Қайднома

Қидирув

«ЧЕЛСИ» - СОВРИНЛАР ДИСПЕТЧЕРИ...

«ЧЕЛСИ» - СОВРИНЛАР ДИСПЕТЧЕРИ...

  06.07.2020 05:19
  0
  371
«ЧЕЛСИ» - СОВРИНЛАР ДИСПЕТЧЕРИ...

Лондоннинг «Челси» клуби охирги 5 йил давомида АПЛда ўзи ҳам чемпион бўлди, яна 2 марта ассистентлик ролини бажариб, «Лестер» ва «Ливерпуль» ғалабасига ҳисса қўшди. Машина! Роман Абрамович жамоаси жорий мавсум «атиги» кучли учликдан жой олиш учун курашмоқда, лекин ҳамон АПЛга катта таъсир ўтказиши билан алоҳида ажралиб турибди. Мана, «аристократлар» «Манчестер Сити»ни енгиб, «Ливерпул»ни тахтга таклиф этишди.

BT Sport телеканалининг Match of the Day дастурида чиққан «Ливерпуль» вакили Эндрю Робертсон эфирда «Челси» ғалабасига алоҳида тўхталди: «Қандайдир ўзгача воқеа рўй бериши мумкинлигини олдиндан тахмин қилгандик. Шунчаки, ақлдан оздик, бироқ де Брюйне сеҳр­ли жарима зарбасини ижро этган паллада жимиб қолгандик. Муҳими, «Челси» голга муносиб муносабат билдирди. Шунда биздаги муҳит шу қадар ёввойилашдики, жинни бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмасди. Хуллас, айниқса, ўйин­нинг охирги дақиқаларида чинакамига роҳатландик».

Хабарларга қараганда, «Ливерпуль» вакиллари тўлиқ тартибда меҳмонхонада тўпланишган, бироқ буни ҳеч ким ошкор қилмаган. Қарангки, «қизиллар» «Челси»га ишонишганиданми, муассасанинг орқа ҳовлисини байрамга ҳозирлашган: стол-стуллар, ичимликлар, улкан экран. Мана, «Челси» ғалабаси туфайли Юрген Клопп «банда»си» АПЛ рекордини ўрнатди: ҳали бирор жамоа финишга 7 тур қолган паллада чемпионликни расмийлаштирмаганди. Тўғри, Лондон клуби бош мураббийи Фрэнк Лэмпард «Ливерпул»нинг ниҳоят, соврин ютганига дахлдор эканлигини мутлақо тан олмаяпти: «Албатта, «Ливерпул»ни табриклаймиз, аммо жамоа чемпионликни бугунги ўйин туфайли расмийлаштиргани йўқ. «Қизиллар» барқарор ва юқори савиядаги ўйинлари, яна ғалаба қозонишни билишлари билан олий мақомга муносиб эканликларини аллақачон исботлашга улгургандилар. Бу жамоанинг адолатли ва мутлақо ҳақли ютуғидир. «Ливерпул»да қойилмақом ўйинчилар ва тенги йўқ мураббий бор. Чемпионатда ғалаба қозониш учун қанча меҳнат талаб этилишини яхши биламан, айниқса, бундай кучли рақобат муҳитида кўп тер тўкиш керак. Дейлик, бугун «Манчестер Сити» нақадар кучли эканлигини яна бир бора кўрдик».

Мавсум-2015|2016 АПЛ тарихида алоҳида ўринга эга - камтарин «Лестер» илк марта тахтга кўтарилди. Айтишларича, ўшанда «тулкилар»нинг финишга 1-ўринда етиш олишларига ҳаттоки, жамоа устози Клаудио Ранье­ри ҳам ишонмаган экан. Ҳар ҳолда, италиялик мутахассис охиригача шубҳадан қутулолмаган ва мўъжиза рўй бериши ойдинлашиб қолган вақтда ҳам матбуот анжуманларида бир гапни такрорлайверганди: «Мавсум учун қўйилган мақсадимиз ҳамон ўша-ўша - лигадан тушиб кетмаслик». Финиш маррасига 3та тур қолганида, чемпионлик масаласи реал математикага айланди: «Манчестер Юнайтед» билан муроса кўчасини танлаган «Лестер» байрамни бир ҳафта ортга сургандек бўлди. Фақат ўша мавсум айтарли ҳеч нарсага даъво қилмаган «Челси»дан озгина умид бор эди. Жозе Моуриньо бошқарувида жуда ёмон старт олган Лондон клуби кейинчалик Гус Хиддинк раҳбарлигида ўйнаб, якунда 10-ўрин билан чекланди. Энди чемпионлик масаласига нуқта қўйган ўйинга келсак, «Челси» ҳамшаҳри - «Тоттенхэм» билан баҳсда катта жасорат кўрсатиб, дуранг натижа қайд этди. Ваҳоланки, «аристократлар» танаффусга 0:2 ҳисобида чиқиб кетишган — Гарри Кейн ва Сон Хюн Мин 9 дақиқа ичидан биттадан гол уриб, «шпорлар»нинг охиригача «олтин» учун курашишларига шаъма қилишди. Танаффусдан кейин Гари Кэйхилл «Челси»ни ўйинга қайтарди, Эден Азар эса 83-дақиқада «Лестер» тарихидаги энг шовқинли кеча сабабчисига айланди.

Лондон клубларининг ўзаро ўйини якунланиши билан кўчаларга отилган «Лестер» фанатлари эрталабгача байрам қилишди, жамоа футболчилари эса Жейми Вардининг уйини «портлатиб» юборишди. Улар «Челси»га мухлислик қилиш учун айнан ҳужумчи уйига йиғилишганди. Қисқаси, «Лондон дербиси»даги дуранг «Лестер»ни босимдан қутқарди, «Тоттенхэм» эса нокаут ҳолатига тушди. Натижада Маурисио Почеттино бошқарган жамоа охирги 2та тур ўйинларини умумий - 2:7 ҳисобида бой бериб, 3-ўринга сурилди, 2-поғонага эса «Арсенал» кўтарилди.

«Лестер»нинг оламшумул ғалабасидан 1 йил ўтиб, «Челси»нинг ўзи тахтга кўтарилди. «Ўзимиз чемпион бўламиз ёки даъвогарлардан бирини очкодан маҳрум этиб, иккинчисига ассистентлик қиламиз» - бу «Челси» учун ёзилмаган қоидадек, гўё. Ҳар ҳолда, Лондон дружинаси «Лестер»га ассистентлик ролини бажаргач, 2017 йили баҳорда Антонио Конте бошқарувида бош совринни ўзиники қилди. Бунда ҳаммаси яна 36-турда ҳал этилди. Битта фарқи шуки, «Челси» ўзгалар ёрдамига эҳтиёж сезмади. Яъни чемпионликни ўз ўйинидан кейин нишонлади. Умуман, ўша мавсум 30та ғалаба ва атиги 5та мағлубият қайд қилган «Челси» якунда «Тоттенхэм»ни 7 очкога ортда қолдирганди. «Англия­га келиш мен учун осон бўлгани йўқ - бошқача анъаналар, бошқача тил, қолаверса, ўтган мавсум муваффақиятсиз кечди, — деди Конте чемпионликдан сўнг. — Муҳими, энди бахтиёрмиз ва шогирдларимга бор имкониятларини ишга солишгани учун миннатдорчилик билдираман». Конте ўшанда яна бир йилдан кейин Италияга қайтиши ва истеъфо учун «Челси»дан 30 миллион евро миқдорида компенсация олишини билганида, икки ҳисса бахтиёр бўлармиди...?

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz