Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболидаги Iphone

Ўзбек футболидаги Iphone

  17.07.2020 01:49
  0
  543
Ўзбек футболидаги Iphone

- Афанасий, айтчи, ўз ҳаётингдан мамнунмисан?

- Жуда, жуда мамнунман!

- Мен эса йўқ...

- Нега энди?

- Чунки ҳаётга фалсафий ёндашаман...

- Агар фалсафий бўлса, мен ҳам у қадар мамнун эмасман...

Юқоридаги диалог 1975 йили Георгий Данелия режиссёрлигида суратга олинган «Афоня» бадиий фильмидан олинган. Массимо Каррера шакллантирган «Спартак» узоқ кутилган чемпионлик сари дадил одимламоқда. Жамоа бу йўлда ажойиб шаҳар - Оренбургга борди. Шаҳарда ўз футбол клуби бор, унга маҳоратли мураббий устозлик қилади, ўйини ҳам яхши йўлга қўйилган. Сентябрнинг одатий кунларидан бирида мезбонлар таркибида маҳаллий юлдуз, сардорлик вазифасини бажарувчи Вадим Афонин майдонга тушди. Вазиятлардан бирида у нидерландиялик Квинси Промесни ёпишга улгурмади ва пойтахтликлар ҳужумчиси гол урди. Аслида Вадим тез-тез хатога йўл қўядиганлар тоифасидан эмас. Умуман, Россия Премьер-лигаси жамоа­ларининг қаршилик кўрсатиш даражаси мудофаа чизиғи вакилларининг турли қирралари очилишига имкон яратади. Нима бўлганда ҳам, жорий мавсум бошида Тошкентнинг «Локомотив» клуби сафига қўшилган футболчи энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан биридир. Камида МДҲ мамлакатлари ҳудудида шундай.

Вадим Афонин Тошкентда туғилган, болалигида шўх ва ҳаракатчан бўлсада, деярли ҳеч қаерда алоҳида ажралиб турмаган. Муҳими, унинг тақдирига футболга жиддий қизиқиш ёзилганди. «Локомотив»нинг базаси қачондир Афонин миллионлар ўйинига биринчи қадамини қўйган ерда жойлашгани ўзига хос рамзий маънога эга. У «Трактор» футбол мактаби тарбияланувчисидир. Вадим Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ўйнай бошлаганида, унга «Рубин» томонидан қизиқиш бўлди. Шу тариқа Ўзбекистон чемпионатида атиги бир мавсум ўйнаган ёш футболчи Қозон сари йўл олди. Бу вақтда Татаристонда Қурбон Бердиев бошчилигида рақобатбардош жамоа тузилаётганди. Умуман олганда, айни ўша пайт «Рубин» скаутлари ўзбекистонлик кўплаб футболчиларни синаб кўришни одатга айлантиришганди - Баҳодир Насимов, Аюбхон Гаппаров, Вагиз Галиулин, Даврон Мирзаев... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Мирзаев кейинчалик Қрим чемпионатида ўйнаш имкониятига эга бўлди, Афонин учун эса бу тажриба фаолия­тининг бир қисмига айланди. Тўғри, у Қозон клуби ихтиёрида шуғулланган пайт асосий таркиб футболчиси сифатида атиги бир марта майдонга тушди. Қолган вақтни асосан ўринбосарлар сафида ўтказиб, ёшлар етакчиларидан бирига айланди.

Эътиборлиси, Афонин бир неча марта Андрей Фёдоров билан ёнма-ён тўп сурди. Ўзбекистон футболининг энг яхши ҳимоячиларидан бири ўша вақт қозонликлар мудофаасида асосий қалқонлардан бири ҳисобланарди. Энди ушбу жуфтлик Тошкентда яна бирлашди. Аксарият обуначиларимга сир эмас, «темирйўлчилар» матбуот хизматида ҳам ишлайман. Ушбу трансфер ҳақида эшитганимда, тўғриси, қувондим. Афонин - бу етакчилик салоҳиятига эга футболчи. Ҳарқалай, у «Салют», «Рубин-2» ва «Оренбург» клубларида бежиз сардорлик боғичи билан майдонга тушмаган. Ундаги яна бир муҳим жиҳат шуки, рақибга жуда тезда мослашади. Вадим ҳаводаги курашларда қанчалик фаол бўлса, прессинг уюштиришда ҳам шундай, йўл-йўлакай Лассана Диарра услубида рақиблардан тўп олиб қўяди. Мана, Валерий Карпиннинг эътирофига эътибор қаратинг, бу ҳам Афонин учун навбатдаги плюс. У «Тотал футбол» кўрсатувида кўпинча топ-жамоалар етакчилари эмас, айнан Вадимни ажратиб кўрсатарди. Одатда Карпин гапларига шубҳа билан қараш қийин, жумладан, Афонин ҳақидаги фикрларида муболаға йўқ. Вадим «Оренбург»|«Газовик»да Роберт Евдокимов ғояларининг ҳақиқий ижрочиси мақомида ўйнади. Яъни ўзбекистонлик ярим ҳимоячи 4-1-4-1 тактик чизмасида ҳужумкор бешликни муносиб суғурталади. Шунинг баробарида рақиблардан тўп олиб қўйиш миссиясини ҳам қойиллатарди. 

Афониннинг Тошкент «Локо»сидаги дебюти Наманганда «Навбаҳор»га қарши кечган баҳсга тўғри келди. Андрей Фёдоров уни иккинчи бўлим ўрталарида захирадан майдонга тушириб, шу тариқа марказдаги ўйинни тўғрилашга уринди. Бу пайтга келиб, Андрей Канчельскис мураббийлигидаги мезбонлар рақибга катта босим уюштира бошлашган, меҳмонларни узатмаларда хато қилишга ундашаётганди. Боз устига, «темирйўлчилар»нинг ҳужумлари ҳам унчалик ўхшамаётганди. Марат Бикмаевнинг бир вазиятда қулай фурсатдан фойдаланолмаганини инобатга олмаганда, албатта. Афонин ўйинга қўшилгач эса, кўп нарса ўзгарди. У дарҳол ақлга таяниб иш тутиши билан ажралиб турди. Шошилмади (ўйин тақдири деярли ҳал бўлганди), узатмалари манзилга аниқ борди. Рақиб жарима майдони ичидаги қолган уринишлар ҳам унинг иштирокида амалга оширилди. Афонинга хос ташаббускорликни ҳам эътироф этиш даркор. У «Локо»да янги ўйинчи саналсада, клубдошларига кўрсатмалар  беришни бошлаб юборди - ким очиқ, тўпни кимга узатиш керак, ким қаерга очилиши лозим... Хуллас, чемпионлик менталитетига эга «Локомотив» Афонин тимсолида янги ғояларга тўла диспетчерни қўлга киритди. Иккинчидан, Даврон Умиров ҳали ёш, у ҳозирча унча барқарор эмас. Суперлига 3-тури доирасида «Локомотив» ўз майдонида «Бухоро» билан ўйнади. Дарвоқе, бу чемпионат тўхтатилишидан аввалги сўнгги ўйин эди. Тўғри, ўша учрашувдаги рақобат, шиддат Намангандагисидан кескин фарқланди. Аммо вазиятга умумий баҳо бериш учун шу баҳснинг ўзи етарли, барибир - «Локомотив» чиндан ҳам, кучли футболчига эга бўлди.

--------------------------------------------

P.S.:  ушбу мақола Суперлига рестартидан олдин ёзилган.

Евдоким РАИМОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz