Хитой мезбонлик қилган Олимпиада-2008 саралаш босқичида терма жамоамиз таркибида Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, Садриддин Абдуллаев, Фарҳод Тожиев каби футболчилар ўйнаган бўлсаларда, мақсадга эришолмаганмиз. Ўзбекистон олимпия жамоаси бундан аввалги циклда саралашнинг ҳаттоки, гуруҳ босқичига чиқолмаганди. Яъни вакилларимиз Афина-2004 Олимпиадаси сари юришнинг илк довонида Эрон термаси билан тўқнашиб, икки ўйин натижасига кўра, 1:9 ҳисобида енгилишади. Хуллас, макмлакатнинг иккинчи рақамли жамоасини шакллантириш йўлида қилиниши зарур ишлар кўп эканлиги яққол кўринганди. Бир томондан қарасак, ўша пайтлар диққат марказида миллий жамоамиз турар ва бошқа ёш тоифасидаги термалар назардан бироз четда қоларди. Билсангиз керак, авваллари ОФКга ажратилган ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақаси йўлланмалари тақдири алоҳида саралаш турнири орқали ҳал қилинарди. Бунда олимпия терма жамоаларининг катта масофани босиб ўтишлари талаб этиларди. Рио-2016 Олимпиадасидан эътиборан эса, бизда ҳам йўлланмалар алоҳида қитъа чемпионати натижаларига қараб тақсимланмоқда. Бугун сиз билан эсга олмоқчи бўлганимиз - Пекин Олимпиадаси саралаш босқичи эса узун бир тарих. Демак, ушбу тарихнинг керакли ва асосий тафсилотларини ёдга оламиз.
****
Пекин-2008 саралашига киришган Ўзбекистон олимпия термаси ўзагини 1986-1987 йилларда туғилган футболчилар ташкил этишган. Бу йигитлардан тузилган терма жамоа пойдеворини Дилшод Нуралиев қўйган ва вакилларимиз унинг бошқарувида 2002 йили ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ярим финалга етиб боришганди. Ўша пайт ОФКга кичик мундиалнинг атиги 3та йўлланмаси ажратилгани туфайли ўсмирларимиз жаҳон аренасидан четда қолишганди. Кейинчалик Вадим Абрамов асосан ўша жамоа футболчиларидан олимпия термасини шакллантиради. Миллий жамоамизнинг бугунги бош мураббийи ўшанда бир вақтнинг ўзида чемпионатнинг ўртамиёна жамоаси «Трактор»да ҳам фаолият олиб борарди. Хуллас, у олимпия термасининг аксарият ўйинчиларини яқиндан биларди. Жумладан, Азиз Ибрагимов, Анзур Исмоилов, Вадим Афонин, Вагиз Галиулин, Азиз Тўхтабоев, Музаффар Умрзоқов каби йигитлар бевосита Вадим Карленович қўл остида шуғулланишган.
****
Умуман олганда, олимпия терма жамоаси таркиби келажак юлдузлари сифатида эътиборга тушган ва танилишга улгурган салоҳиятли футболчилардан тузилади. Таркибга эътибор қаратиб, ўзингиз хулоса чиқаринг: Азиз Ашуров, Анзур Исмоилов, Саҳоб Жўраев, Одил Аҳмедов, Шавкат Саломов, Жасур Ҳасанов, Вадим Афонин, Садриддин Абдуллаев, Фарҳод Тожиев, Шаҳбоз Эркинов, Азиз Ибрагимов, Азиз Ҳайдаров, Вагиз Галиулин... Айрим йигитлар ҳаттоки, Рауф Инилеев бошқарувидаги миллий жамоада ўзларини кўрсатишга, қолаверса, ўз клубларида муҳим футболчи мақомини олишга улгургандилар. Оддий айтганда, халқаро ўйинларда «пишиб етилаётган» авлод... Бежизга ўша вақт баъзи футболчилар миллий ва олимпия термаси ўртасида талаш бўлгани ҳақида гапирилмайди. Масалан, Анзур Исмоилов Осиё кубоги-2007дан олдин олимпия термаси йиғинига йўл олиши керак эди. Бироқ Асрор Алиқуловнинг кутилмаган жароҳати туфайли уни бош жамоага ўтказишади. Шу жойда савол туғилади: мураббийда танлов имконияти кам бўлганми ёки жамоа муайян футболчиларга боғланиб қолганди?
****
Тартиб-қоидага мувофиқ, рейтинг бўйича энг пастда турган жамоалар саралашдаги юришини биринчи раунддан бошлайди. Ўзбекистон олимпия термаси эса тўғридан-тўғри иккинчи раундга қўшилади. Вакилларимиз «F» гуруҳида Жанубий Корея, БАА ва Яман термалари билан «уй-сафар» тизимида ўйнаб чиқишади. Квартетда корейслардан бошқа барча рақибларни мағлубиятга учратган жамоамиз 2-ўрин орқали, кейинги, ҳал қилувчи босқичга йўл олади. Турнир регламентига асосан, якуний раундда 12та жамоа қуръа воситасида 3та гуруҳга бўлинади. Учинчи раундда фақат гуруҳлар ғолибига Пекин-2008 чиптаси тортиқ этиларди. Ҳамюртларимиз охирги босқичда «В» гуруҳида Сурия, Баҳрайн ва яна Жанубий Корея термалари билан йўлланма учун курашадилар.
****
Ж.Корея олимпия термаси гуруҳнинг яққол фаворити эди. Лекин маҳаллий ўлчамда юлдузли таркибга эга бизнинг жамоа ҳам чакки эмасди. Ҳар ҳолда, бир қатор йигитларимиз миллий жамоа даражасига чиқиб бўлишганди. Кучли таркиб билан ҳам турнирда деярли ҳеч нарса қилолмаганимиз барчани ажаблантиргани, шубҳасиз. Сафарда Жанубий Корея термаси билан дуранг натижа қайд этишга яқин турганимизда, ўйиннинг сўнгги қисмида қўйиб юборилган гол панд беради ва ортга аламли мағлубият билан қайтамиз - 1:2. Мазкур учрашувни автралиялик Бенжамин Уильямс бошқарганди. 2-турда даражаси ва савияси бизникидан паст, аммо жамоаларимизга доимо жиддий қаршилик кўрсатиб келган Сурия термаси юртимизда меҳмон бўлади. Баҳс одатдагидек Тошкент эмас, балки Самарқанддаги «Динамо» стадионида ўтказилганди. Ўйинда тўлиқ устунликка эришган футболчиларимиз мухлислар кўз ўнгида гол уролмайдилар ва нурсиз дуранг - 0:0. Бунга кўпчилик ҳаттоки, сенсация сифатида қараганди. 3-турда кузатилган томоша ҳаммасидан ўтиб тушганди. МҲСК стадионидаги ўйиннинг 29-дақиқасида Баҳрайн термаси ҳисобни очади, 86-дақиқада эса Садриддин Абдуллаев мувозанатни тиклайди. Афсуски, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар якунланиб бораётган бир паллада рақиб вакили ғалабани баҳрайнликлар томон оғдиради. Тушунарсиз ҳолат ва яна аламли мағлубият. 3та ўйинда атиги 1 очко олган термамизда Олимпиадага чиқиш имконияти ўз-ўзидан кескин пасайганди. Бироқ шунда ҳам, «Умид сўнгги паллада ўлади», дея ўзимизни юпатганмиз. Октябрь ойидан иккинчи давра ўйинларига старт берилади. Баҳрайн термаси билан жавоб учрашуви учун Манамага борган олимпиячиларимиз ортга 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтадилар. Шу аснода қолган икки учрашув қуруқ расмиятчилик мақомида ўтади. Якунда корейслар билан ўз майдонимизда муроса кўчасини танлаган бўлсак, сафарда Сурия термасига қарши учрашувда жанговар дуранг қайд этганмиз - 3:3. Шу ўйинда ҳам 3:2 ҳисобида олдинда бора туриб, сўнгги дақиқада гол қўйиб юборгандик. Диққат қилинг, ўша саралашда дарвозамизга урилган голларнинг кўпи охирги дақиқаларга тўғри келган. Бу ҳолат ҳозиргача давом этаётгани эса ачинарлидир. Дейлик, Лондон-2012 Олимпиадаси саралашида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз бериб, амирликлар оғзимиздаги ошни илиб кетишди. Хуллас, Абрамовнинг олимпия термалари билан илк юриши кўнгилдагидек чиқмаганди. Нима дердик, бу ҳам бир сабоқ ва ажабмас, энди миллий жамоамиз айнан Абрамов қўл остида жаҳон чемпионатига йўл очса...
Пекин-2008 саралашида Қайд этилган натижалар
Иккинчи раунд
Ўзбекистон - БАА - 2:1
Голлар: Нодир Қўзибоев (16), Марат Бикмаев (42) - Носир Ҳамис.
Яман - Ўзбекистон - 0:1
Гол: Азиз Ҳайдаров (46).
Жанубий Корея -
Ўзбекистон - 2:0
Голлар: Донг Вон (34, 85).
Ўзбекистон - Жанубий Корея - 0:1
Гол: Парк Жи Хон (75).
БАА - Ўзбекистон - 0:2
Голлар: Шавкат Саломов (37), Фарҳод Тожиев (49).
Ўзбекистон - Яман - 3:0
Голлар: Азиз Ибрагимов (56), Азиз Ҳайдаров (64), Музаффар Умрзоқов (81).
Учинчи раунд
Жанубий Корея -
Ўзбекистон - 2:1
Голлар: Ле Санг Хо (49, 79) - Ким Жин Кю (24-авт.).
Ўзбекистон - Сурия - 0:0
Ўзбекистон - Баҳрайн - 1:2
Голлар: Садриддин Абдуллаев (86) - Абдулла Умар (29), ал Банкий (90+2).
Баҳрайн - Ўзбекистон - 2:0
Голлар: Жейси Жон (45), Абдулла Умар (55).
Ўзбекистон - Жанубий Корея - 0:0
Сурия - Ўзбекистон - 3:3
Голлар: ал Ҳаж (42), Бакри Тарраб (44), Далли Ҳасан (86) - Фарҳод Тожиев (61-пен.), Вагиз Галиулин (63, 66).
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20