Қайднома

Қидирув

Карантин дастурхони (давоми)

Карантин дастурхони (давоми)

  24.06.2020 01:22
  0
  310
Карантин дастурхони (давоми)

ҲАСАНАЛИ ОТАДАН ИҚТИБОСЛАР (давоми). Сиз қотил атамасини ишлатдингиз. Ўзи ким қотил, ким маҳкум, ким золим, ким мазлумлиги номаълум. 20-асрга келиб одам аталмиш махлуқот ўз нафси эмас, табиат устидан ҳукмронлик қилишни бошлаб юборди. Олчоқ ва очкўз зот маънавият чўққилари эмас, коинот сарҳадларини забт эта бошлади. Бир авлод умри давомида одам иқлимни ҳам ўзгартириб юборди...

***

- Ўтган асрнинг 50-йиллари, масалан, Тахтапул суви қишда музлаб қоларди. Биз яхмалак учардик. Энди ёққан қор бир кунда эриб кетмоқда. Тошкент ҳавоси, ариқдаги суви бошқача эди, ҳовлим тупроғида минг тур ҳашорат бўларди ўша пайтлар. Ҳозир улар қирилиб кетган. Ҳовлим бор, улар йўқ. Инсон пулдор бўлиб кетди. Масалан, Неймар хусусий учароғига бир ўзи миниб, Сан-Паулусига бориб, тишига пломба қўйдириб, қайтиб учиб келар экан. Пули етади-да. Лекин парвози давомида фалон тонна керосин эмас, фалон тонна кислородни ўзи учун ёқишига нима дейсиз? Инсон нафсидан ер курраси чарчаб қолмоқда...

 

***

- Сарвари коинот ҳижрат қилар пайтлари ҳамроҳлари билан бирга ярим коса эчки сутини бир ҳўпламдан ичиб, шунга қаноатланиб, шундан қувватланиб, Яратганга шукр қилиб, тағин бир неча кун йўлда давом этган эканлар.  Андижонлик бир киши «Осиё Гранд» кошонасида муҳтарам меҳмонларига неча юз кило ош дамлаб берган пайти дастурхонларни оламда топилмас тансиқ таомлар билан тўлдирган эди. Топгани ҳалол бўлса, қандини урсин. Шундай деймизми, деймиз. Дастурхонга бир ҳўпламдан сут қўйиб, 10 кишини таомлантирсин демаймиз. Исрофгарчиликлари эмас, эҳсонини Эгам даргоҳида қабул қилсин деймиз.

 

***

- Бошқа бир мисол. Апеннин бўйларида қирғоқ яқинида лангарда турган Дерипаскасининг яхтасида бойнинг саховати ошиб кетганидан ҳар куни 50 кишилик таом тайёрланиб қўйилар экан. Кейин кечқурун ўша емакларни сувга ташлаб юборишларига нима дейсиз? Бизнинг бойлар бундай исрофгарчилик қилишмайди дейсизми? Балки шундайдир ё бундан баттарини қилишар. Фақат журналистлар ҳеч нарсани ойдин-ошкор ёзишмайди. Бошқаларни билмайман. Ўзимга келсак, бойларга ҳавас қилмайман. Тўғри, улар ўз пулларини сарфлашади, меникини эмас. «Ўрта асрлардан ўтиб кетганмиз. Агротехникамиз кучли», дейсизми? Лекин битта оби нонни дастурхонингизга етказиш учун куррамизнинг 100 квадрат|метр бўлаги бир йил банд бўлиши билан нега ишимиз йўқ. Куррамиз одам нафсини қондиролмаяпти.

 

***

- Ҳайвонларни ёввойи деймиз. Аслида ким ёввойи? Улар Парвардигоримиз буюрганидан бошқасини, керагидан ортиғини емайди, ея олмайди. Бунга уларнинг ақли етмайди. Ўтхўри гўшт емайди. Йиртқич бўри бўри гўштини емайди. Одамга келсак, у одамни яксон қилишга тайёр. Қонхўр бўри бошқа бўрига ризқланишда ёрдам беради. Одам бошқа биров ризқи эвазига бойиб олиш, «кучайиб олиш» пайида тиришқоқлик қилмоқда. Бошқа бир одам пайини қирқмоқда.

 

***

- Бир ярим миллиард одам ортиқча вазндан ҳарсиллаб, лорсиллаб юришини гапирмайман. Бундай одамзод нафси дастидан ер куррамиз инсон оёқлари остида ҳарсиллаб қолганига нима дейсиз? Уммонларни айтмайман, коинотни ҳам чиқинди билан булғалатиб бўлди одам. Коинотни. Ер остига кириб, уммон тагига тушиб, осмон устига чиқиб ҳукмронлик қилароқ одамзотни кўзга кўринмас зарра, яъни коронавирус  титратиб юборди. Ҳаётини изидан чиқариб юборди. Лекин вирусни нега қотил деб атаяпмиз? Қанча тирик мавжудотларни йўқ бўлиш чоҳига олиб келган одам, қанчасини йўқотиб бўлиб, ўзини қудратли санаган одам, икки юз қулочдан баланд уй қуриб, устига чиқиб томида боғ яратган, кейин ўз «осмонида» нафаси етмай қолиб, юрган йўлига кислород ҳидлагичлар қўйиб, ўзини қудратли санаган такаббур одам ўзининг-да, табиатнинг қотили бўлмаяптими...?

 

***

- Ҳозирги ёппасига кўчманчилик футболимиз савиясини пасайтириб юбораётганини ҳамма билади. Масалан, Роналдуга янги клубда ўз савия­сини кўрсатиши учун ярим йил керак бўлди. Гризманнга бир йил камлик қилмоқда. Улар ҳар йили ёки ярим йилда клуб алмаштиришса, Роналду «йўқналду»га айланиб қолмасмиди? Бизнинг хира чемпионатимиздаги жайдари футболчиларга янги клубда хира-хандон ўйин кўрсатиб, судралиб юришлари учун 3 кун етарли. Шунинг учун улар ҳар ярим йилда клуб алмаштиришмоқда. Бу ҳам барҳам топади, албатта. Энди футболчилар 3 йилдан камига шартнома тузишмайди. Футболимиз ҳаётида скаутлар билан агентлар меҳнатининг қадрини оширмасак бўлмайди. Аввало, уларнинг малакасини оширайлик. Нагаевни Қувайтга олиб бориб, захирага ўтказиб қўйган агент ким? Сардор Рашидовни аввал Португалияга йўллаган, кейин Қатарга қайтариб, ўсишдан тўхтатган агент ким? Ғиёсов истеъдодини Ж.Корея қуйи лигаси захирасида эсон-омон кўмаётган агент ким? Нима, агентлар фоиз олишдан бошқасини ўйлашмайдими?

Агент ўз оталиғига олган футболчиларнинг ўйин салоҳиятини ҳаммадан яхши билиши керак. Футболни яхши мураббий даражасида тушуниши керак. Қатор мураббийлар билан яқин алоқада бўлиши керак. Ким қандай футболчига эҳтиёж сезаётганини олдиндан билиши керак. Европа халқларининг 3-4та тилини, хуқуқшунослик масалаларини «сув қилиб ичиб» юбориш масаласини айтмай қўя қолай. Суперлига ва Про-лигада барча кўчишлар фақат агент воситачилигида бўлишини таъминлайлик. Кучли агент­ларсиз футбол бизнесини яратиб бўлмайди.

 

***

- Бош мураббий футболимизда асосий шахсга айланиши шарт. Бикмаев, Нагаев, Гадоев ёшликда олган ўйин тасвири билан қолиб кетишганини гапирамиз. Ёшларни кашф қилиш, уларни тарбиялаб, ўйинини ўстириш ҳақида кўп гапирамиз. Бундай қобилият мураббийнинг асосий иқтидоридир. Лекин жамоа бир хил ёшдаги футболчилар инкубатори эмас. Ёшлар ёнида тажрибали футболчилар ўйнашлари керак. Фахрий футболчи ўйинини ёшартириш, унинг янги қирраларини очиш ҳам мураббийнинг муҳим вазифасидир. Бир пайтлар Рууд ван Нистелрой ўйинининг «эскириб» қолиши кузатилди. Фергюссон унинг хизматидан воз кечди. Кейин Руудни «Реал»нинг ўша даврдаги бош мураббийи Фабио Капелло ёнига чақириб олди. Шу тариқа 34 ёшли футболчининг янги қирраларини очди. Нистелрой янгича ўйнаб, икки йил Испания чемпиони бўлганди. Бизда Абрамов дейлик, Лутфулла Тўраев ўйинини ярқи­ратиб юборди. Лутфулла ёнида ёшлар ҳаракати мазмунлироқ чиқа бошлади. Непомняший ва Хиддинк тарбиясини кўрмаганида, Одил Аҳмедовнинг ўйин равнақини кўрмас эдик. Элдор Шомуродовнинг ўсишида Карпиннинг хизмати катта. Кучли бош мураббий ривожимизнинг асосий омили бўлиб қолиши шарт. Шундай янги шароитда Бахтиёр Ашурматов юзма-юз тўқнашувда Арвеладзедан устунлигини тағин бир бора кўрсатди. Ҳар бир бош мураббий олдида ўзини кўрсатиши учун имконият пайдо бўлади. Ҳеч ким Азамат Абдураимов каби «Олдига катта мақсадларни қўядиган клубларда ишламадим», деб зорланмайди. Ҳар бир клуб янги тизимга ўтганимиздан ке­йин ўз олдига катта мақсад қўяди.

Ҳасанали ҚОДИРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz