Қайднома

Қидирув

Мураббий кўзгусида жамоаси кўринадими?

Мураббий кўзгусида жамоаси кўринадими?

  02.07.2020 01:29
  0
  651
Мураббий кўзгусида жамоаси кўринадими?

Ҳа, аксарият ҳолларда шундай. Лекин футболда истиснолар ҳам учраб туради. Аввало, истиснолардан бошласак. Баъзан жамоанинг кучли таркиби мураббий фалсафасидаги бўшлиқларни сездирмайди. Масалан, «Барселона» Испания Примеросида ҳамиша ғолиблик учун курашади, совринли ўринлардан жой олади. Буни бутун футбол олами яхши билади. Шу билан бирга Хосеп Гвардиола кетганидан буён жамоа ўзига муносиб мураббийга ёлчимаётгани ҳам бор гап.

«Сельта»га қарши кечган учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ғалаба қўлдан чиқарилгач, «Барселона» мухлислари Кике Сетьенни «физ­рук»ка чиқаришди. Уларни тушуниш мумкин. Дарҳақиқат, Ансу Фати, Луис Суарес ва Жорди Альба захирага олингач, жамоа ўйини бузилиб кетди. Улар ўрнини эгаллаган футболчилар мураббий ишончини оқлашолмади. Ташқи томондан қарасак, таркибда кимнидир алмаштиришга зарурат йўқ эди. Бу - бизнинг фикримиз. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати эса кўпроқ мураббийга аён. У янги кучлар билан ўйинни кучайтиришни ўйлагани аниқ. Аммо Кике Сетьен ўйлари ўйлигича қолди ва «Барса» сафардан атиги бир очко билан қайтди. Аслида шу бир очко ноль кўринишига келиши ҳам мумкин эди. Мураббий бахтига Нолитонинг охирги зарбасини Марк-Андре тер Штеген бартараф этди. Агар германиялик кипер тўпни қайтаролмаганида, бу унга уят ҳисобланарди. Нолито қурмағур ўйиндан аввал Лионель Мессини осмонга чиқарганча мақтаб, шундай иш кўрсатиб қўйди. Биздаги ўртамиёна жамоаларнинг «Нолито»лари ҳам гранд рақибларга қарши баҳсларда шундай фойдали ишларни бажариб туришса, мухлислар уларга олқиш йўллардилар. Афсуски, ҳозирча Суперлигада бундай жараён кузатилмаяпти.

Кике Сетьендан фарқли ўлароқ, Тачмурод Агамуродов «Пахтакор»га қарши кечган муҳим ўйинда бирорта захира алмашувини амалга оширмади ва бу ҳолни жамоа ўйинини бузилишидан сақловчи омил сифатида изоҳлади. Футбол оламида учраб турадиган изоҳ. Ким нима дерди бунга қарши?! Ҳамма масъулият мураббий зиммасида ва унга ҳеч ким ўргатолмайди, аниқроғи, ўргатишга ҳақли эмас. Нима бўлганда ҳам, мухлислар ўтган ҳафта Кике Сетьен ва Тачмурод Агамуродовнинг ўйинга ёндашувларини бир-бирига қиёслаб, муҳокама қилишди. Бири захира алмашуви туфайли ғалабани қўлдан чиқарди, иккинчиси бу ишни амалга оширмай, мағлубиятга розидек таассурот уйғотди, гўё. Бошқача айтганда, ҳар иккисининг мураббийлик кўзгусида жамоа­ларнинг аҳволи яққол кўзга ташланди.

Умуман олганда, мураббийлик кўзгуси нима? Тушунарлироқ бўлиши учун «Дўстинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингни айтаман!»  мақолини эслаш кифоя. Демоқчимизки, бугун Суперлигадаги жамоаларнинг савиясига баҳо бериш учун уларни қайси мураббийлар бошқаришаётганини билиш етарли. Тўғри, Тачмурод Агамуродов «Қизилқум» бошқарувини яқиндагина қўлга олди. Лекин бу факт олдиндан хулоса айтишимизга тўсиқ бўлолмайди. Футбол оламидаги воқеалар ривожини мунтазам кузатиб борувчи кишилар аввалдан тахминларини айтадилар ва аксарият ҳолларда ҳақ бўлиб чиқадилар. Шу маънода айтсак, бугун Тачмурод Агамуродов, Баҳром Ҳайдаров ва Виктор Кумиков раҳбарлигидаги «Қизилқум», «Сурхон» ва «Анди­жон»нинг келажагини маълум даражада тахмин-тасаввур қилиш мумкин. Йўқ, бу жамоаларнинг истиқболи порлоқ бўлишини жуда-жуда истаймиз. Ахир футболимизнинг савияси кўтарилиши учун Суперлигада кучли жамоалар сони ортиши талаб этилади. Бироқ кўп йиллардан буён кўриб-билиб турган ҳақиқатларни ҳам инкор этмайлик. Тачмурод Агамуродов, Баҳром Ҳайдаров, Виктор Кумиковнинг нималарга қодир эканликлари кўпчиликка маълум-ку! Шуни била туриб, жамоалар мутасаддилари нима сабабдан яна шу мураббийларга мурожаат қилаверишлари тушунарсиз. Балки бу борада биз билмайдиган бошқа гаплар ҳам бордир. Майли, ўзлари билишсин, лекин мухлисларни ҳам ортиқча ишонтиришмасин-да! Ишончлар битта-битта сўнаверади ва биз буни бирдан пайқамаймиз. Билганимизда эса вақт аллақачон бой берилган бўлади. Кўпчиликка ёқмаса-да, Андрей Фёдоров ва Диля­вер Ваниев ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Ҳеч бир муболағасиз таъкидлаш жоиз, ҳозир Суперлигада элит лига савиясига мос тушмайдиган камида 6 нафар бош мураббий фаолият кўрсатмоқда. Биламиз, бу мулоҳазаларни ёзиш оғир, қайсидир мураббий фаолияти хусусида танқидий фикр юритиш учун кишида маънавий ҳуқуқ бўлиши даркор. Биз мулоҳазаларимизда мутахассисликка даъво қилмай, айнан маънавий ҳуқуқимизга таянмоқдамиз. «Истеъфо ҳақидаги гап-сўзларга кўникиб кетганман!» - дейишдан хижолат тортмаган мураббий келажакда жамоаси ривожи учун астойдил ишлашига ишониш мумкинми?! Мураббий истеъфо масаласи кўтарилаётганидан ажабланмаса, бундан қайғурмаса, изтироб чекмаса, натижа кутса бўладими ундан?!

Истеъфодан чўчимаётган мураббий жамоаси оғир аҳволга тушиб қолишидан асло хижолат тортмайди. У ҳар доим ўзини ҳақ билади ва жамоаси инқирозида бошқаларни айблайди ёки тушунарсиз сабаблар ахтаради. «Футболчиларда ғалаба учун кураш хоҳишини кўрмадим!» - деган мураббий ўз сўзлари нақадар мантиқсиз эканлигини тушунармикан?! У жамоасининг ғалаба учун курашиши аввало, ўзига боғлиқлигини биладими? Суперлига ва унда иштирок этаётган айрим жамоалар шундай фикр­ловчи мураббилар учун увол эмасми?! Келинг, очиқ-ошкора айтайлик ва эътироф этайлик, бир гуруҳ бош мураббийлар учун футболимиз увол! Суперлигадаги ҳар қайси жамоа -футболимизнинг бир бўлаги! Шундай экан, уларнинг тақдирини муносиблар ичра муносибларга топширмоқ лозим. Акс ҳолда, футболимиз тараққиётига дахл­дор қатор ҳужжатларнинг ижроси масаласи шубҳа остида қолаверади. Қачонки тараққиётнинг темир қўллари уларни мажбуран четга чиқариб қўймагунича жим қараб туриш матбуот шаънига ҳам ярашмайди...

Муҳтарам мухлис! Юқорида таъкидлаганимиздек, яна бир қатор мураббийлар жамоадаги кучли футболчилар саъй-ҳаракатлари эвазига ишлаб юришибди. Ҳолбуки, уларнинг мураббийлик салоҳияти кучли жамоаларни бошқаришга тортмайди. Ачинарлиси, мана шу аччиқ ҳақиқат кимларнингдир устамонлиги билан яширилмоқда. Кези келганда, мухлисларни ўйлантираётган яна бир мулоҳазани тилга олиш жоиз. Мухлислар аввалги турларда «Пахтакор» ва «Локомотив»ни мағлуб этган «Сўғдиёна»дан Жиззахда фақат ғалаба кутишди. Мантиқан улар ҳақ эдилар. Айни чоғда «Андижон»га очко сув ва ҳаводек зарурлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шундай вазиятда ўртадаги дурангни қандай изоҳлайсиз? Гранд жамоаларни енгган «Сўғдиёна»нинг кучи етмадими ёки «Андижон»ни қўшимча куч курашга чорлади? Бу саволга жавоб тополмаймиз. Лекин шуниси аниқ, Фарҳод Бекмуродовнинг ажойиб зарбаси «Андижон»ни навбатдаги мағлубиятдан асради. Адолат юзасидан юқоридаги танқидий мулоҳазамизни юмшатиб, у Нолито каби иш тутганини таъкидлаймиз. «Насаф»нинг «Машъал» ва «Бухоро»ни енголмагани ҳам кўпчиликда шу каби саволлар туғдирди. «Насаф» бу икки жамоани енга оларди, лекин енгмади ёки енголмади. Иван Соловь­ёв жарима майдонига ёриб кириб, Жавлон Иброҳимовга тўп узатаётганида ва Руслан Болов гол ураётганида, «Металлург» ҳимоячилари нимадан сеҳрланишди? «Навбаҳор» футболчиларининг тез ва аниқ ҳаракатланишганиданми? Эҳтимол шундайдир. Очиғи, голлар урилган вазиятларда «Навбаҳор», хусусан, Азиз Турғунбоевнинг омади юришди! Омад эса кучлиларга кулиб боқади! Шундай ёзишга ёздик, аммо яна ўйга толдик: «Андижон» ва «Локомотив» футболчилари ўз ҳаракати билан «Металлург» ҳимоячиларини сеҳрлай олмаганмидилар?! Балки сеҳрлашолмагандирлар. Якуний хулоса айтишдан ўзимизни тиямиз. Зеро, футбол оламида нималар рўй бермайди-я... «Сочи» - «Ростов» учрашувини форс-мажор ҳолати сифатида баҳоламаган РПЛ «Краснодар» - «Динамо» баҳсига шундай ҳукм чиқарди. Албатта, бу қарор Валерий Карпинни ғоят ҳайратлантирди. Ҳайратлантирди, холос!

Табиийки, футболимиздаги воқеа­лар бизни ҳам ажаблантиради. Хўш, худди Валерий Карпин каби ажабланиш билан кифояланишимиз керакми? Ўйлаймизки, бу саволга футболимиз жамоатчилиги «Йўқ, соҳа тараққиёти йўлида ҳар биримиз имкониятимиздан-да кўпроқ курашишга тайёрмиз!» - деб жавоб қайтаради. Журналистлар эса бунда бошқаларга намуна кўрсатишади. Чунки Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан қалам аҳлини қутлар экан, соҳадаги камчилик ва нуқсонларга алоҳида эътибор қаратди: «Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир. Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда». Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари таҳририятимизни ҳам янада кўпроқ ишлаш, мақолалардаги танқидий-таҳлилий руҳни кучайтиришга ундайди. Ушбу мулоҳазаларимиз - шу йўлдаги бир уриниш!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz