Қайднома

Қидирув

Турфа-туман «микрофон» ёки жингалаксочлардан тузилган рамзий терма ҳақида

Турфа-туман «микрофон» ёки жингалаксочлардан тузилган рамзий терма ҳақида

  21.06.2020 10:08
  0
  440
Турфа-туман «микрофон» ёки жингалаксочлардан тузилган рамзий терма ҳақида

Футбол олами ўз йўлида не-не соч турмакларини кўрмаган-а... Жумладан, бир қатор жингалаксоч ўйинчилар юқори даражада эътирофга эришганлар. Марҳамат, қуйидаги мақолада шундай футболчилардан тузган рамзий жамоасига қараб, бунга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Дарвозабон - Рене ИГИТА (Колумбия). «Чаён зарбаси» муаллифи бутун фаолияти давомида ўзига хос соч турмаги ва дарвозадан тез-тез олдинга чиқиб кетиши билан алоҳида ажралиб турди. У ҳозир ҳам «қарға уяси»дан айрилган эмас. Тўғри, Рене ўтган йили камера олдида сочини бироз калталаштиришга мажбур бўлди. Гап шундаки, колумбиялик собиқ «ҳунарбоз» дарвозабон букмекерлик компанияси билан гаров боғлаб, ютқазиб қўйганди.

Ўнг қанот ҳимоячиси - Пауль БРАЙТНЕР (Германия). Бу футболчи аслида фаолияти давомида ярим ҳимоя маркази ва ҳимоянинг чап қанотида ҳакаратланган. Лекин «қизил Пауль» ушбу жамоада истисно ҳолатда ўнг қанот ҳимоячиси позициясини эгаллади. «Реал» ва «Бавария»да ўйнаган ЖЧ-74 ғолиби ўзининг энг яхши даврида нафақат ўйини, балки соч турмаги билан ҳам ҳавас уйғотарди.

Марказий ҳимоячи - Карлес ПУЙОЛЬ (Испания). Яна бир жаҳон чемпиони. «Барселона» фахри қўрқмаслиги, профессионал сифатлари ва шерларга хос «ёл»и билан нафақат Испания, балки бутун Европада рақиблар кўнглига ғулғула соларди. Унга бежиз «Тарзан» лақаби берилмаган! Хуллас, ушбу ҳазилнамо рамзий жамоа марказий ҳимояси учун пахмоқ Пуйолдан муносиброғи йўқ. Ахир у йиллар давомида «Барселона» клуби ва Испания миллий термаси ҳимояси таянчи саналган.

Марказий ҳимоячи - Давид ЛУИЗ (Бразилия). Замонавий футболдаги энг кўзга яқин соч турмакларидан бирининг эгаси. Тўғри, шарҳловчилар «Арсенал» ўйинларида бразилияликни тез-тез Маттео Гендузи билан адаштириб юборишади, бунга айнан улкан гумбазнамо соч турмаклари сабабдир. Франциялик ҳимоячининг бундай рамзий жамоалардан жой олишига ҳали эрта, лекин Англия, Франция ва Португалияда чемпион бўлган ва «Челси» билан ЧЛ ғолибига айланган Давид номзоди шубҳадан холи.

Чап қанот ҳимоячиси - МАРСЕЛО (Бразилия). Ёввойи афро услуби - XXI асрнинг илк йилларида энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири сифати кўзга ташланган бразилиялик учун алоҳида белги. Жингалаксоч Марсело замонавий «Реал» рамзлари қаторида, демак, унинг жойи шу жамоада! Ахир Марсело «Қироллик клуби»нинг ЧЛдаги серияли ғалабаларида жуда катта роль бажарди.

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси - Аксель ВИТЦЕЛЬ (Бельгия). Россия ва Осиё футболига ҳам яхши таниш «микрофон». Қаранг, «Зенит»даги фаолиятидан кейин Хитойга йўл олган бельгиялик энди яна еврофутболда ва асосийси, Дортмунд «Боруссия»сида туппа-тузук ўйнамоқда.

Марказий ярим ҳимоячи - Маруан ФЕЛЛАЙНИ (Бельгия). Бельгия футболининг яна бир вакили, афро услубининг ҳавасманди. Дарвоқе, Маруан бир сафар «қуш уяси»ни бироз тартибга келтириб, рақибларни анча қийнади (улар майдонда бельгияликни шунчаки, «йўқотиб» қўйишди). Бельгия миллий жамоаси ўйинлари олдидан Феллайни ва Витцель соч турмаклари кўринишидаги парик (сунъий соч)лар қўлма-қўл бўлиб кетиши эса бу футболчиларнинг мавқеларидан далолат.

Марказий ярим ҳимоячи - Рууд ГУЛЛИТ (Нидерландия). ПСВ, «Милан» ва «Челси» клубларида ном қозонган собиқ футболчи вақтида узун гажаклари билан пахмоқсочдек кўринарди. Умуман, Евро-88 чемпиони мухлислар хотирасига бетакрор голлари ва узун соч турмаги билан муҳрланган.

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси - Карлос ВАЛЬДЕРРАМА (Колумбия). Колумбия футболи фахри деярли 60 ёшни уриб қўйган бўлсада, классик имиджидан айрилишни истамаяпти. Чунончи, XX аср охирида унинг турмаги бутун Колумбия учун ўзига хос рамзга айланганди. Тўғри, Карлос бобо ўтган йили гаровда ютқазиб қўйган дўсти Игитага бирдамлик ва ҳурмат нуқтаи назаридан сочини бироз калталаштирди. Лекин бу вақтинча ҳолат.

Ҳужумчи - ВИЛЛИАН (Бразилия). На жазирама иссиқ, на қаҳратон совуқ ва на кучли шамол Виллианни севимли соч турмагидан воз кечишга мажбур қила олади. Бразилиялик бир-икки марта гажак билан кўринди, аммо ўхшамади... Виллиан — бу афро. Бошқа гап йўқ.

Ҳужумчи - Кевин КИГАН (Англия). Англия футболининг энг кучли ҳужумчиларидан бири ва «Олтин тўп»нинг икки карра лауреати. Киган вақтида бошида катта «микрофон» билан юрган. Ҳамма «қирол Кева»ни узоқдан дарҳол танирди. Киган фақат Англия эмас, Германия ҳам («Гамбург»­-да 3 мавсум) зўр ўйнаган.

Мураббий - Диего ФОРЛАН (Уругвай). Мураббий ўриндиғига ёш мутахассис Диего Форлан қўйилди. Уругвайлик моҳир голеадор яқиндагина «Пеньярол» клубида мураббийлик фаолиятини бошлади.

Садиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz