Қайднома

Қидирув

Жавоҳир ҚАҲРАМОНОВ: «МУРАББИЙЛАРНИ ЎЗАРО ТАҚҚОСЛАШ НОЎРИН...»

Жавоҳир ҚАҲРАМОНОВ: «МУРАББИЙЛАРНИ ЎЗАРО ТАҚҚОСЛАШ НОЎРИН...»

  07.07.2020 11:19
  0
  168
Жавоҳир ҚАҲРАМОНОВ: «МУРАББИЙЛАРНИ ЎЗАРО ТАҚҚОСЛАШ НОЎРИН...»

Кутилганидек, рестартдан кейин Суперлиганинг ҳар бир турида сенсацион натижалар кузатилмоқда қайсидир даражада. Буни жамоаларнинг айни ҳолати ва даражаси нисбатан тенг эканлиги билан изоҳлаш мумкиндир. Дейлик, «Сўғдиёна» ва «Металлург» клубларининг пойтахт грандларини енгган ҳолда, кейинчалик тегишлича «Андижон» ва «Навбаҳор»га ўз майдонида очко улашгани кўпчиликни таажжубга солгандир. Сир эмас, ҳозирда «Пахтакор» ҳам таркиб, ҳам ўйинни ташкил этиш бобида ички чемпионатимиздаги қолган барча клублардан яққол ажралиб туради. Қаранг, Улуғбек Бақоев бошқарувидаги «Сўғдиёна» бунга писанд қилмай, «шерлар»ни жорий мавсум ҳисобидан илк мағлубиятга рўбарў қилди. Эътиборли факт, Шота Арвеладзе шу билан Бақоев олдида иккинчи марта ожиз қолди. Эсласангиз, терма жамоамиз собиқ ҳужумчиси 2018 йили «Бухоро» бошқарувида ҳам грузиялик мутахассис жамоа­сини мағлубият кўчасига олиб кирганди. Умуман, «Сўғдиёна» ҳам Бақоев раҳбарлигида чакки кўринмаяпти. Жумладан, жамоа сафига янги мавсум олдидан қўшилган футболчилар чакки ўйнамаяптилар. Хусусан, ўтган мавсум «Бунёдкор» сафида бронза медалига эга чиққан Жавоҳир Қаҳрамонов бугун жиззахлик мухлислар ҳурматини қозонмоқда.

- Келинг, дастлаб футболга қандай қадам ташлаганингизни эсга олайлик. Футболчи бўлишни орзу қилган аксарият болалар машғулотларни жуда эрта бошлашади, лекин 14-15 ёшда ҳаракатга тушишганига қарамай, кенг танилган ўйинчилар ҳам бор. Хўш, сиздан қандай бўлди?

- Болалигимдан футболга меҳрим баланд. Миллионлар ўйинига кўнгил қўйганимда, отамнинг таъсири катта. У киши футболга қаттиқ қизиқадилар, 2009 йили мени айнан ўзлари қўлимдан ушлаб, Ички ишлар тасарруфидаги «Динамо-Ҳамкор» жамоасига олиб бордилар. Жамоада Аҳмад Эшқурбонов ва марҳум Равшан Дўрмонов қўл остида шуғуллана бошладим. Клуб сафида 2009 йили Қашқадарё вилоятида ташкиллаштирилган турнирлардан бирига бордик. Айни ўша мусобақага Сергей Лушан ҳам таклиф этилган экан. Хуллас, у турнир якунлангач, мен ва Элбек Равшановни «Бунёдкор» академиясига таклиф қилди. Шу аснода профессионал футболга қадам ташладим.

- Ҳозирга қадар кўплаб клубларда тўп сурдингиз - «Обод», «Динамо», «Бухоро». Эшитишимизча, вақтида «Сурхон»дан ҳам аниқ таклиф олган экансиз...

- Ҳа, 2018 йили Термиздан қўнғироқ бўлди - «Сурхон» олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилгани ва бунда жамоага ёрдам беришимни сўрашди. Албатта, таклифни кўриб чиқдим. Бироқ «Бунёдкор» билан шартномам бор эди, қолаверса, Суперлигадан Про-лигага ўтиш мен учун нотўғри қарор ҳисобланарди. Хуллас, барчасини тушунтириб, термизликлардан узр сўрадим.

- «Сўғдиёна» аввалги мавсум турнир жадвалининг 4-поғонасидан жой олди. Бу йил клуб олдига янада баландроқ мақсад ва вазифалар қўйил­гани табиий...

- Жамоамиз Суперлигада кучли учликдан жой олишга уриниб кўради. Тўғри, бу осон вазифа эмас. Ҳозирдан кўриниб турибди, Суперлигадаги ҳар бир клуб олдига аниқ вазифалар қўйил­ган, ҳеч қайсиси шунчаки, очко улаймайди. Ўзи 1-тур ўйинида «Машъал»га йирик ҳисобда ютқазганимиздан кейи­ноқ мақсадга эришиш осон эмаслигини тушундик. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, чекинмаймиз, олдимизга қўйилган вазифани уддалашга ҳаракат қиламиз. Менимча, жамоанинг таркиби ва потенциали юқори ўринларни кўзлашга етади. 

- «Пахтакор» устидан қозонилган ғалабадан сўнг ҳамма «Сўғдиёна»дан янада яхшироқ натижа кутиши аниқ.

- Биласиз, мавсум жамоамиз учун ёмон бошланди. Шуни ҳисобга олсак, ўз майдонимиздаги ҳар бир баҳсда ғалабадан бошқаси бизни асло қониқтирмайди. «Пахтакор»ни енгганимиздан кейин ўз кучимизга нисбатан ишонч анча ортди. Тўғриси, «Локомотив»га қарши кечган кейинги баҳсда рақибдан бошқача ўйин кутгандик. Ҳар ҳолда, «темирйўлчилар» бир тур олдин мағлубиятга учрашганди. Одатда катта клублар мағлубиятдан кейин бор аламини навбатдаги рақибдан олишга уринади. Қисқаси, «темирйўлчилар»нинг жиддий жанг таклиф қилишларига тайёр эдик.

- Фахрий Жасур Ҳасанов айни пайт тезлик бобида ўзидан анча ёш футболчиларга ҳам дарс ўтамоқда. Дейлик, «Пахтакор» ва «Локомотив»га қарши баҳсларда сизларга айнан унинг тезлиги ва тажрибаси қўл келди...

- Ҳа, Жасур ака айниқса, стандарт вазиятларда маҳоратини кўрсатди. Ўзи футболда тажрибанинг муҳимлиги шундай ўйинларда билинади. Такрорлайман, мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмадик, муҳими, вақт ўтган сари ўзаро тушуниб ўйнаш анча яхшиланди. Бунда ҳам Жасур Ҳасанов каби футболчиларнинг ҳиссалари катта, албатта.

- Кўриниб турибди, «Сўғдиёна» футболчилари карантин даврида ҳам тинмай шуғулланишибди. Ҳар ҳолда, жамоангизда жисмоний тайёргарлик жиҳатидан муаммо кўзга ташланаётгани йўқ.

- Албатта, карантин пайти уйда қолган бўлсакда, машғулотларни тўхтатмадик. Шунингдек, иштиёқ баланд­лиги ҳам қўл келмоқда. Очиғи, мавсум стартида очколарни бой бериб, мухлисларимизни ранжитиб қўйгандик. Энди йўқотилган очколар ўрнини тезроқ қоплашимиз керак.

- Вадим Абрамов ва Улуғбек Бақоев. Ҳар икки мутахассис қўл остида ўйнаган футболчи сифатида қай бирини кўпроқ мақтайсиз?

- Иккиси ҳам ўзига яраша кучли сифатларга эга. Менимча, футболчи учун икки мураббийни ўзаро таққослаш ноқулай. Қолаверса, бу нотўғри ҳам...

А.ИСКАНДАРОВ суҳбтлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz