Қайднома

Қидирув

Статистика: Ким энг кучли

Статистика: Ким энг кучли

  06.07.2020 03:13
  0
  395
Статистика: Ким энг кучли

ПЕНАЛЬТИ МАВЗУСИ - ОХИРГИ 10 ЙИЛЛИК СТАТИСТИКАСИ. Кўпчилик 11 метрли жарима зарбасини одатда лотереяга қиёслайди, айримлар учун эса бу 99 фоизли гол... Футболни пенальтисиз тасаввур қилиб бўлмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Championat.com сайти илтимосига кўра, transfermarkt.ru таҳлилчилари охирги 10 йилликда энг кучли пенальти тепувчилар сифатида кўзга ташланган футболчилар рўйхатини тузиб чиқишди ва омма ҳукмига ҳавола этишди.

Марчин РОБАК (Польша)

Жами пенальтилар сони: 49та

Самарасиз уринишлар сони: 4та

Элит рўйхатга тушган энг кутилмаган исм-шариф. 37 ёшли Робак айни пайт Польша чемпионати 3-лигаси иштирокчиси «Видзев» таркибида тўп сурмоқда. Умуман, бу футболчининг фаолияти мақтайдиган даражада эмас: 2011 йили Туркиянинг «Коньяспор» клубига йўл олган Марчин атиги 2 мавсумдан кейин ватанига қайтди ва шу-шу маҳаллий жамоалар шарафини ҳимоя қилмоқда. Фахрий ўйинчи ҳозирги жамоасида ҳам штатли пенальтичи ҳисобланади. Умумий статистикага қарасак, у охирги 10 йил давомида «нуқта»га жами 49 марта яқинлашиб, атиги 4та уринишда дарвозани иш­ғол қилолмаган.

Қизиқарли факт: Марчин жорий мавсум 19та гол урди. Шундан 11таси айнан пенальтилар самарасидир.

 

Эден АЗАР (Бельгия)

Жами пенальтилар сони: 52та

Самарасиз уринишлар сони: 6та

Азарнинг «нуқта»дан йўллайдиган зарбалари - дарвозабонлар учун чинакам жумбоқ. У бунда сира шошмайди ва югураётган ҳолатида дарвозабон ҳаракатини кузатиб, тўпни қарама-қарши бурчакка йўллайди. Бу ижро услубини Англия терма жамоаси собиқ вакили Мэттью Ле Тиссье кашф қилганди. Эътиборлиси, у эндиликда Эденнинг зарбаларини мароқ билан кузатади: «Пенальтини шу услубда амалга ошириш учун футболчи қатъий ишонч­га эга бўлиши керак. Азар айнан шундай ўйинчилар сирасидан. У тўпни дарвозабон ҳаракатлана бошлаганидан кейингина тепади. Бу ажо­йиб усул. Эден ўзига шу қадар ишонадики, тўпга умуман қарамайди». «Нуқта»дан зарба йўллашни «Лилл»даёқ бошлаган бельгиялик футболчи бу ишини «Челси»да ҳам давом эттирди. Дарвоқе, у Франция ва Англия чемпио­натларида қаторасига 24та пенальтидан самарали фойдаланган эди. Бу серия 2015 йилнинг 3 май оқшоми узилиб қолди. Ўшанда Азар «Кристал Пэлас» дарвозабонини доғда қолдиролмади.

Қизиқарли факт: Азарохирги 10 йил ичида 46та уринишда гол урди ва атиги 6та ҳолатда ярим ҳимоячининг техникаси иш бермади.

 

Эран ЗАХАВИ (Исроил)

Жами пенальтилар сони: 54та

Самарасиз уринишлар сони: 8та

«Локомотив» бош директори Василий Кикнадзенинг айтишича, Эран қишки трансферлар даврида «темирйўлчилар» сафига қўшилиши мумкин эди. Қизиқишнинг боиси нима? Исроиллик 32 ёшли тўпурар сўнгги йилни ўта сермаҳсул ўтказди. Мисол учун, Евро-2020 саралаш турнири тўпурарлари рўйхатида кимсан Криштиану Роналду билан бирга 2- ўриндан жой олди. Хитой миллий чемпионатида эса 29та гол уриб, энг яхши тўпурар мақомига эришди.

Қизиқарли факт: Захави охирги вақтларда «нуқта»га нисбатан камроқ яқинлашди. Лекин 2 йилча олдин ҳар мавсум 10-14та пенальтини голга айлантирарди. Ана шу кўрсаткичи унга рўйхатнинг юқори қисмидан жой ҳозирлади.

Роберт ЛЕВАНДОВСКИ (Польша)

Жами пенальтилар сони: 52та

Самарасиз уринишлар сони: 5та

Леваголга хос пенальти тепиш услуби: ҳужумчи дарвозабонни диққат билан кузатиб, вазиятга баҳо беради ва сўнгги сонияда зарбанинг кучи ва йўналиши хусусида бир тўхтамга келади. Бунда у аввалига дарвоза чизиғига параллель равишда ҳаракатланади, тана оғирлигини зарба берадиган оёғига оғдиради ва дарвозабонга бирров назар ташлайди. Шунга асосан, рақибнинг қайси оёғи ердан кўтарилишига қараб, йўналишни белгилайди. Бордию, Роберт дарвозабон ҳаракати ҳақида зарур маълумот ололмаса, тўпга қарамай, ички туйғусига ишонган ҳолда узоқ бурчакни нишонга олади.

Қизиқарли факт: Левандовски пенальтилар бобида ўзига хос рекорд соҳиби - у 29та самарали зарбадан иборат серия муаллифи. Ушбу ажо­йиб кўрсаткичи 2018 йилнинг 10 март куни узилиб қолди. Ўшанда «Бавария» голеадори Бундеслига доирасида «Гамбург»га қарши кечган баҳсда «нуқта»дан гол уролмади. Умуман олганда, поляк охирги 10 йилда пенальтидан 47та марта фойдаланиб, 5 бора омадсизликка юз тутди.

 

НЕЙМАР (Бразилия)

Жами пенальтилар сони: 60та

Самарасиз уринишлар сони: 13та

Айнан пенальти тепишга нисбатан кучли иштиёқ вақтида Неймарнинг «ПСЖ»дан кетишига сабаб бўлишига сал қолганди. Воқеа 2017 йили юз берган: Франция чемпионатидан ўрин олган «Лион»га қарши беллашув охирида ҳакам «тўқувчилар» дарворзаси томон пенальти белгилагач, Неймар ва Кавани уни ким амалга ошириши борасида тортишиб қолишди. Аниқроғи, уругвайлик ҳужумчи зарба беришга чоғланган паллада Неймар бу ҳуқуққа эга бўлишни истади. Лекин Кавани кўнмади ва якунда ўзи зарба йўллаб, гол уролмади. Шу можародан кейин Неймар Париж клубидан кетишга отланди. Тўғри, тез орада бу аҳдидан қайтди.

Қизиқарли факт: Неймар - Кавани можаросидан кўп ўтмай, бразилиялик футболчи ЧЛ доирасидаги баҳсда пенальти тепиш  ҳуқуқини айнан уругвайлик жамоадошига тортиқ этди.

 

Эдинсон КАВАНИ (Уругвай)

Жами пенальтилар сони: 65та

Самарасиз уринишлар сони: 13та

«ПСЖ» соҳиби Носир ал Хелайфи ўша машҳур можародан кейин Каванига 1 млн. евро миқдорида бонус ваъда қилиб, пенальти тепиш ҳуқуқини Неймарга беришини сўради. Бироқ уругвайлик ҳужумчи Парижда 5 йилдан буён тўп сураётгани ва жамоада 3-рақамли сардор эканлигини рўкач қилиб, таклифни рад этди.

Қизиқарли факт: Кавани ва Неймар эндиликда 11 метрли зарбани навбатма-навбат ижро қилмоқдалар. Ҳозирда уругвайликнинг натижаси бироз яхши, аммо улар бой берилган имкониятлар бобида тенг кўрсаткичга эгалар.

 

ХАЛК (Бразилия)

Жами пенальтилар сони: 76та

Самарасиз уринишлар сони: 14та

Бразилиялик тўпурар пенальти тепиш масаласида асосан зарба кучига урғу беради. У гўё тўп билан дарвоза тўрини тешиб юборишни мўлжаллагандек таассурот уйғотади. Аммо куч ҳар доим сифатга мос келавермайди. Масалан, Халк «Зенит»даги қисқа фао­лияти давомида нақ 6та пенальтини кўкка совурганди. Ана шу хатоларининг 5таси оқибатида эса Россия Премьер-лигаси етакчиси қимматли очколардан маҳрум бўлган.

Қизиқарли факт: Халк - ҳазил-мутойибани хуш кўрадиган футболчи. У «Зенит»нинг Қатардаги йиғини чоғи Юрий Лодигин дарвозасини айёрона тарзда ишғол қилганди. Яъни тўпни тепадигандек югуриб келади, лекин дарвоза томон бутсаси учиб кетади. Дарвозабон бурчакка сакраганидан кейин эса ҳужумчи тўпни оҳиста қарама-қарши бурчакка ташлаб қўйганди.

 

Златан ИБРАГИМОВИЧ (Швеция)

Жами пенальтилар сони: 75та

Самарасиз уринишлар сони: 10та

Златан ёрқин ва сермаҳсул фаолия­ти давомида футбол ихлосмандларига кўплаб шедевр голлар тортиқ этди. Ибра «Лос-Анжелес Гэлэкси» билан шартнома тузгач, кўпчилик уни нафақага чиқишга ҳозирлик кўраётганини тахмин қилди. Бироқ швециялик афсона АҚШда 2 йил ичида 54та гол уриб, яна еврофутболга қайтди. Ибрагимовичнинг ҳаттоки, «нуқта»дан йўллайдиган зарбалари ҳам ҳужумчиларга намуна даражасида нафис чиқади...

Қизиқарли факт: Лионель Месси 1та мавсумдаги голлар сони бўйича афсонавий Герд Мюллердан ўзиб кетганида, Ибра бунга ўзига хос тарзда муносабат билдирганди: «Агар ҳакамлар «Барселона»га берган даражада кўп пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлганимда, голларим сони аллақачон 90тадан ошиб кетарди».

 

Лионель МЕССИ (Аргентина)

Жами пенальтилар сони: 98та

Самарасиз уринишлар сони: 23та

Аргентиналик даҳоча ўйинларини кузатсангиз, у учун пенальтидан кўра, оддий жарима зарбасидан гол уриш осонроқдек туюлади. Дарҳақиқат, Лео пенальтилар устаси эмас. У айниқса, 2015 йили бу борада ўта қониқарсиз натижа қайд этди: ҳар 3та уринишидан бири самарасиз. Тўғри, ҳамма Мессининг тўхтовсиз равишда рекордлар ўрнатишига кўникиб қолди. Бироқ улар ортида бир қатор антирекордлар ҳам бор. Масалан, «нуқта»дан зарба йўллаш бобида «Барселона»нинг бирор-бир футболчиси Леочалик кўп хатога йўл қўймаган. Бунинг сабаби нима? Ҳаммаси оддий: аргентиналик мерган тўпни тепгунига қадар дарвозабонлар жойларидан қўзғалишмайди. Месси бу борада ички туйғусига таянадиган Левандовскидан ибрат олса, ёмон бўлмасди. Ҳар ҳолда, жуда кўп ҳолатларда асабларини жиловлай олмаган ҳужумчи йўллаган тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетган. «Клуб ва терма жамоада бир нечта пенальтидан фойдаланолмаганимдан афсусдаман. Лекин штатли пенальтичиман, барибир. Бу дарвозабонлар учун зарба йўллаш услубимни синчиклаб ўрганиш имкониятидир», - дейди Леонинг ўзи.

Қизиқарли факт: Лионель Месси ҳам хато қилишдан тўлиқ ҳимояланмаган, албатта. Лекин аргентиналик афсонанинг айрим хатоларини унутиш осон эмас. Дейлик, у Америка кубоги-2016 финалида ҳам пенальтидан гол уролмаган ва жамоаси чемпионликдан мосуво бўлганди.

 

Криштиану РОНАЛДУ

(Португалия)

Жами пенальтилар сони: 115та

Самарасиз уринишлар сони: 17та

Роналду - пенальтичилар қироли. У 11 метрли нуқтадан илк голини 2005 йили нишонлаганди. Футболчининг эътирофига кўра, стандарт вазиятлардан зарба йўллашни болалигидан ёқтиради. Умуман, Криш фао­лиятидаги бир қатор муҳим голларини айнан 11 метрли жарима зарбасидан урган. Жумладан, «Реал» мухлислари ЧЛ-2015|2016 финали пенальтилар сериясида «Атлетико» дарвозасига йўллаган зарбасини яхши эслашади.

Қизиқарли факт: Роналду арсеналида афсунгарлик белгилари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, «Реал» ЧЛ доирасида «ПСЖ»га қарши кечган учрашувда 11 метрли жарима зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлгач, Криштиану «нуқта»га яқинлашди. Таажжубки, Роналду зарба бериш арафасида тўп юқорига сакрагандек туюлди, футболчи эса шундан сўнг уни дарвозага йўллади. Роналдунинг собиқ жамоадоши Рио Фердинанд кейинчалик буни мўъжизага йўйди: «Онт ичаман, кишини ақлдан оздирадиган вазият. Криштиану уни машғулотларда ўзлаштирган».

P.S.: чемпионатлар рестартидан олдинги статистика келтирилган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz