Майдонда қисқа «кўришиш». Россия Премьер-лигаси 27-турида «Ростов» ва «Уфа» клублари ўзаро тўқнаш келди. Ростовда бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар 1:2 ҳисобида ютқазишди. Жамоанинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, 83-дақиқагача ҳаракатланди. «Уфа» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов эса 63-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди. Хуллас, икки ҳамюртимиз майдонда қисқа вақт бир-бирига қарши тўп сурди. Уфаликлар кейинги турда Москвада «Локомотив» билан баҳсда муроса кўчасида тўхташди - 1:1. Ўрунов бу сафар 42-дақиқада сариқ карточка олди ва охирида захира футболчиси билан алмаштирилди. Энг муҳими, у ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. «Ростов» эса 28-турда «Оренбург» майдонида на гол урди, на қўйиб юборди - 0:0. Элдор бу учрашувда 68-дақиқага қадар майдонда бўлди. Дарвоқе, Шомуродовга дахлдор битта хабар тарқалди. Бельгиянинг «Гент» клуби Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси учун 5 млн. евро таклиф қилганди. Бельгияликлар «Ростов»га аввалига 2 миллион, кейинги 2 йилда 1,5 миллиондан тўламоқчи эдилар. Бироқ мазкур таклиф Россия клубини қониқтирмади. Қисқаси, жамоа Шомуродовни бундай шартлар асосида қўйиб юборишни истамади. Маълумот учун, Элдор РПЛнинг жорий мавсуми 26та ўйинда 11та гол ва 6та самарали узатма расмийлаштирди. Унинг «Ростов» билан шартномаси 2024 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
Ғиёсов шартномасини бекор қилди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Хуршид Ғиёсов Ж.Корея иккинчи дивизиони вакили - «Аньянг» клуби билан хайрлашди. Хабар берилишича, томонлар ўзаро келишган ҳолда амалдаги шартномани бекор қилишди. «Жамоамиз Ғиёсовга келгуси фаолиятида омад тилайди», - деб ёзилди клуб матбуот хизмати хабарида. Маълумот учун, Хуршид жорий мавсум «Аньянг» сафида 4та ўйин ўтказиб, 1та гол урди. Дарвоқе, «Аньянг» чемпионатнинг навбатдаги турида Олег Зотеевнинг янги жамоаси - «Чоннам Драгонс»ни қабул қилиб, 0:0 ҳисобига кўнди. «Чоннам» ўйинига муаммосиз қўшилиб кетган ҳамюртимиз бу сафар ҳам тўлиқ вақт ўйнади. Айтиш жоиз, Зотеев Жанубий Кореядаги дебютидаёқ турнинг рамзий терма жамоасидан жой олганди. Чунончи, ўзбекистонлик футболчи 9-тур доирасида «Асан Гринерс»га қарши кечган баҳсда голга ассистентлик қилиш баробарида ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди.
Жанубий Корея «К»-лигасидаги вакилларимизга келсак, Жамшид Искандеров «Сеонгнам Ильва Чунма»нинг пешқадам бўлиб турган «Чонбук Моторс»га қарши кечган сафар ўйинида 90 дақиқа фаол ҳаракатланди. Эътиборли томони, ишлари унча юришмаётган «Чунма» бу ўйинда ортга 1 очко билан қайтди - 2:2. Чемпионатнинг 11-турида ҳам икки ҳамюртимиз жамоалари ўзаро куч синашди: «Пусан И~Парк» - «Сеул» - 2:0. Фақат шуниси борки, ғолиб жамоа вакили Достон Турсунов ўйинни захира ўриндиғида кузатди. «Сеул» ярим ҳимоячиси Икром Алибоев эса 64-дақиқагача майдонда ҳаракатланди. Рустам Ашурматовнинг клуби - «Кванжу» «К»-лиганинг мазкур турида «Канвон» меҳмони бўлиб, 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўзбекистонлик ҳимоячи ушбу омадсиз учрашувда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди.
Яхшибоев янги клубдаги дебютида ҳам гол урди. «Энергетик-БГУ» таркибида ижара асосида ўйнаган ўзбекистонлик Жасур Яхшибоев Беларуснинг бошқа жамоасига кўчиб ўтди. У энди чемпионат турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган Солигорскнинг «Шахтёр» клубида тўп суради. Диққатга сазовор томони, ҳамюртимиз янги клубдаги дебютини ҳам гол билан безади. Солигорсликлар 17-турда «Городея»ни қабул қилиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Иккинчи бўлим бошида майдонга тушган Жасур учрашувнинг 82-дақиқасида ҳисобни 4:1га етказди. Шу билан унинг Беларусь чемпионати жорий мавсумидаги голлари сони 10тага етди (15та баҳсда). Ҳамюртимиз айни пайт турнир тўпурари бўлиб турибди. Эслатма, Яхшибоевнинг трансфер ҳуқуқи «Пахтакор»га тегишли. Жасурсиз қолган «Энергетик-БГУ» ўз майдонида «Рух»га шармандали тарзда ютқазди - 1:8. Клуб сафидаги Шаҳбоз Умаров 48-дақиқачага тўп сурди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20