Қайднома

Қидирув

Луиш Фигу афсусланмайди асло...

Луиш Фигу афсусланмайди асло...

  06.07.2020 01:18
  0
  468
Луиш Фигу афсусланмайди асло...

Португалия футболининг Криштиану Роналдудан олдинги бош юлдузи Луиш Фигу вақтида «Барселона»дан «Реал» сафига кўчиб ўтиб, трансферлар бозорини «портлатиш» баробарида (мадридликлар ярим ҳимоячи учун 60 млн. евро тўлашган) бутун Каталония нафратини «сотиб олганди». У яқинда яна бир бора ўша оламшумул трансфери тафсилотларига тўхталиб, «Қироллик клуби» сафини тўлдиришга розилик берганидан асло афсусланмаганини қайта-қайта таъкидлади. Бинобарин, Фигу корчалон Флорентино Перес лойиҳаси - «Галактикос» учун дастлабки қалдирғоч бўлганди.

Мадрид сари йўл

- Менимча, ўша даврда азалий рақиб таркибига қўшилиш ҳозиргига нисбатан анча қалтис эди. Лекин футболда имконсиз ишнинг ўзи йўқ. 20 йил аввал бир футболчи учун 60 миллион евро сарфлаш мумкинлиги ақлга ҳам сиғмасди. «Барселона» мени айнан «Реал» сафига қўшилган Микаэль Лаудруп ўрнини тўлдириш учун харид қилганини кўпчилик билмаса керак. Вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгаради. Ҳақиқат шуки, клублар ўйинчилар товон пулини кўтариш орқали уларни кўпроқ ушлаб қолишга уринадилар. Аммо мақсадга эришиш йўлида ҳеч нарсани аямайдиган дангалчи харидорларда доимо имконият бўлади. Очиғини айтганда, мен учун 60 млн. евродан воз кечишларига ўзим ҳам ишонмагандим.

Тўнғиз калласи

- Ўша учрашув алоҳида аҳамият касб этишини яхши билардим. Лекин нафрат шу даражада кучли эканлигини ҳеч ким тахмин ҳам қилмаганди. Албатта, матбуот вакиллари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, вазиятни кескинлаштириш учун бор имкониятларини ишга солишди. Бироқ уларни айблашга асос йўқ - ҳар ким ўзига маъқул услубда иш юритади.

Роналдунинг «Ювентус»га кетиши

- Криштиану «Реал»га, жамоа эса ўз навбатида, унга буюклик мартабасини инъом этди. Ҳамюртимни барча жамоа­лар ўз таркибида кўришни орзу қилади. Чунки у - сермаҳсуллик тимсоли. Бу эса футболдаги энг муҳим жиҳат ҳисобланади. Биламизки, Криштиану - гол машинаси.

Энг буюк жамоадоши

- 20 йил давомида ўз даврининг энг ёрқин юлдузлари саналган бразилиялик футболчилар билан ёнма-ён тўп суриш шарафига муяссар бўлдим. Жумладан, Ривалдо, Роналдо, Роберто Карлос, Адриано, Жованни... «Барселона»да ҳам, «Реал»да ҳам энг чуқур таассурот қолдирган ўйинчи - бу Роналдо, албатта. Дейлик, у «Барселона»да жароҳатлардан холи дамлар ўз маҳоратини тўла-тўкис намойиш этди. Роналдога керакли натижани таъминлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмасди. Айнан шу хусусия­ти уни бошқа юлдузлардан ажратиб турарди.

«Мадрид»га ўтиши сабаби

- Бу ўз ихтиёрим билан қабул қилган шахсий қарорим. Хуллас, шу йўлни мустақил танладим ва бундан фақат мамнунман. Афсусланиш йўқ асло.

Вандерлей Лушембурго билан муносабати

- Аввалига ўзаро ҳамкорлигимиз рисоладагидек кечди - устоз ва шогирд ўртасидаги илиқ муносабат. Бироқ вақт ўтиши билан ўртага совуқлик тушди ва охир-оқибат, «Реал»­дан кетишга мажбур бўлдим. Бунинг асосий сабаби - бош мураббийнинг қарори ва етарли ўйин амалиётисиз қолганим. Аслида ҳамкорлигимиз футболга алоқаси йўқ жиҳатлар туфайли якунланди. Қисқаси, биз ўзаро тил топишолмай қолдик.

Жорже Жезуш фаолияти

- У мен биладиган мураббийлар орасида энг кўп ҳурматга лойиқ инсон. Жезуш нафақат Португалия, балки ўзи ишлаган барча мамлакатларда футбол равнақига сезиларли ҳисса қўшди. Афсуски, менга шундай малакали мураббийдан сабоқ олиш бахти насиб этмади. Жорже - топ-мураббий. Мана, у ўз салоҳиятини «Фламенго» бошқарувида ҳам тўлиқ намойиш этди. Бразилия футболидаги мислсиз рақобат шароитида юксак натижаларга эришиш осон эмас, ҳар ҳолда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz