Қайднома

Қидирув

Равшан Ҳайдаров: «Кападзе ва Жепаров – янги авлод мураббийлари»

Равшан Ҳайдаров: «Кападзе ва Жепаров – янги авлод мураббийлари»

  15.07.2020 08:43
  0
  301
Равшан Ҳайдаров: «Кападзе ва Жепаров – янги авлод мураббийлари»

«Пахтакор» бош мураббийи ролида Ўзбекистон чемпионати ва кубогида бир неча бор ғолиблик мазасини туйган фидоий мураббий Равшан Ҳайдаров яқинда «Сурхон»да иш бошлади. Хўш, Равшан Акмалович Термизга қандай мақсадлар билан йўл олди? Кейинги режалари қандай?

- «Сурхон» бош мураббийи сифатида иш бошлашингиз мумкинлиги ҳақида анча олдин гап-сўзлар тарқалган эди. Қизиқ, бу жараён нега чўзилиб кетди?

- Ҳа, «Сурхон» бир муддат олдин таклиф билан чиққанди. Лекин U-23 терма жамоасида бандлигим, олдимизда муҳим вазифа тургани учун бу борада шошилинч қарор чиқаролмадим. Ўзаро гаплашиб олишни тақозо этадиган омиллар кўп эди. Масалан, U-23 жамоаси йиғинлари туфайли маълум муддат клубга эътибор қаратолмасдим. Бу ҳолат «Сурхон»нинг тайёргарлигига акс таъсир этишини ўйлаб, барчасини тарозига солиб кўрдим. Жумладан, ЎФА раҳбарлари билан маслаҳатлашдим. Фақат пандемия ортидан бу йил U-23 термаси ҳеч қандай халқаро учрашувда майдонга тушмаслиги ойдинлашгач, мураббийлик амалиётини сақлаб туриш учун Суперлига клубида иш олиб бориш маъқул кўринди. Қолаверса, яқиндагина катта футболга қайтган «Сурхон»нинг қийин вазиятдан олиб чиқиб, сурхондарёлик мухлисларга қувонч улашиш, вилоят футболи ривожига озгина ҳисса қўшиш мақсадида таклифга розилик бердим. Жамоага келишимда мураббийлар штаби вакиллари ва кўплаб футболчиларни яқиндан билишим, улар билан аввал бирга ишлаганим ҳам муҳим роль ўйнади. Ўйлайманки, илк кундан йигитлар билан қизғин иш муҳитига киришиб кетдик.

- Хўш, қанча муддатга мўлжалланган шартнома остига имзо чекдингиз?

- Ҳозирча, келишувимиз мавсум якунигача амалда бўлади. Зеро, U-23 термасини олдинда йиғинлар кутиб турибди, жамоанинг тайёгарлик жараёнига боғлиқ қатор режа ва мақсадларимиз бор. Ҳозирдан аниқ гапириш қийин, лекин пандемия давридан ўтиб олсак, терма жамоамиз йиғинларга киришади, эҳтимол, қайсидир мусобақада ҳам иштирок этармиз... Тенгданига икки жамоани бирдай бошқариш имкони бўладими-йўқ - бу номаълум. Шунинг учун ҳозирча қисқа муддатли шартномани расмийлаштирдик.

- Клуб мутасаддилари олдингизга қандай вазифаларни қўйишди?

- Йил бошида жамоа олдига маълум вазифа белгиланган. Тушунарлики, ҳар бир клуб аввалги мавсумдаги натижасини яхшилашга уринади. «Сурхон»да ҳам шундай. Аммо ҳозирга қадар муҳим очколар бой берилди. Шундай экан, олдимизда турган асосий вазифа - ҳар бир ўйинга  жиддий ёндашиб, йўқотилган очколар ўрнини тезроқ тўлдириш. Йигитлар билан худди шу масалада алоҳида гаплашдик. Олдинда ўйинлар кўп, ўйлайманки, барчасини тўғрилай оламиз.

- Мавжуд таркиб борасида нима дея оласиз?

- Ҳозирдан аниқ хулоса чиқариш қийин. Чунки футболчилар пандемия ортидан салкам 3 ой мустақил равишда шуғулланиш билан чекланишди. Бу даврда ҳар ким турлича ишлаганиданми, жисмоний тайёргарлик даражаси ҳар хил. Аввало, шу камчилик устида ишлаш керак. Ички захира имкониятини ҳам чамалаб кўрамиз, албатта.

- «Сурхон»да иш бошлаганингиз U-23 терма жамоаси учун ҳам фойдалидек. Ҳар ҳолда, энди клубнинг бўлажак рақибларини ўрганиш жараёнида терма жамоага янги номзодларни топишингиз мумкин...

- Албатта, масаланинг бу томонини ҳам ўйладим. Аслида терма жамоага янги иқтидорларни қидириш билан шуғулланадиган мураббийлар штабига эгаман. Энди Суперлигада ишлашим натижасида номзодларни кузатиш янада кучаяди.

- Янги иқтидорларни излаш жараёни асосан футболга ихтисослашган маълум ҳудудларда олиб борилади. Ваҳоланки, бизда футбол мактаблари ёки академияларда таҳсил олмайдиган иқтидорлар ҳам кўп. Мавжуд камчиликни кўча футболини такомиллаштириш орқали бартараф этиш мумкин. ЎФА бу борада ҳудудий ассоциацияларга жиддийроқ талаб қўйса бўлармиди...?

- Ҳозирда Президентимизнинг футболни ривожлантириш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунда футболнинг энг қуйи қатламигача эътибор қаратиш, энг кичик муаммоларни ҳам ҳал этиш кўзда тутилган.

- Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари бош мураббийлари Темур Кападзе ва Сервер Жепаров билан ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

- Албатта. ЎФА Терма жамоалар бўлими раҳбари Азиз Ҳайдаров бошчилигида ўтказиладиган йиғилишларда терма жамоаларимизда олиб борилаётган ишлар борасида ҳисобот тингланади, режалар муҳокама қилинади. Шунга қараб, керакли тавсиялар ҳам берилади. Жепаров ҳамда Кападзе - янги авлод мураббийлари. Уларда ишга чанқоқлик қатори янгича ғоя ва фикрлар етарли. Ўйлайманки, бу икки ёш мутахассис футболчилик фаолиятида орттирган тажрибасини қўл остидаги шогирдларига ўргата олади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz