Қайднома

Қидирув

Жасур Яхшибоев: "Рамазон ва Қурбон ҳайити энг севимли байрамларим..."

Жасур Яхшибоев: "Рамазон ва Қурбон ҳайити энг севимли байрамларим..."

  09.07.2020 11:35
  0
  197
Жасур Яхшибоев:

Беларусь чемпионатининг биринчи давра натижаларига кўра, 9 та гол билан мусобақа тўпурари бўлиб турган ўзбекистонлик ҳужумчи Жасур Яхшибоев бир неча ой олдин «Прессбол» нашрига Беларусдаги ҳаёти, «Пахтакор»да Шота Арвеладзе билан келиша олмагани ҳақида интервью берганди. Айнан ушбу нашр Яхшибоевни яна бир марта суҳбатга тортди. Бу сафар Жасурга асосан блиц-саволлар берилди.

«Дарё» ушбу интервьюни ўқувчиларга ўзбек тилида тақдим этади.

Қайд этиш жоиз, 8 июль куни «Энергетик-БГУ» Яхшибоевнинг клубдан кетганини эълон қилди. Жасур мавсумнинг қолган қисмини Солигорскнинг «Шахтёр» жамоасида ўтказиши айтилмоқда.

— Сиз ташриф буюрган энг ёрқин шаҳар?

— Қатар пойтахти Доҳа. Дубайни ҳам айтиб ўтган бўлардим. Дубай БААнинг энг йирик шаҳарларидан бири. Ўта замонавий шаҳар, у ерда осмонўпар ва чиройли бинолар талайгина. «Пахтакор» билан Осиё Чемпионлар Лигасида, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан эса ўртоқлик учрашуви ўтказганимизда у ерда бўлганман. Бироқ мен учун энг севимли шаҳар бу — Тошкент.

— Севимли фильмингиз?

— Фильм томоша қилишга унчалик иштиёқим баланд эмас. Бўш вақтимда кўпроқ футбол кўришни ёқтираман. Баъзида фантастик кинолар кўриб турман. Масалан, Marvel. Актёрлардан Том Круз ва Жонни Депп.

— Севимли таомингиз? Ҳеч қандай иккиланишсиз, палов бўлса керак?

— Ҳа, шундай. Ўзбекистонда у гуруч ва қўй гўштидан тайёрланади. Тайёрланган ошнинг устига от гўшти ҳам қўйилади. Таом бодринг ва помидордан тайёрланган салат билан зўр кетади. Умуман олганда, ўзбек оилаларида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни палов тайёрлаш анъанаси бор. Беларусда картошка қанчалик севиб истеъмол қилинса, Ўзбекистонда ошни шундай хуш кўришади.

— Севимли қўшиғингиз?

— Мен ўзбек мусиқасини афзал кўраман. Шоҳруҳхон, Муниса Ризаева. Улар кўпроқ муҳаббат ҳақида куйлайди. Араб ижрочиларини ҳам тинглаб тураман. Африкалик жамоадошларим французча реп эшитади. Гарчи, сўзларини тушунмасам-да, эшитиб тураман.

— Севимли байрамингиз?

— Улар аниқ туғилган куним ёки Янги йил эмас, балки мусулмонларнинг байрами бўлган Рамазон ва Қурбон ҳайити энг севимли байрамларим. Шунингдек, баҳор келиши билан боғлиқ бўлган 21 март – Наврўз байрами ҳам.

— Севимли рақамингиз?

— 24. Чунки 24 июнь санасида туғилганман. Яна 7, 9 ва 10 рақамларини ёқтираман. Ўзбекистонда 9 ва 22-рақамларда ўйнаганман.

— Эрталаб ёки кечки пайт?

— Кечки пайт. Мен кўпроқ ухлашни ёқтираман. «Энергетик-БГУ»нинг машғулотлари эрталаб соат 8:30 да бошланади, унга эрталаб уйғониб, боришга кўникиш қийин бўлди. Аммо ўтган вақт ичида бунга кўникиб қолдим. Ўзбекистонда ҳаво иссиқ ва одатда машғулотлар кечки пайт ўтказилади.

— Диванда ётиш ёки кўчада айланиш?

— Хўш, нима десам экан, 50 га 50. Бу машғулотларда қанчалик чарчаганимга боғлиқ.

— Севимли фаслингиз?

— Ёз, чунки ҳаво иссиқ бўлади. Ёзда чўмилиш ва қуёшда тобланиш мумкин. Яна енгил кийиниб юриш ҳам мумкин. Ҳа, иссиқ, аммо барибир ёз бошқача. Ўзбекистонда бу фаслда ҳаво ҳарорати 50 даражагача кўтарилиши мумкин.

— Севимли жамоангиз? Аввалроқ «Барселона» дегандингиз.

— Ҳа. Мен бу жамоага уни Гвардиола бошқаргандан бери мухлислик қиламан. Айнан Гвардиола «Барселона»ни ўйинини ўзгартирди, «тика-така» услубини жорий қилди. Месси ҳам унинг қўл остида дунёнинг энг яхши футболчиси даражасига чиқди.

— У сизнинг энг севимли ўйинчингизми?

— Уни бутун дунёда яхши кўришади. Шунингдек, «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Риёд Маҳрез ва «Боруссия Д»дан Жейдон Санчо ҳам ёқади.

— Футболчи бўлмаган севимли спортчингиз?

— Муҳаммад Али. У шахс сифатида мен учун намуна. Унинг сўзлари ва қилган амаллари туфайли кўплаб инсонлар исломни қабул қилган.

— Ўзбекистондан ташқари қайси терма жамоага мухлислик қиласиз?

— Испания. Сўнгги вақтларда улар ўз даражасида ўйнай олмаяпти. Хави ва Иньеста сабаб шу жамоага мухлислик қилганман. Ўшанда улар Жаҳон ва Европа чемпиони бўлганди. Унгача эса Германиянинг ўйинлари ёққан. У бутунлай бошқача услубга эга. Улар майдонда тартибли ўйин кўрсатади.

— Сизда энг катта таассурот қолдирган стадион?

— Қатарнинг «Ас-Садд» клуби аренаси. Бу мамлакат иссиқ эканлигини ҳамма билади. Аммо стадионнинг ичига кондиционерлар ўрнатилган. Майдонга чиққанингизда, дарҳол ёқимли салқин ҳавони ҳис қиласиз. Агар фақат футболкада бўлсангиз, совқотиб қолишингиз ҳам мумкин. Ушбу стадионнинг сиғими унчалик катта эмас. 15 минг томошабинни сиғдира олади. Беларусдаги энг яхши стадионлар? Минскдаги «Динамо» ва «Борисов-Арена» ареналари.

— Сизнинг иштирокингиздаги энг қизиқарли учрашув?

— Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2018 йилдаги Уругвай ва Марокашга қарши кечган учрашувлари. Уругвай билан ўйинда Суарес, Кавани ва Годинга қарши майдонга тушганман. Марокаш билан ўйинда эса Ҳакими, Буфаль, Зиёш ва бошқа таниқли футболчилар ҳаракат қилган. Сенегалга қарши баҳсда захирада қолганман.

— Шиорингиз қандай?

— Ҳеч қачон таслим бўлмаслик. Ҳар бир инсонда қийин вазиятлар бўлади. Аммо уни енгиб ўтиш керак. Ва ҳар куни нимага қодир эканлигингизни исботлашингиз керак. Шундагина хоҳлаган нарсангизга эришасиз.


Манба: pressball.by, daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz