Қайднома

Қидирув

Сайроқи соҳиб дағдағаси ёки сўз Хосеп Мария Бартомеуга...

Сайроқи соҳиб дағдағаси ёки сўз Хосеп Мария Бартомеуга...

  17.07.2020 04:12
  0
  469
Сайроқи соҳиб дағдағаси ёки сўз Хосеп Мария Бартомеуга...

«Барселона» ҳозирда Европанинг энг нотинч жамоасига айланган. Сўнгги ойларда ички зиддиятлар тобора кучаймоқда. Каталония дружинасини бу борада бутун мавсум «етакчи»си сифатида ҳам тилга олиш мумкин. Антуан Гризманн трансферининг кутилган натижа бермагани, Фелиппе Коутиньо ва Усмон Дембеле туфайли юзага келган шармандалик, раҳбарият буюртмаси билан етакчи футболчиларга босим ўтказилаётгани ижтимоий тармоқларнинг доимий мавзусига айланиб қолди. Охирги кунларда бир мавсумнинг ўзида 2-марта бош мураббий ўзгариши эҳтимоли ёнига Лионель Мессининг жамоадан кетиши мумкинлиги ҳақидаги «заҳар хабар» қўшилди. Бу борада испаниялик таниқли мутахассис Эдуардо Инда дангал гапирди: «Месси шартномаси муддатининг узайтирилиши - чинакам «аччиқ ичак». Мутасаддилар клуб етакчиси ҳурматини жойига қўйишмаяпти. Ҳамкорлик муддати 2023 йилга қадар узайтирилганидан кейин Хосеп Бартомеу ҳужумчининг яқинлари билан боғланиб, унинг иш ҳақи камайтириш кераклиги ҳақида гапирган. Леонинг ўша пайтдаги нафрати стратосферагача етиб боргандир. Пул туфайли эмас, унга нисбатан ҳурматсизлик учун...». «Барса» президенти Хосеп Мария Бартомеу эса Marca нашрига берган интервьюсида бир қатор долзарб саволларга жавоб қайтарди. Жумладан, Мессининг янги шартномасию, Неймарнинг ортга қайтарилиши, Кике Сетьенни истеъфо чиқарилиши масалаларига тўхталди. У яна асоссиз гапирадиганлар билан судлашишга тайёрлигини билдирди.

Мессининг шартномаси

- Одатда ўйинчилар билан олиб борилган музокара жараёнига ортиқча изоҳ бермаймиз. Лекин мазкур вазият бошқача. Табиийки, Лео билан келишувга эришишни мақсад қилганмиз. Месси - дунёнинг энг яхши футболчиси, наҳотки, шундай ўйинчини жамоада олиб қолишни истамаймиз? SER радиоканали футболчи музокарани тўхтатгани ҳақида хабар тарқатдими? Ўзи SER доимо шундай ғавғолар кўтаришга одатланган. Факт шуки, Месси фаолиятини айнан «Барселона»да якунлаш ниятида. Бу борада кўп гапирганман ва ўйлайманки, худди шундай бўлади. Тўғри, Лео «Барселона»да бошқа президент ишлаётган даврда бутсасини михга илади. У билан шанба куни гаплашганимда ҳам, фаолиятини шу ерда якунлашини хотиржамлик билан маълум қилди.

Ижтимоий тармоқдаги қарши гаплар...

- Аудит хулосасига мувофиқ, айрим фактлар тўғри, баъзилари эса асоссиз экан. Бироқ буюртма асосида туҳмат ёғдириш ва ёлғон маълумотларга ҳақ тўлашимиз ҳақидаги бемаъни даъволарни қандай тушуниш мумкин? Бунга қарши 13Ventures компаниясини ёллашга қарор қилганим рост. Унга тўла-тўкис ишонардим. Аудит бажарилган ишларга тўланган қиймат бозор баҳосига мослигини тасдиқлади. Компания мижозлари орасида Каталония мустақиллигига қарши курашадиганлар бор ёки йўқлигини эса билмайман. Ҳақиқат шуки, компания «Барселона» манфаати учун ишлади ва ўз вазифасини қониқарли адо этди. Футболчилар буни яхши биладилар. Ушбу масала ортида ким тургани кўпчиликка маълум. Менимча, барчаси билан ҳукумат вакиллари шуғулланишлари керак. Шундай мамлакатлар борки, уларнинг фуқаролари томонидан доимий равишда «Барса» ва футболчиларимизга дахлдор салбий фикрлар тарқатилади. Кўплар «твит»лар сохта аккаунтларда ёзилади. Бу масалада виждоним тоза...

Истеъфо масаласи

- Ҳали бу ҳақда обдон ўйлаб кўрмадим. Аксинча, ҳозир енг шимариб, астойдил меҳнат қиладиган давр. Бошқа гап йўқ.

 

Директорлар кенгаши

таркиби

- Ҳаммаси оддий - клуб директорлар кенгаши тизимини қайта кўриб чиқишни лозим топдик. Карантин даврида қарорлар қабул қилиниши керак, бунинг учун эса дадиллик талаб этилади. Ўзимни шундай мутахассислар даврасида хотиржам тутаман, бемалол иш юритаман.

Танқидларга реакция

- Клубга туҳмат қиладиган ҳар қандай киши устидан судга ариза ёзаман. Бундай кимсалар «Барса»ни бадном қилишга уринишди, энди вазиятни ўнглаш шарт. Ҳа, мени ноҳақ биладиганлар топилади, лекин туҳматга чидаш қийин.

«Реал» билан ўртадаги фарқ

- Мадридликлар аввал мавсумни ғолиб сифатида якунлашсин, кейин гаплашамиз. Ҳисоб-китобларга кўра, имкониятимиз йўқ эмас, аммо фарқ катталигини тан оламан...

 

VAR аралашуви

- Бу тизимни мутлақо қўллаб-қувватлайман. Бироқ у ҳозирча адолат ўрнатмаяпти. Айрим қарорлар қайсидир жамоага ёрдам бермоқда, бошқасининг зарарига ишламоқда. Умуман, бутун дунёда шундай манзара. Тушунинг, бу танқид эмас, шунчаки, VAR тизими сифатини янада оширишни истайман.

Хосеп Бартомеу аввалроқ тизим муайян бир жамоа манфаатига ишлаётганини таъкидлаб, кескин фикр билдирганди. У бунинг учун 18000 евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Вальверде ва Сетьен масаласи

- Вальверденинг кетганидан афсусланмайман, биз олға юришда давом этишимиз лозим эди. Сетьен бу ишни амалга ошириш имконини берди. У клубдаги фаолиятини давом эттиради. Барчаси кўриниб турибди, шахсан мен жамоанинг ривожланиш суръатидан қониқяпман. Бу айниқса, охирги 2та турда яққол кўзга ташланди. Аввал чемпионликни қўлга киритамиз, кейин ЕЧЛ кубогини.

 

Трансферлар сиёсати

- Лаутаро Мартинес масаласида мавсум тугаганидан кейин бош қотирамиз. Ҳозирча трансферлар бобида муайян саналар белгиланган эмас. Асосан ўйинчиларни алмаштиришга эътибор қаратмоқчимиз. Европа клубларидаги иқтисодий вазият туфайли Неймарнинг сафимизга қайтиши эҳтимоли жуда кам.

 

Артур - Пьянич алмашуви

- Бу биринчи навбатда, спортга оид масала, ундан кейин иқтисодий жиҳатлар ҳам бор, албатта. Ўйинчининг трансфер баҳоси талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Шу тариқа молиявий мувозанатни тиклаб олишимиз керак эди. Артурнинг мавсум якунланмай туриб кетгани эса чемпионатлар тақвими ўзгаргани билан изоҳланади. 

Хавининг қайтиши

- Буюк ўйинчи ва мураббий. Шубҳа йўқ, Хави қачондир жамоа бошқарувини қўлга олади. Аммо ҳозир бизда Сетьен бор. Вақти келиб, Хави қайтади ва ҳаммаси жойида бўлади!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz