Қайднома

Қидирув

Эдисон Каванидан қишлоқ карантини ҳамда...

Эдисон Каванидан қишлоқ карантини ҳамда...

  08.07.2020 04:18
  0
  434
Эдисон Каванидан қишлоқ карантини ҳамда...

Тан олинган голеадор Эдинсон Кавани карантин даврини қишлоқда мазмунли ўтказди - қўйлар жунини олди, ўт ўради ва шунчаки, Уругвай табиа­ти қўйнида роҳатланиб яшади. Бундай изоля­цияни кўпчилик орзу қилса керак.

«ПСЖ» вакили аслида карантинни Францияда бошлаганди, лекин клуб кейинчалик футболчиларга жавоб бергач, ҳужумчи ҳам юртига қайтди. Орадан 1 ой ўтгач, футболчиларни Парижда олиб қолишдан ҳеч қандай маъно чиқмаслиги ойдинлашди - майда Лига 1 мавсуми муддатидан олдин тугатилди. 30 июнь куни эса Кавани ва «ПСЖ» ўртасидаги шартнома якунига етди. Умуман олганда, уругвайлик голеадорнинг Парижда қолмаслиги қишдаёқ аниқ бўлиб улгурганди. «ПСЖ» ҳозирга қадар «Атлетико»дан тушган 3та таклифни рад этди, ваҳоланки, ўғлим аллақачон кетиши ҳақида огоҳлантирган. Начора, клублар ўзаро келишиб олишини кутяпмиз, — дея норози оҳангда гапирганди қишда ҳужумчининг онаси Берта Гомес. — Эдинсоннинг ўзи «Атлетико»да ўйнашни хоҳлаяпти. Агар ҳозир бўлмаса, ёзда мақсадига эришади».

Ўшанда узоқ давом этган музокара жараёни натижа бермади, трансфер амалга ошмади. Карантин бошланганидан кейин эса Кавани барчасини унутиб, эркинликда яйради, янги чорлов олдидан яхшигина ҳордиқ чиқарди. Айни пайт унда бир неча вариант бор — «Атлетико»дан ташқари, «Ньюкасл» ва «Интер» ҳам ҳужумчини ўз сафида кўрмоқчи. Дейлик, Италия клуби Эдинсонга 2 йил учун 10 миллион евро миқдорида маош ваъда қилмоқда.

Каванининг карантин тартибидаги ҳаётига қайтсак, у қишлоқда юлдузлар учун ноодатий саналган ишлар билан шуғулланди:

- Отларни парваришлади

- Бузоқларга қаради

- Қўйлар жунини олди

- Далада ўт ўради

Кавани бу юмушларни оддий изоҳлади: «Мушакларим яхши ҳолатда қолиши устида ишлаяпман». Гап йўқ, бироқ техникани ҳам унутмаслик керак. Ижтимоий тармоқларга қўйилган суратларга қарасангиз, «Эль Матадор» футболчи эмас, кўпроқ  фермерга ўхшайди, аммо бунда ажабланадиган томони йўқ. Эдинсон Уругвайнинг иккинчи йирик шаҳри - Сальто (аҳолиси атиги 100 минг) теварагидаги Серро районида улғайган. Айтганча, Луис Суарес ҳам айнан шу шаҳарда туғилган. «Луис ёшлигидаёқ Сальтодан кетган, мен эса шу ерда улғайдим, — дея эслайди Кавани. — Биз Монтевидеонинг турли клубларида ўйнаганмиз ва кейинчалик терма жамоада йўлларимиз кесишди».

Эдинсон болалигидан очиқ ҳаво ва ёввойи табиатда сайр қилишни хуш кўради: ҳар дам олиш куни отаси билан балиқ овига чиқарди. Бироз улғайгач, катта овга ҳам қизиққан. Тўғри, Эдинсон кейинчалик футболчилик фаолиятини ўйлаб, Сальтодан кетишга мажбур бўлди. У аввалига Монтевидеодан қўним топди, шундан сўнг Европа сафари бошланди. Лекин қаерда бўлмасин, ҳар куни жонажон юртини эслаб, болалик даврини қўмсаб яшади. «Тўп билан кўчада ўтган ҳаёт — бу Жанубий Америка учун одатий манзара. Шахсан мен бошқа вариантларни билмасдим, — дея ёзди Кавани ЖЧ-2018 арафасида The Player`s Tribune иловасида.  — Ичкарида нима, уйда нима? Ҳеч нарса. Ҳеч қандай қизиқарли нарса йўқ. На Playstation, на катта телевизор. Ҳаттоки, илиқ душ ёки иссиқлик манбаи йўқ. Қишда устингизга 4та одеял ўраб оласиз. Ванна қабул қилиш учун эса керосин ёқиб, кўзада сув иситасиз. Кейин қайноқ ва совуқ сув миқдорини аниқ белгилашингиз муҳим. Шу тариқа пақир ёнида туриб, алхимик бўлиб қоласиз».

Энди Эдинсон ихтиёрида барча қулайликларга эга муҳташам уй бор - иситиш тизими, айвон ва албатта, чексиз роҳат бағишлайдиган табиат. Бу - идеал изоляция.

А.ҲАМИДОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz