Қайднома

Қидирув

Ҳасан САЛИХАМИЖИЧ: «ТАДБИРКОРЛИК ЯРАТУВЧАНЛИК ДЕМАКДИР»

Ҳасан САЛИХАМИЖИЧ: «ТАДБИРКОРЛИК ЯРАТУВЧАНЛИК ДЕМАКДИР»

  02.07.2020 05:01
  0
  513
Ҳасан САЛИХАМИЖИЧ: «ТАДБИРКОРЛИК ЯРАТУВЧАНЛИК ДЕМАКДИР»

Июль ойидан эътиборан «Бавария»нинг спорт бўйича бошқаруви аъзосига айланадиган Ҳасан Салихамижич пандемия юзага келтирган инқироз шароитида қандай йўл тутишни яхши билади. Мюнхен клуби тарихида ёрқин из қолдирган собиқ футболчи ўз интервьюсида шу ҳақда фикр юритди.

- Жаноб Салихамижич, коронавирус билан боғлиқ инқирознинг жаҳон футболига таъсири хусусида нима дея оласиз?

- Жамоатчилик, хусусан, футбол оламини нафақат олис, балки яқин келажакда ҳам жиддий синовлар кутиб турганини тахмин қилиш учун ортиқча билим талаб этилмайди. Аслида коронавирус таъсири бўлмаган вақтда ҳам жамоага раҳбарлик қилиш осон эмас. Энди умумий ҳолатдан келиб чиқиб, янада тезроқ ва чуқурроқ мулоҳаза юритишимиз лозим.

- Инқироз даври бошланишидан олдин халқаро трансферлар бозорида исрофгарчилик авжига чиққани расман тан олинганди. Энди шу соғлом фикрга мос тарзда иш тутилиши мумкинми?

- Дарҳақиқат, коронавирус тарқа­лиши арафасида футбол бозорида бемаънигарчиликлар жуда кўпа­йиб кетганди. Лекин ҳозир фақат «Бавария» мисолида гапиришим мумкин: клубимизнинг «олди-сотди»лар энг юқори нуқтага кўтарилган даврда ҳам ақл билан иш юритгани - айни ҳақиқат. Албатта, келажакда ҳам бу анъанага содиқ қоламиз. Демоқчиманки, футболга муносабатимиз, иқтисодий мезонимиз ва трансфер сиёсатимиз ўзгармайди. Ўйлайманки, инқироз ҳам ортиқча харажатлардан тийилишни тақозо этади.

- Кўплаб мутахассислар футболда бирдамлик анча кучайишини тахмин қилишмоқда. Бунга қўшиласизми?

- Зафарли ва муваффақиятли даврда иши юришмай қолганларни унутмаслик - «Бавария»га хос маданиятнинг бир қисми. Ҳамдардлик, ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш каби мезонларга ҳозирги мураккаб шароитда ҳам тўлиқ риоя қилишимиз керак. Айниқса, Европа ғояларига ҳурмат юзасидан. Инқироз барча учун жиддий синов эканлиги тайин. Муҳими, «Бавария» бундай синовга тайёр.

- Оливер Кан билан ҳамкорликдаги фаолиятингиз қандай ривожланмоқда?

- Рисоладагидек. Асосийси, биз бир-биримизга мутлақо ишонамиз ва бамаслаҳат иш юритамиз. Айтишим мумкинки, Оливер янги ролда ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Унинг таъкидлашича, ишчан муҳит бобида «Бавария» олдига тушадиган клуб йўқ. Вақтида биз майдонда бирга тер тўкиб, ЕЧЛ ғолибига айланганмиз. Энди раҳбарият ходими сифатида ҳам шоҳсупага кўтарилишни истаймиз. Оливер муваффақият қозонишимизга шубҳаланмаяпти, мен ҳам. Қисқаси, иккимизга мусобақалашиш руҳи ҳамнафас. Энди янги тарихимизни яратмоқчимиз.

- «Бавария» тизимида иш бошлашдан олдин айнан Кан билан бизнес соҳасига бош суқдингиз. Ана шу тажриба масъулиятни ўз зиммангизга олиш хислатингизга таъсир қилдими?

- Мавзуни тараққиётимизнинг муҳим босқичига буриб юбордингиз. Жамоатчилик бизни футболчи, қисман клуб элчилари сифатида танийди. Лекин ҳозирги фаолиятим учун энг керакли жиҳатларни шахсий компаниямни шакллантириш жараёнида ўргандим. Оливернинг фаолияти ҳам меникига ўхшаш. Яъни лойиҳалар ривожи, ходимларни бошқариш усулларини ўргандик, иқтисодий муаммолар масаласида озми-кўп тажриба тўпладик. Қисқаси, ажойиб мактабдан ўтдик. Тадбиркорлик яратувчанлик демакдир. У футбол ўйини эмас. Бу соҳада салгина шамолда учиб кетадиган эмас, арзийдиган нимадир яратиш лозим. «Бавария» узоқ йиллардан буён барқарор клуб ва Германия футболи байроқдори бўлиб келмоқда. Ана шу юксак нуфузни йўқотмаслик талаб этилади.

- 1 июлдан клубнинг спорт ишлари бўйича бошқаруви аъзосига айланасиз. Янги лавозимда қандай ўзгаришларга қўл урмоқчисиз?

- Спорт директори сифатида 3 йил фаолият юритган бўлсам, илк босқичда клуб тизими ва йўлга қўйилган ишлар билан танишдим. Кейин жараёнларни мукаммаллаштиришга киришдим. Вақт ўтиши билан масъулият ортиб борди: асосий ва ёшлар жамоалари, таркибни режалаштириш, мураббийлар штаби, скаутинг хизмати, трансферлар бозоридаги фаолият, ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил қилиш... Бошқарув аъзоси роли - шахсан мен учун шараф. Лекин зиммамдаги вазифалар унча ўзгармайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz