Қайднома

Қидирув

Қозоқ футболида ўзбекча имзо

Қозоқ футболида ўзбекча имзо

  10.07.2020 04:23
  0
  588
Қозоқ футболида ўзбекча имзо

Қозоғистоннинг prosports.kz сайти мамлакат футболида ўзига яраша из қолдирган хорижлик футболчиларни бирма-бир ёдга олди. Жумладан, ижодкорлар ўзбекистонлик легионерларга ҳам алоҳида тўхталишди. Бинобарин, бир қатор ўйинчиларимизни маҳаллий мухлислар ўз ишларининг ҳақиқий профессионаллари сифатида эслаб қолишган. Ўзбекистонлик легионерлардан тузилган ўзига хос рамзий жамоа 3-4-3 чизмасига асосланди. Эътиборлиси, ярим ҳимоя ва ҳужумда рақобат шу қадар кучлики, ҳаттоки, Киев «Динамо»си таркибида Украинанинг 6 карра чемпиони бўлган, Европа Чемпионлар Лигасида осиёликлар орасида биринчи бўлиб гол урган ва албатта, Ўзбекистон миллий жамоасининг энг яхши тўпурари Максим Шацких ҳам асосий таркибдан четда қолди...

Дарвозабон: Павел БУГАЛО (21.08.1974)

Қозоғистондаги клублари: «Женис», «Жетису», «Ордабаси»

Ушбу голкипер Қозоғистон чемпионатига маҳорат тўплаган ҳолда ташриф буюрганди. Бугало «Женис» билан 27 ёшида шартнома имзолади. Ўзбекистонлик дарвозабон пойтахт клуби таркибида Қозоғистон кубогини қўлга киритди, кейинчалик Толдиқўрғон ва Шимкентда бир-биридан ажойиб мавсумларни ўтказди.

 

Ҳимоячи: Февзи ДАВЛЕТОВ (20.09.1972)

Қозоғистондаги клублари: «Иртиш», «Жетису», «Мегаспорт»

Февзи Давлетов - Ўзбекистоннинг қозоқ футболидаги ёрқин вакилларидан бири. У 2000 йиллар бошида «Иртиш»нинг асосий футболчилари қаторидан жой олиб, Павлодар жамоасининг 2та чемпионлик унвонини қўлга киритишига катта ҳисса қўшди. Давлетов «Иртиш»дан ке­йин Қозоғистоннинг яна икки клуби - «Жетису» ва «Мегаспорт»да ҳам ўйнаб, сўнгра ўз юртига қайтди.

Ҳимоячи: Спартак МУРТАЗОЕВ (07.10.1977)

Қозоғистондаги клублари: «Ордабаси», «Ясси-Сайрам», «Атирау»

Ноодатий исмга эга бу футболчи қозоқ ўлкасида бирор-бир совринга эга чиқмади. Шунга қарамай, ўз ўйини билан маҳаллий мухлислар, айниқса, Шимкентнинг «Ордабаси» клуби ишқибозлари ёқимтойига айланди.

Ҳимоячи: Фарҳод

МИРСАЛИМБОЕВ (15.10.1972)

Қозоғистондаги клублари: «Тараз», «Есил-Богатирь», «Восток»

Ушбу ҳимоячининг ҳисобида Қозоғистон олий дивизионида ўтказилган 100дан ортиқ ўйин бор, асосий ютуғи эса - чемпионлик медали. Фарҳод 1996 йили «Тараз» таркибида шундай муваффақиятга эришганди.

Ярим ҳимоячи: ОЛЕГ СОБИРОВ (13.03.1981)

Қозоғистондаги клублари: «Ордабаси», «Мегаспорт», «Жетису», «Тобол», «Актобе», «Жетису», «Восток», «Атирау», «Сункар»

Шонли «Пахтакор»нинг машъум фожиа туфайли ҳаётдан кўз юмган футболчиларидан бири Владимир Собировнинг ўғли Шимкент­га мослашиб, Қозоғистон фуқаролигини ҳам олди. Лекин у мамлакатга Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ва ўз юртининг икки карра чемпиони сифатида ташриф буюрганди. Кичик Собиров Қозоғистон чемпионатида бой биографияга эга бўлди - бу ердаги фаолиятини «Ордабаси»да бошлаб, шу клубда якунлади. Ярим ҳимоячи бу орада Қозоғистоннинг яна 8та жамоасида ўйнади. Олег иккинчи ватанидаги энг салмоқли ютуқни эса «Тобол» таркибида қўлга киритди - 2010 йили бўйнига олтин медаль тақди.

 

Ярим ҳимоячи: Виктор КАРПЕНКО (07.09.1977)

Қозоғистондаги клуби: «Қайрат»

Тезкор, бардошли ва техник салоҳияти юқори хавбек Қозоғистонда тўлиқсиз икки мавсум тўп сурди, аммо шу муддат ичида ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга улгурди. Карпенко «Қайрат» сафида асосий футболчилардан бирига айланди, бронза медалига эга чиқди, кейинги йили эса 8та гол билан жамоасининг энг яхши тўпурарига айланди.

Ярим ҳимоячи: Марат БИКМАЕВ (01.01.1986)

Қозоғистондаги клуби: «Актобе»

Марат Бикмаев «Актобе»га келганида, нафақат Ўзбекистон биринчилиги, балки Россия Премьер-лигасида ҳам тўп суриш тажрибасига эга эди. Эҳтимол, унинг қозоқ ўлкасидаги фаолияти бундан-да самарали чиқарди, агарда «Тобол»га қарши баҳсда  жиддий жароҳатга йўлиқмаганида. «Қизил-оқлар» айни шу муаммо туфайли ўзбекистонлик хавбек билан шартномани узайтиришни хоҳлашмади. Шунга қарамай, Бикмаев «Актобе» билан 2013 йили чемпионлик унвонини қўлга киритишга улгурди. Бир йил аввал эса «бронза»га эга бўлганди.

Ярим ҳимоячи: Темур КАПАДЗЕ (05.09.1981)

Қозоғистондаги клуби: «Актобе»

Қозоғистон Премьер-лигасига ватандоши Бикмаев билан бир вақтда ташриф буюрган ярим ҳимоячи чемпионатда Маратдан бир мавсум кўпроқ тўп сурди. Шу боис ҳам, Темур ҳамюрт-клубдошидан кўпроқ соврин ютди. 2012 йилги «бронза» ва кейингисидаги «олтин»дан ташқари, Кападзенинг ютуқлари рўйхатида мавсум-2014да расмийлаштирилган «кумуш» ва Қозоғистон суперкубоги ҳам бор.

Ҳужумчи: Улуғбек БАҚОЕВ (28.11.1978)

Қозоғистондаги клублари: «Тобол», «Жетису», «Иртиш»

Бақоев - Қозоғистон футболидаги энг яхши легионерлардан бири, шубҳасиз, кучли тўп­урар. 111та гол ўзбекистонлик ҳужумчига 28та чемпионат давридаги мерганлар рўйхатида 6-ўринни тақдим этиб турибди. Улуғбек Қозоғистондаги барча ютуқларига «Тобол» таркибида эришди, 2007 йили мамлакат кубогини қўлга киритган бўлса, 3 мавсумдан сўнг чемпионликни ҳам тантана қилди.

Ҳужумчи: Жаъфар ИРИСМЕТОВ (23.08.1976)

Қозоғистондаги клублари: «Қайрат», «Олма-Ота», «Актобе»

Россия чемпионатига мослашишда қийинчиликларга учраган Ирисметов Қозоғистонга йўл олди. Бу ерда Жаъфар учун Олма-Отанинг икки клуби чин маънода омад келтирди - «Қайрат» билан биринчилик олтин медалига сазовор бўлди, «Олма-Ота» сафида эса кубокни қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, маҳоратли ҳужумчи ўша мавсум жанубий пойтахт клуби қисқа тарихида ягона совринга эга бўлганида, қайсидир маънода чемпионликка ҳам эришганди. Зеро, Ирисметов 2008 йилни айнан «Актобе»да бошлаганди.

Ҳужумчи: Александр ГЕЙНРИХ (06.10.1984)

Қозоғистондаги клублари: «Актобе», «Ордабаси»

Александр Гейнрих 3та мамлакат - Ўзбекис­тон, Россия ва Қозоғис­тон чемпиони ҳисобланади. Келиб чиқиши немисларга бориб тақаладиган форвард ҚПЛ-2013даги «олтин»дан ташқари, «Актобе» таркибида яна икки хил соврин, шунингдек, мамлакат суперкубогини ҳам ютди. Гейнрих футболчилик фаолиятини якунлаган 2017 йили эса, «Ордабаси» билан биринчиликнинг бронза медалига сазовор бўлди.

 

Бош мураббий: Темур КАПАДЗЕ. «Актобе»нинг собиқ ярим ҳимоячиси ўзбек футболида келажаги порлоқ мутахассислардан бири саналади. Темур Тоҳирович айни пайт Ўзбекис­тон миллий жамоа­си бош мураббийи Вадим Абрамовнинг штабидан ўрин олган. Шу вақт­нинг ўзида ёшлар термасини ҳам шуғуллантирмоқда.

ЗАХИРА

Сергей ЗАХАРЕЦКИЙ (12.01.1977)

Қозоғистондаги клублари: «Олма-Ота», «Оқжетпес»

Владимир УМАРОВ (22.07.1979)

Қозоғистондаги клуби: «Тараз»

Андрей ВЛАСИЧЕВ (27.01.1981)

Қозоғистондаги клуби: «Ордабаси»

Егор ГЛАДКОВ (17.02.1979)

Қозоғистондаги клублари: «Есил», «Оқжетпес», «Жетису», «Тараз»

Ёрқин НАЗАРОВ (11.10.1974)

Қозоғистондаги клублари: «Синтез», «Тараз», «Ясси», «Ордабаси»

Михаил САВОЧКИН (27.11.1979)

Қозоғистондаги клублари: «Тараз», «Горняк»

Александр КАРСЕВ (01.04.1981)

Қозоғистондаги клуби: «Тараз»

Абдуқаҳҳор МАЪРУФАЛИЕВ (10.05.1971)

Қозоғистондаги клуби: «Есил-Богатирь»

Мухтор ҚУРБОНОВ (26.01.1975)

Қозоғистондаги клублари: «Қайрат», «Ясси», «Жетису»

Дилмурод НАЗАРОВ (12.04.1976)

Қозоғистондаги клублари: «Қайсар», «Тараз»

Шерзод НАЗАРОВ (21.11.1979)

Қозоғистондаги клуби: «Ордабаси»

Максим ШАЦКИХ (30.08.1978)

Қозоғистондаги клуби: «Локомотив»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz