Қайднома

Қидирув

ОТА – БУЮК, ОТА – АЗИЗ ёки Жаҳон футболига сара юлдузлар тортиқ этган буюк 10 нафар ота

ОТА – БУЮК, ОТА – АЗИЗ ёки Жаҳон футболига сара юлдузлар тортиқ этган буюк 10 нафар ота

  12.07.2020 01:42
  0
  682
ОТА – БУЮК, ОТА – АЗИЗ ёки Жаҳон футболига сара юлдузлар тортиқ этган буюк 10 нафар ота

Оталар куни - оилавий байрам. Инсониятга муносиб фарзандлар тарбиялаб беришда оталарнинг ўрни катта, албатта. Уларга ҳамиша ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - омма бурчи. Дунёнинг 50тадан ортиқ мамлакати, жумладан, Буюк Британия, Франция, АҚШ ва Японияда оталар куни кенг нишонланади. Аниқроғи, июнь ойининг учинчи якшанбаси алоҳида байрам санаси ҳисобланади. Бу йил оталар куни 21 июнга тўғри келди. Тўғри, кўплаб мамлакатларда бу байрам ҳали расмий мақомга эга эмас. Лекин ота ҳар жойда азиз, ҳар соҳада мукаррам. Мисол учун, футболда ҳам. Мана, championat.com сайти байрам баҳона футбол оламига ажойиб ўйинчиларни тақдим этган 10 нафар отага эҳтиром кўрсатишни лозим топди.

Иван Петрович ЯШИН

Касб бўйича: чилангар

Ўғли: Лев Яшин

Яшинлар оиласи: Иван Петрович, иккинчи рафиқаси Александра Петровна, Лев ва Борис. Иван Петрович Тушинодаги авиация мудофаа заводида пардозловчи чилангар сифатида ишлаган, меҳнатсеварлиги, интизоми ва камтарлиги билан касбдошлари ўртасида ҳурмат қозонган. У тўнғич фарзанди Лёвани ҳам талаб даражасида тарбиялади, салбий иллатлардан ҳимоя қилди. Онасидан барвақт жудо бўлган болакай ёлғиз отаси билан яшай бошлади. Кейинчалик оилага аёл меҳри камлик қилаётганини англаган ота Александра Петровна билан турмуш қурди. 1939 йили Лёванинг укаси Борис дунёга келди.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, авиазавод ва ишчи-хизматчиларни Волга бўйига кўчиришди. 1943 йилнинг баҳорида Иван Петровичнинг цехидаги йигитлар фронт­га кетишгач, олий тоифали чилангар шогирдларсиз қолди. Шу боис, ота ўз фарзандини ёрдамчиликка олишдан ўзга чора тополмади. 1943 йилнинг 27 октябрида Яшинлар Ульяновскдан Москвага қайтишди ва асбобсозлик цехида иш бошлашди. Бир куни кичик Яшин корхонага кириш йўлагида Владимир Чечеровнинг футбол тўгараги тарбияланувчиларни қабул қилиши ҳақидаги эълонни кўриб қолди. Шу-шу буюк дарвозабон тарихи бошланди. 1970 йилга келиб, Иван Петрович авиазаводдан нафақага чиқди, Лев Иванович эса футболчилик фаолиятига нуқта қўйди.

Жуан Рамос ду НАСИМЕНТУ (ДОНДИНЬО)

Касб бўйича: футболчи

Ўғли: Эдсон Арантис ду Насименту (Пеле)

Ҳужумчи Дондиньо футбол қиролининг нафақат отаси, балки энг яқин дўсти ва биринчи мураббийидир. Жуан ўзининг бой тажрибаси ва билимини ўғлонидан аямади, уни ҳар томонлама профессионал фаолиятга тайёрлади. Пеленинг отаси чиндан ҳам, моҳир ҳужумчи эди. Эдсон нафис узатмалар, тезкор дриблинг, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартириш, ҳимоячиларга қарши аёвсиз курашиш каби фазилатларни айнан отадан ўрганган. Жуан шунинг баробарида фарзанди билан энг яқин дўстдек муносабатда бўларди. Шу тариқа Пеледа болалигидаёқ чинакам эркак табиати шаклланди. 1917 йилнинг 21 октябрида таваллуд топган Дондиньо асосан камтарин жамоалар шарафини ҳимоя қилган. У ёшлигида Кампус-Жейрас шаҳрининг энг яхши футболчиси ва штатнинг иқтидорли ҳужумчилари қаторида эътироф этилган. «Атлетико Минейро» таркибидан мунтазам жой олмаслигига эса жароҳат сабаб бўлганди - дастлабки учрашувда рақиб футболчиси билан тўқнашиб кетиб, узоқ вақт майдонга тушолмади. Кейинчалик Дондиньо «Бауру» таркибида юксак сермаҳсуллик кўрсатиб, 201та ўйинда 248та гол урди. Умуман, у фаолиятида жами 775 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозабонларини 893 марта ранжитган. Дейлик, учрашувлардан бирида рақиб дарвозасини 5 марта боши билан ишғол этган ва газетада чоп этилган суратини ўғлига кўрсатганди. Жуан шунинг­дек, Эдсонга машҳур футболчилар, хусусан, 25 ёшда ҳаётдан кўз юмган акаси ҳақида сўзлаб берарди. Кейинчалик Пеле маҳсулдорлик бобида отасидан ўзиб кетди, аммо унга 1та  учрашувда бош билан 5та гол уриш  насиб этгани йўқ.

Катта Диего МАРАДОНА

Касб бўйича: ғишт терувчи, фабрика ишчиси

Ўғли: Диего Армандо Марадона

Дон Диего Корриентес штати жанубий-ғарбидаги Эскина шаҳарчасида дунёга келди. У узоқ йиллар давомида ғишт терувчи ва фабрика ходими сифатида меҳнат қилиб, ишчиларни қайиқда манзилларига элтиш билан шуғулланди. Турмуш ўртоғи Дальма эса уй бекаси бўлиб, 3 нафар ўғил ва 5 нафар қиз тарбияси билан банд эди. Оиланинг бешинчи фарзанди саналган кичик Диего ҳаётидаги дастлабки тўпни амакиваччаси совға қилган. Лекин «холдор думалоқ» билан муомала қилишни унга айнан отаси ўргатганди. Катта Диего кейинчалик фарзандининг профессионал футболчи бўлиш орзусини рўёбга чиқариш мақсадида янада кўпроқ тер тўкишга ҳаракат қилди, бор-будини сарфлади. Шунингдек, рафиқаси билан ўғлининг ҳар бир учрашувини ўтказиб юбормасликка интилди. Армандонинг муваффақиятига отаси шубҳа қилмас ва ўғлининг Пеле даражасига кўтарилиши, ундан ўзиб кетишини сабрсизлик билан кутарди. Марадона фаолиятидаги энг ёрқин беллашувлардан бири - бу ЖЧ-86дан ўрин олган Аргентина - Англия (2:1) тўқнашуви. Учрашувни машҳур «Ацтека» трибунасида бевосита кузатган ота ўз интервьюсида шундай зурриёди борлиги билан фахрланишини таъкидлаганди. Ҳаттоки, Армандо гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолганида ҳам, ота ўғлига бўлган муносабатини ўзгартирмади. Кўплаб футбол юлдузлари, жумладан, Лионель Мессининг энг яқин қадрдонига айланган дон Диего 2015 йилнинг 4 июнь санаси ёруғ дунёдан кўз юмди.

 

Чезаре МАЛЬДИНИ

Касб бўйича: футболчи, мураббий

Ўғли: Паоло Мальдини

Чезаре Мальдини 1932 йилнинг 5 февралида Триест шаҳрида туғилди, футбол билан жонажон ўлкасида шуғуллана бошлади. Ҳимоячи маҳаллий «Триестина» таркибидаги дебютини 1953 йили нишонлади ва 1 йилдан кейин «Милан» сафига қўшилди. Чезаре «қизил-қоралар» мухлисларини «иккинчи қават»да самарали ўйнаши, позиция танлашга усталиги ва универсаллиги билан мафтун этганди. Умуман, катта Мальдини «Сан Сиро»да 12 йил тўп сурди, бу вақтда 412 марта майдонга тушиб, 4 марта чемпионликка эришди, қўшимчасига Европа Чемпионлар кубоги турнирида ғолибликка эришди. Бундан ташқари, футбол оламидаги буюк сулолалардан бирига асос солди. У «россонерлар» сафида энг кўп майдонга тушган гвардиячилар рўйхатининг юқори 10талигидан жой олган. Дарвоқе, бу рўйхатни 902та расмий ўйинда иштирок этган кичик Мальдини бошқариб турибди. Паоло ўз фаолиятида Европа клуб футболининг бош турнирида ғолиб чиқиш бобида буюк отасидан ўзиб кетди. Унинг музейида 4та «шалпангқулоқ» кубок бор. Дон Чезаре бутсаларини михга илганидан кейин мураббийлик соҳасида фаолият бошлади. Жумладан, «Милан» клуби ва Италия терма жамоасини бошқарди. Бошқа ўйинчилар қатори ўз зурриёдига ҳам сабоқ берди. Сулоланинг илк ҳамкорлиги мамлакат ёшлар терма жамоасида бошланган эди. Катта Мальдини бу жамоага 1986-1996 йилларда раҳбарлик қилган ва бир қатор буюк футболчиларнинг оёққа туришларига ҳисса қўшганди. Мальдини бобо 2002 йили «Милан» скаути мақомида ўз набиралари - Кристиан ва Даниэлни «қизил-қора» либосларда майдонга тушганларига гувоҳ бўлди.

 

Исмоил ЗИДАН

Касб бўйича: қурувчи, омборчи

Ўғли: Зайниддин Язид Зидан

Исмоил Зидан Жазоирнинг шимолий-шарқида жойлашган Агемун қишлоғида таваллуд топди. Унинг оиласи камҳосил тошли ерларда деҳқончилик қилиш орқали базўр ҳаёт кечирарди. Исмоил 17 ёшга тўлгач, ота-онасига кўмаклашиш мақсадида Францияга йўл олди. Яъни йигитча 1953 йилнинг сентябрида, ватанида мустақиллик учун кураш ҳали бошланмаган вақтда Париждан қўним топиб, Сен-Денида қўлига белкурак ва болғача олган ҳолда, устачилик билан шуғуллана бошлади.1962 йили Жазоир мустақилликка эришгач, Исмоил юртига қайтишни лозим топди. Лекин Марселда пароходга ўтиришдан аввал шу ерда истиқомат қилаётган қариндошларидан хабар олишни ихтиёр этди. Қарангки, шу баҳона ўз холасининг қизи - Маликани ёқтириб қолди. Натижада Африкага қайтиш режасидан воз кечиб, Маликага уйланди. Ёш келин-куёв вақт ўтиши билан 5 нафар фарзанднинг ота-онасига айланишди. Зайниддин - оиланинг кенжатойи. Исмоил аёли ва болалари эҳтиёжини қондириш учун астойдил тер тўкди - супермаркетда омборчи вазифасини адо этиш билан бирга юк туширишни ҳам ўз зиммасига олди. Зиданлар яшайдиган Ла-Кастеллан сершовқин Марселнинг нотинч туманларидан бири бўлиб, жиноий гуруҳлар макони саналарди. Иймонли ота ўз фарзандларини кўча иллатларидан авайлаб асраб, уларга яхши тарбия берди. Жумладан, кенжатой Яз (оила аъзолари Зайниддинни шундай эркалашарди)га ҳам. Зайниддин болалигида кўплаб спорт турлари билан шуғулланди. Лекин футбол ва дзюдога кўпроқ эътибор қаратди. Исмоил ўғлидан бор куч-қувватини битта спорт турига сарфлашини талаб қилгач, у футболни маъқул кўрди. Ўшанда катта Зидан ғоят ўринли талаб қўйганини ҳозир барчамиз яхши биламиз.

 

Эдвард Тед БЕКХЭМ

Касб бўйича: ошхона мебели йиғувчиси

Ўғли: Дэвид Бекхэм

Тед Бекхэм Лондонда истиқомат қилсада, «МЮ»нинг садоқатли мухлиси эди ва доимо турмуш ўртоғи Сандра билан «Олд Траффорд»га йўл оларди. Ота ўзининг бу муҳаббатини яккаю-ягона ўғли - Дэвидга ҳам юқтирди. Оқибатда болакай ҳали юришни ўрганмасидан «тўп» тепишни ўрганди. Эдвард фарзанди ёнида бўлган пайтлар пайпоқни думалоқ шарчага айлантирар, чақалоқ эса тинимсиз депсиниб, уни тепишга уринарди. Хуллас, Дэвид 4 ёшга тўлганида, тўпга онгли равишда зарба берадиган, уни ўнг оёғига тўғрилаб оладиган бўлди. Тез орада катта Бекхэм дам олиш кунларини 7 ёшли ўғлони ҳузурида, «МЮ» академиясида ўтказишга одатланди. Бекснинг жарима зарбалари нақ замбаракнинг ўқи эди. Шундай зарбаларидан бири ўз соҳибига миллат қаҳрамони мақомини олиб берди. Лекин футболчи «Реал»га йўл олиши арафасида отасининг оиласи барбод бўлди - Эдвард 33 йиллик тотув турмушдан кейин турмуш ўртоғи билан ажрашди. Айрилиқда Бекс отасини айблаб, аста-секин ундан узоқлашди. Қўшимчасига, «қизил иблислар»нинг ашаддий мухлиси саналган катта Бекхэм ўғлининг «Реал»га сотилишига қарши чиқиб, сэр Алекс Фергюсонни хоинликда айблади. У мазкур трансферга оид хабарни ҳам фарзандидан эмас, балки янгиликлар дастури орқали эшитди. Ота учун бу оғриқли зарба эди. Боз устига, Бекс «Қироллик клуби» билан шартнома имзолаш маросимига отасини таклиф этмади. 2019 йилнинг августида 72 ёшли Тед Бекхэм адвокатлик бюроси соҳибаси Хиллари Мередит билан никоҳдан ўтди. Ундан аввалроқ Бекснинг рафиқаси ўз даврасига янги қариндошларни қабул қилмаслигини таъкидлаганди. Шунга қарамай, ота-бола Бекхэмлар ўзаро муносабатларини тиклаб олишди.

 

Шафиқ ИБРАГИМОВИЧ

Касб бўйича: соқчи

Ўғли: Златан Ибрагимович

Златан шу қадар қудратлики, ҳаттоки, ўзига ўзи оталик қилишни ҳам уддалайдигандек. Бироқ воқелик - биз кутгандан ҳам шафқатсиз. Бўлажак афсона Швециянинг Мальмё шаҳрида, эмигрантларга ажратилган Русенгорд туманида дунёга келди. Отаси Шафиқ босниялик бўлса, онаси Юрка Гравич - хорват аёли. Улар янги ватанда танишиб, турмуш қуришди. Аммо никоҳдаги ҳаёт узоққа чўзилмади - атиги 2 йилдан кейин ажрашишди. Златан чақалоқлик пайтиёқ унга етарли эътибор қаратишмаётганини, ҳаттоки, онаси ҳам бемеҳр эканлигини ҳис этганди. Болакай ажримдан сўнг онаси қарамоғида қолиб, кейинчалик янги ота қўлига ўтди. Хуллас, Златан ана шундай аламли муҳитда улғая бошлади. Болакай онасидан кўра, отасини яхши кўрарди, бу йўқотиш унга жиддий таъсир кўрсатди. Орадан йиллар ўтиб, ниҳоят, Златан ўз отаси билан кўришиш бахтига муяссар бўлди, вақти-вақти билан унинг ёнида яшади. Шафиқ соқчи сифатида ишлар ва ўтмиш хотираларидан ҳали фориғ бўлмаганди. Айниқса, Болқон уруши асоратларини унутолмас ва ишдан кейин пиво ичишга зўр бериб, болқонча мусиқа тинглаш билан вақт ўтказарди. Унинг ёнига қайтган ўғлони эса хонани пиво идишлари ва сигарета қолдиқларидан тозалаб, музлаткични супермаркетдан ўмарилган озуқалар билан тўлдирарди. Аввалига Шафиқ фарзандининг футболга қизиқишига умуман бефарқ қаради, машғулотлари ва ўйинларига бормасди. Лекин бир куни инсофга келиб, ўғлининг ўйинини кўришга аҳд қилди. Ўша куни Златандан кўра бахтлироқ бола йўқ эди бу дунёда. Шу воқеадан кейин Шафиқ ҳам, унинг Златанга нисбатан муносабати ҳам тубдан ўзгарди. Энди у ичкиликка эмас, ўғлининг тақдирига эътибор бера бошлади, газеталарда Златанга бағишланган мақолаларни, футболкалар ва кубокларни йиғишга одатланди. Ҳаттоки, «Мальмё» билан янги шарт­нома тузиш маросимида ҳам иштирок этди. Кейинчалик футболчи ўз либосидаги «Златан» ёзувини «Ибрагимович»га  алмаштирди, ота-онасига янги хонадонлар совға қилди.

Хосе Мария РАМОС

Касб бўйича: менежер, тадбиркор

Ўғли: Серхио Рамос

Серхио ҳозирда Испания терма жамоаси сафидаги ўйинлари сони бўйича мутлақ рекордчи, «қизил фурия» ҳамда «Реал»нинг сардори ҳисобланади. Табиийки, у кўплаб совринларга ҳам эришди. Ваҳоланки, Серхио ана шу муваффақиятлардан умуман узоқда юриши ҳам ҳеч гап эмасди. Кичик Рамос Андалусиянинг Камас шаҳрида туғилди. Унинг юртида коррида кенг тарқалган ва болакай тореадор бўлишни орзу қиларди. Тушунарлики, буқалар жанги ўта хавфли, шу боисми, ота-она Серхионинг орзусидан хавфсирашарди. Хосе Мария кейинчалик ўғлининг футболга ҳам жиддий қизиқишини пайқаб, ҳаётидаги энг муҳим ишга қўл урди - Серхио учун хусусий мураббий ёллади. Аёли Парки 3 нафар фарзанд тарбия­си билан бандлиги боис, ҳеч қаерда ишламасада, оила молиявий жиҳатдан яхши таъминланганди. Омадли бизнесмен саналган Хосе Мария тез орада зурриёдининг асосий ҳамкорига айланди. Ота-бола ҳамкорликда Андалусиянинг бош курорт шаҳри - Марбельяда ер ости автомобиллар сақлаш жойини бунёд этишди. Шунингдек, Мадрид жанубида 65 млн. евро эвазига қад ростлаган турар-жой мажмуаси ҳам Рамослар тасарруфида.

 

Хорхе Орасио МЕССИ

Касб бўйича: пўлат эритиш заводи ишчиси, футбол агенти

Ўғли: Лионель Месси

1958 йили дунёга келган Хорхе Месси «Ньюэллс Олд Бойс»нинг умидли ярим ҳимоячиси эди. Бироқ ҳарбий хизмат унинг фаолиятига халақит берди. Аскарлик бурчидан қайтгач эса, заводда ишлади, Селия Мария Куччиттини билан турмуш қурди ва 4 нафар фарзанд отасига айланди. Кенжатой Лео 1987 йили туғилди. У футболсевар кишилар даврасида улғайди. Дейлик, Лео 3 ёшга тўлган куни яқинлари унга тўп совға қилишди. Яна 2 йилдан кейин Лео «Грандоли» клубида отасидан таҳсил ола бошлади, сўнгра «Ньюэллс» тизимига ўтди. Бироқ 11 ёшга тўлганида Леонинг организмида ўсиш гормонлари танқислиги аниқланди, болакайда севимли ўйинидан айрилиш хавфи юзага келганди. Уни даволаш учун на оиласи ва на клубида имконият бор эди. Лекин Хорхе умид узмади, нажот излашга киришди. Шу паллада кўмак уммон ортидан келди - «Барселона» болакайни даволашни ўз зиммасига олиб, отасини ҳам иш билан таъминлашга ваъда берди. Шу аснода Мессилар 2000 йилнинг 17 сентябрида Испанияга йўл олишди. Лео 14 ёшга чиққанида эса, фаолияти ҳам, молиявий ишлари ҳам отасининг назоратига ўтди. 2013 йили Испания прокуратураси тегишли солиқ тўловларини вақтида тўламаганликлари учун Мессилар устидан жиноий иш қўзғатди ва кейинчалик уларга нисбатан 21 ойлик шартли қамоқ жазоси тайинлади. Тўғри, амалдаги қонунчиликка кўра, жазо йирик жарима билан алмаштирилди. Энг муҳими, бу воқеа ота-бола муносабатларига заррача таъсир этмади.

 

Жозе Диниш АВЕЙРУ

Касб бўйича: клуб маъмури

Ўғли: Криштиану Роналду душ Сантуш Авейру

Роналдунинг отасига бу кунларга етиб келиш насиб этмади. У 2005 йилнинг 7 сентябрь куни 52 ёшида ёруғ дунё билан хайрлашди. Ичкиликка ружу қўйганлиги жигар хасталигига мубтало қилганди. Мусибат юз берган пайт Кришти 20 ёшда бўлиб, совуқ хабарни ЖЧ-2006 саралаш босқичидан ўрин олган Россия - Португалия учрашуви (0:0) арафасида эшитган ва майдонда йиғлаб юборганди. Жозенинг ичкиликка берилишига ҳарбий хизматдаги вазият сабаб экан. Уни 1974 йили мустақиллик учун курашаётган Анголага юборишган. Диниш Авейру жангларда бевосита қатнашмаган бўлсада, Африкада ҳаёти жуда оғир кечган. Ҳукумат ўз қўшинларини етарли озиқ-овқат билан таъминлай олмаган, боз устига, улар ўта иссиқ ҳароратда тезда яроқсиз бўлиб қоларди. Анголада сув ҳам истеъмол учун яроқсизлиги учун аскарлар асосан пиво ичишарди. Улар хизматдан қайтишганидан кейин ҳам рўшнолик кўрмадилар, маъмурлар на иш ва на нафақа билан таъминлашди. Оқибатда Диниш Авейру ҳам ичкилик иллатидан фориғ бўлолмади. Тўғри, у «Андоринья» ҳаваскорлар клубидан иш топди, аммо молиявий муаммолардан қутулолмади, барибир. 6 ёшли Криштиану айнан шу жамоа тизимида шуғулланди. Катта Авейру 4 нафар фарзанди ҳолидан хабар олиш ўрнига умрини барда улфатлари билан ўтказарди. Футболчининг онаси Долорес Авейрунинг айтишича, эри доимо уйга маст ҳолда қайтар ва уни калтакларди. Лекин болаларга қўл кўтармасди. Кришти ва отаси ўртасидаги муносабат ижобий бўлмаганининг асосий сабаби шу. Отасининг феъл-атворидан тегишли хулоса чиқарган Роналду ўзини тамаки ва спиртли ичимликлардан мутлақо узоқ тутади, бўш вақтини оиласи ва фарзандларига бағишлайди...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz