Қайднома

Қидирув

Идеал тараққиёт йўли ёки яна "Лейпциг" ҳақида "бадиа"

Идеал тараққиёт йўли ёки яна "Лейпциг" ҳақида "бадиа"

  16.07.2020 05:47
  0
  358
Идеал тараққиёт йўли ёки яна

Гарчи немислар «РБ Лейпциг»ни унча хуш кўришмасада, клуб ҳозирда Германия футболида ўзига яраша мавқега эга бўлиб улгурди. Дейлик, лейпцигликлар якунланган мавсум Бундеслига «бронза»сини қўлга киритишди, мамлакат кубогида чакки иштирок этишмади. Энг асосийси, улар ЧЛда гуруҳдан чиқиш билан чекланиб қолмай, «плей-офф»да «Тоттенхэм»дек номдор рақибни курашдан четга чиқаришди. Эътиборли томони, Юлиан Нагельсманн шогирдлари чорак финал йўлланмасини хамирдан қил суғургандек тортиб олишди. Шунингдек, ҳавас қилса арзийдиган кўркам стадион ҳам тараққиёт йўлидаги клуб хизматида. 44000 мухлисга мўлжалланган муҳташам аренада футболчилар ўзгача хотиржамлик билан тўп сурадилар. Ваҳоланки, «РБ Лейпциг»нинг ташкил этилганига энди 10 йил бўлди. Хуллас, ёш жамоанинг қисқа муддатда  қандай қилиб немис футболи чўққисига чиқиб олгани - бир жумбоқ...

Чиндан ҳам, «РБ Лейпциг» мукаммал футбол лойиҳаси мақомига муносиб жамоадир. Унинг барча йўналишлар бўйича ишлари аъло даражада. Тўғри, «қизил буқалар» услуби немис футболи учун «ноанъанавий» эканлиги ҳам ҳақиқат. Ваҳоланки, клубнинг ривожланиш режаси пухта ишлаб чиқилган, немисларга хос аниқ ҳисоб-китоб тамойилига тўлиқ жавоб беради. Лейпциг жамоаси улкан молиявий қудратга эга бўлган ҳолда, «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» лойиҳаларидан кескин фарқ қиладиган йўлни танлади. Клуб футбол оламининг энг ёрқин юлдузларини ўз сафига жамлашга интилмайди, нозиктаъб иқтидорларга ҳам миллионлаб маблағ сарфламайди. Бунинг ўрнига бор эътибор клуб академиясини юксалтиришга қаратилади. Лейпцигликлар шунинг баробарида зарур паллада ҳайратомуз трансферларни амалга оширишни ҳам унутишмайди. Жумладан, скаутлик хизмати фаолияти юксак савияда йўлга қўйилган, шу аснода жамоа ҳар ярим йилда ёш иқтидорларни харид қилади ва улар «буқалар» тизимида камолотга эришадилар. Масалан, Тимо Вернер 20 ёшида «Штутгарт» билан хайрлашиб, «РБ Лейпциг» сафига қўшилди ва мана, якунланган мавсум жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. «Қизил буқалар» ўтган йилнинг ёзида «ПСЖ»дан Н~Кунку, «Эвертон»дан Луқмон, «Челси»дан Ампаду ва «Палмейрас»дан Кандидони сотиб олишди. Бундан ташқари, ҳозирда жамоага салоҳияти баланд мураббий раҳбарлик қилмоқда. Замонамизнинг энг ёш ва иқтидорли мутахассисларидан бири саналган Юлиан Нагельсманн «Хоффенхайм»­даги иши билан ҳаммани лол қолдирганди. Энди у янада қизиқарлироқ ва барча режаларини рўёбга чиқаришга қодир бадавлат жамоада самарали ижод қилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керак, «РБ Лейпциг» клубига 2009 йили асос солинди. Бундай номланишнинг сабаби тайин - «Лейпциг» таниқли Red Bull GmbH компаниясининг асосий лойиҳаси ҳисобланади. Австрия компанияси шунингдек, «РБ Зальцбург», «Нью-Йорк РБ», «РБ Бразил» ва «РБ Гана» клубларига ҳам эгалик қилмоқда. Дарвоқе, Австрия клуби асосий эътиборини «РБ Лейпциг» таркибини кучайтиришга қаратган ҳолда, ўзи ҳам ички ва халқаро аренада бирдек самарали ўйин кўрсатмоқда. Мисол учун, «Зальцбург»да кўзга ташланган норвегиялик вундеркинд Эрлинг Холанд Дортмунд «Боруссия»си сафига қўшилгач, илк уринишдаёқ Бундеслиганинг бир қатор рекордларини янгилади. Хуллас, у Австрия чемпионатидаги зафарлари ва «Энфилд»да «Ливерпуль» дарвозасига 3та гол ургани тасодиф эмаслигини тўла исботлади. Асосий мавзу - «Лейпциг»га қайт­сак, жамоанинг расмий номи Red Bull холдинги тасарруфидаги бошқа клубларникидан яққол фарқланади. Гап шундаки, Германия футбол иттифоқи клубларнинг ҳомийлар номи остида фаолият юритишини тақиқлаб қўйган. Қолаверса, шартга мувофиқ, клуб акциясининг 51 фоизи ўзида қолиши керак. Шу туфайли Австрия компанияси «Лейпциг»нинг 49 фоиз акцияси билан кифояланишга мажбур. Лекин қонунни бузмаган ҳолда, ўз номини қисқача кўринишда «тиркаб» қўйди. Хуллас, «РБ Лейпциг» расмий ҳужжатларда RasenBallsport Leipzig сифатида қайд этилди. Rasen (чим) қўшимчаси - компания раҳбариятининг маккорона режаси. Шу тариқа немис клуби номи Red Bull GmbH қанотидаги бошқа жамоаларникига ўхшаш кўринишга келди. Қолаверса, бу «РБ Лейпциг» америкача эмас, чинакам футбол клуби эканлигини англатиб туради.

Умуман олганда, Red Bull GmbH гуруҳи Германиянинг қуйи лигаларида кўп вақт йўқотмасликни ўйлаб, мавжуд клубни харид қилишни лозим топди. Яъни Оберлига (бешинчи дивизион) вакили «Маркранштедт»ни ўз паноҳига олди. Шу ўринда мазкур лойиҳа Red Bull GmbH холдинги томонидан немис футболига тикилган дастлабки сармоя эмаслигини эслатиш жоиз. Компания 2006 йили бой анъаналарга эга, лекин мунтазам равишда молиявий муаммолар қуршовида фаолият юритадиган «Заксен»га харидор бўлганди. Бироқ лейпциглик мухлисларнинг жиддий қаршиликлари туфайли компания 1 ойдан кейин ўз режасидан воз кечди. Норозиликлар «Маркранштедт» харидида ҳам давом этди, аммо аввалгидек жиддий кўламда эмас. Мухлислар жамоа стадиони майдонига майсани қуритадиган гербицид моддасини сочиб юборишди, реклама тахталарини синдириб ташлашди. Лекин маҳаллий газета томонидан ўтказилган сўровда қатнашган мухлисларнинг 70 фоизи Red Bull GmbH ташаббусини ёқлаб овоз берди. Қолаверса, ўша пайт Лейпциг футболи инқирозга юз тутган, «Заксен» тўлов қобилиятини йўқотгани туфайли мавсум-2008|2009да Ҳудудий лигадан четлатилган, «Локомотив» эса Оберлигага қайтганди. Натижада Германиянинг бешинчи дивизионида Лейп­цигнинг 3та жамоаси иштирок этадиган бўлди.

Компания илк мавсумда «Маркранштедт»  таркибини сақлаб қолди, шунингдек, клуб тизимидаги бошқа жамоалар ҳам фаолиятни давом эттирди. Жумладан, асосий жамоа бош мураббийи Тино Фогель ўз ўрнида қолди, президентлик лавозимига эса таниқли собиқ футболчи Дитмар Бейерсдорфер тайинланди. 2010|2011 йиллар мавсумига келиб, жамоа янги бош мураббий - бунгача «Франкфурт»ни бошқарган Томас Орал раҳбарлигида «Шимол» регионал лигасида дебютини нишонлаб, якунда 4-ўринни эгаллади. Тахминларга кўра, Red Bull даст­лабки 10 йил ичида 100 млн. евро миқдорида сармоя киритишни режалаштирган, компания соҳиби Дитрих Матешиц эса Бундеслигада ғалаба нашидасини суриш ниятини яширмаганди. Маълумот учун, Лейпциг жамоа­си охирги марта узоқ 1913 йили чемпионликни тантана қилганди. Хуллас, клуб мавсум-2012|2013да «Шимол» лигасида ғолиб чиқиб, учинчи лигага йўл олди. Кейин бу дивизионда 2-ўринни эгаллаб, Иккинчи Бундеслигада ўйнаш ҳуқуқига эга чиқди. Яна 2 йилдан кейин «РБ Лейпциг» бу турнирда ҳам 2- ўриндан жой олиш асносида Бундеслига йўлланмасини қўлга киритди. Таажжубки, 2016|2017 йиллардаги дебют мавсумидаёқ ёрқин ўйин кўрсатган «буқалар» якунда кумуш медалга сазовор бўлишди. Қуйи лигадан чиққан клубнинг илк уринишда «Боруссия» Д., «Боруссия» М., «Шальке» ва «Байер»дек номдор рақиблардан устун келиши Бундеслигада камдан-кам учрайдиган мўъжизавий воқеадир. Кейинчалик ажабтовур натижалар халқаро ареналарга кўчди. 2017|2018 йиллар мавсумида «Лейпциг» ЧЛ гуруҳ босқичини 3-поғонада якунлаб, иштирокни ЕЛда давом эттирди ва чорак финалгача борди. Жамоа ўз йўлида «Наполи» ва «Зенит»дек жиддий рақиблар тўсиғидан муваффақиятли ўтганди. Фақат мавсумнинг ҳал қилувчи босқичидаги суст­кашлиги туфайли Бундеслигада 6-ўрин билан кифояланган клуб ЕЛга саралаш босқичи орқали йўл олди. Бироқ нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичида «РБ Зальцбург», «Русенборг» ва «Селтик»ка қарши ўйнаб, «плей-офф»­га чиқолмади. Муҳими, «буқалар» ички чемпионатни рисоладагидек ниҳоясига етказишди - 3- ўрин ва ЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма. Мана, лейпцигликлар жорий мавсум «кўҳна қитъа»нинг энг нуфузли клуб турнирида ҳозирча ишончли тўп суришмоқда. Жумладан, илк «плей-офф» бос­қичи - нимчорак финалда «Тоттенхэм» 2 марта доғда қолдирилди. Хуллас, ҳозирда «РБ Лейпциг»га қитъанинг энг сара 8та жамоаси қаторидан жой нақд. Ажабланарли жиҳати, 10 йил аввал Оберлигада мақсадсиз юрган клуб атиги 100 млн. еврога тенг сармоя эвазига ЧЛ чорак финалида ўйнайдиган даражага келди. Бунинг асосий сабаби нима? Муваффақият сири - мукаммал менежмент ва скаутинг хизмати.

Ниҳоят, «РБ Лейпциг» тарихидаги энг муҳим шахс - Ральф Рангник ҳақида. У жамоанинг қисқа йўлида икки марта бош мураббий вазифасини адо этди, скаут ва спорт директори сифатида ҳам ишлашга улгурди. «Лейпциг»нинг ҳозирги мақомга эришиши - айнан шу мутахассис хизматининг маҳсули. Айтиш мумкинки, Рангник «РБ Лейпциг» лойиҳаси билан нафас олди, жамоага манфаат келтириш учун ҳеч нарсани аямади. Шу сабаб ҳам, мутасаддилар уни атиги бир мавсумга бош мураббийлик лавозимига таклиф этишганида, ҳаттоки, ўйлаб ўтирмади. Ваҳоланки, ўша пайт раҳбарият Юлиан Нагельсманн билан келишувга эришиб бўлганди. Шу тариқа бироз ноқулай, лекин ишчан вазият юзага келди. Чунки томонлар уларни нималар кутаётганини олдиндан билардилар. Келишувга биноан, мавсум-2018|2019да «Хоффенхайм»ни бошқарган Нагельсманн кейингисида «Лейпциг»да иш бошлади. Рангник эса барчасини билган ҳолда, «Лейпциг»ни  янги мураббий қўл остига яхши ҳолатда топширди. Муҳими, Ральфнинг ўзи ҳам клуб тизимида қолди. Уни Red Bull GmbH холдингининг спорт ва футболни ривожлантириш бўлими раҳбари лавозимига тайинлашди. Шунингдек, «Лейпциг»да маслаҳатчи-мураббий вазифасини ҳам бажарди.

Ҳа, дарҳақиқат, «РБ Лейпциг»ни бутун Германия ёқтирмайди, унинг сафар учрашувлари доимо мухлислар ҳуштакбозлиги остида ўтади. Ҳаттоки, камтарин «Локомотив» ва «Хеми» каби жамоаларга кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиромни ҳам «буқалар»га раво кўришмайди. Лекин замонавий футбол учун ўта ноёб воқеа - «РБ» лойиҳасига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Бугунги «Лейпциг» худди лойиҳанинг ўзи каби жуда қизиқарли, навқирон жамоа. «Қизил буқалар» ҳужумкор ўйинни хуш кўрадилар, мунтазам равишда турли тактик чизмаларни қўллайдилар. Юлиан Нагельсманн эса Европанинг энг сара клублари эътиборида турибди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz