Қайднома

Қидирув

«Сурхон»нинг сирли муаммолари қачон тугайди?

«Сурхон»нинг сирли муаммолари қачон тугайди?

  14.07.2020 06:45
  0
  513
«Сурхон»нинг сирли муаммолари қачон тугайди?

Суперлиганинг аксарият жамоаларида ишлар рисоладагидек кетаётганини сезиш қийин эмас. Буни ўйинлар сифати ва натижалар кўрсатиб турибди. Лекин чемпионатимиз кўркини бузаётган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Аслида қайсидир клуб обрўсини тушириш ниятимиз йўқ. Фақат муаммолардан кўз юмиш ҳам ярамайди. Биласиз, яқинда «Сурхон» бош мураббийи лавозимига тажрибали мутахассис Равшан Ҳайдаров тайинланди. У жорий мавсум Термиз клуби бошқарувини қўлга олган 4-мураббийдир. Дастлаб матбуот анжуманларида дарвозабонлар устози Шавкат Абдухўжаев қатнашган бўлса, кўп ўтмай, «Про» лицензиясига эга Баҳром Ҳайдаров бош мураббий ролини зиммасига олди. Қишки йиғинларни эса асосан Владимир Андреев олиб борган ва «Сурхон»ни мавсумга тайёрлашда катта иш бажарганди. Баҳром Ҳайдаров шунчаки, йўлда кетаётган карвонга сарбон бўлди. Кутилганидек, ёш мураббийнинг фаолияти узоққа чўзилмади. Энди Равшан Ҳайдаров билан ҳам шу ҳолат такрорланмаслигига ким кафолат бера олади?

Тушунарлики, Баҳром Ҳайдаров натижалар пастлиги туфайли истеъфога чиқди. Шу орада ижтимоий тармоқларда Александр Хомяков «Сурхон» бош мураббийи сифатида таништирилгани ва ҳаттоки, машғулот ўтказишга улгургани ҳақида хабарлар урчиди. Буни айрим футболчилар ҳам тасдиқлашди. «Андижон»­дан кетган Хомяковнинг Термизда иш бошлаши ҳеч кимни ажаблантирмади. Зеро, бу икки клубнинг иш юритиш услуби деярли бир хил. Хомяков аслида етук мутахассис, тактик жиҳатдан юқори савияга эга. Фақат унга вақт бериб, жамоани ўз ихтиёрига топшириш керак, холос. Маълумотларга қараганда, клуб Хомя­ков билан масаланинг молиявий томони борасида келишолмаган. Шу тариқа термизликларни «Пахтакор» билан ўйинда майдонга Владимир Андреев бошлаб тушди. У аввалги мавсумнинг иккинчи ярмида жамоани чакки бошқармаганди. Ҳар ҳолда, «Сурхон» кучли олтиликдан жой олди. Унинг айби - «Про» лицензиясига эга эмаслиги. Ўйиндан кейин жамоа техник директори Григорий Цейтлин тез орада «Про» лицензиясига эга мураббий билан шартнома тузилишини айтди. Мана, Равшан Ҳайдаров «Сурхон»нинг навбатдаги бош мураббийига айланди. Умуман олганда, Термиз клубидаги мураббийлар қўнимсизлиги бугун ёки кеча кузатилаётгани йўқ.

Фақат яқин ўтмишни кўриб чиқамиз. 2017 йили жамоа бош мураббийи Обид Худоёров ўз ўрнини Сергей Ковшовга бўшатиб берди. Ўша мавсум Термизда чакки таркиб йиғилмаганди. Аммо Ковшов жамоани юқори лигага олиб чиқолмади. Эсингизда бўлса, қайсидир учрашувда «Сурхон» ва рақиб футболчилари ўртасида жанжал юзага келганди. Термизликлар мавсум-2018ни Абдусамад Дўрмонов устозлигида бошлашди. Бироқ кўп ўтмай, мураббийлик рулида навбати билан Абдумалик Ҳакимов ва Игорь Шквирин пайдо бўлишди. Хусусан, Игорь Анатольевич жамоани 2 ёки 3та учрашувга бошлаб тушди. Шундан сўнг Рустам Мирсодиқовнинг иш бошлагани айтилди, кейин ёшлар билан ишлаш таржрибасига эга Дилшод Нуралиев таклиф этилди. Бироқ у ҳам мавсум охиригача ишламади ва ўрнини ёрдамчиси Руфат Акрамхўжаевга бўшатиб берди. Қаранг, биргина 2018 йили «Сурхон»да Абдусамад Дўрмонов, Абдумалик Ҳакимов, Игорь Шквирин, Рустам Мирсодиқов, Дилшод Нуралиев ва Руфат Акрамхўжаев кўриниш беришди.

Термиз клуби ўтган мавсум кутилмаганда, Суперлига иштирокчисига айланди-қолди. Дастлаб Илҳом Мўминжонов бош мураббий сифатида кўрсатилди. Бироқ ЎФА уни дисквалификация қилгач, Суперлига стартига оз муддат қолганида, Андрей Микляев бошқарувни қўлга олди. У биринчи давра якунига қадар барқарор натижаларни таъминлади, орада «Сурхон» ҳаттоки, 2-ўринга чиқди. Аммо Микляев танаффусга 2та тур қолган паллада кетишга қарор қилди - сабаби қорон­ғу. Кейин Бахтиёр Ашурматов билан шу ҳолат такрорлади. Кўринишидан, у ҳам раҳбарлар билан келишолмади. Бу нимани англатади? «Сурхон»да яхши менежер йўқлиги ва клуб аниқ тизимга муҳтожлигини. Тўғриси, бугун футболимиз Баҳром Давлатов ва Самвел Бабаян каби менежерларга эҳтиёж сезмоқда. Бабаян мураббийлик фаолиятида ниманидир қойиллатмаган бўлиши мумкин. Лекин менежер сифатида «Пахтакор»ни қийин даврда ҳам барқарор ушлаб турган. Давлатов эса «Машъал» академиясига асос солган.

Оддий мисол, АГМКни олайлик. Олмаликликлар ўтган мавсум қониқарсиз натижа қайд этишганига қарамай, раҳбарият мураббийга ишонишда давом этди. Бунинг самараси бугун яққол кўринмоқда. «Сурхон» ҳам маълум муддат натижани четга сурган ҳолда, муайян мураббийга имконият берса, балки равон йўлга тушиб олармиди? Сурхондарё футболидан янги Шомуродовлар, Бозоровлар, Дўрмоновлар чиқишлари учун бугун натижани устувор мақсад сифатида кўрмаслик керак. Ҳақиқат шуки, клубда тизим ва иш тўғри йўлга қўйилмас экан, карвонбошини ўзгартиришдан наф чиқиши даргумон. «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе матбуот анжуманларидан бирида шундай деди: «Яхши майдон, яхши шароит фақат бизга керак эмас. Бу ерда абадий қолмаймиз. Кетадиган одаммиз. Сифатли майдон, шароитлар сизларга қолади...».  Бундан хулоса шуки, клубларимиз пулни легио­нерларга сарфламай, академияларга йўналтирса, бугунги жажжи қоракўзларимиз кун келиб, жамоа корига ярайдилар. «Бунёдкор» вақтида катта маблағ эвазига ҳеч кимнинг тушига кирмаган футболчиларни олиб келди. Лекин шунинг баробарида пул борида академиясини йўлга қўйиб олди. Бу ҳам бир мисол. «Сурхон»га қайтсак, Равшан Ҳайдаровга қачонгача имконият берилади - бу мавҳум. Мураббий олдига дарҳол юқори натижани таъминлаш вазифаси қўйилмаса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар ҳолда, охирги йиллар сабоғи шунга далолат...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz