусусида ўйлаб кўрмагандим. Лекин рисоладагидек салоҳиятим борлигини билардим. «Монако» эса мени ўзим ўйлагандан ҳам яхшироқ ўйнай олишимга ишонтирди. Шу кўтаринки ҳиссиёт таъсирида дебют мавсумни яхши ўтказиб, бой тажриба тўпладим.
- «Монако» бир қатор ёрқин ёш иқтидорлар - Мартиаль, Карраско ва Мбаппени ўз сафига жамлаганди...
- Килиан билан атиги бир мавсум чинакамига ҳамкорликда тўп сурдим. У аввалига захирадан майдонга тушарди ёки аҳамияти паст ўйинларда қатнашарди. Зеро, таркиб савияли ўйинчиларга тўла эди: Бербатов, Мартиаль, Моутиньо, Кондогбиа, Фабиньо, Курзава, Рикарду Карвалью... Жамоада шунингдек, Лемар, Менди, Бакайоко, Сидибе ва Фалькао каби йигитлар билан бирга тўп сурдим. Мбаппе ўша пайтдаёқ ҳайратомуз ўйин кўрсатсада, тажрибали футболчилар орасида унча кўзга ташланмасди.
- «Манчестер Сити»га трансферинг қай тариқа амалга ошди?
- Болалигимда айнан АПЛда тўп суришни орзу қилардим. «Монако» билан чемпионликка эришиб, ЧЛда ярим финалга етиб борганимиздан сўнг навбатдаги синов пайти келганини англадим. Жамоа ҳам айрим ўйинчиларни сотишга тайёр эди. Самарали тўп сурганим боисми, мени мамнуният билан қўйиб юбориб, «Сити»даги фаолиятимда омад тилашди.
- 3 йилдан буён «шаҳарликлар» таркибида тўп суряпсан, доимо АПЛнинг энг сара вакиллари қаторидасан. Юксак мақомга эришишингда ҳозирги клубинг ва Гвардиоланинг улуши қай даражада баланд?
- Гвардиоланинг футбол тушунчаси мен билган барча мутахассисларникидан кескин фарқланади. Клубда янги муҳитга мослашиш ва мураббийлар штаби мендан нима талаб қилишини тушунишим учун етарлича вақт беришди. «Сити»га ўтиш қарори - фаолиятимдаги энг мақбул тўхтам. Ахир шу туфайли Гвардиоладан сабоқ оляпман.
- «Сити» ЧЛ доирасидаги охирги ўйинида ноодатий 1-4-4-2 чизмаси асосида ҳаракатланди. Ўта ҳимоявий услуб, қатъий равишда орқадан, фақат қарши ҳужумларга таяниб ўйнадинглар. Шунга асосланиб, мураббий Англияда ўз услубини янада такомиллаштирганини таъкидлаш мумкинми?
- Ўйлашимча, ҳа. Мураббийлар худди футболчилар каби мунтазам равишда камолотга интиладилар. Мана, Пеп раҳбарлигида тактик услубимизни тез-тез ўзгартириб турибмиз. Тан оламан, «Сантьяго Бернабеу»да ноодатий схемани қўллаб, ғалаба йўлида асосий эътиборни ўз дарвозамизни дахлсиз сақлашга қаратдик. Чунки Мадридда ҳеч қайси рақибга осон бўлмайди. Шундай экан, рақибни чалғитадиган қандайдир муғомбирлик ишлатиш талаб этиларди.
- Вақтида «Барселона» клуби ва Испания терма жамоаси ҳукмронлигини таъминлаган комбинацион-ҳудудий футбол нисбатан самарасиз бўлиб қолди. Энди жамоалар ўзгача схемада тўп сурмоқда. Янги услубнинг мукаммал ижросини «Ливерпуль» намойиш этмоқда. Бу фикрга қўшиласанми?
- Ҳар қайси жамоа рақиби ўйинига мослашиши лозим, муваффақиятга элтувчи услублар эса кўп. Дейлик, Англияда «Ливерпуль» ва «Сити» услублари ўртасида катта фарқ бор, аммо иккиси ҳам самарали. Ўзи футболда мукаммал тизим йўқ. Клопп ва Гвардиола мавжуд таркибдан имкон қадар тўлиқ фойдаланишга уринишади. Турли футболчиларни жамлаш билан қайсидир жамоа услубидан нусха кўчириб бўлмайди. Қайси схема яхшироқ? Бу саволнинг аниқ жавоби йўқ. Шахсан мен Гвардиола услуби тарафдориман.
- Жамоангнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган «Реал»га қарши ЧЛ нимчорак финали учрашуви ёдингдами? У худди олис ўтмишда бўлиб ўтгандек...
- Футболга кирганимдан буён ҳеч қачон уйда ўтирган ҳам, майдонга тушишни 3 ойлаб кутган ҳам эмасдим. Шу пайтгача жиддий жароҳатга ҳам дуч келмаганман. Шунча вақт севимли ўйиндан четда қолиш жуда оғир. Ҳа, ҳаттоки, охирги учрашувни унутишга улгурдик, тезроқ майдонга қайтсак эди...
- Гвардиолага «Сити»да фақат ЧЛ кубоги етишмаяпти. Мазкур турнирдаги омадсизлик уни хавотирга солаётгани аниқ. Бу бўшлиқни тўлдириш учун қандай йўл тутиш лозим?
- Охирги 3 йилда Англияда мавжуд барча совринларни қўлга киритдик. Жумладан, ўтган мавсум 4та турнирда ғолиб чиқдик. Жорий мавсум суперкубок ва Лига кубогини ютишга улгурдик, Англия кубоги учун курашни давом эттиряпмиз. ЧЛ кубоги эса нафақат Гвардиола, балки барча жамоадошларим ва мухлислар учун чинакам орзудир. Албатта, орзуни рўёбга чиқариш учун бор куч-маҳоратимизни аямаймиз.
- «Реал»нинг қайси футболчиси сенинг қанотингда нисбатан хавфлироқ рақиб - Марселоми ёки Менди?
- Улар турли тоифага мансуб футболчилар. Марсело чинакам вингердан фарқ қилмайди, доимо ҳужумларда қатнашади. У ўз позицияси етакчиси. Менди ёшроқ ва жисмонан бақувват, эътиборини кўпроқ ҳимояга қаратади. Зидан эса улардан турлича фойдаланади.
- Ўзингчи, қайси позицияни кўпроқ маъқул кўрасан?
- Марказий ҳудудни. Чунки ўта тезкор эмасман, шу боис ҳимоячилар хатосини тўғрилашни зиммамга ололмайман. Шу жиҳатдан менга марказ қулайроқ. Лекин қайси позицияда кўпроқ манфаат келтиришимни мураббий яхшироқ билади.
- «Сити» ўйинларида катта ҳажмда иш бажарасан. Амалда рақибни ўз жарима майдончаси яқинида прессингга оладиган етакчилардан бирига айландинг. Шунингдек, ҳимоячиларга ёрдам беришга ҳам ҳаракат қиласан. Бу мураббий топшириғими?
- Футболда барча ўйинчилар ҳимоя ва ҳужумда ҳамжиҳатлик билан ҳаракатланишлари лозим. Ҳимоя рақиб дарвозаси яқинида бошланади.
- Эусебио, Футре, Руи Кошта, Фигу, энди эса Криштиану - булар Португалия учун тарихий шахслар. Ўзингни шу юлдузлар сафида тасаввур қила оласанми? Роналду кетгач, унинг ўрнида етакчи бўлишничи?
- Роналду ўрнини тўлдиришнинг иложи йўқ. Бу вазифани уддалаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Мен эса ҳамиша ўз имкониятим даражасида ўйнашга интиламан, клубим ва терма жамоамга наф келтиришни ўйлайман. Аммо такрор айтаман, Роналду билан тенглашиш имконсиз...
- Карантин даврида бир қатор фильмлар ва сериаллар томоша қилибсан. Қайси бирини тавсия этасан?
- «Қазодан кейинги ҳаёт» сериалини кўрдим, жуда ёқди. Энди Майкл Жорданга биғишланган «Сўнгги рақс» фильмини такроран томоша қилмоқчиман.
- Қандай асарларни ёқтирасан?
- Шеърий асарларни, лекин оз ўқийман. Бошқа юмушлар йўқлигида Рупи Каурнинг «Сут ва бол» тўпламини қўлга оламан.
- Португал, инглиз, испан ва француз тилларида бемалол гаплашар экансан...
- Ҳа, шундай.
- Шунингдек, университетда халқаро алоқалар ихтисоси бўйича таҳсил оляпсан...
- Ҳозирча ихтисос борасида бир тўхтамга келганим йўқ. Лекин ўқишни давом эттириб, ҳар томонлама зиёли бўлиш ниятидаман.
- Пианино чалишга хушинг бор экан. Севган қўшиғинг қайси?
- Бразилча қўшиқларга меҳрим баланд. Ҳозир яна Жон Леннон қўшиқларини ўрганяпман. Бироқ анча мураккаб экан.
- Фаолиятингни «Бенфика»да якунлашни режалаштириб қўйганинг ростми?
- Ёшлигимда бу жамоа асосий таркибига киролмагандим. Энди қадрдон жамоамга қайтиб, қарзимни узмоқчиман...
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20