Қайднома

Қидирув

Кафу: «Ғолиблик нашъаси тасвирга сиғмайди!»

Кафу: «Ғолиблик нашъаси тасвирга сиғмайди!»

  09.07.2020 01:14
  0
  349
Кафу: «Ғолиблик нашъаси тасвирга сиғмайди!»

Фаолияти давомида футбол оламининг бош мусобақаси - ЖЧ финалида 3 марта иштирок этган базилиялик афсонавий ҳимоячи Кафу бу йил баҳорда ярим асрлик юбилейини нишонлади. 2002 йили Узоқ Шарқдан жаҳон футбол тожи билан қайтган чемпион FIFA.com сайти вакиллари билан суҳбатда Ромарио, Роналдо, Роналдиньо, Зайниддин Зидан каби афсоналар даврини ёдга олди, Лионель Месси, Криштиану Роналду, Неймар ва Трент Александер-Арнольдга тўхталди. Шунингдек, Қатар-2022 мундиали ҳақида гапиришдан ташқари, келажак режалари билан ўртоқлашди.

- 1994 йили АҚШда ташкиллаштирилган ЖЧ доирасидаги 2та ўйин­да қатнашгансиз. Жумладан, финал учрашувининг 21-дақиқасида бош мураббий Карлос Альберто Паррейра сизни ёнига чорлаб, Роберто Донадонини зарарсизлантириш вазифасини топширганида, нималарни ўйлаганингиз эсингиздами?

- Дўстим Жоржинью ўрнини эгаллаганим туфайли ўзимни бироз ўн­ғайсиз ҳис қилган бўлсамда, финалда ўйнаш имконияти берилганидан мамнун эдим. Бу мен учун - ўта ҳаяжонли воқеа. Муҳими, ушбу воқеа­га ўзимни ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан имкон даражасида тайёрлагандим. Жаҳон кубоги тақдири ҳал қилинадиган баҳсда ҳар қандай вазиятга шай туриш талаб этилади ахир.

- Чемпионлик шукуҳи қандай бўлар экан?

- Очиғи, ғолиблик нашъаси тасвирга сиғмайди! Мен учун шундай. Назаримда, уни улкан бахтга қиёслаш ҳам камлик қиладигандек. Юксак ишончни оқлаганимиз, вазифани уддалаб, чемпион бўлганимиздан сармаст эдик. Финалдан кейин меҳмонхонага қайтиб, ўша жойда байрамни бошлаб юбордик. Айримлар ўз оила  аъзолари даврасида, бошқалар дўстлари билан. Кейин кимлардир кечки тамаддига отланишди, баъзилар барга. Барчамиз чинакамига шод-хуррамликни туйгандик.

- Айтингчи, ўша мундиалда Бразилия терма жамоасининг энг муҳим ўйинчиси ким эди?

- Барча футболчилар аъло даражада тўп суришган. Айнан ҳамжиҳатлик бизни шоҳсупага олиб чиқди. Бироқ дарвозабон Таффарелнинг маҳоратига алоҳида тўхталиш керак. Бинобарин, у бутун турнир давомида ишончли ўйнашдан ташқари, ҳал қилувчи беллашувда пенальтини тўсишга муваффақ бўлди. Шуни инобатга олсак, айнан Таффарел - энг муҳим ўйинчи. Ҳар ҳолда, мен учун шундай. Албатта, Олдэйр ва Марсио Сантос ҳам ажойиб ўйин кўрсатишди, Ромарио ҳамда Бебето гол уриш миссиясини уддалашди. Аммо Таффарел дарвозани совуққонлик билан қўриқламаганида, анча қийналиб қолардик.

- Ромарио - Роналдо жуфтлиги 1997 йили Конфедерациялар кубоги ва Америка кубоги турнирларида қатнашиб, жами 34та гол урганди. Дуэтнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Футбол тарихидаги энг буюк жуфт­ликлардан бири. Бунга шубҳа йўқ. Икки ақл бовар қилмас маҳорат соҳиби ҳамкорликда ҳам юксак самарадорликни намойиш этарди.

- 1998 йилги мундиал финалида Франция термаси жамоангизни йирик ҳисобда енгди. Айтингчи, бу рақиблар яна 10 марта куч синашса, қайси бири кўпроқ ғолиб чиқарди?

- Ўйлашимча, икки жамоа 5 мартадан устун келарди. Ҳар ҳолда, Франция термаси ажойиб таркибга эга эди, биз ҳам мусобақага ҳар томонлама шаклланган футболчилар билан боргандик.

- Зайниддин Зидан Франция термаси таркибидаги энг кучли футболчи эди. Айнан у 1998 йили ўз юртида ва 2006 йили Германияда Бразилия футболининг орзу-умидларини барбод қилди. Бу футболчи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Фаолиятим давомида мен дуч келган энг мукаммал ўйинчилардан бири. Техник маҳорат ва жисмоний етуклик намунаси. Зиданнинг яна ўйинни ҳис этиши, тез ўйлаши, вазиятга тўғри баҳо бериши ва тўғри позиция танлаши ҳайратга соларди.

- 2002 йили Ж.Корея ва Япония мезбонлик қилган ЖЧ финали арафасида Франциядаги омадсизликни эсламасликнинг иложи йўқ эди. Қизиқ, сизлар қандай йўл тутгансизлар?

- Шахсан мен 1998 йил воқеасини асло ўйламаганман, умуман, бирор футболчи ўша финални эсламаган бўлса керак. Хуллас, профессионаллик ва тажрибани уйғунлаштириб, бор эътиборимизни Германия термасига қаратгандик.

- Совринни бош узра кўтариш лаҳзаларини таърифлаб берсангиз...

- Ўта шов-шувли, ҳаяжонли, унутилмас лаҳзалар! Бутун инсоният гувоҳлигида зиммамизга юклатилган вазифани шараф билан адо этганимиздан кейинги ҳолатни сўз билан ифодалаш қийин. Кубокни кўтарган пайт барча яқинларим, ҳам­юртларим бахтиёр эканликларини қалбан ҳис қилиб, ақлга сиғмас даражада қувонч туйдим. Умуман, жаҳон футболининг тождори бўлиш - ғайриодатий воқеа.

- Роналдо Осиё заминидаги даст­лабки мундиал арафасида жароҳатлар туфайли талаб даражасида тўп суролмаганди. У шунга қарамай, ЖЧда иштирок этди ва бош қаҳрамон бўлди. «Сўйлоқ»нинг самарали ўйнай олишига нечоғли ишонгандингиз?

- Биласизми, Роналдо жароҳатлардан қутулиш бобида ҳайратланарли қобилиятга эга. Шу боис ҳам, унинг маҳорати ҳамиша шубҳадан холи бўлган. Роналдо - футбол тарихидаги тенг­сиз ҳужумчилардан бири, фавқулодда иқтидор. Қисқаси, чин феномен!

- Фаолиятингиз аввалида ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп сургансиз. Агар амплуангиз ўзгармаганида, фаолиятингиз қандай ривожланарди, сизнингча?

- Энди буни аниқ айтишнинг иложи йўқ. Лекин билиш жуда қизиқарли. Балки дунёнинг энг яхши футболчиси бўлармидим... Иккинчи томондан, фао­лиятим ҳимоя чизиғида ўйнаганимга нисбатан хирароқ чиқиши ҳам ҳеч гап эмасди. Аслида ўзим ярим ҳимояда ўйнашни хуш кўрардим, буни инкор этмайман. Чунончи, ярим ҳимоячи позициясида ҳамиша нишон бўлади, у ҳимоячига нисбатан фаолроқ, қизиқарлироқ тўп суради.

- Трент Александр-Арнольдни кўпинча сизга қиёслашади. Бу футболчи хусусида нима дея оласиз?

- Ўта ноёб иқтидор, интилувчан йигит. Агар шу савияда тўп суришда давом этса, тез орада энг яхши футболчилар қаторига қўшилади. Менимча, Трент ФИФАнинг энг яхши футболчига аталган совринини қўлга киритиш учун етарли салоҳиятга эга. Барча ижобий жиҳатларидан ташқари, соф бразилча услубда тўп суради, асосийси, ўйини завқ бағишлайди. Қолаверса, Трент ажойиб жамоада ижодкор мураббийдан сабоқ олмоқда, тараққиёти учун барча шароитлар муҳайё.

- Италияда IL IL Pendolino лақабини олган эдингиз. Гўёки, тугамайдиган қувват ва чидамни қаердан олардингиз?

- Биринчидан, футбол - жуда ёқимли машғулот. Уни чин юракдан севганман, севаман. Доимо ўзимга ёққан ишни бажарганман - асосий сир шу. Майдонга тушиш иштиёқида ёнадиган футболчи учун югуриш чўт эмас. Иккинчидан, ҳамиша жисмоний ҳолатимни яхшилашга ҳаракат қилганман.

- Фаолиятингиз давомида айнан қайси рақиб сизга кўпроқ муаммо туғдирган?

- Роналдиньо Гаучо. Унинг қандай ҳаракатланишини олдиндан пайқаш иложсиз эди. Сиз тасаввур қилолмайдиган «ҳунар»ларни намойиш этарди. Лекин майдонда унча кўзга чалинмасди.

- Лионель Месси ва Криштиану Роналду ФИФАнинг бош индивидуал совринини ўз монополияларига айлантириб олишди. Сизнингча, улардан қай бири кучлироқ?

- Жаҳон футболининг икки қудратли вакили. Мана, улар 15 йил давомида чўққига ҳеч кимни яқинлаштирмадилар. Бири 6 марта, иккинчиси 5 марта нуфузли соврин соҳибига айланди. Шундай экан, қайсидир бирига устунлик бериш - бемаънилик. Хуллас, Месси ҳам, Роналду ҳам буюк.

- Яқин келажакда ким дунёнинг энг яхши футболчиси мақомини олади, сизнингча?

- Неймар. У юксак мақомга эришиш учун барча фазилатларга эга.

- Бразилия термаси Қатарда жаҳон тожини қайтариб олишга қодирми?

- Шахсий фикрим оддий: «Селе­сао»дан доимо ижобий натижа кутаман. Навбатдаги мундиал Бразилия футболи учун буюк турнирга айланади. Жамоамиз таркибида Неймар ва бошқа юксак савияли ижрочилар, иқтидорли ёшлар бор.

- Ниҳоят, охирги савол: мураббийлик билан шуғулланиш хусусида ўйлаб кўрдингизми?

- 2022 йилдан кейин бош қотираман. Ҳозирча Қатар-2022 элчисиман. Шундай экан, айни пайт чалғийдиган вақт эмас. Мундиалдан кейин ўйлаб кўришга ваъда беришим мумкин. Футболда узоқ йиллар давомида тўплаган тажрибамни ёшларга берсам, хайрли иш бўларди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz