Қайднома

Қидирув

Даврон ФАЙЗИЕВ: «ТИББИЁТ - ҲАЁТИМНИНГ АЖРАЛМАС БЎЛАГИ»

Даврон ФАЙЗИЕВ: «ТИББИЁТ - ҲАЁТИМНИНГ АЖРАЛМАС БЎЛАГИ»

  05.07.2020 01:21
  0
  243
Даврон ФАЙЗИЕВ: «ТИББИЁТ - ҲАЁТИМНИНГ АЖРАЛМАС БЎЛАГИ»

Бугунги суҳбатдошимиз 90 дақиқа давомида футбол ўйинини шарҳ­лаб, завқ­ланадиган, ўз ишига бор меҳр-муҳаббатини берадиган, тиниб-тинчимас ва ғайратли ижодкор. Футболга нисбатан кучли муҳаббат уни ўз касбининг барча сир-асрорларини ўрганишга ундаган, қи­йинчиликларни енгиб ўтишида ёрдам берган. Бу асло муболаға эмас. Даврон ўйин равишини яхши тушунади, футболчиларни яхши танийди. Қисқаси, у шарҳловчилик касбининг чин устаси. Халқ меҳрини қозонган шарҳловчи суҳбат давомида иш фаолиятига тўхталиш баробарида нафақат футбол, балки тиббиёт ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«ШАРҲЛОВЧИ ҲАМ - ФУТБОЛ ВАКИЛИ»

— Даврон, болалик чоғлари нималарни орзу қилгансиз? Спорт билан ошно тутинишингизга айнан нима туртки берган? Назаримизда, спортга чинакамига меҳр қўймаган инсон шарҳловчилик қилолмаса керак...

— Болалик йиллари кўплаб тенгдошларим қатори кўча чангитиб, роса тўп тепганман. Шу тариқа дилимда футболга меҳр уйғонган ва профессионал даражада ўйнаш орзуси туғилган. Лекин футболчи бўлиш учун орзунинг ўзи камлик қилар экан. Бунинг учун Яратган томонидан берилган ўзига яраша иқтидор ҳам керак. Муҳими, гарчи болалик орзумдан воз кечган бўлсам-да, унга қисман эришдим, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, футбол шарҳловчиси ҳам шу соҳа вакили ҳисобланади. Битта фарқи шуки, майдонга тушиб, тўп тепмайман.

— Кўп йиллар мобайнида «Ёшлар» телеканали «Давр» информацион дастурининг бошловчиси сифатида ишлагансиз, бир қатор муаллифлик кўрсатувлари тайёрлагансиз. Буларнинг касбий маҳоратингиз ошишида қўл келгани аниқ. Сизнингча, айнан қайси кўрсатувингиз телетомошабинларнинг кенг олқишига сазовор бўлган?

— «Ринг қироллари» кўрсатуви энг кўп томошабин тўплаган ва мухлислар томонидан яхши қабул қилинган. Боксга бағишланган бу кўрсатувда турли жангларни бериб, уларни таҳлил қилардик. Шахсан ўзим учун фаолиятимда катта мактаб вазифасини бажаргани эса, «Давр» информацион дастури. Унда эфирда ўзимни қандай тутишдан бошлаб, матн ёзиш, овоз устида ишлаш — барча-барчасини ўрганганман. Шунинг учун «Ёшлар» телеканали ва «Давр» мен учун жуда қадрли бўлиб қолган. Хуллас, бу дастур мен учун трамплин вазифасини ўтаган.

— «Спорт» телеканалида ҳамкасбларингиз орзу қилган футбол, бокс, «Формула-1» ўйинларини шарҳлагансиз. 2012 йили эса сизга Лондонда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларини шарҳлаш насиб этди. Бу ҳақда илк марта айтишганида, юрагингиздан қандай ўйлар ўтган?

— Ҳаммасига босқичма-босқич қадам ташладим. Олимпиада — спортнинг энг юқори чўққиси. Лекин футбол бўйича жаҳон ва Европа чемпионатлари, ЕЧЛ аудиторияси, яъни телетомошабини Олимпиаданикидан кўп. Рейтинги ҳам юқори. Олимпиадагача аста-секин ўргандим, мусобақалар даражаси ҳам ошиб борди. Умуман, мен учун чўққи — бу Олимпиада эмас, аксинча, Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралашидаги ўйинлари. Айнан шундай ўйинлардаги шарҳларни фаолиятимдаги энг мароқли жараён сифатида кўрсатаман.

— Янглишмасак, она тилимиздан ташқари, рус ва инглиз тилларини ҳам мукаммал биласиз. Буларни келгуси фаолиятингизда қўл келишини билганингиз учун яхши ўрганганмисиз ёки бошқа сабаблари ҳам бор?

— Аввало айтишим керак, инглиз тилини у қадар мукаммал даражада билмайман. Назаримда, инсон бошқа тилларни она тилидек тўлиқ ўрганолмайди. Болалигимда боғчанинг рус тили гуруҳига қатнаганман. Ўзбек ва рус тилларида ёзиш даражам бир хил. Русчада эркин, ҳеч қандай тутилишсиз суҳбатлаша оламан. Зарурат туғилса, эфирда ҳам рус тилида гапираман, фақат озгина қийналаман. Чунки бу мен фикрлайдиган тил эмас. Иш жараёнида эса, таржима асосида мулоқотга киришаман. Инглиз тилида ҳам худди шундай. Мисол учун, шарҳларимни кузатган мухлислар буни сезишмайди, фақат ўзим ҳис этаман. Мукаммалликка эришиш учун ҳали ўз устимда кўп ишлашим керак, албатта.

Инглизчани ўрганишимга эса кўпчиликнинг бу борадаги фикри туртки бўлган. Бундан 8-9 йил муқаддам Нью-Делига ўқиш учун борганимда, дарслар инглиз тилида ўтилди. Бу ҳам инглиз тили бўйича билимим ошишига хизмат қилди, албатта.

 

«ЖАРОҲАТ — СПОРТНИНГ АЖРАЛМАС БИР ҚИСМИ»

— Футбол саломатлик учун қай даражада муҳим? Ўзингиз қайси спорт тури билан шуғулланасиз?

— Футбол инсон организми учун 100 фоиз фойдали, дейиш мумкин. Жароҳат етказувчи баъзи спорт турлари бор. Масалан, боксда бошга зарба қабул қилиш мумкин ва спортчи бунга жисмонан тўлиқ тайёр бўлмаса, кейинги ҳаётига таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Жанговар спорт турларида жароҳатланиш хавфи кўпроқ. Лекин жароҳат — спортнинг ажралмас бир қисми. Муҳими, футбол билан тўғри шуғулланилса, спортчи жиддий жароҳатга йўлиқмайди ва бу ўйин унга тўлалигича завқ бағишлайди. Майдонда тўп тепаётган футболчи роҳатланиши керак. Агар ўйиндан роҳатланмаса, у ҳақиқий футболчи эмас. Асосийси, футбол воситасида жисмонан етукликка эришиш мумкин. Чунки майдонда югурасиз. Югуриш эса энг фойдали спорт туридир. Ҳар қандай спорт билан шуғулланувчилар югуришади. Футболнинг асоси эса - югуриш.

— Болаларни неча ёшдан футбол тўгарагига берган маъқул?

— Агар жиддий шуғулланадиган бўлса, 8 ёшдан яхши мураббийга топширган маъқул. Шунчаки, тўп ортидан югуриш учун эса 5 ёшдан борса ҳам бўлади.

— Энди саломатлик сирларингиз билан ўртоқлашсангиз. Шифохона - бу иборани эшитгач, қайси воқеа ёки шифокор кўз олдингизга келади?

— Очиғини айтсам, тиббиёт — ҳаётимнинг ажралмас бўлаги. Чунки онам — шифокор. 40 йилдан ошдики, кардио­лог бўлиб ишлаб келмоқда. Тиббиёт ҳақидаги янгиликларни айнан онамдан эшитаман. Соғлик нуқтаи назаридан қийин вазиятларга ҳам тушганман. Маълум муддат бетоб бўлганман, ҳаттоки, жарроҳлик столига ҳам ётганман. «Шифохона» сўзини эшитсам, айнан 3 соатлик жарроҳлик амалиётидан кейин жуда қийналган ҳолатим ёдимга тушади.

— Соғлом турмуш тарзига риоя этишда нималарга эътиборлисиз?

— Пиёда юришга ҳаракат қиламан. Чунки касбий фаолиятим бир жойда ўтириб ишлашни тақозо этади. Шунинг учун имкон туғилиши билан пиёда юришга интиламан. Ахир ҳар бир инсоннинг кунига 10 минг қадам босиши меъёр ҳисобланади.

— Чарчоқ, стресс, уйқусизликда сизга қайси юмуш кўпроқ ёрдам беради?

— Афсуски, ҳеч нарса ёрдам бермайди. Чунки менда уйқу тартиби йўқ. Уйқу келтирувчи, тинчлантирувчи дорилар ичишни бошласангиз, уларга бир умр боғланиб қоласиз. Шуларни назарда тутсак, чарчоқни шунчаки, мустақил равишда енгиб ўтиш керак. Бу борадаги хулосам шу. Вақтида дори ичиб ухлашга ҳаракат қилиб кўрганман. Лекин кечаси бир амаллаб ухлаб олсам, кундузи уйқусираб юрардим. Бу менга тўғри келмас экан. Умуман, уқусизлик ва стрессни енгишнинг энг тўғри йўли - кундузи ҳам бир муддат мизғиб олиш.

— Таомланишда қайси фойдали одатларга риоя этасиз?

— Фойдали одатлар деганда, спиртли ва газли ичимликлардан тийилиш ҳамда сигарета чекмасликни тушунаман. Асло спиртли ичимлик ичмайман, сигарета ҳам чекмайман. Бироқ соғлом овқатланишга ҳар доим ҳам амал қилолмайман. Тўғри, кунига вақтида бўлмаса-да, уч маҳал таомланишга ҳаракат қиламан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz