Қайднома

Қидирув

Яраланган «шер» ёмон...

Яраланган «шер» ёмон...

  22.06.2020 16:44
  0
  340
Яраланган «шер» ёмон...

Coca Cola Суперлига 5-тури голлар «ёмғир»и остида бошланди. Дейлик, аввалги турда «Сўғдиёна»га ютқазиб қўйган «Пахтакор» бор аламини «Бунёдкор»га тўкиб солди - 5:0. «Қўқон-1912» эса камтарин 1:0 ҳисобини сўнгги дақиқаларда 4:0га айлантирди. Иккинчи куни голлар нисбатан камайди, лекин шиддат ошди. Хусусан, Улуғбек Бақоев жамоаси бу сафар Тошкентда «Локомотив»дан чиройли тарзда устун келди. Якшанбага келиб, «Насаф» ўз вилоятдоши «Машъал»ни енголмай, «Пахтакор»ни яна бир бора 1-ўриндан суриш имкониятини қўлдан чиқарди.

1-КУН: «ТОШКЕНТ ДЕРБИСИ»ДА ЭНГ ЙИРИК ҲИСОБ

«Қўқон-1912» - «Қизилқум» ўйинининг энг асосий воқеалари иккинчи бўлимга тўғри келди. Танаффусдан кейин фаолликни нисбатан оширган мезбонлар 61-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бу вазиятда Отабек Ҳайдаров жарима нуқтасидан узатилган тўпни Артём Макосин дарвозасига буриб қўйди. Ўйиндаги охирги 3та гол 88-дақиқадан кейинги вақтда кузатилди. Аввалига Ҳамидулло Абдуҳамидовга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Мурод Холмуҳаммедов унумли фойдаланди, кейин Александр Мерзляков ва Собит Синдаров чиройли зарбалар воситасида ҳисобни йирик кўринишга келтиришди - 4:0. Бу Бахтиёр Ашурматов жамоасининг жорий мавсумдаги 2-йирик ҳисобли ғалабасидир. «Қизил­қум»да эса мағлубиятлар сони 4тага етди, ғалаба йўқ ҳамон.

«Тошкент дербиси» Жиззахда яраланган «шерлар» учун жуда омадли бошланди. 1-дақиқа: Драган Черан узатмасидан сўнг Сардор Собирхўжаев «Бунёдкор» дарвозасини нишонга олди. Вадим Абрамов шогирдлари шундан сўнг анча фаоллашишди ва ҳисобни тенглаштиришга ҳам яқин келишди. Фақат Элдор Суюнов ижросидаги «суперсейв» бунга йўл қўймади. Биринчи бўлимнинг якуний қисми эса «қалдирғочлар» учун чинакамига даҳшатли кўриниш олди. Аввалига Драган Черан кетма-кет 2та гол урди, кейин сербиялик тўпурар навбатни швейцариялик Эрен Дердийокка берди - 4:0.«Қалдирғочлар» танаффусдан кейин ниманидир ўзгартиришга уринишди, бироқ ҳаракатлари зое кетди. Аксинча, Жалолиддин Машарипов зарбасидан сўнг Лутфулла Тўраев автогол муаллифига айланди. Шу тариқа «Пахтакор» «Тошкент дербиси» мақомидаги ўйинларда кузатилган энг йирик ҳисобни ўз номига расмийлаштирди - 5:0. 

2-КУН: СЎҒД ЮРИШИ

«Бухоро» гарчи турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган бўлса-да,  Наманганда «Навбаҳор»га етарлича қаршилик кўрсатди. Тўғри, «лочинлар» ўйин бошида Иван Соловьёв томонидан урилган гол эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди, аммо сўнгги дақиқаларгача эркин тин олишмади. Ҳар ҳолда, Азиз Турғунбоев 88-дақиқада иккинчи голни уришига қадар таҳликали ҳисоб ва ҳолат сақланиб турди. Тезкор голга келсак, россиялик легионер Азим Аҳмедовнинг жарима майдони ичига узатмасидан сўнг қайтарилган тўпга эга чиқиб, чамаси 20 метрлар узоқликдан кучли ва аниқ зарба йўллади. Танаффусдан кейин бухороликлар мувозанатни тиклаш илинжида ҳужумни кучайтиришди. Бунинг натижасида «Навбаҳор» дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятлар ҳам юзага келди. Шундай ҳужумлардан бирида дарвозабон Ўткир Юсупов чиройли «сейв» намойиш этиб, «Навбаҳор» жонига оро бўлди. 88-дақиқага келиб, Азиз Турғунбоев кучли зарба воситасида Шоҳжаҳон Насимовни доғда қолдириб, «Бухоро» умидига нуқта қўйди.

«Локомотив» - «Сўғдиёна» - 1:2. Улуғбек Бақоев жамоасидан яна бир чиройли ғалаба! Асосийси, жиззахликлар пойтахтда «темирйўлчилар» билан тенгма-тенг кураш олиб боришди. Ўйиндаги голлар биринчи бўлим охири ва иккинчисининг илк қисмига тўғри келди. Аввалига тиниб-тинчимас Жасур Ҳасанов жарима зарбасини аниқ бажариб, «Сўғдиёна»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. «Локо»нинг иккинчи бўлимда бор эътиборини ҳужумга қаратиши кутилган паллада жиззахликлар ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлашди. Бунда яна Жасур Ҳасанов бош ролни бажарди. Фахрий ярим ҳимоячи тўпни бурчакдан ўйинга киритгач, Шаҳзод Шайманов кутилмаганда, уни боши билан ўз жамоаси дарвозаси томон буриб юборди. Шундан кўп ўтмай, «темирйўлчилар» жавоб голини нишонлашди - яна бурчак тўпи, яна бош билан зарба. Фақат ижрочилар бошқа: Диёр Туропов - ассистент, Кирилл Погребняк - гол муаллифи. 60-дақиқада Марко Колакович ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, фақат унинг зарбасидан кейин Жавоҳир Илёсов ўзини кўрсатди. Шунга қарамай, Андрей Фёдоров шогирдлари мағлубиятдан қутула олишмади, барибир.

АГМК жорий мавсумдаги мағлубиясиз сериясини 5та, ғалабали юришини эса 3та ўйинга етказди. Миржалол Қосимов жамоаси бу сафар ўз майдонида «Сурхон»ни сўнгги лаҳзада урилган ягона гол эвазига маҳв этди. Умуман олганда, мезбонлар бошидан ҳужумкор футболга таянишди, термизликлар эса асосан ҳимояланиб, ўз омадларини қарши ҳужумлардан излашди. Баҳром Ҳайдаровнинг бу тактикаси иш бериб, «Сурхон» ортга 1 очко билан қайтиши ҳам мумкин экан, агарда охирида рақибга жарима зарбаси тепиш имкониятини бермаганида. Хуллас, стантарт вазият турманистонлик Арсланмурат Амановга айни муддао бўлиб, у Асилбек Омонов дарвозасини ишғол қилганча АГМКга 3 очкони тортиқ этди.

 

3-КУН: «НАСАФ»ГА НИМА БЎЛДИ?

«Насаф» Муборакда «Машъал» дарвозаси томон кўп ҳужум уюштирди, аммо самарасиз. Рўзиқул Бердиев шогирлари учрашув давомида ҳар томонлама устунлик қилишганига қарамай, Раҳим Давроновни чинакамига безовта ҳам қилолмадилар. Оқибатда 0:0 ҳисоби ўзгармай қолди ва «аждарлар» тур якунига кўра, 1-ўринни «Пахтакор»га қайта бўшатиб беришди. Бу «Насаф»нинг кетма-кет иккинчи дурангидир. «Машъал» эса қаторасига 3та ўйиндан буён очколарни рақиблар билан баҳам кўрмоқда. 

«Металлург» сафарда яна ғалаба қозонди. Аслида ўйин «Андижон»нинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Андрей Шипилов жамоаси эса чамаси 10 дақиқа эътиборни ҳимояга қаратди. Рақибнинг бу вақтдаги босими олдида эсанкирамаган бекободликлар кейинчалик тўп назоратини ўз қўлларига олиб, биринчи бўлим охирида 2та гол уришди. Биринчи вазиятда Шаҳзод Убайдуллаев тўпни жарима майдонига узатиб берди. Ҳимоячилардан қайтган тўпга эса Акбар Исматуллаев эга чиқиб, уни Станислав Андреев олдига ташлаб берди. Стас ўз навбатида зарба йўллашни пайсалга солмади. Натижада тўп аввалига ҳимоячига, кейин дарвозабон қўлига тегиб, тўрга бориб тушди.  Биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган вақт якунланаётган паллада эса меҳмонлар қарши ҳужумда пенальти ишлашди ва Станислав Андреев «дубл»ни расмийлаштирди - 0:2. Танаффусдан сўнг ўйин нисбатан сокин кечди. Аниқроғи, «Металлург» футболчилари хотиржам ҳаракатланиб, «Андижон»га айтарли имконият беришгани йўқ.

 

4-ТУР

«СУРХОН» - «МАШЪАЛ» - 2:2 (0:0)

«БУХОРО» - «АНДИЖОН» - 2:2 (1:1)

«ЛОКОМОТИВ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 0:3 (0:0)

5-ТУР

«ҚЎҚОН-1912» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 4:0 (0:0)

«ПАХТАКОР» - «БУНЁДКОР» - 5:0 (4:0)

 «НАВБАҲОР» - «БУХОРО» - 2:0 (1:0)

«ЛОКОМОТИВ» - «СЎҒДИЁНА» - 1:2 (0:1)

  АГМК - «СУРХОН» - 1:0 (0:0)

 «МАШЪАЛ» - «НАСАФ» - 0:0 (0:0)

 «АНДИЖОН» - «МЕТАЛЛУРГ» - 0:2 (0:2)

#ЖамоаЎйинҒалабаДурангМағлубиятТ-ФОчко
  1 ПахтакорПахтакор 5 4 0 1 14-3 12
  2 НасафНасаф 5 3 2 0 9-5 11
  3 АГМКАГМК 5 3 2 0 6-2 11
  4 МеталлургМеталлург 5 3 1 1 8-5 10
  5 Қўқон-1912Қўқон-1912 5 3 0 2 9-3 9
  6 БунёдкорБунёдкор 5 3 0 2 5-8 9
  7 НавбаҳорНавбаҳор 5 2 2 1 7-4 8
  8 СўғдиёнаСўғдиёна 5 2 1 2 5-7 7
  9 МашъалМашъал 5 1 3 1 6-4 6
  10 ЛокомотивЛокомотив 5 2 0 3 6-8 6
  11 СурхонСурхон 5 1 1 3 6-9 4
  12 АндижонАндижон 5 0 2 3 4-8 2
  13 ҚизилқумҚизилқум 5 0 1 4 3-11 1
  14 БухороБухоро 5 0 1 4 2-13 1

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz