Қайднома

Қидирув

Бундеслига учун янги «самурай» ёхуд яна Осиё футболи юлдузлари ҳақида

Бундеслига учун янги «самурай» ёхуд яна Осиё футболи юлдузлари ҳақида

  09.07.2020 04:21
  0
  642
Бундеслига учун янги «самурай» ёхуд яна Осиё футболи юлдузлари ҳақида

Бундеслиганинг япониялик янги юлдузи ҳозирдан чемпионатнинг ТВ-шартномасига таъсир ўтказмоқда. У карантин вақти суткасига 12 соатдан ухлади ва совға сифатида атиргул олишни ёқтиради. Гап Франкфурт­-нинг «Айнтрахт» клуби вакили Даичи Камада ҳақида кетмоқда. Демак, бугун алоҳида рақамлар ва факт асосида Япония миллий жамоа­сининг янги етакчиларидан бири билан бирров танишиб чиқамиз.

*** Камада 23 ёшда ва у ҳозирга қадар профессионал футболда 3та клуб шарафини ҳимоя қилишга улгурди: «Саган Тосу» (Япония), «Сент-Труйден» (Бельгия) ва «Айнтрахт» (Германия). Япон йигити шулардан Бельгия жамоасида ижара келишуви бўйича тўп сурди.

*** Даичи еврокубокларда «хет-трик»ка эришган иккинчи япондир. Биринчиси - Такуми Минамино. Энг қизиғи, Камада Япония миллий жамоасидаги дебют ўйинида айнан «Ливерпул»нинг бугунги вакили ўрнига майдонга тушганди.

*** Камада Европа Лигасида «Айнт­рахт» учун 6та гол урди - бу Бундеслигадаги статистикасидан 3 баравар яхшидир. Япон ярим ҳимоячиси ҳисобида Германия кубогида урилган 2та гол ҳам бор.

*** «Айнтрахт» Камада трансфери учун 1,6 миллион евро тўлаган. Transfermarkt портали эндиликда футболчининг трансферини нақ 8 миллион еврога баҳоламоқда.

*** Камада «Айнтрахт»да ҳафтасига 40 минг евро миқдорида маош олмоқда. Франфурт клубининг энг катта маошга эга футболчиси - португалиялик Андре Сильва бўлиб, унинг иш ҳақи японияликникидан икки ҳисса кўп. Умуман, «Айнтрахт»нинг асосий таркибидаги атиги 4 нафар ўйинчи Камададан камроқ маош олади.

*** Камада - уйқу ихлосманди. Айтишича, у коронавирус пандемияси туфайли юзага келган танаффус даврида бир суткада нақ 12 соатни ухлашга ажратибди. Футболчи қолган вақтда таом тайёрлаш билан шуғулланган, яна фарзандига қараган.

*** Япониялик ярим ҳимоячи 2019 йилнинг ёзида сал қолса, Италиянинг «Женоа» клубига йўл оларди. Ҳар ҳолда, икки жамоа трансфер масаласида барчасини ҳал қилишга улгурганди, фақат «Айнтрахт» вакиллари жамоанинг иккинчи йиғинида фикрларини ўзгартиришди ва Камада Германияда қолди.

*** «Арсенал» қутқарувчиси ва афсонаси. Камада 2019 йилнинг 28 ноябрь куни Англияда ҳам танилди. Ўшанда «Арсенал» Европа Лигаси дои­расида «Айнтрахт»ни қабул қилиб, 1:2 ҳисобида ютқазди, Камада эса ўйинда «дубл»га эришди. Эртасига «Арсенал» раҳбарияти Унаи Эмерини ниҳоят, истеъфога чиқарди. Лондонлик фанатларга ишнинг шу йўсинда ривожлангани ёқиб тушди ва Википедия саҳифасида Даичига берилган тавсифга «Арсенал» қутқарувчиси» мақоми қўшилди. Кейинчалик ҳаттоки, Бундеслига расмий сайтида ҳам бу ҳақда хабар берилди. Барчаси шу билан тўхтагани йўқ, аксинча, вақт ўтгани сайин янада қизиқарли тус ола бошлади. Дейлик, Камаданинг «Арсенал» ривожига қўшган ҳиссасини кимсан Тьерри Анри хизматларига таққослаб, уни Лондон афсонасига чиқаришди-қўйишди. Мана, фанатлардан бирининг изоҳига эътибор қаратинг: «Ҳамма Озилни олқишламоқда, мен эса шунчаки, Камадага миннатдорчилик билдираман. Қалбимиз Эмерига боғлиқ дардлардан қутулди. Даичи Камада - «Арсенал»нинг ноябрь ойидаги энг яхши футболчиси».

*** Goal нашри журналистлари эса «Арсенал» ва «Айнтрахт» ўртасидаги ўша учрашувдан олдин ниманидир ҳис қилишганиданми, япониялик ҳақида алоҳида мақола ёзишганди. «Камаданинг ўйин бобида ўсаётгани Япония телевидениеси ва Бундеслига ўртасидаги ҳамкорлик ишларига ижобий таъсир қилмоқда. Умуман, бу футболчининг трансфери «Айнтрахт» сиёсатига жуда мос. Франк­фуртликлар одатда ҳали тўлиқ шаклланмаган истиқболли ўйинчиларни олиб, уларни ижара келишувлари воситасида тарбиялашади ва Бундеслига саҳнасига кўтаришади».

*** Камадани Германия клубига топиб берган тажрибали скаут Бен Манга фикрларидан иқтибос: «15 йилдан буён ушбу бизнес ичида ишлаяпман. Иқтидорларни бошқаларга нисбатан тезроқ ва кўпроқ илғай олишимни бемалол тасдиқлашим мумкин. Агар 3та гол урсангиз - яхши. Буни ҳамма кўради. Менинг ишим эса энг кичик жиҳатларни ҳам аниқ баҳолаш ҳисобланади».

*** Даичи Камаданинг 2017 йили «Айнтрахт» билан шартнома тузгани Бундеслига ва SPTV компанияси ўртасида муҳим ҳамкорлик йўлга қў­йилган вақтга тўғри келди. Гап Японияда сунъий телевидениенинг бош оператори мақомини олган компания ҳақида кетмоқда. 3 йилга мўлжалланган шартнома Бундеслига-2019|2020 якунигача амалда бўлди. Муҳими, томонлар ҳамкорлик муддатини бирданига 5 йилга узайтиришди. Унга мувофиқ, SPTV ҳар мавсум Бундеслига ва Бундеслига 2 дои­расидаги жами 200та ўйинни Япония­да намойиш этиш ҳуқуқига эга.

*** Японияда Германия чемпионатига қизиқиш катта эканлиги бежиз эмас. Бундеслиганинг якунига етган мавсумида япониялик 3 нафар таниқли футболчи иштирок этди. Улардан бири - Камаданинг клубдоши Макото Хасебе бўлиб, фахрий ярим ҳимоячи яқин орада фаолиятини якунласа керак. «Вердер» сафида мунтазам майдонга тушган 30 ёшли Юя Осако ҳам чакки статистика қайд қилмади - 26та ўйинда 7та гол. Бундеслигадаги япониялик асосий юлдуз роли эса Камадага тегишли. Уни ҳам салоҳият, ҳам япониялик телемухлисларга таъсир кўрсатиш бўйи­ча «Боруссия» (Дортмунд)да роса даврон сурган Шинжи Кагавага қиёслашмоқда.

*** «Айнтрахт»да эса япониялик юлдузни кимсан Лионель Месси билан таққослай бошлашди. Камадани яна ўз ҳаётидаги қизиқарли воқеалар туфайли яхши маънода «персонаж» ибораси билан таърифлашади. Мисол учун, Даичининг «Инстаграм» тармоғига қўйган дастлабки суратларидан бири - бу атиргуллар гулдастаси. Япон йигити уни 2016 йили кийиниш хонасида совға сифатида олган экан. Футболчи «Айнтрахт»да бундай илтифотга эришгани йўқ. Ҳар ҳолда, Даичи Бундеслигадаги илк голини узоқ куттирди, ҳаттоки, аввалига Европа Лигасида ўзини кўрсатди. Клуб вакиллари бу борада япон йигити билан ҳазиллашишни ҳам бошлагандилар: «Фақат машғулотлардагина гол урар экансан-да». Лекин Камаданинг кўплаб ҳужумкор иқтидорлардан фарқли томони бор - унинг ўйинига баҳо беришда голлар сонига унча қарашмайди. Дейлик, EA Sports виртуал ўйинда Камаданинг карточкасини янада яхшилади. Бунда унинг асосий устун жиҳати сифатида дриблинг маҳорати кўрсатилган - 94 балл. «Ҳа, Даичида рақибларни алдаб ўтиш учун техника ва тезлик бор. Камада майдонда баъзан катта аҳамият касб этадиган қандайдир финт ишлатиши мумкин. Муҳими, барчасини шунчаки, қойилмақом даражада уддалайди», - дейди «Айнтрахт» дарвозабони Кевин Трапп япониялик жамоадоши ҳақида. Дриблингчи Камада айниқса, «Герта»га қарши кечган учрашувда бор маҳоратини тўла-тўкис намойиш қилди. У вазиятлардан бирида чап қанотдан марказ томон ҳаракатланиб, жарима майдонига ёриб кирди, йўл-йўлакай 4 нафар рақибини «ухлатди» ва Андре Сильвани зарбага чорлади. Португалиялик эса оёғининг товони билан чиройли гол урди ва «Айнтрахт» якунда 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалида айнан «Герта»дан ўзиб кетди. Кейин «Твиттер»да ҳазилнамо изоҳлар кўпайди: «Лео Месси хонаси деворига Даичи Камада постерини илиб қўйган бўлса керак». «Айнтрахт» раҳбарияти ҳам ўша ўйиндан сўнг Камадани Мессига ўхшатди.

*** Камадани сотиш - «Айнтрахт»­нинг келажак режаси. Мана, япониялик ярим ҳимоячи клуб етакчилари қаторидан жой олишга улгурди. Унинг амалдаги шартномаси эса 2021 йилнинг ёзигача мўлжалланган. «Ҳамкорликни ҳали давом эттиришни истаймиз. Даичи айниқса, Европа Лигасида бизга ёрдам бера олишини амалда кўрсатди. У ўйиндаги вазиятни бирданига ўзгартиришга қодир муҳим, креатив ва самарадор футболчи. Албатта, бундай ижрочи билан шартнома муддатини узайтириш ниятидамиз» - «Айнтрахт» спорт директори Бруно Хюбнернинг сўзлари. Ўзи франкфуртликлар шартнома масаласида анча олдин иш бошлашган, бироқ Камада ҳозирча аниқ жавоб беришга шошилаётгани йўқ. Ҳар ҳолда, япон футболчисининг илтимосига кўра, қишда бошланган музокара жараёни ёз ойларига қолдирилди. Германияда таъкидлашларича, «Айнтрахт» охир-оқибат, Камада билан келишув муддатини 2023 йилгача узайтиради, барибир. Зеро, жамоа япон футболчисини янада «пишитиб», кейин катта суммада сотишни режалаштирган.

*** «Айнтрахт» биргина мавсум-2019|2020 олдидан Лука Йович ва Себастьян Аллер сотувидан 100 миллион евро топди (60+40). Камада эса навбатдаги манфаатли трансфер учун идеал даражада мос тушади. Лекин унинг Германияда қолиши эҳтимоли ҳам баланд. Зеро, футболчи Японияда ўйнаётган вақтида «Бавария» ва «Боруссия» (Дорт-мунд)­ни энг севимли клублари сифатида тилга олганди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz