200 йиллик юбилейига тобора яқинлашиб бораётган футбол ҳамон тинимсиз ривожланиш жараёнида. Миллионлар ўйини аллақачон сайёрамиздаги 1-рақамли спорт мақомига эришиб улгурди. Янги-янги қоидалар унинг такомиллашувини таъминлади, жозибасини фақат оширди. Дейлик, ўйиндан кейин рақиб билан форма алмашиш ҳам футболнинг чиройли одати - қадриятларидан бирига айланди. Қизиқ, бу удум қандай юзага келган?
Ғалабадан туғилган ташаббус
Барчаси олис 1931 йили бошланган. Францияда жойлашган «Коломб» стадиони, 30000 мухлис ва муҳим ғалаба. Франция миллий жамоаси шу оқшом расмий учрашувлар ҳисобидан Англия термасини илк бора маҳв этганди - 5:2. Ўйиндан сўнг мезбонлар инглизлардан ўз футболкаларини эсдалик учун қолдиришларини илтимос қилишади. Шу тариқа футболга ўйиндан кейин рақиб билан форма алмашиш одати кириб келади. Эътиборли томони, ВВС маълумотларига кўра, французлар 1923-1931 йиллар оралиғида инглизларга нақ 6 марта ютқазишганди. Бу учрашувларнинг умумий ҳисоби шунчаки, даҳшат - 25:6. Тўғри, французлар ушбу омадсиз сериядан аввал ҳам англияликлар билан 8 марта куч синашишган, ҳаттоки, бир бора ғалаба нашидасини суришган, аммо бу ўйинлар инглизлар учун расмий мақомга эга эмасди. Айтганча, францияликлар 1931 йилдан кейинги ғалабани ҳам узоқ кутишади. Улар фақат 1955 йилдагина инглизларни яна бир бора мағлубиятга учратишади. Муҳими, бу вақтга қадар футболка алмашиш анъанаси анча мустаҳкамланган эди. Умуман, бу гўзал удум айнан Франция - Англия қарама-қаршилигида пайдо бўлганини УЕФА расмий сайтидан ташқари, The New York Times газетаси ҳам тасдиқлаган. Муҳим қўшимча: ЖЧ-54 турнирида барча жамоалар вакиллари учрашувлардан сўнг рақиблари билан либосларини алмаштиришган.
Ҳурмат белгиси ва коллекция тўплаш воситаси
Ҳа, ҳозирга келиб, футболка алмашиш рақибга ҳурмат белгиси ва коллекция тўплаш усулига айланди. Умуман, йиллар давомида бу удум ҳамма учун тушунарли олижаноблик белгиси бўлиб қолди. Эндиликда футболчи истаган рақибидан ўйинчилик либосини сўраб олиши мумкин. Бунга минглаб мисоллар келтириш мумкин:
- Серхио Рамос доимо «Милан» афсонаси Паоло Мальдини футболкасига эга бўлишни орзу қилган. Чунончи, «Реал» сардори Паолони чинакам кумир ўрнида кўрарди. Диққатга сазовор томони, Мальдини ўз навбатида, айнан Серхиони футболдаги ҳақиқий вориси сифатида эътироф этганди. Кейинчалик яқин ўтмиш ва ҳозирги куннинг икки забардаст ҳимоячиси ТВда бирга интервью беришди ва дастур якунида ўзаро футболка ҳамда дастхат алмашишди.
- УЕФА Евро-2012 старти арафасида «Ҳурмат» ижтимоий роликини намойиш этди. Бир-бирини, мухлисларни, ҳаттоки, рақибларни ҳам қадрлаш, ҳурмат қилиш каби муҳим масалалар илгари сурилган видеороликка айнан футболка алмашиш удуми ғоя берганди. Роликда Карим Бензема, Кларенс Зеедорф, Петер Шмейхель, Винни Жонс, Пьерлуижи Коллина ва Оттмар Хитцфельд каби афсоналар иштирок этишди.
- Лионель Мессининг айтишича, у фаолияти давомида атиги бир марта бошқа футболчидан либос алмашишни сўраган экан. У кимлигини биласизми? Зайниддин Зидан! Ҳа, Лео ҳам «Реал»нинг амалдаги бош мураббийини вақтида ўз кумири сифатида эъзозларди. Эндиликда деярли барча футболчилар Мессидан футболка олишни хоҳлашади. Муҳими, аргентиналик юлдуз бу маънодаги илтимосни ҳеч қачон рад этмайди, аммо ўзи сира ташаббус кўрсатмайди. Тўғри, Лео ҳар қандай касбдоши либосини авайлаб асрайди. Унинг коллекциясидан ҳаттоки, «Рубин»да тўп сурган Алехандро Домингес футболкаси ҳам жой олган.
- Мураббий Лучано Спаллетти ўзи бошқарган жамоалар ва иштирок этган турнирларда қатнашган футболчилар либосларини йиғади. Мураббийнинг катта коллекциясида дейлик, Халк («Зенит»), Виллиан («Анжи»), Лоренцо Инсинье («Наполи») ва Патрис Эвра («МЮ») каби юлдузлар формаларини кўриш мумкин.
- Баъзан футболка алмашиш уйдирма можароларга йўл очади. Мисол учун, Евро-2016да шундай воқеа кузатилди. Португалия - Исландия (1:1) учрашувидан кейин исландиялик Арон Гуннарссон майдондаги бош юлдуз Криштиану Роналдуга яқинлашиб, либос алмаштиришни таклиф этди. Криштиану эса удумни кийиниш хонасида амалга оширишини маълум қилди. Хорижлик касбдошларимиз буни раддия сифатида баҳолаб, можаро келтириб чиқаришди. Кейинчалик Гуннарссоннинг ўзи матбуотдаги уйдирмалардан чарчаганини билдирди.
- Баъзан олижаноблик белгисига айланган анъанани амалга оширмаслик ўринли бўлиб қолади. Дейлик, Европа ЧЛнинг Истанбулдаги мўъжизавий финали танаффусида «Милан» футболчилари асосий форма остида чемпионлик либосларини кийиб олишади. Бироқ иккинчи бўлимда уларнинг 3та голга тенг устунликлари йўққа чиқади, пенальтилар серияси эса «Ливерпуль» фойдасига ҳал бўлади. Ўйин ниҳоясига етганидан кейин «россонерлар» шарманда бўлмаслик учун либос алмашиш таклифини қатъиян рад этишган.
БошҚа спорт турларига таъсир
Футболга хос анъана бошқа спорт турларига ҳам ўтиб бормоқда, дейлик, курашчилар хайрия мақсадида либос алмашадилар. Баъзан эса футболчилар бошқа спорт тури юлдузлари билан «бартер» қилишни хоҳлаб қоладилар.
- Александр Овечкин Бразилия - Сальвадор учрашувига ташриф буюрганида, Неймар унга дастхати туширилган бутса ва тўп совға қилди. Россиялик хоккей афсонаси эса футбол юлдузига «Вашингтон» либосини тортиқ этди.
- Ҳабиб Нурмагомедов ва Жастин Порье UFC жангини ажойиб хайрия билан якунладилар. Порье - хусусий жамғармага эга спортчи. Жанг Ҳабиб фойдасига ҳал бўлгач, Порье ҳурмат нуқтаи назаридан ўз футболкасини рақибига совға қилди. Аввалига бу анъанавий эҳтиром белгиси сифатида кўрилди. Кейинчалик Ҳабиб футболкани аукционда 100 000 еврога сотди ва маблағни Порье жамғармасига ўтказиб берди.
- Баскетболчи Дуэйн Уэйд МБАдаги сўнгги мавсумида ўзига хос мини-шоу намойиш этди. У фаолияти давомида барча учрашувлар ниҳоясида қайсидир юлдуз билан либос алмаштирар ва одатда бу удум видеотасвирга тушириларди. Хуллас, Уэйд кейинчалик шу асосда алоҳида видеоролик тайёрлади. Ҳа, баскетболда майка алмаштириш орқали ўйинчилар ўз фаолиятлари тарихини сақлаб қоладилар. Уэйд билан юз берган воқеада энг сара юлдузларнинг майкалари ортида ҳикоялар яширинганди...
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20