Қайднома

Қидирув

Вадим Абрамов: «Мураббийлар мактави муаммоси – маош камлиги»

Вадим Абрамов: «Мураббийлар мактави муаммоси – маош камлиги»

  14.07.2020 04:43
  0
  360
Вадим Абрамов: «Мураббийлар мактави муаммоси – маош камлиги»

Болалар билан ишлашни тўғри йўлга қўйиш - бўлажак ғалабалар пойдевори. Ушбу масалада Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамовнинг фикрларини билиш қизиқарли, албатта. Қуйидаги суҳбат айни шу мавзуда.

- Мамлакатимизда ёш футболчиларни тайёрлаш масаласига қандай қарайсиз? Европа давлатлари, ҳаттоки, Осиёдаги етакчиларнинг болалар билан ишлашига солиштирганда, уларга етиб олишимиз учун нима етишмаяпти?

- Табиийки, бизнинг болалар ҳам ҳақиқий юлдуз бўлишни орзу қилишади, бу йўлда астойдил интилишади. Улар футбол орқали танилишни хоҳлашади, бизнинг асосий вазифамиз шу орзулар ва уринишларга тўғаноқ бўлмай, аксинча, ривожлантиришдир. Бизда шундай ҳолатлар учрайдики, болалар футбол секциясига тўп тепиш илинжида келишса, уларга таъбир жоиз бўлса, ҳарбий спорт ва яккакураш турларига алоқадор топшириқлар берилади. Демоқчиманки, футболга оз вақт ажратилади. Айрим мутахассислар эса дастлабки кунларданоқ болакайларда жисмоний кўрсаткичларни яхшилашга уринишади. Менимча, болаларни 10 ёшгача катталар футболи, яъни стантарт майдонларда ўтказиладиган кўп кишилик ўйинлар билан толиқтириш тўғри эмас. Ўзимга қолса, уларни аввало, мини-футболга жалб этардим: кичик майдонларда тўқнашувлар ва тўп учун кураш кўп кузатилади, шу тариқа иқтидорли болаларда дарҳол техника кўзга ташланади, уни ривожлантиришга лаёқат ҳам. Улар болалик давридаёқ шундай кўникмалар ҳосил қилишса, улғайгач, унча қийналмайдилар. 10-11 ёшдан кейин турнирларда қатнашилса, бошлан­ғич тажриба асқотади. Аксарият болалар бу паллада етакчилик салоҳия­тини намоён этишади, майдонда ҳақиқий қўмондонга айланишади, шерикларини ўз ортларидан эргаштиришади.

Энди асосий эътиборни натижага қаратмаслик ҳақида гапирсам. «Натижа муҳим эмас» - бу жумлани бироз бошқача айтиш мумкин. Натижа муҳим, албатта, ахир бу мураббийлик ишини намоён этади. Фақат, бор эътиборни унга қаратиш ярамайди. Агар жамоа яхши ўйнасаю, омади юришмай, ютқазса, бу ҳам яққол кўринади. Демак, ташвишга ҳожат йўқ. Масаланинг бош­қа, зиёнли томони бор. Футболчиларнинг ёши сунъий тарзда кичрайтирилса, бу уларнинг ўзларига ҳам, бутун бошли тизимга ҳам салбий таъсир қилади. Шундай экан, нега ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчисининг кейинчалик йўқолиб қолиши, миллий жамоа, умуман, катта футболда кўринмаслиги  ҳақида бериладиган саволга битта жавоб бор. 19-20 ёшли футболчи U-16 таркибида худди шу ёшдаги болаларга қарши тўп сургач, ўз-ўзидан уларнинг даражасига мослашади. Яъни тенгдошлари ривожланаётган паллада у ўсишдан тўхтаб қолади. Камига 16 ёшлилардан бири йўлини тўсиб, унинг ўрнига мундиалга боради. Аслида шу каби турнирлар уни талаб даражасида ўсиши ва тарбия билан таъминлаши керак, аммо бундай бўлмайди - йигитчани таркибга олишмайди. Ёши кичрайтирилган футболчи эса халқаро мусобақада ҳаммадан кучли ўйин кўрсатади. Фақат уйга қайтгач, катталар жамоаси сафига қўшилиб, бу ўйинга мослашолмайди. Шу тариқа иқтидорли ёш футболчи мақомида қолиб кетаверади... Унинг ёнидагилар эса қатнашишлари зарур саналган турнирлардан четда қолиб, керакли тажрибага эга бўлмаганлар. Улар футболдан ноҳақ четлатилганлар, бундай ёшлар ўрнига келажаги йўқ йигитларга вақт сарфланган. Оқибатда шундай ҳолат гувоҳига айланяпмиз. Ҳар икки томон ҳам бундай ёндашув жабрдийдасига айланади. Маълумки, айни пайт шу каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ишлар бажарилмоқда, кичик жаҳон чемпионатларига чиқиш асосий вазифа эмас, яъни мақсад - ўсмирлар мундиалга чиқмасаларда, ўсишга эришсинлар. Бунинг натижасида улар ҳар тарафлама кучайишади, миллий ва олимпия термаларидаги жой учун реал номзодга айланишади.

- Кўпинча Европанинг икки мактаби - Германия ва Нидерландия футболини намуна сифатида келтираман. Футболчилар сонига қарамай (Германияда юзлаб академия­лар, ўн минглаб футболчилар бор), уларнинг машғулотлар режаси ва жараёнини кўраман. У ерда 16-17 ёшли болалар шундай ҳаракатларни амалга оширишадики, мазкур топшириқлар айрим катта ёшли профессионал футболчиларимизни ҳам қийнаши муқаррар. Бунинг натижасида Мюллер ва Гётце кабилар 20 ёшдаёқ катталар футболи, ҳаттоки, миллий термага ҳам тайёр бўлишади. Бизнинг эса ушбу савияга чиқишимизга ҳали анча бор...

- Менимча, бу ерда ҳаммаси ижрочиларга боғлиқ эмас. Биринчи нав­батда, шароитлар муҳим - майдонлар сони, клублар ва академиялардаги инфратузилма, болаларнинг озиқланиши ва тиббий хизмат... Шунингдек, иқлим масаласини ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак: қиш ўта совуқ келмайди, йил давомида тўп суриш имконияти бор. Ёзда эса қуёш чиқишидан то ботгунига қадар майдонда ўйнаш қийин бўладиган давр кузатилади. Европа мактабларидаги витаминизация, спорт тиббиёти - анча кучли. Шу боис бутун дунёдаги спортчилар жароҳатни даволаш, тикланиш мақсадида у ерга боришади. Германия, Голландия ва шунга ўхшаш мамлакатларга етиб олишни мақсад қилишдан аввал юқоридаги факторлардан кўз юммаслик даркор.

- Бошқа табиий омиллар нима бўлади? Дейлик, антропометрия: замонавий еврофутбол бизникидан сезиларли устунликка эга, бу жисмоний яккакурашларда яққол сезилади...

- Ушбу масалада муаммо кўрмаяпман. Айтганча, кўплаб буюк футболчилар паст бўйли: Пеле, Марадона, Месси... Осиёнинг айрим мамлакатларида ҳам шундай. Япония ва Жанубий Кореяни олайлик, ушбу мамлакатлар жамоалари ҳар доим жаҳон чемпионати саралашидан муваффақиятли ўтади. Ваҳоланки, девкелбат футболчилари йўқ, аммо ўйин бор.

- Тўғри. Лекин бундай футболчилар кўп эмас. Улар ёнида нисбатан басавлат ва мунтазам яккакурашларга қўшиладиган ўйинчилар ҳам топилади. Ахир жамоада 11 нафар «Месси-Пеле» ўйнамайди-ку...

- Тушундим, бироқ бу ҳам бир писанда! Ўша Бразилия термасини олайлик: жамоанинг фақат марказий ҳимоячилари бўйи баланд. Испания термасида эса биргина Пике новчалиги билан ажралиб туради. Аммо бу жамоалар буюк. «Барселона»нинг энг яхши даврини эсланг. Клуб футболчилари тўпни фақат ердан ўйнатишарди, ҳар ким нима қилишини бир неча сония олдин биларди, олдиндагилар ҳам шундай фикрлашарди. Улар шу аснода режадаги ишни қойиллатиб бажаришган: техника ва ақлли ўйин муваффақиятлар келтирган, ҳеч бир кучли жамоа уларни тўхтатолмаган. Бу каби мисолларни барча даврлардан келтириш мумкин.

- Нуқтаи назарингизни тушундим. Энди бошқа бир муҳим масалага тўхталсак. Ўзбекистон миллий термаси 4 сентябрь куни Тожикистон жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиши ҳақида хабарлар тарқалди. Шу заҳоти кучлироқ рақиб билан ўйнаш кераклиги хусусида муносабатлар ҳам билдирилди. Лоақал Украина ёки Қозоғистон термаларидан бирини танлаш кераклиги айтилди. Бунга дарҳол объектив факторни келтирдим: қачондир ФИФА рейтингининг 50-60-поғоналаридан жой олганмиз, Қосимов ва Абрамов ишлаган ўша даврлар Украина, Болтиқбўйи давлатлари термалари, УЕФАга аъзо бошқа жамоалар билан ўйнаганмиз. Энди эса 90-ўринлар ўртасидамиз, Европа ва Америкадагилар бундай «кучли-обрўли» термага эътибор беришармиди?!

- Тушундим. Лекин юқорида қайд этилган сабаблардан ташқари, пандемия ҳам жараёнга таъсир қилди. Баҳорда Арманистон термасига қаши ўйнашимиз керак эди, масалан. Ҳозирча тожикистонликлар билан келишдик, эпидемиологик вазият ўзгармаслиги ва ўйинни вақтида ўтказишдан умидвормиз. Ўз навбатида, 7-санага Эрон термаси билан ўйин белгилаш ҳаракатидамиз. Ҳозирча музокара давом этмоқда. Уларнинг муваффақиятли якунланиши кутилмоқда: Осиёда сентябрда ФИФА кунлари йўқ, бу фақат Европа термаларига тааллуқли. Умуман олганда, бўш кунлар бор, шундай экан, кетма-кет ўйинлар ўтказмоқчимиз - 4 ва 7|8 сентябрга белгилаш ниятидамиз. Олдиндан нимадир дейиш қийин, лекин ижобий қарор чиқарилишидан умид бор. Ҳаммаси пандемияга боғлиқ. Балки УЕФАнинг бирор жамоаси билан ҳам ўйнармиз... Кўп нарсанинг эҳтимоли бор, бироқ мазкур ҳолатда фақат эпидемия халал бермайди. УЕФАда янги турнир бор - танаффуслар пайти термаларга спарринг-рақиб топиб беришга мўлжалланган Европа Миллатлар лигаси. Мана сизга рақиб, ўйнайверинг! Уларда саналар ўз-ўзидан банд, тақвим тиғиз, бир неча йилга олдиндан режа бор. Рақиб ва кунларни танлашнинг мураккаблиги ҳам шунда.

- Захира мавзусини якунласак. Менимча, яна бироз сабр қилиб, камида бир авлод улғайишини кутишимизга тўғри келади. Кейин эса болалар ва ўсмирлар тарбияланадилар. Ҳозирча 7-10 йилга мўлжалланган истиқболли режа керак. Муҳими, унинг қоғозда қолиб кетмаслиги...

- Бунда кўп нарса мураббийларга ҳам боғлиқ. Ахир камтарона шароитларда ҳам чемпионларни етиштирган мутахассисларимиз бор. Авваллари мураббийларга кадрлар тайёрлашгани, терма ривожига ҳисса қўшишгани учун унвонлар бериларди. Бу ҳар тарафлама рағбат ҳисобланарди. Ҳозир эса бундай маош билан яшаш номаъқул эмас, балки оғир ҳамдир. Фанатизмнинг ўзи тўқ яшаш учун етарли эмас, оилани боқиш керак. Ақлли одам эса оиласи олдидаги мажбурияти ҳар қандай истак ва севимли хоббидан устун эканлигини яхши билади. Шундай бўлгач, у оиласини таъминлаш имконини берадиган бошқа иш топади. Мураббийларни айни тарзда йўқот­япмиз. Ёки айрим мутахассислар болаларнинг ота-оналаридан пул олишга мажбур бўлишган. Яхшигина маош берилса, шахсий пулига анжом сотиб олишга ундалмаса, керакли захира билан таъминланса, ҳафтанинг маълум кунлари майдонлар ташкил этилса, яхши мураббий ва футболчилар етишиб чиқади, албатта. Афсуски, кўп жойларда нопрофессионаллар раҳбарлик қилишмоқда, баъзан ўзим учун ҳам ачиниб кетаман, шунча китоб ўқиганим беҳудадек туюлади. Ниманидир билиш бир томон бўлса, бошқа тарафдан, реалликни кўриш ҳам бор...

В.ПОПОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz