Қайднома

Қидирув

Энг бой миллиардер футболчи Криштиану Роналду эмас, Фаик Болкиах!

Энг бой миллиардер футболчи Криштиану Роналду эмас, Фаик Болкиах!

  26.06.2020 01:43
  0
  402
Энг бой миллиардер футболчи Криштиану Роналду эмас, Фаик Болкиах!

Энг бой футболчи Криштиану Роналдуми? Бўлмаган гап. Энг бадавлати ўзимизнинг қитъадан! Криштиану Роналду, Лионель Месси, Неймар, ҳаммангиз четроқда туринг. «Лестер» клуби ва Бруней миллий жамоаси футболчисининг бойлиги 20 миллиард доллар (!)дан кўп. Forbes нашри яқинда Криштиану Роналду миллиардерга айланганини маълум қилиб, уни дунёнинг энг бадавлат футболчиси сифатида эътироф этди. Лекин маълум бўлишича, португалиялик юлдузнинг бу борада «Лестер» ихтиёридаги брунейлик Фаик Болкиах олдига тушишига ҳали анча қовун пишиғи бор экан. Қизиқ, 22 ёшли осиёлик йигитчанинг молиявий қудрати нимага асосланган? Йўқ, у «тулкилар» захирасида ўтириб, оладиган маоши билан ҳеч қачон 20 миллиарддан кўп маблағ жамғаролмайди, албатта. Шунча бойлик Фаик Болкиахнинг Nike билан тузган манфаатли шартномаси самараси ҳам эмас. Келинг, championat.com сайти маълумотлари асосида ҳаммасини бир четдан кўриб чиқайлик.

 

Фаик Болкиах ким?

Фаик Жеффри Болкиах 1998 йилнинг 9 май куни Лос-Анжелесда таваллуд топди. АҚШ ва Бруней фуқаролигига эга. 2016 йилдан Бруней миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда, жамоа сардори. 2009 йилдан «Саутгемптон», «Арсенал» ва «Челси» клублари тизимида шуғулланди. 2016 йили «Лестер» билан тўлақонли шартнома тузди. Айни пайт клубнинг -23 таркиби аъзоси. Фаикнинг энг яхши кўргани - вингер позицияси. У ҳар икки қанотда бемалол тўп суради. Футболдан ташқари, баскетбол, от ва сув спорти билан ҳам шуғулланади. Брунейдаги уйида йўлбарс боласини уй жонивори сифатида парвариш қилмоқда. Фаик Ислом динининг сунний мазҳабида ибодат қилади, бадани нақшлардан мутлақо холи. Йигитча «Инстаграм»даги саҳифасида чамаси 160000 обуначига эга (таққослаш учун айтсак, Роналдунинг «мижоз»лари 222 млн. кишидан кўп).

 

У Англияда ўҚиган

Ҳа, Фаик Англияга билим олиш мақсадида келиб, футболга меҳр берган йигит. Брунейлик футболчи 2017 йили ForForTwo журналисти билан суҳбатда шундай деганди: «Эсимни таниганимдан буён футбол ичидаман. Тўп билан муомала қилишни ёқтираман. Футболчи бўлиш орзусини рўёбга чиқаришимда ота-онам яқиндан ёрдам беришди, мени ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёрлашди».  Фаик Англия­да тоғаваччаси Укаша Уоллес билан бирга Хэмпшир графлиги тасарруфидаги Торнгроув тайёрлов мактабида таҳсил олди. Улар 8 ёшгача қишлоқ жамоаси сафида тўп суришди. Болакайлар бегона ўлкада Укашанинг отаси - АҚШ талабалар спорти ассоциацияси собиқ аъзоси Деннис Уоллес оталиғида бўлишди. Собиқ спортчи болалар футбол бобида кенгроқ имкониятга эга бўлишлари учун уларни нуфузлироқ масканда таҳсил олишларини таъминлади. Унинг битта қўнғироғидан кейин уммон ортида ёш футболчилар билан ишлаш борасида танилган Пол Морган 10 ёшли тоғаваччаларни «Ньюбери» клуби мактабига қабул қилди. Америкалик мутахассисда аввалига Укаша кучлироқ таассурот қолдирди. У Фаикка нисбатан бўйдор ва жисмонан бақувватроқ эди. Паст бўйли, озғингина Фаик эса техник салоҳият бобида ажралиб турарди. Умуман, маҳорат ва футболни ҳис этиш борасида ҳар иккисининг маҳаллий тарбияланувчилардан устун эканлиги яққол сезиларди. Морган болакайларнинг асл иқтидори ҳафталар, ойлар давомида кўзга ташланишини яхши биларди. Лекин у Фаик ва Укашанинг чакки эмасликларига дастлабки машғулотдаёқ ишонч ҳосил қилди. Деннис ота ва раҳнамо сифатида қаттиққўлликни ўрнига қўяди ва бундай ёндашув болалар тарбиясига ижобий таъсир этди. Талабга мувофиқ, Фаик ҳам, Укаша ҳам мактаб дастурини аъло даражада ўзлаштиришга ҳамиша 1-рақамли масала сифатида қаради. Деннис шунинг баробарида уларда профессионал спортга нисбатан муҳаббат ҳам уй­ғотди. Шу тариқа болалар учун интизом ва мақсад сари интилиш, эҳтиросларни жиловлаш энг муҳим фазилатларга айланди. Гавдали ва бақувват катта Уоллес ўқимишли инсон эканлиги билан ҳам мақтана оларди. Хуллас, меҳрибон ва қаттиққўл ота иккисини эринмай, машғулотларга олиб борар, ўйинларни кузатар ва нафақат Фаик ёки Укаш эмас, балки бутун жамоани бутерброд, мевалар билан сийлаб турарди.

 

20 миллиард Қаердан?

Тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш чоғи Пол Морганда янги тарбияланувчиларнинг юксак иқтидорига заррача шубҳа қолмаганди. Уларнинг уй манзили сифатида Вултон Хилл қишлоғида қайта қурилган ҳашаматли Холлингтон-Хаус меҳмонхонаси кўрсатилди. Фаик чиндан ҳам, аслзодалар авлодидан. Унинг амакиси Ҳассан ал Болкиах - дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири ва Бруней султони. Отаси Жеффри Болкиах эса Бруней шаҳзодаси. Султонлик 1984 йилнинг 1 январида Буюк Британия тасарруфидан озод бўлиб, мустақил давлат мақомини олганди. Бруней Шарқий Осиёда, Калимантан (Индонезия тилида) ёки Борнео (Малайзия тили) оролида жойлашган, 400000дан кўпроқ аҳолиси бор. Давлат тизими - теократик монархия, ҳукмдор - султон. У давлат ва дин бошқарувида чексиз ваколатларга эга. Нефть ҳамда газ захиралари сотувидан орттирилган бойлик туфайли Брунейни «Ислом Диснейленди» сифатида таърифлашади. Жеффри Болкиахнинг Фаикдан таш­қари, яна 17 нафар фарзанди бор. Улар 5 нафар рафиқасидан. Шаҳзода шунингдек, шоҳона ҳаёт ва кўчмас мулкларга ружу қўйган, ихтиёрида 2000дан ортиқ автомашина, жумладан, соф олтиндан буюртма асосида терилган «Роллс-Ройс», «Сийна» номли яхта, сариқ металлдан ясалган ручкалар коллекцияси, 5 млн. фунт эвазига олтин ип ва қимматбаҳо тошлардан тўқилган гилам ҳам бор. Шаҳзода ўзининг 50 йиллик юбилейи шарафига уюштирилган базмдаги концерт учун марҳум Майкл Жексонга 12,5 млн. фунт миқдорида гонорар берганди. Хуллас, Фаик ҳисобидаги 20 миллиард қаердан келгани тушунарли. Дарвоқе, Фаикнинг эгизак синг­лиси Киана ҳам бор. Шов-шувларга ўч Британия матбуоти футболчининг феъл-атвори ва юриш-туришидан қандайдир енгилтаклик ёки можаро қидирсада, ҳозирча барча уринишлари зое кетмоқда. Оддий айтганда, бу Деннис Уоллеснинг қаттиққўллиги самарасидир.

 

«Арсенал» ва «Челси»да бўлди, аммо...

Энди қаҳрамонимизнинг футбол фаолиятига қайтамиз. Сўнгги пайтларда «Ньюбери»нинг фарзандларидан спорт соҳасида жиддий натижалар кутаётган ота-оналар орасида обрўси кескин кўтарилиб кетди. Пол Морганнинг таъкидлашича, бунга айнан брунейлик ака-уканинг маҳорати сабабдир. Мураббийнинг техника ва тўп назоратига асосланган услубида Фаик ҳужум чизиғида, гавдали ва бақувват Укаша эса майдон марказида ўз ҳукмронлигини ўрнатган. Бундан ташқари, қитъамиз вакиллари хушмуомала ва самимий бўлиш билан бирга футбол илмини чуқур ўзлаштиришгани билан ҳам ажралиб туришарди. Беҳисоб бойлик уларни мутлақо йўлдан адаштирмаслигидан ҳаттоки, мураббий ҳам ҳайрон қолганди. Бироқ йигитлар «Ньюбери» сафида атиги бир мавсум шуғулланишди. Кейин номдор клубларда қизиқиш уйғонди. Биринчи бўлиб, мавсум якунида «Ньюбери» билан ўртоқлик учрашуви ўтказган «Саутгемптон» осиёлик жуфтликни ўз академиясига таклиф этди. Шу тариқа қариндошлар 2009-2013 йиллар оралиғида «авлиёлар» тизимида таҳсил олдилар. Кейин «Арсенал»дан чорлов бўлди. Шунда Деннис Уоллес Лондон клуби олдига бир йўла иккисини олиш талабини қўйди. Бу талаб кўпроқ Укаша фойдасига ишлади. Ҳар ҳолда, бу вақтда «фантастик ҳужумчи» мақомини олишга улгурган Фаик ундан ўзиб кетганди. Йигитчалар «тўпчилар» сафида Сингапурда ташкиллаштириладиган Lion City Cp ёшлар турнирининг юбилей - 25-мавсумида майдонга тушишди. Фаик мезбонлар терма жамоасига қарши кечган баҳсда гол ҳам урди ва «канонирлар» кейинги босқичга чиқишди. Лекин улар ярим финалда «Коринтианс»га имкониятни бой беришди. Бошида жисмоний устунлиги эвазига ҳукмронлик қилган Укаша 2014 йили «Арсенал»дан кетгач, Чемпионшип вакили «Бирмингем» билан шартнома тузди. Фаик эса «Челси»га йўл олди. Шу тариқа ака-укаларнинг йўллари айро тушди. Кичик Уоллесга «Бирмингем»нинг асосий таркибига жойлашиш ҳам насиб этмади ва у Миллий Лига иштирокчиси «Нанитон Таун» сафига қўшилди. Болкиах эса «кўклар» ихтиёрида яна 1 йил шуғуллангач, ўйин амалиёти камлиги туфайли Лондон клуби билан хайр­лашди. Кейин «Сток Сити» кўригида қатнашди ва 2016 йилнинг мартида «Лестер» билан келишувга эришди. «Тулкилар» Фаикнинг салоҳиятига катта умид боғлашганди. Аммо футболчи ҳозирга қадар асосий таркибга киролмади. Боз устига, ўтган йилнинг 30 июнида узайтирилган шартномаси муддати якунига яқинлашмоқда. Таққослаш учун айтсак, Болкиах билан ёшлар жамоасида ўйнаган 22 ёшли Ҳамза Чаодури асосий таркибда 45 марта майдонга тушишга улгурди. Нима бўлганда ҳам, Фаик Болкиахда ўз салоҳиятини юзага чиқариш учун етарли вақт бор. Балки АПЛ етакчилари эмас, камтарин жамоалардан бирида ишлари юришиб кетар? Брунейлик йигит бироз вазн орттирганиданми, тезлигини йўқотиб қўйди, аммо ажойиб дриблинг ва қанотдан йўллайдиган узатмалари ҳамон жойида. Хуллас, дунёнинг энг бадавлат футболчиси учун фаолият энди бошланмоқда...

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz