Қайднома

Қидирув

Тафаккур ўйинига ташналик ва...

Тафаккур ўйинига ташналик ва...

  25.06.2020 06:52
  0
  436
Тафаккур ўйинига ташналик ва...

Муҳтарам мухлис! Мазкур мулоҳазаларни ёзишга киришишимиздан аввал Андрей Фёдоровга келгуси турда охирги имконият берилгани, агар «Локомотив» яна мағлубиятга учраса, у истеъфога чиқарилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Олдиндан айтишимиз керак, ўзи Андрей Фёдоровнинг бош мураббий сифатида катта клубларни муносиб бошқаришига шубҳа билан қараганмиз. Унинг футболчи мақомида мухлислар олқишига эришгани ўз йўлига, мураббий ролида жамоада ҳурмат қозонолмаётгани ёки шогирдларига таъсир кўрсатолмаётгани бошқа масала. Бу икки жиҳатни бир-бирига аралаштирмаслик лозим. Табиийки, истеъфо мавзуси - «Локомотив»нинг икки мағлубияти натижаси.

Андрей Фёдоров ўринли эътирозларга учраётган бир паллада Улуғбек Бақоев ҳақли равишда мақтовларга кўмилмоқда. Футболдаги шафқатсиз қонуният, яъни мураббий ҳақида натижага қараб, ҳукм чиқариш - барчага аён ҳақиқат. Лекин кези келганда, ҳар доим ҳам «икки карра икки қ тўрт» қабилида иш тутиш мумкин эмаслигини таъкидлашни истардик. Йўқ, Фёдоровни ҳимоя қилиш фикридан мутлақо йироқмиз. Айни чоғда Улуғбек Бақоев ва «Сўғдиёна» жамоасидаги иштиёқ, кетма-кет икки ғалабада унинг таъсир-аҳамиятини асло инкор қилмаймиз. Бироқ адолат юзасидан айтиш керак, «Локомотив» ҳозир мухлислар кўниккан, сафида Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Сардор Мирзаев, Олег Зотеев, Жамшид Искандеров тўп сурган жамоа эмаслигини, таркиби тубдан янгиланганини таъкидлаш жоиз. «Металлург»нинг қақшатқич зарбасидан сўнг «темирйўл­чилар» анчайин гангиб қолишгани кўриниб турибди. «Сўғдиёна»га қарши кечган баҳсда Игнатий Нестеров ва яна Марат Бикмаев майдонга тушишмади. Бу ҳол жамоа ўйинига таъсир қилмай қолмайди, албатта. Яна таъкидлаймиз: Жиззах клуби иштиёқ билан ғалаба сари интилмоқда, лекин Улуғбек Бақоев шогирдларига «Локо»даги бесаранжом вазият ҳам ёрдам бериб юборгани рост. Инсон тақдир «сценарий»ларига монелик қилолмайди. «Сўғдиёна» шу тариқа пойтахтнинг икки гранд клубини тор-мор айлади! Жиззах жамоаси пешонасига шундай ёруғлик битилган экан, ғалабалари муборак! Ахир ғолибга тараф йўқ! Ғолиб ҳамиша муҳокама ва танқидлардан холи.

Ўтган турда аламли мағлубиятга учраган «Пахтакор» ва «Қўқон-1912» бу сафар рақибларини «сочиб ташлади». Вадим Абрамов ҳисоб ўйинга мос эмаслигини ҳарчанд уқтирмасин, футболимиз тарихи саҳифаларига 0:5 натижаси ёзилди. Тамом! Энди буни тарих саҳифаларидан ўчириб бўлмайди. Вадим Абрамов «шерлар»га қарши жанговар ўйин намойиш этишни кўзлади ва шунга яраша жазоланди. Тўғри, ҳисоб 0:1 бўлиб турган паллада Ҳумоюн Муртазоев ва Жасур Жалолиддинов қулай вазиятлардан фойдаланишганида, натижа бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Лекин «Бунёдкор»нинг ёш футболчиларига тақдир кулиб боқмади ва Шота Арвеладзе шогирдлари бундан унумли фойдаланишди. Бир жиҳат тушунарсиз: Вадим Абрамов нима сабабдан «Қўқон-1912»га қарши баҳсда шундай тактика танламади? Фикримизча, Вадим Карленовичнинг икки ўйин учун танлаган тактикаси алмашиб қолгандек. Тушунамиз, у - кучли рақибларга қарши кечадиган учрашувларда ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд мураббий. Осиё кубоги-2011даги ўша машъум мағлубиятдан аввал кўплаб мутахассислар ва журналистлар Австралия термасига қарши ҳимоядан ўйнаш лозимлигини қайта-қайта таъкидлашганди. Аммо ўжар Карленович ўзиникини маъқуллаган. 2019 йил охиридаги мағлубиятда ҳам шу ўжарликнинг таъсири яққол сезилганди. Мана, мураббий энди «Сўғдиёна»дан сўнг «Бунёдкор» ҳам «Пахта­кор»га зарба беришига ишонди. Лекин ёш «қалдирғочлар»даги шижоат ярим соатдан сўнг кучини йўқотди. Хўш, бош мураббий мана шу ҳолатни билармиди ёки ярим соат ичида «шерлар» дарвозасига зарур голларни уриб олишни режалаштирганми?! Тахминлар билдирилаверади, ҳисоб эса ўша ҳолатда сақланади. Фақат бир масала кишини ўйга толдиради. Майли, Вадим Абрамов «Бун­ёдкор»да истаганча тажриба ўтказаверсин, лекин терма жамоамизга нисбатан бундай иш услубининг қўлланиши хавотирли. Ҳарқалай, «Пахтакор» ўтган мавсумдаги жамоа эмаслигини, унда кучли ўсиш кузатилаётганини Вадим Абрамов сезиши ва шунга яраша тактика қўллаши лозим эди. Бироқ у бу йўлдан бормади. Ўйлаймизки, Жиззахдаги учрашув натижаси уни рақиб имкониятларини тўғри баҳолашдан адаштирмаган. Аввалги мулоҳазамизда таъкидлаганимиздек, «Пахтакор» - ўз қадри ва имкониятларини биладиган жамоа. «Бунёдкор»га қарши кечган ўйинда шу жиҳатлар баралла бўй ростлади. Бироқ кетма-кет икки ўйинда ҳам «шерлар» дастлабки дақиқаларда иштиёқманд рақибларнинг босимига бардош беришда қийналишгани кўзга ташланди. Жиззахда «Сўғдиёна» босимни заррача сусайтирмади, аксинча, кучайтираверди. «Бунёдкор» эса кучли рақибга нисбатан уюштирилаётган босимни узоқ вақт ушлаб туролмади. Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна» ўйинини тезкор Жасур Ҳасанов атрофида қурмоқда ва бу жамоага наф келтирмоқда. Вадим Абрамов эса «Бунёдкор»да Лутфулла Тўраев етакчилигига таянмоқда. Аммо кўпроқ таянч ҳудудида тўп сурадиган Тўраев жамоа ҳужумини якунлашда ҳал қилувчи вазифани бажаролмаяпти. Кўринадики, ҳар қайси жамоада етакчининг ўрни ва мақоми катта аҳамият касб этади.

Ана, «Металлург» Камолиддин Тожиев - Акбар Исматуллаев - Станислав Андреев триоси ҳаракати эвазига яна ғалабани нишонлади. Бу сафар «Андижон» ўз майдонида бош эгди. Демоқчимизки, бекободликларнинг ғалабалари асло тасодиф эмас. Жамоада ўзига яраша куч ва фалсафа мавжуд. Агар «Металлург» ва «Сўғдиёна»нинг имкониятларини солиштирсак, қайси жамоа ғалабалари серияси узоққа боришини чамаласак, тарозининг палласи кўпроқ Андрей Шипилов шогирдлари томон босади. Чунки бу жамоада яхши дарвозабон ва кучли трио бор. «Насаф» ва «Навбаҳор»нинг имкониятлари айни шу нуқтаи назардан бироз чегараланган. Хусусан, «лочинлар»нинг захира ўриндиғи жамоа мақсадларига мувофиқ келмаслиги ўйиндан ўйинга сезилиб бормоқда. Ортда қолган турда ҳам кўп умид боғланаётган Руслан Болов, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев каби футболчилар ўз имкониятлари даражасида тўп суришмади. Ўйиннинг якунловчи қисмида эндигина майдонга тушган бу икки футболчи эмас, балки учрашувни асосий таркибда бошлаган Мирзоҳид Ғофуров, Ислом Рашидхонов, Игорь Голбан, Ғиёс Комилов каби ҳимоячилар фаолликлари билан ажралиб туришди. Савол туғилади: нима учун захирадан ўйинга қўшилаётган футболчилар жамоа руҳига уйғунлашиб кетишолмаяпти?! Бу саволнинг жавоби биздан кўра, Андрей Канчельскисга маълум. Билганимиз, шуки, шу ҳолатда узоққа бориш қийин. Жамоа қийинчилик билан вазиятлар яратмоқда, аниқроғи, бу борада «лочинлар»­га хос формула йўқ. Ҳар ҳолда, қандайдир ишланма кўзга ташланмаяпти.

Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, ўтган жума куни ёш футболчи Омадбек Тоштемиров билан бўлган суҳбатимиз ёдга тушди. Замонавий футболда нима муҳимлигини сўраганимизда, у ҳеч иккиланмай, жавоб қайтарди: «Куч ва фикрлаш!» Яшириб ўтирмаймиз, бу жавобдан мамнун бўлдик. Ҳа, ёш футболчилар ўзлари учун нима зарурлигини яхши англашмоқда. Лекин ҳамма гап жисмоний тайёргарлик бобида ва фикрлаш жараёнида қандай йўл билан кучайиш механизмини шакллантиришда. Бу борада ёш футболчилар қайси мураббийга ишонишсин? Назаримизда, ҳозир саволга жўяли жавоб топиш анчайин мушкул. Нима ҳам дердик, ҳар ҳолда, ёш футболчилар ўзлари учун нима зарурлигини англашаётгани - келажакдаги янги тараққиёт босқичидан дарак! Ҳозирча шунисига ҳам шукр!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz