Футбол оламида бетакрор из қолдирган бразилиялик феномен - Роналдо ҳанузгача мухлислар ва ОАВ вакилларининг кучли эътиборида. Уни ҳар жойда танишади, ҳурматини жойига қўйишади. Роналдонинг ўзига келсак, у бутсаларини михга илганига қарамай, ҳамон футбол ичида. Ёши катта мухлислар билишади, бразилиялик собиқ ҳужумчи вақтида фаолиятини барвақт якунлашни тақозо этадиган икки оғир жароҳатга йўллиққан ва машаққатларни енгиб ўтиб, сафга қайтиш асносида юксак савияда тўп суриб, барчани ҳайратлантирган. Айниқса, қитъамизда ташкиллаштирилган 2002 йилги мундиал Роналдо учун алоҳида ўрин тутади - у Япония ва Жанубий Корея майдонларида ҳақиқий феноменга хос тўп суриб, «Олтин бутса» соҳибига айланган, Бразилия термаси эса жаҳон тожини қўлга киритиш борасида «флэш»га эришганди. Ваҳоланки, буюк «сўйлоқ» ўша мундиалдан олдин 2,5 йил давомида деярли майдонга тушмаганди. Қизиғи, бўлажак «пентакампеонлар» Осиё мундиали финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишда роса қийналишган. Шунга қарамай, улар атиги 30 кундан кейин Узоқ Шарқдан ёрқин зафар билан қайтишганди.
- Роналдо, олий совринни бош узра баланд кўтариш қандай, бунга таъриф бера оласизми?
- Бу мисли йўқ лаҳза тортиқ этган ҳис-ҳаяжон, бахтиёрликни изоҳлашга сўз бойлигимиз камлик қилади. Жамоангиз ғалабасини нишонлаётган одамлар юзида қувонч-табассум, севинчдан порлаган кўзлар ҳар қандай ҳиссиз кишини ҳам тўлқинлантириб юборади. Албатта, жаҳон чемпиони бўлиш иштиёқида ёнгандим. Мақсадга етганим, футболдаги энг юксак совринни қабул қилиб олганимдан сўнг ўзимни дунёдаги энг бахтиёр инсон сифатида ҳис қилгандим.
- Тўғрисини айтинг, чемпионат бошланишидан аввал ҳам шундай шарафга мушарраф бўлишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаганмидингиз?
- Турнир арафасида ойлар давомида ҳар ҳафта, ҳар кунни шу орзу оғушида ўтказганман, бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Мундиал кунлари эса ҳар дақиқа бош совринни хаёлан қучдим, асл орзумни эсладим. Такрор айтаман, кўпинча совринни кўз олдимга келтириб, уни бош узра кўтариш жараёнини хаёлан режалаштирардим. Кейин ойдинлашдики, кубокни кўтариш мен ўйлагандан ҳам кучлироқ эҳтиросни юзага келтирадиган ажиб воқеа экан. Айниқса, кубокни ўпиш - мислсиз лаҳза!
- Япония|Ж.Корея сафаридан аввалги 2-3 йил сиз учун ниҳоятда оғир келганди. Тиззангиздаги жиддий жароҳат туфайли 2 йилдан кўпроқ вақт ичида деярли майдонга тушолмагансиз. Жароҳат машаққатини қай тариқа енгганингиз эсингиздами?
- Дарҳақиқат, ўта оғир ва узоқ давом этган синовларга бардош беришимга тўғри келганди. Муҳими, оилам аъзолари, яқинларим ва шифокорлар кўмаги билан сафга қайтишни уддасидан чиқдим. Атрофимдагилар тиришқоқлигимни ўзига хос тарзда рағбатлантириб туришди. Қолаверса, айнан муолажага муҳтож бўлиб ётган даврда менга оталик бахти насиб этди. Демоқчиманки, тўнғич фарзандим - Роналда ҳам менга қўшимча куч-қувват бағишлади.
- Иккинчи марта жароҳатга йўлиққанингиздан кейин айрим шифокорлар фаолиятингиз якунланишини тахмин қилишганди...
- Очиғи, бундай аянчли интиҳони хаёлимга ҳам келтирган эмасман. Доимо яшил майдонга қайтишга ишонч билан яшадим ва бунинг учун ҳар қандай қийинчилик, синовларга сабот билан чидашга шай турганман.
- Шундай оғир синовлардан кейин дунё миқёсида юксак савия билан қайтишингизга ёрдам берган руҳий қувватни қаердан олгансиз?
- Болалигимдан метин ирода кучи эвазига улғайдим. Ҳар қандай қийинчиликни писанд қилмасдим. Яшил майдонга тушиш учун энг мураккаб синовга ҳам тайёр эдим. Ҳаммасининг сири шуки, футболни ўйин эмас, ҳаёт манбаи сифатида қабул қилганман.
- Умуман, 2002 йилги ЖЧ воқеаларини қандай хотирлайсиз?
- Ўйлашимча, турнир давомида мухлислар гипноз ҳолатига тушишган. Ҳа, нафақат Япония|Ж.Корея мундиали, балки бошқаларида ҳам бетакрор ўйинлар, нафис комбинациялар, ақлга сиғмас голлар етарлича кузатилган. Лекин бемалол айтишим мумкин, Осиёдаги илк мундиал ҳар томонлама муваффақиятли ўтганди. Ажойиб стадионлар, самимий муҳит, кўтаринки кайфият, мезбон мамлакатлар меҳмондўстлиги...
- АҚШда ташкиллаштирилган ЖЧ-94да ҳам Бразилия миллий жамоаси таркибида жаҳон чемпиони бўлгансиз. Фақат шуниси борки, майдонга тушмаган ҳолда. Қизиқ, ўшанда ҳам ўзингизни ғолиб сифатида ҳис қилганмисиз?
- Ўша пайтдаги қувончимнинг чеки йўқ эди. Аммо захира вакили ролида чемпион бўлиш бошқа, жамоа етакчиси мақомида зафар қозониш бошқа. Бу иккиси ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Шундай экан, мен учун 2002 йилги мундиал алоҳида аҳамиятга эга. Нафақат мен, балки ўшанда шоҳсупага кўтарилган 23 нафар бразилиялик учун бунданда қувончлироқ воқеа йўқ. Чунончи, жамоа таркибидаги ҳар бир ўйинчи буюк ғалабага ўзига яраша ҳисса қўшган ва бу билан фахрланишга ҳақли. Жаҳон чемпиони - бу мақом дуч келган жамоага насиб этавермайди. Демакки, юксак унвонга нафақат Ривалдо, Роналдиньо ва Роналдо, балки жамоанинг барча аъзолари сазовор бўлишганини эътироф этиш керак. Яшил майдон ва унинг ташқарисидаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва маҳорат жамоамизга шундай буюк неъматни туҳфа этганди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20