Қайднома

Қидирув

Астрология хуштори ёки Раймон Доменекнинг "ихлоси" ҳақида

Астрология хуштори ёки Раймон Доменекнинг "ихлоси" ҳақида

  25.06.2020 01:28
  0
  219
Астрология хуштори ёки Раймон Доменекнинг

Яқин ўтмишда Франция миллий жамоасини астрология фанига муккасидан кетган мураббий ҳам бошқарган. Гап тинимсиз танқидларга қарамай, мамлакат бош жамоасида нақ 6 йил ишлаган Раймон Доменек ҳақида кетмоқда. Бу оралиқда фалакиёт билимдони тузган жамоа Евро-2004 чорак финалига чиқди, 2006 йили Германия мезбонлик қилган жаҳон чемпионати финалида ўйнади. 2008 йилги қитъа ва 2010 йилги жаҳон кубоги эса мунажжим-мураббийга олам-олам алам улашди. Францияликларнинг шу икки турнирдаги муваффақиятсизликлари футбол жамоатчилиги томонидан осонгина изоҳланади: «Доменек нотўғри қарорлар чиқарди, раҳбарлар билан жанжаллашди ва таркиб тузишда шубҳали усулдан фойдаланди. Яъни футболчиларни осмондаги юлдузлар ҳаракати асосида танлади...».

Раймон Доменекнинг ўзи астрологияга муҳаббатини ҳеч қачон яширган эмас: «Табиатан ўта қизиқувчан кишиман. Ҳамиша ишга турлича ёндашишни хуш кўраман. Астрология ва графология (ёзув-чизувларни ўрганувчи фан)ни бежиз ўрганмадим. Кимдир бизнесга, бошқа биров яна нимагадир қизиқади. Мен эса астрология шайдосиман. Бу фаннинг кўплаб сирли томонлари бор ва бу ҳақда гапиришим билан одамлар менга сеҳргарлар шляпасини кийиб, биллур шарларга боқадиган кишидек қарай бошлашади. Ваҳоланки, астрология инсонлар табиатини тушунишда жуда қўл келади. Тўғри, бу фан келажакни айтиб беролмайди. Лекин одамларни тўлиқ тасаввур қилиш имконини яратади».

Доменек астрологияга шу қадар муккасидан кетгандики, ҳаттоки, бу мавзуда адабиётлар ёзган. Дейлик, 2016 йили нашр этилган китобида Франция миллий жамоа­си таркибини аниқлашда юлдузлар ҳаракатидан фойдаланмагани, астрология фани унга шунчаки, футболчилар ички дунёсини янада яхшироқ билиш учун кераклигини ёзганди.

Доменекнинг ишига астрологиянинг таъсирини кўрсатувчи фактлар

 *** Мураббий сўзларидан иқтибос: «Жамоамда чаён буржи остида туғилган футболчиларнинг ўйнашлари жуда хавфли. Уларни бошқариш имконсиз - ўта қўпол ва раҳмсиз одамлар». Франция миллий жамоасининг ЖЧ-2006даги таркибига қарасак, чаён буржида туғилган бирор футболчи йўқ. Ваҳоланки, ўша пайт бу буржда туғилганлардан Робер Пирес бемалол таркибга кириши мумкин эди. Аммо Доменек уни нега назардан четда қолдиргани ҳақида умуман гапирган эмас.

*** Мавжуд тахминларга кўра, мураббий Карим Бензема ва Самир Насрини 2010 йилги мундиалга айнан айрим мунажжимлик хулосаларига асосланиб, олиб бормаган. Францияда Доменекнинг бу қарори кўпчиликка ёқмаганди.

*** Доменек ярим ҳимоячи Патрик Вийерани Евро-2008 учун сараланган таркибга киритди. Кейинчалик эса ғалати изоҳ берди: «Футболчининг ёмон ҳолатда эканлиги, лекин бу ўйин принципларига боғлиқ эмаслигини тушунгандим».

*** Доменекнинг яна бир «афсонавий» изоҳи: «Шер буржида туғилган футболчи ҳимояда ўйнаса, мутлақо хотиржам бўламан». Шунинг учунми, мураббий Вильям Галласни жуда яхши кўрарди. Ҳар ҳолда, бу футболчи Раймон даврида ҳамиша терма жамоа таркибидан ўрин олган. Қарангки, Галлас терма жамоадаги фаолиятини ЖЧ-2010дан кейин якунлади, яъни Доменек кетган вақтда...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz