Қайднома

Қидирув

Остон Ўрунов: "«Навбаҳор»да футболчи сифатида катта ўсишга эришдим»"

Остон Ўрунов: "«Навбаҳор»да футболчи сифатида катта ўсишга эришдим»"

  28.06.2020 00:10
  0
  654
Остон Ўрунов:

«Матч» телеканали расмий сайти «Сиз танишишингиз шарт бўлган Россия Премьер-лигасининг бўлажак юлдузи» - сарлавҳаси остидаги мақоласида «Уфа» клуби сафида тўп сураётган 19 ёшли ўзбекистонлик яримҳимоячи Остон Ўрунов билан суҳбатни эълон қилди. Монолог шаклидаги интервьюда Ўруновнинг футболга кириб келиши, кечинмалари, оиласи ҳамда орзу ва мақсадлари ҳақида ҳикоя қилинган.

200 минг евролик трансфер

«Уфа» яқин йилларда Европанинг катта клубларида тўп суриши керак бўлган ҳали сайқалланмаган янги «олмос»ни топиб олди. Бу – Остон Ўруновдир. 19 ёшли ўзбек иқтидори қишки трансфер ойнасида 200 минг евро (айрим манбаларда 150 минг) эвазига Тошкентнинг «Локомотив» клубидан Россияга келди.

Остон 19 ёшга кирган бўлса-да, аллақачон 50дан ортиқ ўйинларда майдонга тушиб, Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги энг яхши ёш футболчиси номига сазовор бўлди, ўсмирлар, ёшлар ва ҳаттоки мамлакат миллий жамоасида дебютини ўтказишга улгурди. У рус тилида ҳали бурро гапира олмаса-да, Премьер-лига баҳсларида рақибга қарши ўзига ишонган ҳолда дриблингга кириша олади.

«Пахтакор»да ўйнашни истамайман, уйга қайтаман...»

– Ўзбекистоннинг Навоий шаҳрида туғилганман – кичик, аммо жуда чиройли. У ер озода ва яхши шаҳар, – дея гап бошлади Остон.

– Футбол ўйнашни кўчада бошлаганман. Ҳар куни 3 соатдан тўп тепардик. Майдон бўлмаса-да, ажойиб дамлар эди. Асфальт устидан ўйнардик.

9 ёшимда отамдан мени футбол мактабига олиб боришини сўрадим. Дадам – жуда меҳрибон, ҳеч қачон қаттиқ тергамаган. Табиатан бироз жиззакироқ бўлганман. Кўча боласи бўлиб, доим муштлашиб юрардим. Қолаверса, 1-2 йил каратэда қатнаганим боис, гоҳида ўзимни кўрсатишга уринганман. Ҳозир эса ўз анча босилдим.

Мактабда ўқиб юрганимда шаҳар терма жамоасига қабул қилиниб, Фарғонадаги турнирда қатнашадиган бўлдик. Мусобақада «Пахтакор» академияси селекционер мураббийлари эътиборига тушганман ва 12 ёшимда уйдан 450 километр узоққа кўчишимга тўғри келган. Бу жуда катта синов бўлган. Гоҳида ота-онамни соғиниб йиғлардим, қўнғироқ қилиб мени уйга қайтариб олиб боришларини сўрардим. «Пахтакор»да ўйнашни истамайман, уйга қайтаман», деб хархаша қилганман. Кейинчалик эса орзуинг учун сабр қилиш кераклигини тушуниб етдим.

Умуман олганда ота-онамдан умрбод қарздорман. Энди пул топиш учун қаердадир ишлашларини хоҳламайман. Улар шунча пайт тандирда нон ёпиб, сотишарди. Нонвойлик қийин касб. Шу боис футбол орқасидан пул топа бошлаганимдан кейин уларнинг бошқа ишламасликларини илтимос қилдим. Ҳозирда акам билан бирга отам-онамизни бемалол таъминлай оламиз. Дарвоқе, акамнинг исми – Достон. Остон ва Достонмиз.

Ҳа, менинг исмим жуда кам учрайдиган исм. Ўзбекистонда мен танийдиганлардан яна битта Остон бор, холос. Тўлиқ исм-шарифим – Ўрунов Остон Рустам ўғли. Рустам – отамнинг исми. Ота-онам билан ҳар куни алоқада бўлиб турамиз. Дадам деярли ҳар куни «Ҳаракатдан тўхтама, ўзингни кўрсатишинг керак», дея такрорлаб мени олға бошлайди.

Рус тилини тўлиқ ўзлаштиришим учун яна озроқ вақт керак. Умуман олганда бу тилда сўзлашув даражам ёмон эмас. Очиғини айтсам, рус тили фанидан дарс ўтилаётганда доим ухлаганман, 3 баҳо олардим. 7-синфдан бошлаб эса дарсларга деярли кирмасдим. Шунга қарамай, рус тилини ўрганганман. Инглиз тилини ўрганишга эса ҳали қунт қилганим йўқ. Лекин режамда бор.

«Навбаҳор»да футболчи сифатида катта ўсишга эришдим»

- 16 ёшимдаёқ Ўзбекистон Олий лигасида дебютимни ўтказдим. Тўғрисини айтсам, ўйиндан олдин умуман ҳаяжон бўлмаган. Одатда ўйинлар олдидан ҳаяжонланмайман. Ҳаттоки «Уфа»даги дебютимдан кейин ҳам ҳаяжон, қўрқув ҳақида сўрашганида бу ҳақда умуман ўйламаганимни айтгандим.

«Навбаҳор»да Андрей Канчельскис қўл остида тўп сурганимда рус тилини анча ўрганиб олдим. Антанасовични яхши инсон ва мураббий деб биламан. Самвел Бабаян ҳам рус тилида гапирарди. Ҳозиргача у билан алоқада бўлиб турамиз. Бабаян менга кўп ёрдам берган.

«Навбаҳор»да футболчи сифатида катта ўсишга эришдим. Аслида Наманган вилояти ҳокими клубдан қўйиб юборишни истамаганди. Аммо кейинчалик янада ўсишим кераклигини тушуниб, Тошкентнинг «Локомотив» жамоасига ўтишимга розилик берди. Ўшанда фаолиятимда катта ўсиш кузатилди – йилнинг энг яхши футболчиси деб топилдим ва Ўзбекистон миллий жамоасига таклиф этила бошладим. Кейин эса секин-аста кўчаларда мени таний бошлашди, бирга суратга тушишни сўровчилар кўпайди. Бу ёқимли эди.

Шахсан ўзимга таянч чизиғида тўп суриш ёқади – тўпни олиб қўйишни ва майдон бўйлаб кўп югуришни яхши кўраман. Қанотда эса кўпинча шунчаки тўпсиз қолишимга тўғри келаяпти. Аммо дриблингим сабабли мураббийлар мени кўпроқ қанотдан ҳужум қилишимни исташади. Албатта, мураббийлар истаган чизиқда тўп суришга тайёрман – таянчми, ҳимоя марказими ёки ҳужумдами – фарқи йўқ.

«Уфа» - Европага кетиш учун трамплин»

- «Уфа»га келишимдан аввал олдимда Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларидан қатор таклифлар бор эди. Ҳар куни агентлар мен билан боғланиб, шартномалар таклиф қилишарди. Яхши жамоалардан ҳам таклифлар тушган бўлса ҳам, уларни жавобсиз қолдирардим. Сабаби асосий мақсадим Европада тўп суриш эди. «Уфа»га ҳам айнан ушбу клуб Европага кетишим учун менга трамплин вазифасини ўташи мумкинлиги учун ўтганман.

Уфада уйдан деярли кўчага чиқмасам ҳам, шаҳар менга ёқади. Негадир сайр қилишни унча ёқтирмайман. Кўчага чиқсам ҳам мачитга бориб келишим мумкин, бошқа вақт эса квартирадан ташқарига чиқмайман. Кўпроқ мусиқа тинглайман. Дарвоқе, бу яқинда иш берди. Тақдимот маросимида менга бирор хил қўшиқ куйлаш кераклигини, жамоада янги футболчилар учун шундай анъана жорий қилинганлигини айтишди. Жуда ҳам уялган бўлсам-да, ўзбекчада реп айтдим. Ҳаётимда илк марта.

          View this post on Instagram                  

Новобранец нашего клуба Остон Урунов за ужином исполнил для команды произведение известного узбекского рэпера Шохруха Шадманова, чем сорвал аплодисменты зала. #рэп #фкуфа #рпл #UFA #uzbekistan

A post shared by ФК УФА / UFA FC (@ufafc) on Feb 10, 2020 at 10:45am PST

Аввал Россия футболини кўп кузатмаганман, умуман кўп футбол томоша қилмасдим, асосан майдонда ўйнашни ёқтирардим. Аммо Одил Аҳмедовнинг Россиядаги ўйинларини эслайман. У билан яхши муносабатдамиз, менга муҳим маслаҳат берганди. Тўп билан кўп ўйнаганим, кам оширишимни кўриб: «Бир марта алдаб ўтдингми – бир бор пас бер», деб уқтирганди. Ўшандан бери шундай қиламан.

«Европада нега ўйнай олмаслигим керак?»

- Орзуим? Ўзбекистон миллий жамоаси билан бирга жаҳон чемпионатига йўлланма олиш. Бутун ўзбек халқи шуни истайди. Худо хоҳласа, Қатардаги ЖЧга борамиз. Шунингдек, «Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ёки «Реал»га ўтишни истардим. Бунинг иложи бор, нега бўлмас экан? Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Европада нега ўйнай олмаслигим керак? Бунга бор вужудим билан ишонаман.

Ҳозирда эса асосий вазифа «Уфа» сафида ўзимни кўрсатиш. Агарда, энг яқин мақсадим ҳақида сўрасангиз, жавобим аниқ – шанба куни «Спартак» дарвозасига гол урмоқчиман.

Севимли автомашинам? Қачонлардир «Ламборжини» автомобилини сотиб олишни истардим. Ҳозир эса бунинг иложи йўқ барибир. Сабаби ҳайдовчилик гувоҳномам ҳам йўқ.

Усмон Ибодов таржимаси.


Манба: matchtv.ru, trubuna.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz