Қайднома

Қидирув

Оле-Гуннар СУЛЬШЕР: «ИШОНЧИМ КОМИЛ, ЖАМОАМИЗДА БУЗҒУНЧИЛАР ЙЎҚ»

Оле-Гуннар СУЛЬШЕР: «ИШОНЧИМ КОМИЛ, ЖАМОАМИЗДА БУЗҒУНЧИЛАР ЙЎҚ»

  11.07.2020 08:39
  0
  187
Оле-Гуннар СУЛЬШЕР: «ИШОНЧИМ КОМИЛ, ЖАМОАМИЗДА БУЗҒУНЧИЛАР ЙЎҚ»

Бутун дунё бўйлаб мухлислари сони бўйича юқори ўринларда турувчи «Манчестер Юнайтед» клуби карантиндан сўнг Оле-Гуннар Сульшер бошқарувида кетма-кет ғалабалар қайд этмоқда. Норвегиялик мутахассис чемпионат тўхтаб қолган вақтда United We Stand нашрига берган интервьюсида жамоасига ишонишини таъкидлаганди. Мана, унинг сўзлари амалда тасдиқланмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, Сульшернинг ўша интервьюсини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим кўрдик.

- Оле-Гуннар, карантин тартиби зериктирмаяптими?

- Ҳаётим уйларида ўтираётган бошқа одамларникидан унча фарқланмайди. Биргина фарқ - мураббийлар штаби ва футболчилар билан тез-тез видеоалоқага чиқаман. Мунтазам гаплашиб, режалар тузамиз. Мазкур ҳолатнинг яхши томони - кўп вақтни оилам даврасида ўтказяпман. Бирга сайр қиламиз, спорт билан шуғулланамиз. Мана, янгиликларни кузатишга одатландим, жараёндан бохабар бўлиб туришни хоҳлайман. Телевизорни ҳам одатдагидан кўпроқ томоша қиляпман.

- Футболдан ҳам муҳимроқ нарсалар борлиги тушунарли, қолаверса, «Юнайтед» эндигина яхши формага кирганида, мавсум тўхтаб қолди. Шундан келиб чиқсак, 2020 йилнинг марти ва 2019 йилнинг марти ўртасида қандай тафовут бор?

- Ҳар бир ўйин - алоҳида тарих. Турли вазиятлар бўлади, турфа деталлар юзага чиқади, лекин умуман олганда, жамоанинг руҳияти ва ишончи мустаҳкамланди. Футболда ишонч жуда муҳим. 2019 йилнинг мартида футболчилар жисмонан толиққан, руҳан эзилгандилар, уларни жароҳатлар ҳам қийнаганди. Хуллас, ўйинчилар ўша пайт негатив фикрлай бошлагандилар, ҳозир эса ҳаммаси жойида. Шунингдек, бошқа муаммолар ҳам бор эди, айримларнинг шахсий қарашлари билан боғлиқ масалалар ёзгача ҳам ҳал этилмади. Яқинда Испанияга уюштирган сафаримиз эса янада кўпроқ куч бағишлади. Қисқаси. жамоа яхши кайфиятда. Дейлик, Брунони сотиб олдик ва у кўп фойда келтирмоқда.

- Шахсий қарашлар ҳақида гапирдингиз, барча муаммолар ҳал бўлдими? Футболчиларга ўйнаш имкони берилмаса, жаҳллари чиқади. Бу борада вазият қандай?

- Тушунарлик, ҳар бир футболчи мунтазам майдонга тушишни хоҳлайди, лекин жамоа муваффақиятга эришишни истаса, ҳамма сабр қилишни ўрганиши лозим. Ишончим комил, жамоамизда бузғунчилар йўқ. Ҳеч ким ўйиндан четда қолишни истамайди, аммо йигитлар таркибдаги ўрин учун курашишлари керак. Фалсафам шундай - мураббий шогирдларида ўзини кўришни хоҳлайди. Ҳамма астойдил ишлаб, шай ҳолатда туриши шарт. Эҳтимол, қайсидир футболчига «Тўлиқ тайёр эмассан», дейишим ва ишлашда давом этиши кераклигини уқтиришимга тўғри келар. Умуман, муайян таркибни нега танлаганимни тушунтира оламан. Деталларни кузатиш - вазифаларимдан бири.

- «Юнайтед» Бруно келишидан аввал стандарт вазиятлардан яхши фойдаланолмаётганди. Нега?

- Тайёрландик, тажриба оширдик. Баъзан узатма унча яхши чиқмади, гоҳида ўзимиз шошиб, вазиятларни кўкка совурдик. Муҳими, ишлашдан тўхтамадик. Сафимизда аниқ узатма усталари ҳам, гол урадиган футболчилар ҳам бор. Жумладан, Рэшфорд жарима зарбаларини бинойидек ижро эта олишини кўрсатди.

- 3 нафар футболчи сотиб олиб, мавсумолди йиғинларини юқори даражада олиб бординглар, лекин мавсум анча ёмон бошланди. Ҳар ҳолда, декабргача лигада атиги 4та ғалабага эга эдинглар.

- Шундай, аммо келинг, ҳар бир ўйинни алоҳида кўриб чиқамиз. Мавсумолди йиғинларида бирор марта ютқазмадик. Сўнгра «Челси»ни мағлубиятга учратдик, «Вулверхэмптон» билан баҳсни яхши бошладик, умуман, ёмон ўйнамадик. «Бўрилар» бор-йўғи битта аниқ зарба йўллашди, Невеш гол урди, биз эса пенальтидан фойдаланолмадик. Қандайдир саросима кузатилгандек. Агар позитив қарасак, вазият сизнинг фойдангизга ишлайди, негатив фикрласангиз, у қарши бўлади. Агар ўша ўйинни 100 марта қайта ўтказсак, 99тасида ғалабага эришардик... Кейинчалик негатив ошиб борди. «МЮ»да бундай ҳолатлар оғир қабул қилинади. 4-ўйинда Саутгемптонга бордик, яхши бошладик, ҳисобда олдинга чиқиб олдик, аммо иккинчи голни уролмадик. Рақиб эса 2та вазиятдан бирини голга айлантирди. Халқаро танаффусдан кейин «Лес­тер»ни енгдик, шунда ўйинимизни топиб олаётганимиз ҳақида ўйладим, аммо кейин 2та сафар ўйинида «Вест Хэм» ва «Ньюкасл»га ютқаздик. «Ливерпуль» билан ўйинга тайёрланаётганимизда, аутсайдерлар ҳудудига яқинлашиб қолганимизни тушуниб тургандик. Ишлашда давом этдик, кичик деталларни ҳам назардан четда қолдирмадик, аммо барқарорлик етишмади. Мувозанатни йўқотгандик. «Борнмут», «Вест Хэм» ва «Ньюкасл» билан ўйинларда худди шундай бўлди. Ўша учрашувларда биринчи бўлиб гол уриб, ғалабага эришишимиз шарт эди. Нима бўлишидан қатъий назар, тан оламан, бизга йўналтирилган танқидлар ҳаққоний, чунки меъёридан анча кўп очко йўқотдик.

- «Юнайтед» одатда кучли жамоаларга қарши яхши ўйнайди. Мисол учун, энг мураккаб даврда ҳам «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити»ни мағлубиятга учратдинглар. Бунинг сири нима?

- Футболчилар «шпорлар» билан ўйинда диққатни бир жойга жамлашди. «Шеффилд Юнайтед» ва «Астон Вилла»га қарши кечган ўйинлардан сўнг медиа фақат биз ҳақимизда гапира бошлаганди. Қолаверса, Жозе Моуриньо «Олд Траффорд»га қайтаётганди, бу ўйиннинг ҳам ўзим, ҳам клуб учун муҳимлигини барча тушуниб турганди. Асосийси, жуда яхши ўйнадик.

- Моуриньонинг «Олд Траффорд»­-га қайтишини кузатиш қандай бўлди? Рақиб мураббийлари билан муносабатларингиз яхшими?

- Ўйиндан олдин Жозе билан бироз гаплашдик. Бунга қадар ҳеч суҳбатлашмагандик, мулоқот илиқ муҳитда ўтди. У ўзи ўзгартирган меҳмонлар кийиниш хонасидан шикоят қилди. Умуман, «Манчестер Юнайтед» мураббийига осон эмас. Аслида менга босим уюштириш қийин, аммо «МЮ» билан боғлиқ жараён доимий эътиборда. Мисол учун, Неманья Матичнинг сўзларини келтираман: «Лондонда бемалол кўчага чиқардим, мени ҳеч ким пайқамасди, бироқ Манчестерга келганимдан сўнг ҳаммаси ўзгарди».

- Мавсум давомида сизга маъ­қул тушган энг яхши ўйин?

- Декабрда «Сити»га қарши кечган баҳс. Учрашув оғир кечишини тахмин қилгандим, амалад бир нечта яхши қарши ҳужумлар уюштирдик. 20 дақиқа давомида жамоамизни тўхтатиб бўлмай қолди, бутун майдонни эгаллаб олдик. Ўйиндан кейин эса ўзимни бахтиёр сездим. Оилам аъзолари ҳам ўша ерда эдилар. Кейинги ой «шаҳарликлар»ни яна енгдик. Аслида «Манчестер Сити» жуда кучли клуб, аммо ўша ўйинларда бизга қарши чора тополмади.

- Айнан қайси футболчилар ишончингизни оқлашди?

- Кўпчиликда ўсиш кузатилди. Айниқса, ёшларда. Брэндон Уилльямс ва Мэйсон Гринвуд анча очилдилар. «Юнайтед» шундай бўлиши шарт. Маркус Рэшфорд етакчилик сифатларини кўрсатди. Фред дастлаб ўзи йўлиққан қийинчиликларни енгди. Сафимизга янги қўшилган футболчилардан ҳам мамнунман. Аарон Ван-Биссака ва Гарри Магуайр жамоамизни ажо­йиб тарзда тўлдиришди, Дэн Жеймс эса тезлик қўшди.

- Гарри Магуайр «МЮ»га келганидан сўнг 6 ой ўтиб, сардорлик боғичини олди ва ушбу вазифани яхши уддаламоқда. Нега айнан уни танладингиз?

- Бунинг турли сабаблари бор. Майк «Халл»да Гарри бирга ишлаган, уни яхши билади. Ўзим ҳам ушбу футболчини кузатдим ва етакчилик сифатлари мени ҳайратлантирди. У барчасини дастлабки машғулотлардаёқ кўрсатди. Магуайр ҳақида қанча кўп билсангиз, унинг етакчилик сифатлари шунчалик очилиб бораверади. У айнан шундай роль учун яралган. Эшли Янг Италияга кетишни хоҳлади, бундай паллада танлов аниқ эди - Гарри янги сардор.

- Эд Вудворд билан муносабатларингиз қандай?

- Самимий. Ҳаммаси яхши. Биз дои­мо бир-биримизни синовдан ўтказишга уринамиз.

- Ёзда Брунонинг трансфери ўхшамаганидан кейин ҳам уни кузатишда давом этдингизми?

- Ҳа, қолаверса, Брунонинг ўйинини кўриш учун бордим ҳам. Ўша пайт бизга вақт етишмаганди. Ёзда Гарри, Дэн ва Ааронни харид қилдик. Асосий таркибни мустаҳкамлаб, унинг атрофида ўйинни шакллантиришни истагандим. Биринчи навбатда, ҳимояни кучайтиришимиз керак эди.

- Ёшлар тизимини ҳеч қачон назардан четда қолдирмайсиз. Унинг ҳозирги ҳолатидан қониқяпсизми? 10 йил аввал, яъни сиз ишлаган даврда вазият қандай эди?

- Ҳар доим навқирон футболчиларга бажонидил имкон бераман. «Манчестер Юнайтед»нинг анъанаси шундай. Ёшларда ўзини кўрсатишга интилиш кучли. Уларнинг фаолияти эндигина бошланмоқда, биз эса ушбу йигитга «Юнайтед» аъзосига айланишларида кўмаклашишимиз мумкин. Бизда ёшлар тизими бой тарихга эга. Жамоамиз таркибида ўз тарбияланувчиларимиз сафи кенгайишини хоҳлайман. Кейинги йили «асосий»да ўйнашга тайёр турли ёшдаги 2-3 нафар футболчи бор. Дастлабки йилдаёқ кўп нарса ўрганиш мумкин. «Брексит»га қарамай, чўққида қолишимиз керак, ахир академиямиз ҳамиша энг яхшиси бўлиб келган. Бизда воситачиларга ҳожат йўқ. Клуб анча ёш футболчилар билан ҳам шартнома тузади, уларни клуб анъаналарига мувофиқ, шаклланишларини таъминлайди. Поль Погба билан шундай ҳолат кузатилган, у билан 16 ёшида битим тузилган.

- «МЮ» бош мураббийи сифатида йўлиққан энг яхши ва ёмон ҳолатлар  ҳақида гапирсангиз...

- Париждаги ғалаба, эҳтимолки, энг яхшисидир. Аслида «Сити»ни икки марта мағлуб этиш ҳам ёмон эмас. Ёқимсиз ҳолатлар сифатида «Эвертон»га қарши кечган сафар ўйинини кўрсатишим мумкин. Жуда суст ҳаракатланган эдик, бу учрашув мавсум бошига тўғри келганди. Футболчилар астойдил ишлашганига қарамай, натижа кўринмади.

- Сўнгги ойлар мобайнида жамоа жуда яхши формага кириб олди ва Киран Маккена ҳамда Майкл Кэррикнинг ишини юқори баҳолай бошлашди. Шунга қарамай, баъзан клубга нисбатан тажрибалироқ мураббийларни жалб этиш кераклиги ҳақидаги фикрлар янграмоқда. Бунга нима дейсиз?

- Қўшилмайман. Биз ҳақимизда ҳар доим турлича фикрлар янграйди, аммо Майк Феландан яққол тажрибалироқ мутахассис топиш даргумон. Футболчилик фаолиятимиз узоқ давом этган, Майкнинг мураббийлик иши эса бунданда узун. Ўзим ҳам ушбу соҳага эндигина кириб келмадим. «Мольде»да 6,5 мавсум ишладим, «Кардифф»ни 1 йил бошқардим, «Юнайтед» ўринбосарларини шуғуллантирдим. Мартин Пертни ҳам эътироф этишим керак. Унинг тажрибаси етарли, «Кардифф»да бирга ишлаганмиз. Дарвозабонлар мураббийи Ричард эса кўп йиллар давомида мен билан бирга. Хуллас, ажойиб штаб.

- Агар ёзда битта позицияни кучайтириш имконияти берилса, қайси футболчини сотиб олардингиз?

- Биринчидан, трансферлар бозорида нималар рўй беришини билмаймиз. Гарри ва Аарон ҳисобига ишончли таркибни шакллантирдик, Бунга Дэннинг тезлиги ва Брунонинг креативлигини қўшдик. Ўйлашимча, ҳимоя чизиғимиз мустаҳкам, кейинчалик нима бўлишини эса вақт кўрсатади.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz