Le Parisien мухбири ва «ПСЖ» шифокори ўртасидаги суҳбатдан маълум бўлишича, пойтахт клубининг аргентиналик ҳужумкор футболчиси Анхель ди Мария жиддий муолажага муҳтож экан. У ниҳоятда чўзилиб кетган мажбурий танаффус таъсиридами, уйқусизлик ва руҳий тушкунлик ҳолатидан азоб чекмоқда. Бу борада футболчининг рафиқаси жамоа мураббийларига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи бир неча ҳафтадан буён синиқ кайфиятда юргани ва бундан ниҳоятда хавотирланаётганини маълум қилган...
Кўмир конидаги оғир иш, болаликда оч-юпун юриш ва жаҳон чемпионатида оғриқ қолдирувчи уколлар ёрдамида ўйнашга умид боғлаш... Кўринишидан, буларнинг барчаси Анхель руҳиятига салбий таъсир қилган, шекилли. «Агар бошқа болалар ҳаёти билан таққосласак, ўта ночор ҳолатда улғайдим, қашшоқлик даврини бошдан кечирдим. Оддий айтганда, энг паст қулайликларга ҳам эга бўлмаган даҳшатли муҳитда яшадик. Бизники Аргентинада келажакдан умид узган кўплаб оилалардан бири эди...», - дея хотирлаганди футболчининг ўзи ёшлигини. Анхель айниқса, 2 кун оралиғида ҳеч нарса емаганини эсдан чиқармайди. Чунки уйида ҳеч қандай егулик қолмаган экан. Умуман, Анхелнинг болаликдаги кун тартиби анча тиғиз бўлган:
1. Уйқудан туриб, мактабга бориш.
2. Кўмир конида отасига ёрдам бериш.
3. Машғулотларда қатнашиш (агар чарчаб қолмаса, дўстлари билан кўчада футбол ўйнарди).
Анхелнинг отаси кончи бўлиб, касбини ўзгартириш ниятида эмасди. Оила эса моддий жиҳатдан қийналиб, зўрға кун кўрар, доимо пулга муҳтожлик сезарди. Ди Мария 8 ёшидаёқ отаси ёнида ишлаш учун конга боради. Бироқ уни қабул қилишмайди. Болакай 10 ёшга тўлганида, отаси кўчки остида қолиб кетиши ҳеч гап эмасди, фақат мўъжиза туфайлигина фалокат юз бермайди. Анхель шу воқеадан кейин яна конга боради ва бу сафар ишга киради: «Кон ичида отам ёнидан бир қадам ҳам жилмасдим. Кун бўйи бирга ишлардик. Қисқаси, унинг қанчалик машаққат чекаётганини кўриб турардим. Шунга қарамай, янада яхшироқ ишлашга интилардик, иложи борича кўпроқ пул топишга уринардик. Албатта, бу осон эмасди. Шундай шароитда 2 кун ҳеч нарса емасдан ишлаганимиз - аччиқ хотира. Чунки нимадир сотиб олишга пулимиз йўқ эди. Ҳар ойнинг охирги кунлари оиламиз учун жиддий синов вақтига айланарди».
Энг асосийси, Анхель шундай машаққатга параллель равишда «Торито» ёшлар жамоаси сафидан жой олишга уринарди. Гарчи болалар жамоаси мураббийи кўпчилик ёнида унинг келажаги йўқлигини ошкора айтган бўлсада, йигитча танлаган йўлидан қайтмайди. Дарҳақиқат, «Торито» мураббийи - ди Мария фаолиятидаги мураккаб персонажлардан бири. У бир куни барча тарбияланувчиларни икки гуруҳга ажратади. Биринчисига фақат бақувват болалар, иккинчисига озғин ва нимжонларни киритади. Шўрлик Анхель эса умуман четда қолади. Камига унинг мураббийдан нохуш гаплар эшитишига тўғри келади: «Ҳой болакай, сенга нима керак? Тўғриси, минг уринсанг ҳам, рисоладагидек футболчи бўлолмайсан». Ди Мария ўша куни узоқ йиғлайди. Бироқ бу ҳақда онасига чурқ этмайди. Акс ҳолда, у ўша мураббийнинг адабини бериб қўйган, Анхель эса мактабдан кетган бўларди.
Ди Мариялар оиласи Росарионинг овлоқ ҳудудида истиқомат қиларди. Мактаб эса шаҳар марказида жойлашганди. Шу сабаб Анхель машғулотларга онаси билан қатнарди. Бундан ташқари, чақалоқ синглиси ҳам уларга ҳамроҳлик қиларди. Хуллас, Анхель, онаси ва синглиси билан ҳар куни 9 километр масофани велосипедда босиб ўтарди. Оила бошлиғи, кейинроқ мўъжазгина аравача ясаб, уни велосипед ёнига ўрнатиб беради. 2002 йилга келиб, ди Мария «Росарио Сентраль» клуби скаутлари эътиборини ўзига тортади. Бўлажак ҳужумкор ярим ҳимоячи аслида янги клубга ҳеч қандай тўсиқсиз (бепул) кетиши ҳам мумкин эди. Аммо Анхель «Торито» президентига ҳурмат-эҳтиромини намойиш этиш мақсадида «Росарио» вакилларидан 35 дона футбол тўпи беришларини сўрайди ва уларни совға сифатида жонажон мактабида қолдиради. Шу тариқа ди Мария «Росарио Сентраль» ихтиёрига йўл олади ва жамоа ёшлар таркибида 3 йил тўп сургач, отаси йигитча олдига 3та йўлдан бирини танлаш талабини қўяди: ишлаш, ўқиш учун университетга кириш ёки футболчиликни яна 1 йил давом эттириш. Анхель The Players Tribune вакилига бу борада шундай деганди: «Ўша заҳоти онажоним бор овози билан бақирди: «Футбол!» Биласизми, мўъжиза нима? Январь ойида отамдан шундай талабни эшитиш, декабрда эса асосий жамоада дебютни нишонлаш. Чин мўъжиза шу!»
Футболчи 2014 йилнинг 13 июлини ҳаётидаги энг мудҳиш кун сифатида тилга олади: «Ҳеч қачон бунчалик кучли ҳаяжонни бошдан кечирган эмасман. Агар иложи бўлганида, Бельгия термасига қарши кечган чорак финал учрашувидан кейин ундан қутулиш учун ҳар нарсага тайёр эдим. Биринчи бўлимдаёқ мушакларим чўзилиб, майдондан чиқиб кетдим. Ўша лаҳзада хаёлимдан нохуш фикр ўтди: «Эй Худоим, наҳотки, ЖЧ мен учун тугади?» Кейин физиотерапевтдан иккинчи «хушхабар»ни эшитдим: «Қадрдоним, афтидан, яқин кунларда майдонга қайтолмайсан, шекилли».
Муҳими, қаҳрамонимиз тушкунликка берилмай, машғулотларни давом эттиради. Яъни оғриқ қолдирувчи воситалар ёрдамида якка тартибда шуғулланади. Кейин мураббийлар билан жуда кўп гаплашиб, уларни ўйинга тайёр эканлигига ишонтирмоқчи бўлади. Аммо ҳеч ким қулоқ солмайди: футболчи Нидерландия термаси билан бўлган ярим финал баҳсида ҳам, немисларга қарши кечган ҳал қилувчи беллашувда ҳам иштирок этмайди. Финал учрашуви арафасидаги машғулотлар пайти Аргентина терма жамоаси шифокори Даниэль Мартинес футболчи ёнига келиб, «Реал» Хамес Родригесни деярли сотиб олганини маълум қилади. «Демак, мадридликлар менинг ўрнимни тўлдиришга улгуришди» - Анхель айнан шундай фикрлар оғушида ҳаётидаги энг муҳим учрашувга айланиши кутилган финалга йўл олади. Бироқ таркибдан яна четда қолади. «Учрашув бошланиши арафасида оғриқ қолдирувчи восита қабул қилдим. Танаффусдан кейин шу ишни яна такрорладим. Аммо бу уринишларим бесамар кетди. Фақат қўшимча бўлимлар арафасида укол олмадим. Чунки жамоамизда ўйинчи алмаштириш имконияти қолмаганди. Орзум саробга айланаётган лаҳзаларни захира ўриндиғида жимгина кузатишга мажбур эдим...», - дея хотирлаганди ди Мария ЖЧ-2014 финалини.
Аргентиналик футболчи орадан 2 ҳафта ўтгач, Мадридга қайтади ва илк бора Хамес билан учрашади. Яна 1 ойдан кейин эса «МЮ»га йўл олади. Тўғриси, ди Мария «МЮ»ни пул туфайли танлаганди, аммо тез орада бундан афсусланади. Ҳа, Манчестерда ишлари аввалига рисоладагидек кечади. Бироқ кейинчалик жароҳатга йўлиқиб, асосий таркибдан чиқиб қолади. Оқибатда бош мураббий Луи ван Гал билан муносабати бузилади ва якунда кўч-кўронини йиғиштириб, «ПСЖ»га равона бўлади. «Ўша мавсумни кўнгилдагидек ўтказолмаганим рост. Ёзда «ПСЖ»дан таклиф тушгач, дарҳол ижобий жавоб бердим. Биласизми, 1 йил аввал ҳам парижликлар алоқага чиқишган, аммо таклифга жиддий қарамагандим. Кейинчалик тушуниб етдим: «Реал»дан тўғри Парижга йўл олсам, яхши бўлар экан» - бу футболчининг клуб танлашда хато қилгани ҳақидаги хулосаси.
Анхель ди Мария «МЮ»дан кетгач, унинг турмуш ўртоғи клуб ва Англияни танқидий фикрлар билан «бомба» остида қолдира бошлади:
- «Юнайтед» катта маблағ ваъда қилди, «Реал» эса бизга ёлланма ишчи сифатида қаради. Ҳа, тўғри, биз ёлланма ишчимиз. Қандай эшитган бўлсангиз, шундай ёзаверинг: Англияга чиндан ҳам, фақат пул ишлаш илинжида боргандик.
- Манчестер - даҳшат, дунёдаги энг қолоқ шаҳар. Менга умуман ёқмади. Аёллари озғин, арвоҳга ўхшашади. Бундан ташқари, ясан-тусанга қаттиқ ружу қўйишган. Таомлари ҳам бемаза...
- Мураббий билан муаммо юзага келгунига қадар Анхелнинг ишлари жойида эди. Бироқ кейинчалик улар ҳафталаб гаплашмай қўйишди. Охир-оқибат, турмуш ўртоғим «МЮ»нинг асл мақсадини тушунолмай қолди.
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20