Қайднома

Қидирув

Насиб қилмаса, қийин ёки «Олтин тўп»даги 2-ўриндан юқорига кўтарилмаганлар ҳақида

Насиб қилмаса, қийин ёки «Олтин тўп»даги 2-ўриндан юқорига кўтарилмаганлар ҳақида

  27.06.2020 04:29
  0
  314
Насиб қилмаса, қийин  ёки «Олтин тўп»даги 2-ўриндан юқорига кўтарилмаганлар ҳақида

Дэвид Бекхэм, Тьерри Анри, Жанлуижи Буффон ва Рауль Гонсалес - булар «Олтин тўп» ютишга жуда яқин келган, аммо якунда нуфузли совринсиз қолган сара юлдузларнинг айримлари, холос. Хуллас, мазкур мақолада «Олтин тўп» сўровида 2-ўриндан юқорига кўтарилмаган сара футболчиларга эътибор қаратамиз. Эслатма, France Football нашри «Олтин тўп» совринини 1956 йили таъсис этган. Шундан буён лауреат ягона тизим бўйича танланмоқда, фақат овоз берувчилар сони ва таркиби ўзгармоқда. Хуллас, шартга мувофиқ, сўровда иштирок этадиган ҳар бир овоз берувчи 5 нафар номзодни танлаб, уларни тартиб бўйича 1-5-ўринларда қайд этади: 1-поғонага 5 очко, 2-поғонага 4 очко ва ҳоказо. Якунда энг кўп балл тўплаган футболчи «Олтин тўп» соҳибига айланади. Ҳа, сўров тарихида шубҳасиз лауреатлар кўп, лекин тушунмовчиликларни юзага келтирган ҳолатлар ҳам топилади, албатта.

 

1957 йил - Билли Райт (Англия). Биринчисўровда англиялик Стэнли Мэтьюз «Реал» афсонаси Альфредо ди Стефанони 3 очкога ортда қолдиради. «Оқ-малла найза» ке­йинги йиги мақсадга эришади - «Мадрид» етакчиси 16та анкетадан 12тасида 1-ўринга қўйилганди. «Вулверхэмптон» клуби ва Англия миллий жамоаси ҳимоячиси Билли Райт эса 2-ўрин билан кифояланади.

 

1958 йил — Хельмут Ран (ГФР). Бу афсона 4 йил олдин ЖЧ финалини «ёндирган» пайт «Олтин тўп» ҳали таъсис этилмаганди. 1958 йили эса немислар мундиалнинг ярим финалида тўхташади. Хельмут Ран ўша турнирда худди Пеле каби 6та гол уради. Бироқ индивидуал совринни «Реал» билан Испания чемпионати ва Европа Чемпионлар кубогида ғалаба нашидасини сурган Раймон Копага муносиб кўришади.

1960 йил — Ференц Пушкаш (Венг­рия). «Реал» футболчилари қаторасига 3 йил «Олтин тўп»»ни бегона қилишмайди: Альфредо ди Стефано - Раймон Копа - Альфредо ди Стефано. XX асрнинг ўрталаридаги яна бир забардаст футболчи Ференц Пушкаш эса олий совринга етолмайди. 1960 йили 33 ёшли венгр Луис Суарес Мирамонтесдан кейин иккинчи бўлганди. Ўшанда у анкеталарда 1-ўринни эгаллаш бобида «Барселона» вакилини ортда қолдиради, аммо умумий очколар сони...

 

1965 йил — Жачинто Факкетти (Италия). 1961-1964-йиллар оралиғида «Олтин тўп» сўровида Эйсебио, Жанни Ривера ва Луис Суарес (2 марта) 2-ўринга жойлашадилар. Булар - шундан олдин ёки кейин соврин ютган юлдузлар. 1965 йилги сўров вице-лауреати Жачинто Факкеттига эса «Олтин тўп» армон бўлиб қолди. Италиялик буюк ҳимоячи ўшанда Эйсебиога ютқазган. Боз устига, «Қора пантера» атиги 8 очкога ўзиб кетганди (67:59). 

 

1969 йил - Луижи Рива (Италия). «Олтин тўп»га яқин келиб, қўл узатганича қолиб кетган яна бир итальян. «Кальяри» афсонаси ҳамюрти Жанни Риверадан атиги 4 очкога ортда қолганди  (83:79). Ривера - «Ми-лан»­нинг «Олтин тўп» ютган биринчи футболчиси. Ҳозирда «россонерлар»да бундай қаҳрамонлар 8 нафарга етди, «Кальяри»да эса ҳамон ҳеч ким йўқ.

 

1970 йил — Бобби Мур (Англия). Англиялик ҳимоячи ва Герд Мюллер ўртасидаги кураш якунида «Олтин тўп» германиялик тўпурарга насиб этади. У «Вест Хэм» клуби ва Англия миллий жамоасининг афсонавий сардоридан атиги 7 балл кўп жамғарганди (77:70). Эҳ, Бобби Мур...

1971 йил — Сандро Маццола (Италия). «Интер» ярим ҳимоячиси эса Йохан Кройффга шубҳасиз ютқазган: «Учар голланд» итальянни шунчаки, чангида қолдириб кетганди (116:57). Лекин факт шуки, Сандро Маццола Италия футболининг яна бир «вице»си.

 

1973 йил — Дино Зофф (Италия). Буюк дарвозабон ва 2-ўрин билан чекланган тўртинчи итальян.Ҳақиқат шуки, Дино Зофф қанчалик ҳайратланарли ўйнамасин, даҳшатли Йохан Кройффга тенглашолмасди, барибир.

 

1976 йил — Роб Ренсенбринк (Нидерландия). Йохан Кройфф 70-йилларда 3 марта «Олтин тўп» ютиш баробарида бир сафар сўровда 7-ўрин билан чекланган. Ўшанда бош лауреат Франц Беккенбауэрга голландиялик бошқа футболчи — Роб Ренсенбринк муносиб рақобат тақдим этади. «Иккинчи Кройфф» мақомини олган ҳужумчи ўша мавсум «Андерлехт» билан Бельгия чемпионати ва кубогида зафар қучиш баробарида Кубок эгалари кубоги ҳамда Европа суперкубогини қўлга киритганди (ҳар икки финалда «дубл»га эришган ҳолда). Бироқ бу Кайзердан ўзиб кетишига камлик қилади.

 

1978 йил — Ханс Кранкль (Авс­трия). Австрия футболи «Олтин тўп» лауреатига эга эмас. Лекин Ханс Кранкль 1978 йили кимсан Кевин Киган билан муносиб рақобатлашиб, 81:87 ҳисобида ютқазганди. Айтганча, австриялик футболчи ўшанда «Олтин бутса» соҳибига айланган эди («Барселона»даги биринчи тўлақонли мавсумида 51та ўйинда 45та гол урган).

 

1980 йил — Бернд Шустер (ГФР). Европанинг энг яхши футболчисини Евро-80 ғолиблари орасидан танлашади. Хуллас, «Олтин тўп» Карл-Хайнц Румменигге коллекциясидан жой олади Бернд Шустер эса ундан катта фарқда ортда қолади.

 

1981 йил — Пауль Брайтнер (ГФР). Бир йилдан кейин ҳам кучли учликни немислар ташкил этишади: Карл-Хайнц Румменигге яна биринчи, Бернд Шустер бу сафар «бронза» билан чекланади, 2-ўринга эса «қизил» Пауль Брайтнер жойлашади.

 

1982 йил — Ален Жиресс (Франция). Сўровда франциялик футболчини ҳеч ким 1-ўринга қўймайди. Шунга қарамай, Ален Жиресс кам очко жамғармаганди. Фақат ғолиблик 21та анкетада 1-ўринни банд этган жаҳон чемпиони Паоло Россига насиб этади.

1983 йил — Кенни Далглиш (Шотландия). «Ливерпуль» афсонаси ва Мишель Платини ўртасидаги курашда франциялик футболчи ғолиб чиқиб, ўз номидаги «Олтин тўп»лар ҳисобини очади. Кенни Далглиш эса шу-шу совринга бошқа яқинлашмайди.

1984 йил — Жан Тигана (Франция). Французлар қитъа чемпионатида зафар қучган йили Мишель Платини ҳеч кимга айтарли имконият қолдирмайди, хусусан, ҳамюрти Жан Тиганадан нақ икки баравар кўп очко йиққанди.

 

1985 йил — Пребен Элькьяер-Ларсен (Дания). «Верона»нинг даниялик ҳужумчиси 1984 йили Европанинг 3-рақамли футболчи бўлганди. Кейингисида эса Пребен Элькья­ер-Ларсен ҳам Мишель Платини ортига жойлашади.

1986 йил — Гари Линекер (Англия). «Лестер»нинг катта мухлиси ўша мавсум «Барселона» учун жуда кўп гол уради, аммо «Олтин тўп» учун рақобатда собиқ итифоқ термаси ва Киевнинг «Динамо» клубида ўзини кўрсатган Игорь Белановга ютқазади.

1987 йил - Паулу Футре (Португалия). «Атлетико»да порлаган португал сўровда Рууд Гуллитга қаршилик кўрсатади ва енгилади. Паулу Футре 91 балл тўплаган бўлса, «Милан» етакчиларидан бири 106 очко йиққанди.

 

1989 йил — Франко Барези (Италия). Арриго Сакки бошқарувидаги «Милан» «кўҳна қитъа»да тенгсиз эканлигини исботлайди ва «Олтин тўп» сўровида кучли учликка фақат «россонерлар» киришади: Марко ван Бастен, сардор Франко Барези ва Франк Райкаард.

1990 йил — Сальваторе Скилаччи (Италия). «Ювентус» ҳужумчиси «Интер» ярим ҳимоячиси Лотар Маттеусга бас келолмайди. Сальваторе Скилаччи ЖЧ-90 бош тўпурарига айланган бўлса, германиялик футболчи чемпионликни тантана қилганди.

1991 йил — Деян Савичевич ва Дарко Панчев (Югославия). «Црвена Звезда» билан Европа Чемпионлар кубогида катта сенсация кўтариб, шоҳсупага чиқишган Деян Савичевич ва Дарко Панчев «Марсел»да ақл бовар қилмас даражада ўйнаган Жан-Пьер Папенга рақобат тақдим этолмайдилар.

 

1993 йил — Деннис Бергкамп (Нидерландия). Роберто Баджо рақобатдан холи, лекин «Интер»да сеҳрли мавсумни ўтказган Деннис Бергкамп ҳам чакки эмасди. Фақат...

1995 йил — Юрген Клинсманн (Германия). «Олтин тўп» учун курашга илк марта Европада ўйнайдиган бошқа қитъа вакиллари ҳам қўшилишади. Бу янгилик либериялик Жорж Веага қўл келади. Агар ушбу қоида киритилмаганида, Юрген Клинсманн ҳам «Олтин тўп»ли бўларди...

1997 йил — Предраг Миятович (Югославия). Болқон ҳудудидан чиққан футболчилар 90-йилларда бир неча марта «Олтин тўп»га яққол қўл узатишади. Жумладан, «Реал»да муваффақиятли тўп сурган Предраг Миятович чекига кимсан Роналдо билан рақобатлашиш тушади ва у 2-ўрин билан чекланади.

 

1998 йил - Давор Шукер (Хорватия). «Олтин тўп» табиий равишда жаҳон чемпиони Зайниддин Зиданга берилади, мундиалнинг энг яхши тўпурари ва бронза медали эгаси Давор Шукер эса иккинчи...

 

1999 йил — Дэвид Бекхэм (Англия). Англиялик футболчи ўша йили «Манчестер Юнайтед» сафида кўплаб совринлар ютган ва «Олтин тўп» учун реал даъвогар эди. Бироқ ҳайъат якунда Дэвид Бекхэмни эмас, бразилиялик Ривалдони танлайди.

2001 йил — Рауль (Испания). «Олтин тўп»сиз буюк чемпионлар рамзий жамоасига тушган Рауль Гонсалес 2001 йили ёш Майкл Оуэндан ортда қолганди.

2002 йил — Роберто Карлос (Бразилия). Ҳужумкор чап қанот ҳимоячиси сўровда 145 балл тўплайди. ЖЧ-2002 бош қаҳрамони ва Роберто Карлоснинг ватандоши Роналдога эса 171 очко берилганди.

2003 йил — Тьерри Анри (Франция). Франциялик голеадор қаторасига 7 йил сўровда кучли 10таликка киради. Тьерри Анри жумладан, 2003 йили фақат Павел Недведдан камроқ очко олганди.

2004 йил — Деку (Португалия). «Олтин тўп» украиналик Андрей Шевченкога насиб этади, «Порту» билан Европа ЧЛда ғалаба қозонган ва «Барселона» сафига кўчиб ўтган Деку эса вице-лауреат мақомини олади, холос.

 

2005 йил — Фрэнк Лэмпард (Англия). Роналдиньо рақобатдан мутлақо ташқарида эди. Франк Лэмпард балки шунинг учун ҳам унча сиқилмас...

2006 йил — Жанлуижи Буффон (Италия). Италия термаси учун зафарли мундиал таъсиридами, «Олтин тўп» жамоа сардори Фабио Каннаварога топширилади. Лекин Жанлуижи Буффон уни бемалол енгиши мумкин эди. Шундай эмасми?

2010 йил — Андрес Иньеста (Испания). Лионель Месси - Криштиану Роналду даври бошлангач, сўровда 1-2-ўринлар тақдири олдиндан маълум бўла бошлади. Фақат 2010 йили ЖЧ финалида ғалаба голини ўз номига ёзиб қўйган Андрес Иньеста 2-қаторга илинади.

 

2019 йил — Виржиль ван Дейк (Нидерландия). Голланд ҳимоячиси 6-марта «Олтин тўп» соҳибига айланган Лионель Мессидан озгина ортда қолди. Кўпчилик наздида Виржиль ван Дейк аслида лауреат бўлишга лойиқроқ эди, аммо...

 

«Олтин тўп»сиз буюк чемпионлар

рамзий терма жамоаси

 

Дарвозабон: Икер Касильяс (Испания)

Альтернатив вариант: Жанлуижи Буффон (Италия)

Ҳимоячилар: Кафу (Бразилия), Серхио Рамос (Испания), Паоло Мальдини (Италия), Роберто Карлос (Бразилия)

Альтернатив вариантлар: Дани Алвеш (Бразилия), Алессандро Неста (Италия), Карлес Пуйоль (Испания), Филипп Лам (Германия)

Ярим ҳимоячилар: Андреа Пирло (Италия), Хави (Испания), Андрес Иньеста (Испания)

Альтернатив вариантлар:Микаэль Лаудруп (Дания), Райан Гиггз (Уэльс), Дэвид Бекхэм (Англия)

Ҳужумчилар: Рауль (Испания), Тьерри Анри (Франция), Златан Ибрагимович (Швеция)

Альтернатив вариантлар: Алессандро Дель Пьеро (Италия), Деннис Бергкамп (Нидерландия), Уэйн Руни (Англия)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz