Қайднома

Қидирув

Яхшибоев энди яққол тўпурар ва бошқа легионерларимиз ҳақида...

Яхшибоев энди яққол тўпурар ва бошқа легионерларимиз ҳақида...

  30.06.2020 03:29
  0
  421
Яхшибоев энди яққол тўпурар ва бошқа легионерларимиз ҳақида...

Яхшибоевдан навбатдаги «дубль». Беларусь чемпио­нати 15-туридан ўрин олган «Энергетик-БГУ» - «Славия» ўйини ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев учун жуда омадли келди. Биринчи бўлим ярмидаёқ майдонда бир киши кам бўлиб қолган «талабалар» рақиб дарвозасига 5та гол уришди ва ҳамюртимиз шундан 4тасида бевосита иштирок этди. Яъни ҳам гол, ҳам самарали узатма бобида «дубл»га эришди. Умуман олганда, Яхшибоевнинг Беларусь чемпио­натидаги голлари сони 9тага етди ва у яққол тўпурарга айланиб олди. «Энергетик-БГУ» сафидаги яна бир вакилимиз - Шаҳбоз Умаров «Славия» билан ўйиннинг 52-дақиқасига қадар майдонда ҳаракатланди. Айтганча, 90 дақиқа ичида 2та гол ва 2та самарали узатмага муаллифлик қилган Яхшибоев биринчи бўлим охирида сариқ карточка ҳам олди. Табиийки, легионеримиз якунда «Энергетик-БГУ» - «Славия» ўйинининг энг яхши футболчиси сифатида тан олди. Унинг ҳаракатлари 379 балл­га баҳоланган бўлса, 2-ўриндаги Дэвид Текло 337 балл билан чекланди. Янги хабарларга кўра, Жасур шу ёз Беларуснинг бошқа клубига ўтиши ҳам мумкин. «Беларусь 5» хабарида айтилишича, айни пайт футболчимизга БАТЭ ва «Динамо Минск» клублари жиддий қизиқмоқда. Маълумот учун, Яхшибоевнинг трансфер ҳуқуқи ҳамон «Пахтакор»га тегишли.

Гадоев жамоаси еврокубокларда ўйнайди. Озарбайжон футбол федерацияси коронавирус тарқалиш хавфи туфайли миллий чемпионатни муддатидан олдин тугатишга қарор қилди. Мамлакат чемпиони ва еврокубокларда иштирок этадиган жамоалар турнир тўхтатилган вақтдаги жадвалга асосан аниқланди. Демак, «Қорабоғ» клуби Озарбайжон чемпионига айланди. Ҳамюртимиз Шоҳруҳ Гадоевнинг клуби - «Кешля» эса 3-ўрин соҳиби сифатида ЕЛда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Алибоев жамоаси ниҳоят, яна ғалаба кўчасига кирди. Рустам Ашурматовнинг клуби - «Кванжу» Жанубий Корея «К»-лигаси 9-турида «Поханг Стилерс»ни қабул қилиб, 0:2 ҳисобида енгилди. Ҳамюртимиз ушбу муваффақиятсиз учрашувда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Мазкур турда яна бир ўзбекча «дуэль» кузатилди. Аниқроғи, таркибида Достон Турсунов ўйнаётган «Пусан И~Парк» Жамшид Искандеровнинг клуби - «Сеонг­нам Ильва Чунма»ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобидаги сулҳга кўнди. Бу баҳсда Турсунов 90, Искандеров эса 78 дақиқа тўп сурди. «Сеул» эса серияли мағлубиятлардан сўнг ниҳоят, зафар қучди. Пойтахт клуби «Инчхон Юнайтед»ни ягона гол эвазига енгди ва Икром Алибоев ғалабага 90 дақиқалик фаол ҳаракати билан ҳисса қўшди.

Омадсиз дебют. Яқиндагина Жанубий Корея «К»-Лига 2 вакили «Чоннам Драгонс» билан шартнома тузган Олег Зотеевнинг дебюти омадсиз чиқди. У янги жамоасининг ўз майдонида «Сувон Сити»га қарши кечган ўйинида тўлиқ вақт ҳаракатланди, аммо натижа салбий бўлди - 1:2. Хуршид Ғиёсов эса «Аньянг»нинг «Тэжон Ситизен» майдонидаги ўйини (3:3)да қатнашгани йўқ.

Ўрунов гранд клубларни кўзламоқда. «Уфа»да чакки ўйнамаётган Остон Ўрунов нав­батдаги интервьюсида бош мақсади ЖЧ ва еврофутбол марказида ўйнаш эканлигини яширмади. «Уфа»га келишимдан олдин Хитой ва БАА клубларидан кўп таклифлар олгандим. Агентлар ҳар куни хабар ёзиб, шартнома таклиф қилишарди. Жуда яхши жамоалар, лекин уларга ижобий жавоб бермадим. Чунки Европада ўйнашни истайман. «Уфа» эса бу борада трамплин вазифасини ўташи мумкин. Орзум? Ўзбекистон терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида қатнашиш. Бутун бутун ўзбек хал­қи истайди. Насиб этса, Қатар-2022 мундиалига борамиз. Шунингдек, «МЮ», «Ювентус» ёки «Реал» сафида ўйнашни истайман. Нима учун бунинг имкони топилмаслиги керак?», — деди ҳамюртимиз. «Уфа»нинг нав­батдаги ўйинига келсак, жамоа РПЛ 24-турида «Спартак» меҳмони бўлиб, ортга 1 очко билан қайтди - 0:0. Ўрунов мазкур ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, 81-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Карантиндан чиққан «Ростов» эса ўз майдонида «Арсенал»ни 2:1 ҳисобида енгди. Жамоа тўпурари Элдор Шомуродов майдонда 52-дақиқага қадар ҳаракатланиб, Алексей Ионов урган голга ҳаммуаллифлик қилди. Яна бир вазиятда ҳужумчимиз ўта хавфли зарба йўллади, фақат Тула клуби дарвозабони гол бўлишига йўл қўймади...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz