Қайднома

Қидирув

Тите: «Футболчини ҳурмат қилмасангиз бўлмайди...»

Тите: «Футболчини ҳурмат қилмасангиз бўлмайди...»

  27.06.2020 01:25
  0
  414
Тите: «Футболчини ҳурмат қилмасангиз бўлмайди...»

Нуфузли France Football нашри ва Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Тите ўртасидаги интервью. Тажрибали мутахассис франциялик ҳамкасбларимиз билан суҳбат жараёнида бир қатор долзарб ва қизиқарли масалаларга тўхталдики, унинг фикрлари кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак.

«Мураббийлик иши мутлақо ўзгарди»

- Ўз касбига чинакамига меҳр қўйган киши ҳар қандай муаммони енгиб ўтади. Бразилия мураббийлик мактабининг асосий камчилиги руҳиятга тақалади. Мамлакатимиз футболи шу пайтга қадар 3та буюк жамоани кўрди - 1958, 1962 ва 1970 йилларда ватан шарафини ҳимоя қилганлар савия мезонини шунчалик юксакликка кўтаришдики, бунинг ортидан ўйин, хусусан, мураббийларга нисбатан талаб, муносабат бутунлай ўзгариб кетди. Натижада касбдошларимиз ўта кучли руҳий босим остида фаолият юритишга мажбур бўлишди. Бундан ташқари, миллий жамоа устозининг иш услуби, юмушлари ҳам мутлақо бошқача тус олди. Мисол учун, бундан 20 йил муқаддам Бразилия миллий жамоасига номзод футболчилар фақат маҳаллий чемпионатда тўп суришарди. Энди бундай эмас, энг сара ижрочиларимиз Европада фаолият юритишмоқда. Мураббийдан барча номзодларни мунтазам кузатиб бориш, ҳар бир шогирдига алоҳида тайёргарлик дастури яратиш талаб этилади. Бу пухта ўйланган режа ва клублар билан доимий алоқа ўрнатиш кераклигини англатади. Масалан, айни пайт жамоамизнинг уч нафар аъзоси - Маркиньос, Неймар ва Тьяго Сильвани жамлаган «ПСЖ» клуби билан дўстона муносабатни йўлга қўйганмиз.

«Футболчини ҳурмат

қилмасангиз бўлмайди...»

- Европа бўйлаб юриб, қитъада тўп сураётган йигитлар ўйинларини кузатиш яхши, албатта. Бироқ бу муаммонинг ечими эмас. Муайян бир ўйин асосида футболчининг ҳолатига тўғри баҳо бериш қийин. Ҳаттоки, ички чемпионат баҳсларига нисбатан анча кескин ўтадиган ЧЛ ўйинлари ҳам тўлиқ таассурот беролмайди. Яна футболчининг терма жамоа ихтиёридаги қисқа вақтда муҳитга муаммосиз мослашишига кафолат йўқ. Айнан шу туфайли ҳар бир футболчининг феъл-атворини, қандай инсон эканлигини билиш муҳим. Ўйинни шунчаки, томоша қилиш билан иш битмайди, барчасини қалбан ҳис этиш лозим. Устоз ва шогирд ўртасидаги инсоний муносабат - энг асосий жиҳат. Қандайдир самарага эришиш учун мураббий ўйинлар давомида ўз шогирдини, у эса устозини чуқурроқ ўрганиши керак. Хуллас, ўртада ўзаро ишонч шаклланмас экан, қийин... Асосий қоида: футболчи доимо ўзини ҳурмат қиладиган кишига худди шундай муносабатда бўлади. Демак, ўйинчининг маҳоратини баҳолашдан олдин унинг ориятига ҳам эътибор бериш лозим. Шахсан мен таркиб белгилашда бир қатор омилларни инобатга оламан, лекин энг муҳим шарт битта - барча футболчилар, ҳаттоки, захира вакиллари ҳам жангчи бўлишлари муҳим. Албатта, йигитлар мени чин устоз сифатида қабул қилишлари ва ғояларимга тўлиқ ишонишлари керак. Оддий бир мисол: охирги икки учрашув арафасида ҳузуримга Милитао, Маркиньос ва Тьяго Сильвани чақирдим ва режамни баён этдим: «Милитао ўйин амалиётига муҳтож, шу сабаб ҳар икки ўйинда майдонга тушади. Сизлар эса бирида ўйнаб, иккинчисида дам оласизлар. Жамоа манфаати шуни талаб қилмоқда». Бу гапим йигитларга ёқмагани аниқ, аммо улар устоз эканлигим ва ҳамиша бор гапни дангал айтишимни яхши билишади. Хуллас, ўзаро муносабатларимизда зиддиятга ўрин йўқ.

«Асосийси, йигитларга эркинлик беришга интилдим»

- Ҳар бир бразилиялик 2014 йилни алам билан эсга олиши тайин. 2016 йили жамоа бошқарувини қўлга олганимда, йигитларда ўз салоҳиятларига нисбатан ишонч қолмаганди. Ваҳоланки, улар клуб футболида рисоладагидек тўп суришарди, аммо терма жамоага келганда, қандайдир «руҳий ўра»га тушиб қолишарди. Биринчи навбатда, ички муҳитни ўзгартириш асносида жамоанинг жанговар руҳиятини кўтаришга уриндим. Ўша вақт миллий термамиз ЖЧ-2018 саралаш босқичи 6-туридан кейин турнир жадвалининг 6-поғонасида бораётган ва Россия мундиалидан четда қолиш хавфи ҳам йўқ эмасди. Тезкор равишда тактикага тегишли ўзгаришлар киритиб, йигитларга дадиллик бағишлаш йўлларини изладим. Чунончи, бразилияликлар ўта масъулиятли ва мураккаб учрашувларда ҳам ўзларига ишонган ҳолда, енгил тўп суришсагина юксак савияни намойиш этишади. Оддий айтганда, биз учун футболдан завқ олиш - биринчи масала. Ҳа, вазифа осон эмасди. Муҳими, Бразилия термаси чамаси 1,5 йил ичида ўзини тиклаб, грандлар - Франция, Бельгия, Германия ва Испания жамоалари қаторидан қайта жой олди. Бу орада Америка кубогида ғалаба нашидасини сурдик. Ўйлайманки, жамоамиз ҳозир Бразилия футболига хос ўйин кўрсатмоқда.

Яширмайман, қайсидир маънода Дидье Дешам тажрибасини такрорлаяпман. Французлар 2014 йили немислардан мазмунлироқ ўйин кўрсатган ҳолда, нимчорак финалда имкониятни бой беришганди. Дешам жамоаси шундан кейин ўз мухлислари кўз ўнгида қитъа биринчилиги кубогини Португалия термасига бериб қўйди. Дешамнинг ўша пайт қандай аянчли аҳволга тушганини яхши ҳис қиламан. Муҳими, у ишонч билан ўз йўлида давом этди ва жаҳон чемпиони мақомига эришди. Бир қарашда, иш услубим Дешамники билан бир хил: жамоа ўзагини сақлаган ҳолда, таркибни босқичма-босқич ёшартиряпман. Мана, Артур, Лоди, Пакета каби ёш иқтидорлар миллий жамоа сафига киришди. Биз мухлисларимизни ҳар доим нима биландир лол қолдиришимиз керак. Жумладан, юртимизда ташкиллаштирилган Америка кубоги турнири жамоа учун ўзига хос руҳий синов бўлди. Айниқса, 2014 йилги мундиал фожиасини бошдан кечирган Дани Алвеш, Фернандиньо, Тьяго Сильва каби футболчилар учун. Боз устига, мусобақа бошланиши арафасида Неймарнинг хизматидан фойдаланолмаслигимиз аниқ бўлди. Мухлислар эса фақат ғалаба кутишарди. Албатта, Мессиси бор Аргентина, Каванига эга Уругвай ёки Родригесдек ижрочини ўйнатадиган Колумбия термаларига қарши баҳсларда Неймарнинг йўқлиги яққол сезилиб қоларди. У таркибда бўлганида, жамоа ўзгача ўйин кўрсатади. Ҳар ҳолда, Неймар керакли пайт жамоадошлари камчиликларини ёпишга қодир. Шуни назарда тутсак, қитъа чемпионатидаги зафарнинг аҳамияти жуда катта. Менимча, ўша ғалаба ҳам шогирдларимга бошқача ишонч бағишлади. Тўғри, охирги ўртоқлик учрашувлари омадли ўтгани йўқ. Лекин уларда натижа ортидан қувмадим, асосан янги номзодлар, захира кучларини амалда синаб кўрдим. Шунингдек, янги тактикаларни ҳам. Бундан ташқари, Неймарга жуфтлик сифатида ким ўйнашини ҳам аниқлаб олишим керак эди. Буни ҳамма турлича тушунади. Аммо терма жамоанинг бутун масъулияти менинг зиммамда. Шундай бўлгач, ҳозирги пичинг ва лақаб («Пихини ёрган туллак»)га умуман эътибор қаратмайман.

«1982 йилги жамоамукаммал эди»

- Ҳа, мен учун мукаммал жамоа - бу 1982 йилги Бразилия термаси. Унинг таркибига эътибор беринг: Фалькао, Сократес, Зико, Жуниор...Чинакам ижодкорлар! Мураббий Теле Сантанадан шунчаки, омад юз ўгирганди. Ўшанда футболчилар ҳар қандай мураккаб ҳаракатни енгилгина бажаришни ўрганган эдилар. Шунинг баробарида улар чинакам жангчилардек таассурот қолдиришган. Хуллас, тасаввуримдаги идеал футбол - санъат ва жарговарлик уйғунлиги! 2002 йили жаҳон тахтига чиққан жамоа ҳам мукаммал даражада шаклланган эди, салобатли, шу билан бирга нафис ва ҳужумкор ўйин кўрсатарди. «Мукаммал» ибораси остида нимани тушунамиз? Керакли пайт юқори ёки ўрта прессингни қўллай оладиган, зарурат туғилса, ҳимоявий тактикадан унумли фойдаланадиган жамоани. У тезкор ҳамла уюштириш, позицион ҳужумларга қулай фурсат келгунига қадар тўпни назорат қилишни ўзлаштириши лозим. Буларнинг ёнига стандарт вазиятлардан самара чиқариш фазилати ҳам қўшилса, нур устига аъло нур! Албатта, бундай жамоа ўз-ўзидан юзага келиб қолмайди, барчаси узоқ изланиш ва машаққатли меҳнат талаб этади. Терма жамоа мураббийида клублардаги касбдошларидан фарқли равишда, фақат ўз ғоясига мос келадиган ижрочиларни танлаб олиш имконияти бор. Клубларда ишлаганимда услубим инсон омилига боғлиқ равишда ўзгариб турарди. Масалан, 2012 йили «Коринтианс» Клублар ўртасидаги ЖЧда «Челси»дан устун келганида (1:0), тезкор қарши ҳужумга асосланган услубдан фойдаланганман. 2015 йили эса ўзимизга хос эстетик футбол эвазига Бразилия чемпиони бўлдик. Чунки ўша пайт таркиб шунга мос эди. «Интернасьонал»даги фаолия­тим (2008-2009 йиллар) хусусида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Жамоам чиндан ҳам, мазмунли ўйин намойиш этарди.

Миллий жамоанинг ҳозирги ҳолатига тўхталсам, 1-2 позицияда муаммо мавжуд. Биринчидан, савияли таянч ярим ҳимоячиси етишмаяпти. Ўз даврида ҳаммани лол қолдирган Фалькао ёки де Брюйне даражасидаги. Керакли пайт ортга қайтиб, Каземирога кўмаклашадиган, кейин ҳужумни бошлайдиган ўйинчига эҳтиёжим бор. Тўғри, бу позицияга муносиб номзод топдик - Бруно Гимараэш. Олимпия терма жамоаси етакчиси яқинда «Лион» сафига қўшилди, иқтидорли йигит. Шунингдек, «Милан» вакили Пакета ҳам бор. Ўнг қанот масаласида ҳам бироз хавотир йўқ эмас. Дани Алвеш - ўзини кўнгилсизликлардан сақлай оладиган асл профессионал. Аммо ёши 37га яқинлашиб қолди... Дарвоза чизиғидан кўнглим тўқ - юқори савияли Алиссон ва Эдерсонга эгамиз.

«Неймар жуда зарур, лекиналмаштирилмас ўйинчи эмас»

- Неймар кундалик ҳаётда журналист­лар яратган образдан кескин фарқланади. Жуда содда йигит, катта болакай. Ҳазил-мутойибани хуш кўради, Ришарлисон, Габриэль Жезус, Артур ва Эдерсон билан доимо бирга. Умуман, таркибда қувноқ йигитлар кўп ва бу Неймар учун айни муддао. Мени ҳар бир учрашув арафасида ундан унумли фойдаланиш масаласи қийнайди. Неймар «ПСЖ»нинг 4-4-2 тактик чизмасида Мбаппе, Икарди ёки Кавани билан жанговар дуэт ташкил этади. Бироқ менимча, у чап қанотда кўпроқ манфаат келтиради. Бунда керакли паллада марказга ўтиб, ҳужумни якунлаши ёки жамоадошини қулай вазиятга олиб чиқиши мумкин. Дейлик, «Барселона»да айнан шу услубда ўйнарди. Фикримча, Неймар энг юксак савиясини айни ўша вақт намойиш этган. Умуман, замонавий футболда фақат Месси ва Роналдугина Неймардан яхшироқ савия кўрсатишган, деб ўйлайман. Бу юксакликка Азар ҳам, Гризманн ва Погба ҳам кўтарилган эмас. Тўғри, Неймар ўша пайт ҳар жиҳатдан юксак спорт формасида эди. Унинг терма жамоадаги ўрни жуда сезиларли, аммо алмаштирилмас футболчининг ўзи бўлмайди.

«Бельгия термасига қарши ўйин натижаси уйқу бермайди»

- Россия мундиалидаги мазкур учрашувни сира унутолмайман, кўпинча ухлолмай, қийналаман. Ҳар қандай ўйинга икки нуқтадан баҳо бериш мумкин: натижа ва сифат. Ҳа, чорак финал ўйинини бой бердик, аммо ўша оқшом ЖЧ-2018даги энг яхши 3та учрашувдан бирини намо­йиш этгандик. Юксак даражага мансуб баҳс! Де Брюйне - Неймар, Коутиньо - Азар, Куртуа - Алиссон қарама-қаршилиги... Афсуски, натижа адолатли бўлмади. Шу пайтгача жамоани 48 марта майдонга олиб тушган бўлсам, ўша оқшом шогирдларим дарвоза томон энг кўп зарба йўллашди. Нақ 9та зарба аниқ чиқди, аммо ғалаба учун камлик қилди...

«Жанубий Америка термалари совға эмас!»

- Навбатдаги мундиал тобора яқинлашмоқда, Бразилия термаси Қатар-2022ни сабрсиз кутмоқда. Ҳаттоки, «Копа Америка» ҳам иккинчи масала мақомида, асосий эътибор ЖЧ саралашига қаратилган. Бу бежиз эмас, бизни ўта жиддий учрашувлар кутмоқда. Ж.Америкада барча жамоалар юксак савияда ўйнашни ўрганди, вазият 20-30 йил аввалгидек эмас. Масалан, Венесуэла кичик мамлакат бўлсада, миллий жамоасининг барча етакчилари Европада тўп суришади. Эквадор термасини олайлик. Ҳозирги жамоамни илк марта айнан Китода майдонга олиб тушгандим. Парвоз чоғи ўзимча ўйладим: «Рақиб унча жиддий эмас, қандай ўйнашни кўрсатиб қўямиз». Амалда мезбонлар бизни прессинг ёрдамида қисиб қўйишди. Тўғри, якунда 3:0 ҳисобида ғалаба қозондик, аммо роса тер тўкишимизга тўғри келди. Голлар охирги 15 дақиқада урилди, унгача эквадорликлар тенгма-тенг курашишди. Авваллари рақибларимиз фақат ҳимояланиш билан вақт ўтказишарди. Энди ўша давр тарихда қолди - КОНМЕБОЛ жамоаларига қарши кечадиган ҳар бир учрашув финал мақомида...

Уткирбек УМАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz