Қайднома

Қидирув

Буюк қайтиш ёки 3 йил ўйнамаган «Вильярреал» сардори 3 дақиқага қайтди...

Буюк қайтиш ёки 3 йил ўйнамаган «Вильярреал» сардори 3 дақиқага қайтди...

  02.07.2020 03:32
  0
  322
Буюк қайтиш ёки 3 йил ўйнамаган «Вильярреал» сардори 3 дақиқага қайтди...

Саломатлиги туфайли 3 йил (3 ЙИЛ) ўйнамаган «Вильярреал» сардори 3 дақиқага қайтди ва бутун жамоа уни тик турган ҳолда олқишлади. Бруно Сориано - футболчилик фаолиятини тўлиқ «Вилья­рреал»га бағишлаган содиқ фахрий. У барча турнирларда «сариқ сувости кемаси» сафида 400 мартадан кўп майдонга тушган. Бруно вақтида Испания терма жамоасига ҳам жалб этилган (Евро-2016 доирасидаги 2та ўйинга захирадан қўшилган). «Вильярреал» 2017 йилнинг май ойида Ла Лиганинг охирги турида «Валенсия»ни енгди ва чемпионатни 5-ўринда якунлаб, яхши кайфиятда таътилга чиқди. Ўша вақт Сориа­но кейинги 3 йил давомида расмий ўйинларда майдонга тушолмаслигини билмасди...

«Вильярреал» сардорини ўша вақт­даёқ тиззасидаги оғриқ безовта қиларди, 2017 йилнинг июлида ташкиллаштирилган ўртоқлик ўйинида рўй берган тўқнашув эса барчасини янада кескинлаштирди: жароҳатнинг қайталаниши, якуни йўқ муолажалар, операция... Сориано бунга қадар фаолия­тида атиги бир марта жиддий жароҳатга йўлиққан ва 2015 йили февраль - май оралиғида майдонга тушолмаганди. Бунисида эса нақ 3 йил четда қолди-я.

Мана, Европанинг кучли 5та миллий чемпионатлари футболчилари орасида энг кўп «дам олган» Сориано ўтган ҳафта «Севилья»га қарши кечган ўйин (2:2) тугашига 3 дақиқа қолганида майдонга қайтди ва сариқ карточка олишга ҳам улгурди. Ўйиндан сўнг клуб президентининг шахсан ўзи фахрий футболчини қучоқлаб, уни алоҳида табриклади, кийиниш хонасида эса ҳақиқий байрам кузатилди. «Тўғриси, ҳаттоки, нима дейишни ҳам билмайман, ахир узоқ вақт ўйнамадим, - деди Сорианонинг ўзи. - Бир неча уринишлардан кейинги қайтиш мен учун дарҳақиқат, жуда муҳим».

Сориано 16 ёшидан буён «Вильярреал» тизимида. Тўғри, футболчи аввалига ўз савиясини паст баҳолаб, атиги 2 минг аҳолиси бор жонажон қишлоғи - Артанга қайтган. Лекин клуб уни дарҳол чақириб олиб, «Вилья­рреал» ўринбосарлар жамоа­си сафига қўшган. Давоми оддий - асосий таркибдаги дебют, еврокубоклар, миллий жамоа ва сардорлик боғичи... «Вильярреал» Ла Лигадан тушиб кетган мавсум Сорианони «Валенсия»га чорлашган, аммо футболчи аниқ таклифни рад этди. Чунки у қадрдон клубига элитага қайтишда ёрдам беришни хоҳлади. Ёрдам берди ҳам. Дейлик, жиддий жароҳатга йўлиқишига қадар нақ 10 йил давомида ҳар мавсум камида 40та ўйинда иштирок этди. Укасининг айтишига қараганда, Бруно ўйнолмаган 3 йиллик даврда Сориа­нолар оиласида муҳит қайсидир даражада жаҳаннамга айланган. Ҳаттоки, яқинлари унинг олдида футбол ҳақида бир оғиз ҳам гап айтишмаган. Бруно ҳозир 36 ёшда. 30 июнь куни унинг «Вильярреал» билан амалдаги шартномаси муддати якунига етди. Энди нима бўлади - буни вақт кўрсатади...

-----------------------------------------

P.S.: Бруно Сориано «Вильярреал»­­нинг «Валенсия»га қарши кейинги ўйинида 65-дақиқада майдонга 

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz