Қайднома

Қидирув

ПФЛ директоридан майдонларимиз ҳусусида мулоҳаза

ПФЛ директоридан майдонларимиз ҳусусида мулоҳаза

  07.07.2020 17:46
  0
  153
ПФЛ директоридан майдонларимиз ҳусусида мулоҳаза

Сифатли майдон - сифатли футбол дегани.

Биз стадионларни ёритиш масаласига эътибор қаратишни бошладик. Мана шу ҳаволада Coca Cola Суперлига стадионларидаги ҳолат ҳақида тўлиқ маълумот берилган. Режамиз бўйича, 2021 йилги мавсумда Суперлига стадионлари минимум 1200 люксни ташкил қилиши керак.

 Яқинда биз стадионлар майсаси юзасидан фикр алмашишни бошладик. Бунда “Навбаҳор”, “Насаф”, “Пахтакор”, “Локомотив”, Қизилқум каби стадионлар майсасини парвариш қилган мутахассислар ЎзПФЛга ташриф буюрди. Учрашувларни кузатаётган бўлсангиз, айнан шу клублар майдони газони бошқаларникидан ажралиб туради.

 Биринчи галдаги мавзу бошқа майдонлар ҳолати ҳақида борди. Биласизми, ўша “Локомотив”, “Насаф” ёки “Пахтакор2 клублари бундай майдонларни парвариш қилиш учун яхшигина чиқим қилади. Бу бутун дунёда бор нарса. Аммо афсуски, бизда майдонлар учун маблағ ажратмайдиганлар етарлича. Легионерлар ёки бошқа харажатлар учун миллиардлар топилиши мумкин, бироқ майдон ҳолатини ушлаб турадиган техникалар сотиб олинмаган, майсалар учун витаминлар деярли берилмайди. Ваҳоланки, трансляциялар Европаникига яқинлашиши учун нафақат сифатли ТВ техникалар, балки прожектор ҳамда яхши майсалар ҳам зарур.

 Шунингдек, учрашувлардан аввал майсани намлаш, яъни, унга сув сепиш масаласи ҳам кўтарилди. Тезкор ва комбинацион футболни яхши кўрадиган мураббийлар бунга жиддий эътибор беради, уларни  сиз ҳам яхши биласиз. Бунда тўп тезроқ юмалайди, ҳужумкорлик ортади, футболчилар футболдан роҳат олиб тўп суради. Аммо натижа йўлида бундан қочадиган мураббийлар ҳам бор. Уларни ҳам тушуниш мумкин, таркиби кучсизроқ эканини билгани учун, етакчи клубларни шу йўл билан қуролсизлантиришга, ёпиқроқ футбол ўйнашга, кенг фронт бўйлаб ҳаракат қилмасликка урғу беришади.

 Бундан ташқари, майсалар ҳарактери ва иқлим шароити ҳам бор. Айтайлик, учрашувдан аввал майса суғорилса, футболчиларда ўйин яхшироқ чиқади, аммо майса нисбатан кўпроқ талофат кўради. Нима демоқчиман, яхши футбол учун кўп мутахассислар ўша қурбонликка тайёр туради. Испания, Англия, Германия каби чемпионатларда гол урган футболчилар майса устида қандай “учишларини” сиз яхши биласиз, бу улар учун одатий ҳолат. Биз ҳам мана шу босқичга етиб боришимиз керак.

 Яхши майдон катта ҳаражат талаб қилади. Шундан келиб чиқиб, клубларда икки йўл бор: ё яхши инфраструктура қилиш ва камчиқим футболчилар билан тўп суриш ёки яхши футболчиларни жалб қилиб, инфраструктурага пул етказа олмаслик. Масалан, мен биринчи йўлни ёқлаган бўлардим. Бу ёшроқ футболчиларга катта туртки беради, улар текис ва равон майдонларда футбол сабоғини чиқаришга муҳтож. Бу уларга қўрқмасдан, ўзига ишонч билан тўп суриш, тўп билан муомала қилаётганда қийшиқ майдонга эмас, очилаётган шерикларига назар ташлаш каби кўникмаларини беради. Афсуски, равон бўлмаган футбол майдонларида катта бўлган авлод кетма-кет чиқаверади ва биз улардан Япония ёки Жанубий Кореяни ютишни талаб қиламиз.

 Ҳа, баъзи мураббийлар вилоятдаги майдонлардан нолиши мумкин. Аммо улар буни баъзида футболнинг бир қисми сифатида қабул қилишлари керак. Барселона ҳам ҳар ерда Камп Ноудаги шароитни топа олмайди. Кимдадир майса 1,5 см қилиб, яна кимда 2,2 ва ҳакозо узунликда ўрилади, футболчилар, мураббийлар буни жуда яхши ҳис қилади, ҳамма жойнинг ўз тош ва тарозиси бор, ҳамма жамоа шунинг учун ҳам ўз уйида, ўз майсаси устида яхшироқ кўринади, майдонга тезроқ мослашади.

Бугунга келиб Суперлига ва Про лига майдонлари анча яхшиланган. Энди биз тезроқ иккинчи босқичга — ўша майдонлар учун чиқимлар қиладиган даврга етиб келишимиз керак. Ўйингоҳлар майдонини асраб, машғулотлар учун бошқа майдонлар барпо этишимиз шарт. Керак бўлса, бунинг учун қиммат футболчилардан вақтинча воз кечиш мумкин, эвазига ўзимизнинг болалар келажакда улардан анча савиялироқ футболчи бўлиш имкониятини қўлга киритади.


Манба: https://t.me/diyorimamkhodjaev


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz